Санкциялар Россияни парчалаши мумкин – The Washington Post

Санкциялар Россияни парчалаши мумкин – The Washington Post
88 views
13 October 2014 - 13:25

7Россия ва Ғарб ўртасидаги қарама-қаршиликнинг авж олиши ортидан инвесторлар Россияни тарк этишни бошлаган, дўконлардаги махсулотларнинг нархи ошиб бормоқда, россия бизнес элитаси эса бир пайтлар СССРнинг парчаланиб кетишига олиб келгани каби иқтисодиётни бошқаришдаги хатоликнинг такрорланмаслигини талаб қилмоқда, деб ёзади The Washington Post.

“Ғарб санкциялари россия иқтисодиётининг жуда кўп соҳаларидаги молиялаштириб йўлларини беркитиб қўйди ва энергетика секторини жуда муҳим бўлган янги технологиялардан маҳрум қилди”, – дея изоҳ беради журналист Майкл Бёрнбом.

Бироқ аксарият белгилар иқтисодий босим Путиннинг Украинага ва бошқа собиқ совет давлатларига нисбатан олиб бораётган сиёсатини юмшатадиганга ўхшамаяпти. Путиннинг рейтинги ҳамон юқорилигича қолмоқда, оддий россияликлар эса Ғарб билан бўладиган урушда ҳар қандай йўқотишга тайёрлигини айтишмоқда.

Россия элитаси эса бу борада бошқача фикрда. Айниқса магнат Владимир Евтушенков уй қамоғига олинганидан сўнг уларни қўрқув эгаллади. Унинг атрофидаги одамлар буни путин эрасининг асосий устунларидан бири бўлган – сиёсатга аралашмаслик шарти билан магнатларга йирик миқдорда пул ишлашларига рухсат бериш – тамойилига дарз кетганлиги сифатида баҳолашмоқда.

Россия элитаси мамлакатнинг келажагидан ҳавотирда, чунки сиёсий барқарорлик иқтисодий муваффақиятларга боғлиқдир, деб ёзади мухбир.

СССР “совет раҳбариятининг лаёқатсизлиги” туфайли парчаланиб кетганди, дейди “Сбербанк” бошлиғи Герман Греф. Совет раҳбарияти “иқтисодий тараққиёт қонунларини ҳурмат қилишмади, яна бундай ҳолатнинг такрорланишига эса йўл қўймаслик керак”, – дея таъкидлайди у.

Айни дамда Путин оммавий равишда: “Биз Россиянинг очиқ, бозор иқтисодиёти асосида ривожланишига интилмоқдамиз. Хусусийлаштириш натижалари ҳеч қачон ёппасига қайта кўриб чиқилмайди”, – деганди. Бироқ, газетанинг ёзишича, “Путин хусусийлаштириш натижаларининг қисман қайта кўриб чиқилиши билан боғлиқ масалани очиқ қолдирганди”.

Путиннинг куч ишлатар тизимларидаги маслаҳамтчиларидан баъзилари иқтисодиётнинг давлат эҳтиёжлари хусусий компаниялар ва жисмоний шахсларнинг эҳтиёжларидан устун туришига асосланган тамойилга ўтаётгани ҳақида гапиришмоқда, дея давом этади Бёрнбом.

Евтушенков ишини кузатаётган россиялик тадбиркорлар ҳам айнан мана шундан қўрқишмоқда, дейилади мақолада.

“Кўп жиҳатдан бу ЮКОС ишидан кўра кўпроқ ташвилидир, чунки у вақтда: “Ходорковский қилиш керак бўлмаган ишни қилди”, дейиш мумкин эди. Бироқ, Евтушенков ҳеч қандай нотўғри иш қилгани йўқ”, – дея изоҳ беради исми сир қолишини истаган иқтисодиёт соҳасидаги эксперт.

Баъзи таҳлилчиларнинг фикрича, янги иқтисодий ҳолат Путинни Украина бўйича ёндашувини юмшатишга мажбур қилиши мумкин.

“Путиннинг гап-сўзлари бундан 3-4 ой илгаригидан кўра анча юмшаган, – дея қайд этади мухолифатдан бўлган собиқ депутат, таҳлилчи Владимир Рижков. – Иқтисодиёт – ҳозир Россиянинг асосий ҳодисасидир. Иқтисодий муаммолар эса жуда тезлик билан чуқурлашиб бормоқда”.

Бошқаларнинг фикрига кўра, Россия ҳозр одатдаги иқтисодий қийинчилик даврини бошдан кечирмоқда, бироқ бу молиявий режалаштиришда фундаментал ўзгаришларга олиб келмайди.

“Яқин бир-икки йил ичида содир бўлиши мумкин бўлган ҳеч қандай ҳалокат сценарийси мавжуд эмас”, – дейди иқтисодчи Сергей Гуриев (Сьянс-По Университети, Париж).

Унинг сўзларига кўра, Россиянинг ҳорижий инвесторлар учун жозибадорлиги вақтинчалик пасайган холос.

“Инвесторлар Путин учун иқтисодий ўсиш муҳим аҳамиятга эга эмаслигини пайқашди, – дейди Гуриев. – Агар Путин иқтисодий ўсиш ва Қиримдан биттасини танлашга мажбур бўлса,у шубҳасиз Қиримни танлайди”.

ЎХҲ ахборот бўлими