Рауф Парфи ЎзТурк: “Шоир – Ортиқча одам”

Рауф Парфи ЎзТурк: “Шоир – Ортиқча одам”
30 views
13 October 2014 - 8:35

рауф-парфиШоир ҳақиқатни гапирмай туролмайди. Шоирнинг ҳақгўйлигини улкан-улкан ёлғонлар орасида ўйлаб кўринг. Замоннинг зайлига боқ, кимнинг аравасига чиқсанг, ўшанинг қўшиғини айт, дейдилар. Шоир ёлғондан, юзаки сохта қўшиқ айтишдан қўрқади. Аниқроғи, шоирнинг ичидаги истеъдод қўрқади ёлғондан. Чунки ёлғон – истеъдоднинг кушандаси. Қайси бир файласуф деган экан: “Кимки кўнгли ҳақ деб билган маънавий қадриятларга зид иш қилса, руҳий қуввати кучсизланиб, истеъдоди сўнади”.

Майли, ёлғонга озгина ён берай, жиндай-жиндай, дейдилар-у, аммо жиндайнинг охири вой – руҳларини ўлдириб қўядилар. Ёлғон ёзган шоирнинг руҳи ўлади. Санъат, маҳорат бой берилмайди. Санъат – ўрганиладиган, машқ билан ҳосил қилинадиган нарса. Лекин руҳ ўлган бўлади.

Шоир синади. Буни синган шоирнинг ўзи ҳам билмаслиги, тўхтовсиз қулоч-қулоч шеърлар ёзавериши мумкин. Кейин билади. Ўшанда кеч бўлади. Балки кейинчалик ҳушёр ўқувчилар шоир шеърларининг руҳи ўлик эканини пайқайдилар. Ташқаридан боқсангиз, синган шоирнинг ҳамма нарсаси бут: хотин-халажи, уй-жой ва ҳоказолар.

Шеър ҳам бор. Тахминан, ўртамиёна шеърлари бор. Аммо шеърида руҳ йўқ, руҳ ўлган.

Мен ХХ асрда ўлдирилган ўзбек шоирларини ажратиб олдим. У ёғи жуда ҳам даҳшат. Ҳамма замонларда шоирларни отганлар, осганлар. Шеър ёзган одам ўлдирилаверган. Давлат томонидан ўлдирилган. Аммо ҳамма замонларда чин шоирлар ўз замонларига мухолиф бўлиб яшаганлар. Энг муросасиз одам – шоир. Лекин шоир оддий одамлар ва уларнинг оддий бўлмаган дардлари билан муроса қилади, у подшолар билан чиқишмайди.

Жунайдулла Ҳозиқни олайлик. Ўта камбағал, бениҳоя ночор кун кечирган. Шуниям сувга чўктириб ўлдирганлар. “Сувнинг ичидан чиқма, шу ерда қўппос тегиб ёт”, деб бошидан босишган*. Аслида, у бир нарсани гапираверган, гапираверган. Шу боис уни ўлдирганлар. Шеърият пайдо бўлиб, кишилар сўзни қофия билан айта бошлаган кундан буён шоирларнинг бошида калтак синади. Ҳар бир одамнинг Аллоҳга мурожаат қиладиган пок бир макони – жойнамози бўлиши керак. Оқ қоғоз – шоирнинг жойнамози. Оқ қоғозни булғаган шоир имонидан айрилади, Аллоҳни унутади. Санъатнинг барча турлари – мусиқами, рассомликми, шоирликми – барчаси Аллоҳга муножот шаклидир. Шеър ёзиш – покланиш дегани. Покланишга доим тайёрман…

Санъат – ўлимни тезроқ ва таъсирлироқ англатиш воситаси. Мен ўйлайманки, санъат билан шуғулланадиган одам – ўлимга энг яқин одам. Безовта бўлсанг, жаҳлинг чиқса, мозорга бор, дейдилар. Мозорни бир марта айланиб чиққан кимсанинг ичидаги нафс итлари бир муддат ювош тортади. Санъат билан тиллашган кимса худди мозорни айланиб чиққан каби кўнгли маънисиз шовқиндан, кир-чирдан фориғ бўлади. Санъат билан мозорнинг орасида бир ажиб яқинлик кўраман. Ҳар иккисида ҳам аждодлар руҳи билан мулоқотга киришилади. Мозор сукунат, жимлик билан руҳни тарбиялайди, санъат эса мунг ёрдамида кўнгилдаги касал туйғуларни даволайди. Санъат ҳам, мозор ҳам мияда босиқ ва илоҳий нурга чулғанган мулоҳазалар пайдо этади. Кўчада бақириб-чақириб, ғийбату ҳасадга булғаниб юрганларнинг бари мозор ва санъатдан анча йироқ каслардир. Мозор. Энг яқин кимсаларинг ўша ерда ҳамма нарсани жим тинглаб ётгандек…

Бир дарахт. Сокин. Жим турибди. Ҳеч нарса демайди. Қайғули. Кўнгил шу дарахт томон интилади. Шу дарахт сизни кўпроқ тушунадигандек. Вағиллаб юрган, ҳиринглаётган одамлар бояги дарахтнинг ёнида пасайиб кетади. Дарахт жуда ақлли кўринади. Кўп нарсани биладигандек. Зарур бир гапни айтмоқчи бўлаётгандекми…

Ўлим хабари кўнглимни ёмон бузади. Бир аёл бўларди. Кавказ томонлардан келиб қолган. Бирга тушлик қилардик. Ўша аёл оламдан ўтибди. Бир танишим шундай хабар келтирди. Ҳеч кутмаганман. Дарров кўнглим бузилди. Кун бўйи бу ўлим хабари кўнглимни безовта қилди. Кейин шеър ёздим…

Мен қизларга мана бундай маслаҳат берган бўлардим: “Қизлар, санъат аҳли орасидан ҳофизларга турмушга чиқинг, ўшаларни севинг. Ҳофиз бир жойга бориб ўнта одамнинг кўнглини хурсанд қилади-да, санъати учун олган ҳақини қўлингизга топширади”.

Менинг ёруғ дунёдаги барча оғир фожиаларимга оила сабаб бўлган. Нафратланган бўлсам, оила сабаб, ёнган бўлсам, оила сабаб. Оила мен учун биринчи ўринда. Шоир деганлари оила қурмаслиги керак, деган бир ўй ҳам бор. Оилали одам шеърдан узоқроқ бўлгани маъқул. Мен шоир эдим, мен таслим бўлдим: оила қурдим.

Аёлларим билан жисмоний яшадим. Ҳеч қайсиси билан руҳоний яшамаганман. Руҳим, фикрим шеърда эди. Балки шеър сабабчи бўлгандир оилавий фожиамга. Севган аёлларим бор эди. Бари ёдимда. Эслайман. Лекин уларнинг исмини айтиш ноқулай: уларнинг бари ҳозир тирик. Аёллар шеърларимнинг ичида. Текширган одам, албатта, топади. Мен аслида идеалимдаги аёлни севганман, шунга топинганман. Ҳаётда учратган аёлларим ичимдаги идеал аёлнинг тимсоллари эди.

Мен аёлларимнинг барини кечириб юборганман. Мен уларни жуда ёмон кўриб қолганим учун бутунлай кечириб юборганман. Шеър ёзишимга халақит бермоқчи бўлгани ҳам бор эди. Ёдимда бор. Мен ишлаяпман, дердим. Китоб ўқиш, таржима, шеър ёзиш – ҳаммаси ишлашимга кирарди.

“Ишлайман дейсиз, китоб варақлайсиз, ишлайман дейсиз – оқ қоғоздан бош кўтармайсиз. Сиз ҳам мундай одамларга ўхшаб пул тўланадиган иш қилсангиз бўлмайдими?” дерди биттаси. Бечора азбаройи қийналганидан шундай дерди. Шу даражада қийнаб юборибман. Бечора бардош беролмаган. “Шу билан яшайманми, абадий яшайманми?” деб ўйлагандир…

Шеър ёзишдан нафратланган пайтларим бўлган. Рости, бўлган. Шеър ёзолмай қолган дамларда шундай ҳис кечгандир. Аммо кўнгилда уйғонган илҳом нафратни ювиб кетарди. Дунёда шоирлар кўп, катта-катта кутубхоналар бор, шуларни ўқиб бемалол яшаса бўлади-ку! Нега мен шеър ёзишим керак? Мияда шубҳали саволлар кўп. Аммо Твардовскийнинг гапи бор: “Толстой бўлсанг – ўзингга, мен ҳам шоирман”.

Одамлар кучли, бақувват бўлади. Дарахтларни кесадилар, тошларни ўрнидан силжитиб, ҳар томонга отадилар. Кучли кимсалар одамларни бир-бири билан уриштириб, жанжал чиқариб, давлатни бошқарадилар. Кучли одамга най чалаётган шоир керак эмас. Най чалаётган одам унга ниҳоятда кулгили туюлади. Китснинг назарида, кучли одам шеър ёзмаслиги керак.

Бошқа ишнинг бошини тутсин. Чала-чулпа туғилган, касалванд, кўнгли бўш, сал гапга кўзига ёш оладиган, ҳамма нарсани кечирадиган шоирлар, шоиртабиатлар кучли одамнинг ғашини келтиради. Ҳар қандай одам қилаётган ишидан завқ олмаса, кўнгли хижил бўлади. Завқ олиш ижодий жараённи бошдан кечириш дегани. Завқланиш жараёни қизиқ. Завқнинг охири қизиқ эмас. Завқнинг охири уйқу бўлиши мумкин.

Мен ҳеч қачон ёзганларимдан қаноат ҳосил қилмаганман, кўнглим тўлмаган. Ижоднинг энг даҳшати ва фожиаси ҳам шу. Эслайман, Усмон Азим: “Рауф ака, битта шеър ўқиб берай. Зўр шеър ёздим”, деди. У роҳатимни олдиндан бузиб қўйди. Олдиндан ўзининг шеърини зўр деди. Ўша зўр шеърдан олишим мумкин бўлган завқдан мени маҳрум этди.

“Фақат шоир ҳақли бахтсиз бўлмоққа…”

Ички бир туйғу билан сезганман: жуда кўп нарсани ҳис этиб, англаб турган зотнинг ҳаёти қийин кечади. Ҳаётни жуда қисқа қилиб бўлиб олиб, бу ёғи меники, нариги ёғи билан ярим тийинлик ишим йўқ, дейдиган одам бахтлидир. У ўзини улкан фожиадан ажратиб олади. Уйга кириб эшикни ёпди, ўша ондаёқ дунёни унутди. У – оддий одам. У ҳайвон каби бахтли. У ўз қалбини ўлимга ҳукм этди. Санъаткорнинг ҳислари, ҳатто уни қамаб қўйсангиз ҳам ташқарида юради. Санъаткорнинг миясида олам фожиаси айланади.

Фикрлайдиган, кўнгли нозик маъно, ишораларни англайдиган инсонлар ҳар доим ва ҳар жойда хор этилган. Инсонларнинг юрагини оғритадиган нарсалар бор экан, билингки, шоирга тинчлик йўқ, омонлик йўқ. Ёлғизлик – тинимсиз ўлим ҳақида ўйлашдир. Шоир чин ибодат – ўлимни эсдан чиқарган золимлар учун ҳам оғир ўйлар суради. Яъни, ўлимни ўйлайди.

Мен жуда ёшлигимдан ўлимни кўп ўйлардим. Бувим, нега манави ишни қилмадинг деб койиса ҳам, ўзимни ўлдириб қўя қолсаммикан, деган фикр келарди миямга. Кимдир ҳақорат қилди, унга муносиб жавоб қайтара олмайсиз, кучингиз етмайди, шунда ўлимни ўйлайсиз. Э-э, даҳшат…

Дадам жуда қўрқоқ одам эди. Умрининг охиригача саводсизман, деган. Лекин у араб, форс тилларини яхши биларди. Саводим бор деб айтишдан чўчиган, қўрққан. Дадам шеър йўлига киришимни биларди. Чунки мен доим Абдураҳмон Водилийнинг ёнида юрардим. Абдураҳмон Водилий – катта шоир, сўфий. У менга дадамнинг тарихини, келиб чиқишимизни, насл-насабимизни кўп гапириб берарди. Ўттизинчи йилларда қариндошларимнинг бари отилган, ўлдирилган.

Уйимиздан бир хумча олтин топиб олишган. Яна бормикан деб боғу роғларимизни ҳам ағдар-тўнтар қилиб юборишган. Уй эгаларининг бари отилган, узоқларга бадарға этилган. Дадам бир амаллаб Қовунчига (Янгийўл) кўчиб келган. Дадам мени жуда қаттиқ эркалатган. Ёлғиз ўғил эдим. Истаган нарсамни олиб берарди. Агар истаганимни олиб бермаса, қўлимга қайчини олиб, “кокилимни кесиб ташлайман”, дердим. Бошимда иккита кокилим бўларди: бири Ўш пиримга, иккинчиси Шоҳимардон пиримга аталган.

Дадам мени ҳеч қачон урмаган, чертмаган, ҳатто сенсирамаган ҳам. Мен онамни яқингача сенсирар эдим, бувим мени сизлар эди.

Дадам ўзича мени одам қиламан деб ўйлаган, қаёққа борса, ўзи билан бирга олиб юрарди. Машинада бир узоқ ёққа кўчат олиб келгани борганимизни эслайман. Бир гал яна қаёққадир борганмиз. Машинада узоқ юрдик. Мен кичкинагина боламан. Йўлдаги ҳар турли нарсаларга қарайвериб кўзим юмилмайдиган бўлиб қолган. Уч кун кўзим юмилмаган. Қандай тузатганлари ёдимда йўқ…

Олтмишинчи йиллар. Қатағон этилган шоирларнинг ижоди билан таниша бошладик. Чўлпоннинг асарларини яширинча ўқиганларимизни эслайман. Шундан кейин миямда “Турон, Туркистон” каби сўзлар уйғонди. Ватанни – чин ватанни таниш жараёнини сўз билан гапириб бериш қийин. Фикрлар аста-секин келган, ҳислар секин-секин кечган. Кўнгилда гиря кучайиб борган.

Ҳозирда бўлак-бўлак бўлиб кетган туркийлар ўзларининг турк эканини ҳис этмасалар, туркий дунё нураб, кучсизланиб бораверади. Катта бир куч беркиниб ётибди. Халоскор куч. Уйғотиш учун турк эканимизни англаш кифоя… Агар бирлашмасак урф-одатимизни ҳам, санъатимизни ҳам бошқаларга ўтказа олмаймиз.

Рус босқинидан сўнг турк сўзи қувғинга учради. Ҳозир ҳам чет элда яшаётган қавмдошларимиз ўзларини турк деб ҳисоблайдилар. Босқинчилар бизни жисмонан енгди, аммо руҳимиз мағлуб бўлмади. Наполеон айтган: “Туркни балки ўлдириш мумкиндир, лекин уни енгиб бўлмайди”. Турк дунёга бойлигини, энг кучли одамларини берди. Ислом арабларга берилди, аммо уни амалга айлантириш туркларга топширилди. Турк эканлигимизни англашга интилиш зарур. Тараққиётнинг калити шу.

От айланиб қозиғини топади

Дадамнинг дўстлари кўп эди. Бари эски жадидлар. Ўлмай қолган. Ҳаммаси билимдон, дунё миқёсида фикрлайди. Адабиёт билан шуғулланади. Аммо барчасининг бошига кулфат тушган: замон уларнинг қўлини кесиб ташлаган. Уларнинг барида шаклланган туркчилик туйғуси бор эди. Водилий ҳақида гапирдим. Унинг учун турк эканлигини англаш бахт эди.

Абдал ака дегани бўларди. 1944 йили Қримдан кўчирилган. У тўрт ёшимда менга ўрис ҳарфларини ўргатган. Буларнинг бари онгимга кучли таъсир қилган. Энди билсам, кўнглимда ватан туйғусини шакллантирган нарсалар шуларнинг қисматлари ва ҳикоялари экан. Шиорлар, газеталар, мактаб дарсликлари орқали миямизга сингдирилган ватан қиёфаси онгимга узоқ ҳокимлик қилолмаган…

Ҳозирги шеърият жамиятга катта бир ҳақиқатни олиб киришга уринмаяпти. Янги бир авлод пайдо бўлиши керак. Туркчиликни англаган, ҳис этган авлод. Янги шеърият янги ижтимоий руҳ билан келади. Келаётган янги ижтимоий руҳ – бу туркчилик. Шеъриятимизни туркчиликни англаш руҳи янгилайди. Шу руҳни ҳодисага айлантирган шоир – катта шоирга айланади. Туркчилик руҳи Навоийдек катта бир шоирни туғади.

Манба: dunyouzbeklari