Иллатларни фақат яҳудийлардан қидириш хато бўлади…

Иллатларни фақат яҳудийлардан қидириш хато бўлади…
71 views
14 October 2014 - 10:32

icon150Яна, Каримовнинг чорак аср давлат бошида туриб, ота-онаси кимлигини аён этишни хоҳламаслиги, мишмишларни ва бўлар-бўлмас гапларни кучайтиргани каби оддий одамлардаги шубҳа-гумонларни орттирди. Аросат чегараларида ушлаб турган маслаҳатчилари уни дунёга очиқчасига майна қилдирганлари етмаганидек, халқнинг кўзига нўноқ масхарабоз ва борҳо вайсақи қилиб кўрсатадилар. Телевизордан унинг ҳар бир чиқишини заҳарханда бир кулги ёхуд аччиқ киноя билан кутиб оладиган одамларнинг пешоналари, унинг бачканалигидан тиришмайдиган бўлганига кўп йиллар ўтган.

Улар қовунчининг ити ҳурса, бошларини буриб итга қараб қўядилар, аммо Каримов минбардан тушмасдан юз йил вайсасин, унинг сўзларига эътибор ҳам бермайдилар, унинг кўнгилни айнитадиган башарасини бир кўриб қўйиш учун телевизорга ҳам боқмайдилар. Ўзларининг бутун руҳлари ва жисми-жонлари Ўзбекистонда турган бўлса ҳам, одамлар Россия телеканалларини кўриб, Россиянинг ҳаёт – момоти билан қизиқадилар, унинг мағлубиятларидан куйиниб, мувафақиятларидан шодмон бўладилар. Ўзбекистон телеканалларининг савияси паст кўрсатувлари уларни Каримовдан баттар ёлғон-яшриқлари билан безор қилгани каби ўз мамлакатлари келажаги уларни қизиқтирмай қўйган.

Шу каби Каримовнинг президентлиги ҳам, оиласи ва қизларининг қўйди-чиқдилари ҳам унинг тутруқсиз куракда турмайдиган иддаолари мисоли, уларни умуман қизиқтирмайди.

Улар Каримов мустақиллиги – СССРнинг асраб-авайланаётган мурдаси эканликларини кўриб ҳам, жабрини торта туриб ҳам ўтмишнинг қайтиши хаёли билан Россияга – рус халқига умид боғлайдилар. Каримовнинг уларни мислсиз гирфторликларга ва маънавий таназзулга учратиши, миллатни қадрятларидан адаштириб, ўзлигидан бегоналаштириб ташлаган. Улар қўшнилар – қозоқ ёхуд қирғиз, тожиклар сингари ҳурликнинг тенгги йўқ оромбахш бир туйғу эканлигини ҳали илғамадилар ҳам.

Муаммоларни енгишни ўргана бошлаган қўшниларнинг тафаккуридаги янги ўзгаришлар, уларга ҳали меҳмон ҳам бўлмади. Шунинг учун Каримов Афғонистон томондан мужоҳидларнинг бостириб келаётганини айтиб, жон бериб-жон олмасин, одамлар пинакларини ҳам бузмайдилар. Россиянинг бостириб келаётганини эшитиб қолсалар, буни хушхабар ўрнида қабул қиладиган одамлар, қозиқдаги охирги молини сўйиб, қурболик қилишга ҳам тайёрлар. Ёхуд ҳақиқатан, ёв бостириб келаётган бўлса ҳам бу Каримовнинг навбатдаги ёлғони бўлса керак, деб ўзларининг ташвишларига ўралашиб юраверадилар, ва қандай бўлмасин Каримовдан қутулишни ўйлайдилар. У ўлиб, ҳеч қачонда муаммолар ечимини топмаслигини хаёлларига ҳам келтирмайдилар.

Улар, итнинг беҳудага ҳурмаслигини билганлари сингари Каримовнинг тахтини асраб қоламан, дея, ҳуда-беҳудага жаврашдан чарчамаслигини ҳам яхши биладилар. Унинг бирор марта ваъдасига вафо қилмагани ва субутсизлиги, одамларни унга нисбатан бепарво қилиб қўйган. Даҳоликни даъво қилаётган бир одамнинг авлод-аждоди бетайинлиги – умуман, унинг ота-онасини ҳеч кимнинг билмаслиги, унга ҳаромига қарагандек қарашларни пайдо қилган. Бу барчаси, унинг маънан тубанлигини ва адолат ва аниқ режалар асосида мамлакатни бошқаришга ҳеч бир замонда тайёргарлик кўрмаганини кўрсатгани каби одамлар бу нарсанинг кўпчиликка тегишли касаллик эканлигини, барчаси имон-эътиқоднинг сустлигига бориб тақалишини ўйлаб ҳам кўрмайдилар.

Халқ бошида турган кимсанинг кимлигини, унинг ота-онаси қанақа одам бўлганини, унинг мақсадларини англашни истайди-ю, ўзининг кимлигини, кимларнинг авлодлари эканлиги, инсон бўлишдан маъно-мақсад нималиги хусусида бош қотиришни истамайди. Каримов эса, нима деётганини ўзи ҳам билмагани каби мақсади нима эканлигини ҳам, тирикликдан мурод нелигини ҳам, ухлаб туриб тонгда нимадан иш бошлаш кераклигини ҳам билмайди. Аммо, у ўзининг вазият пайдо қилган ўткунчи воқеа-ҳодисалар қули эканлигини жуда яхши англайди. Тахтни сақлаб қоламан, дея, занжирдаги ит сингари тўрт томонга талвос урмасин, унинг қуруқ ва ёқимсиз овози одамлар онгида нохушлик ва задаликдан бошқа нарсани уйғотмайди. Дунё дунё бўлиб, бирор мамлакатда бирор марта кўрилмаган бу каби ҳодиса, бошларида бор эканлигини ўйлаб, одамлар ёқа ушлайдилар, фойдаси бўлмайди.

Бир мушт бўлиб, бир ёқадан бош чиқариб, барчасига барҳам бериш мумкинлигини тушунадилару, уларнинг шижоатлари сустлиги сабаб юраклари жангу жадалларга бетламайди.

Инсонни икки дунё ҳалокатидан иймон-эътиқод, эзгу амаллар ва маърифат, илм-фан қутқаришини биладилару, бу ишлар учун шижоат кўрсатиб, курашларга киришга, жон бериб жон олишга ташланмайдилар. Улар, Каримовдан ўлимдан қўрққандай қўрқадилар, адолат ва ҳақиқат шамшири бўлиб яшаш мусулмонга фарзлигини англай туриб, барчасини қўл учида, хўжакўрсинга бажарадилар. Шунинг учун ҳам жанггу жадаллардагига нисбатан бир неча баробар моли-жонлари ҳисобидан қурбонлар берадилар, хорланадилар, камситиладилар…

Содир бўладиган ўнгланмас хатоларни, мўмин-мусулмонлар бошида зимдан амалга оширилаётган қирғинларни, мамлакатда сурункали рўй бериб келаётган мустақиллик йилларидаги мислсиз талофатларни Каримовнинг яҳудий бўлганига ёхуд уларнинг чизган чизиғидан юриганига йўювчилар ҳам кўп. У яҳудийларнинг чизган чизиғидан чиқмаётган бўлса, чиқмаётгандир, юртимиздаги инсониятга қарши қаратилган бутун жиноятларнинг келиб чиқиши сабаблари ҳам, балки ўшаларнинг ният-мақсадлари ёхуд эски зиддиятларга тақалар.
Аммо, яҳудийлар унга ўхшаган калтафаҳм ҳам, ўйламасдан иш қиладиган бир қавм ҳам эмаслар. Уларнинг Аллоҳ томонидан инсон учун берилган имкониятлардан шахсий манфаатлар йўлида тўлалигича фойдаланганлари ҳолда, биз мусулмонларнинг кейинги асрларда уларга нисбатан, Аллоҳни таниш ва башариятни адолатга етаклаш йўлида чексиз имкониятларимиз бўла туриб, фойдаланиш кофитсентини ўн фоизга ҳам кўтара олмаётганимиз – бизларнинг ўртага чиқаётган воқеа-ҳодисалардан нотўғри хулосалар чиқаришимиз баробарида, ўз шахсий келажагимизни таъминлашни эплай олмаётганимизда кўрилади. Ўзини эпақага келтира олмаган инсоннинг бировларга нафи тегмаслигини ҳаммамиз яхши биламиз. Ихтиёримизда икки Оламнинг қуёши – Қуръони карим билан Пайғамбарнинг Суннатидек бир устунлик бўла туриб, бошқа нарсаларга беҳудага куч сарфлашимиз, бизларни исломдан – ҳидоят йўлидан чалғитиб, эртак ва асоссиз афсоналарга маҳлиё қилади. Ўзбекистондаги мусулмонларнинг ўрнида яҳудийлар бўлганда эди, ҳеч қачон Каримов каби жоҳил ва билмсиз бир шахс давлат тепасига келмасди. Бу юртдаги чексиз иқтисодий ва интилектуал имкониятлардан унумли фойдаланган яҳудийлар 23 йиллик мустақилликнинг ўн йили даврида, мамлакатни дунёдаги энг ривожланган мамлакатлар даражасига олиб чиққан бўлардилар.

Шу боис, Каримов масаласида, иллатларни яҳудийлар орасидан қидириш жуда катта хато бўлади.

Нуқсонларнинг илдизлари, бизларнинг – ўзбек миллатининг руҳияти билан боғлиқ. Каримовнинг типик, жонли образимиз эканлигини мард бўлиб тан олишимиз, мушкулимизни осонлаштиришини билишимиз лозим. Касаллик бизга тегишли бўлса, мараз бир ўсма бизнинг танамизда ўсаётган бўлса, қандай қилиб унинг бизники эмаслигига ишончимиз комиллигига мен ҳамиша ҳайрон қоламан, таажжубдан ёқа ушлайман.

Каримов давр қўли билан бизга тутилган бир кўзгу экан, нима учун биз бор нарсани кўрсатаётган оинадан ўпкалашимиз керак? Нима учун ўзимизга ёқмаётган башарамизни бошқа бировники, деб, бир умр ўзимизни алдаб юришимиз лозим? Биз бор ҳақиқатни тан олиб, ўзимизни тузатадиган бир давр етди. Ўзимизни тузатсак, Қуръони карим ва Суннат билан қалбимизни даволасак, танамиздаги ва руҳиятимиздаги Каримовга ўхшаган сўгаллар ўз-ўзидан қуриб битади. Муаммолар чекиниб, тараққиёт бошланади. Яна қуриган дарёлар пишқириб, оқиб, соҳилларида норғул эманларга бурканган ўрмонлар шовуллайди…

Эргаш Сулаймон