ОДИЛ ҲУКМ

ОДИЛ ҲУКМ
62 views
14 October 2014 - 18:50
2

Муаззам Иброҳимова

У вақтлар олийгоҳнинг учинчи курсида ўқир эдим. Баъзан стипендияга озгина қолганда озиқ-овқат ва йўлкирада ҳам узилиш бўлиб қоларди. Бўлажак шифокорлар ўқиб, малакасини оширадиган турли шифохоналар шаҳарнинг тўрт томонига сочилган. Жуда эрта уйғониб ётоқхона ва шифохона ўртасидаги каттагина масофани пиёда босишга тўғри келарди. Ўша куни ҳам азонда йўлга тушдим.

Ғира-шира ёруғлик. Кўчада деярли ҳеч ким йўқ. Шошиб қаёққадир кетаётган машиналар ҳам санокли. Бунақа вақтда калима қайтариб, ёмонга йўлиқтирма дея пичирлаганча кетаверардим. Талаба зотидаку ўмаришга арзигулик буюмни ўзи йўқ. ( Унда хозиргидай телефон, қўл компютери деган нарсалар бўлмасди) Аммо қиз боламанда. Олис қишлоқдан кузатиб қолган дадамнинг насиҳатлари қулоғим остида жаранглаб туради. “ Шаънимни кўз қорачиғидай асрайман” деб сўз берган қиз ҳар қандай бегона одамдан қўрқади.

Кундузи одам зоти билан гавжум кўчаларни онам тенги аёл чиқиндилардан, тўкилган барглардан тозалаб супуради. Ҳар доимгидек унга “Асссалому алайкум,хорманг хола!” дедиму йўлимда давом этдим. Ҳеч қанча юрмадим. Кимдир чақираётгандай туюлди. Қарасам фаррош аёл, мен томон югуриб келяпти. Халлослаб келгач қўлидаги қоғозга ўралган алланимани узатди.

1

– Қизим манавини тушириб кетдингизку.
Хайрон бўлдим. Мен ҳеч нарсани туширганим йўқ. Огир сумкамда халат, китоб ва дафтарлардан бошқа ҳеч вақо йўқ. Қоғоз ўрамни беиҳтиёр очдим. Вой бир даста пулку! Шошиб фаррош холага узатдим.
-Холажон буни қаердан топдингиз?
-Сиз ўтиб кетгач шу йўлакдан. Сизникими?
-Йўқ, меники эмас. Ўзингизда турсин эгаси хали –замон қидириб қолар. Чунки бунда анчагина маблағ борга ўхшайди.

-Қизим, мен санаб кўришга ҳам қўрқаман. Хозир пул йўқотган одам келиб, “кўпроқ эди, қолгани қани?” деса нима қиламан. Энг ёмони, у келгунча бирортаси қўлимдан олиб қўйсачи?

Шошаётган эдим. Бугун шахсан профессор Азимовнинг маърузалари бор. Кеч қолганнни аяб ўтирмайди. Аммо аёлни шу холатда ташлаб кетгим келмади. У узун йўлакни супуриб бўлгунга қадар ўтган-кетганни ниманидир қидирмаяптими дея диққат билан кузатиб турдим. Тонг анча ёришиб, одамлар оқими кўпайдики пул эгаси кўринмади. Ишларини битириб олдимга келган фаррошга омонатни топширдим.
-Холажон, энди мен бормасам бўлмайди. Дарсга кеч колдим. Буни уйингизга олиб кетинг. Эртага ҳам ишга чиқасиз кимдир сўроқлаб келар. Келмаса, уч марта “кимники?” деб сўрайсизда, бирор камингизга ишлатинг.

Жилмайиб турган аёлнинг чеҳраси тундлашди. Қўлида илон ушлаб тургандай қоғоз ўрамни қайтариб ўзимга узатди.

-Эй йўқ! Мен буни уйга олиб кетмайман. Кўча супураётганимга, жудаям муҳтож деб ўйласангиз адашяпсиз қизим. Худога шукур, қора қозоним қайнаб турибди. Рўзғорнинг ғорини тулдиришга қийналсам ҳам бировники керак эмас. Раҳматли эрим ҳам жуда халол одам бўлган. Оилага бир тийинлик харом аралаштирмасди. “Бировники буюрмайди!” дердилар.

Анчагина юпун кийинган жимитдаккина аёлнинг тоғдай ғурури борлиги ҳақида ўйламаганимдан уялиб кетдим. Шундай бўлсада яна қисталанг қилдим.

-Исломда ҳам эгаси номаълум буюмни уч марта сўроқлагач, топган одамга халол бўлади…

-Болам,-деди у, гапимни чўрт кесиб,- шундай бўлсада керак эмас! Мана сиз хам талабасиз. Бу йўлакдан нега ҳар куни пиёда кетишингизни билмайди деб ўйлайсизми? Ўзингиз нега олмаяпсиз? “Рахмат, пул меники”деб олиб кетсангиз билиб утирармидим. Агар бу бизга ўхшаган одамники бўлса қақшаб қолади. Балки ўғил-қизининг тўйига, бирорта камини қиламан деб йўлга чиққанда тушириб қўйгандир. Ёки сизга ўхшаган талабага ота-онаси жўнатгандир. Юринг, хов анави бино олдида миршаб пайдо бўлди. Унга бериб қўя қоламиз. У бугун кун бўйи шу ерда туради. Сиз гувоҳ бўлинг дейманда.

Миршабга юз қадамча қолганида, барвастагина бир йигит шошиб келиб иккаламизни тўхтатди;
-Опалар , мабодо шу йўлакдан пул топиб олмадингизми?
Иккаламизнинг чеҳрамиз ёришиб кетди. Фаррош хола қўлидагини йигитга узатар экан ҳижолатомуз узр ҳам сўради:

-Кечирасиз болам. Буни ичида қанчалигини ҳам билмаймиз. Бу қизим билан анчагина эгасини пойладигу, санашга журъат қилмадик. Қаранг, халолингиз экан, топилди. Санаб кўринг!

Йигитнинг кўзлари ёшланди:
-Керак эмас хола! Санамайман. Сизларга ишондим. Бу пулни касалхонада ётган ойимнинг операциясига ишлатмоқчи эдим. Отамга пул топиб келаман деб ваъда бергандим.

У қоғозни очиб, пул тахламидан беш-олтитасини суғуриб узатган эди, иккаламиз ҳам қўлини қайтардик. Хаста ётган онаизорга аталган пулнинг ярим тийинини ҳам олмаслигимизни айтиб ундан узоқлашдик.
Ушандан буён анча йиллар утиб кетди.

Бу гаплар ёдимдан буткул кўтарилмаган булсада, давоми эшитиш ҳаёлимга ҳам келмаган кунларнинг бирида анча кексайиб қолган фаррош хола билан яна учрашиб қолдим.

Бир вактлар узун огир супургисини бир сирмашда кучанинг ярмини тозалаб куядиган аёл енгил бозорхалтани аранг кутариб турарди. Бекатда автобус пойлаб тургани учун у ёғ, бу ёғдан суҳбатлашиб мавзу ўша пул воқеасига бориб тақалди.

-У бола ёлғон гапирган экан-деди хола, чуқур хўрсиниб.
-Нахотки?- оғзимдан отилган сўзга тўғри жавоб олиш истаги қанчалик кучли бўлмасин , кўз ёшлар билан хаста онасини ўртага қўйиб пулни олиб кетган йигит фирибгар эканига ишонгим келмади.

-Ха, мен ҳам ўша куннинг эртасига бир хотин ва ўғли пул қидириб келганида сиздай холатга тушган эдим. Мўлтираб турган ўзим қурам аёл, марказдаги яшаб турган тўрт хонали уйини шахар четидан икки хонали хонадонга алмашгани. Уйларнинг фарки учун олган пулнинг колганига ўн яшар набирасининг жигарини операция килдирмокчи эканини айтишди. Пулнинг бир қисмини Москвага учадиган самолёт чиптасини сотиб олиш учун катта ўғлига беришган . Онаси яшайдиган мавзедан қоронғу тушганда чиққан ўғил сўнги автобусда уйига шошган. У сизлар яшаган ётоқхоналар орқасидаги кўчада турармиш. Афсуски, онаси авайлаб қўлига тутган қоғозга ўроғлиқ пул қаергадир илиниб йиртилган елим халтадан тушиб қолган .

Қидирмаган жойлари қолмабди. Автобус , йўлаклар , маҳалла, ховли…Москвагача икки кишилик йўл чиптаси арзонми?. Менга пул қандай газетага ўралганигача айтишгач, уларга ишондим. Жуда афсусландим. Ўша пулни топиб олганим, сиз ҳақингизда ва барваста фирибгар хақида айтиб бергач афсус билан бош чайқашди. Ишонишмайди деб ўйлагандим, хартугул гапларим рост эканини билиб менга ортиқча гапиршмади.

-Нега ушанда менга бирогизиндамадингиз? Ахир деярли хар куни учрашардик.
-Сизни тинчингизни бузгим келмади. Индамай қўя қолдим. Айтганимда хам кулимиздан нима келарди болам.

Орадан икки ойлар чамаси вақт ўтиб, ўша аёлни яна учратиб қолдим. Айтишича йўлкирани бировдан қарз кўтариб, набирасини даволатиб келишибди. Хозир чопқиллаб юрганмиш. Шундагина елкамдан оғир тоғ ағдарилди. Аммо бировнинг хаққи тугул, Худодан ҳам қўрқмаган йигитни анчагача унута олмадим. У ўшанда суҳбатимизга панароқдан қулоқ тутиб, иккаламизни боплаб лаққа туширган экан қизим.

-Вой ростданми? Буни қаёқдан билдингиз? Биров кўрган эканми?
Саволларни қалаштириб, яна унинг оғзига тикилдим.

-Анча йиллар ўтгач, бир қаримсиқ, абгор киши йўлимни тўсди. У вақтлар сизлар олийгоҳни битириб, юртингизга кетган эдингиз. Аввалига танимадим. Озиб-тўзиб кетган, жулдур кийимдаги девонасифат одам ёнимга яқинлашса қўлимдаги супургини ўқталиб ҳимояландим.

-Хола,-деди у совуқдан қалтираб, -мени танимадингиза? Қаердан ҳам танийсиз. Сиз билан учрашганимда тоғни урсам талқон қиладиган йигит эдим. Фақат тайинли бир ишга бўйин бермай, енгилроқ пул излаб топиш йўлларини қидираётгандим. Раҳматли дадам насиҳат қилавериб, натижасини кўрмагач бир куни кечаси “сендай текинтомоқнинг баҳридан ўтдим” деб кўчага хайдади. Бир кеча кўчада қолиб, тақдирни қарангки эрталаб сизларнинг сухбатингизга гувох булиб колдим. Дарахт тагидани ўриндиқ панасида биқиниб турган одамни кўрмай бир қиз билан анча гаплашдингиз. Сўнг ишингизни битириб, иккалангиз пулни миршабга бермоқчи бўлганингизда йўлингизни тўсган ўша хорамхалқум мен бўламан!

Ростини айтсам, мен йиллар давомида “ бизни алдаб, бир мусулмонни куйдириб кетган ўша барваста йигит қўлимга тушсаку” деб Худодан тинмай сўрардим. Жазолашга кучим етмаса ҳам хеч булмаса супургим билан яхшилаб тушираман дердим. Айтмоқчи бўлган аччиқ гапларимни неча марта такрорлаганим ўзимга аён. Аммо рўпарамда турган одам жазо эмас, яримта гапга ҳам арзимас даражада хароб эди.

-Мен,-деди у аранг, қув-қув йўталиб олгач,- ўшанда тўқиган ёлғоним билан мўмай пулни олгач, бутун ҳаётим остин-устун бўлиб кетиши ҳаёлимга ҳам келмаган экан. Туппа-тузук юрган онам оддийгина кўричакдан операция столида жон берди. Сизлардан олган пулни бир корхона раҳбарига пора сифатида узатиб, омбор мудири бўлиб ишлаётган эдим. Тажрибасизлигим панд бериб, раҳбарнинг ноқонуний ишларига аралашиб, у билан ўн йилга кесилиб кетдим. Бу иснодни кўтара олмаган отам ҳам узоққа бормади.Мана қамоқдан қанақа ахволда чиқдим хола. На хотин, на бола-чақа на уй-жойим бор бомжман! Тўрт жигарим отамнинг барвақт ўлимида айбдорлигим учун мени кечиришмади. Охиратимни куйдирдим холаааааа. Кечиринг!
Ундан хазар килгандай нари турдим. Хаттоки супургимнинг бир дона чупи тегишини хам истамасдим. Шундан сунг уни яна бир неча марта курдим. Уз тили билан айтганда бомж гох пивахонанинг бетон зинасида, гох ахлат кутилар оркасида ухлаб ётарди.

-Қизим, хаттоки энг ёмон деб ном чиқарган одамга ҳам баъзан ачинаман. Унинг холатига қараб эса қилт этмадим. Ота-онасининг ўлимига сабабчи бўлганлар кўпдир аммо мендай камбағалнинг ориятичалик ғурурга эга бўлмаган бу банда кечиримга ,хаттоки нафратга хам лойиқ эмасди. ..
Дунёда турфа одам зоти бор. Кора козонидаги ёвгонга каноат килган хам, бировни какшатган хам Хак хузурига боради. Уша нобакор узини эркак хисоблармикин? Чунки азалдан ожизалар оила бекаси, белида белвоги борлар шу оиланинг метин кургони хисобланишган. Мен кизини чикаришга пул топа олмаган бир оёкли ногирон эркак хакида эшитгандим. У азбарои ночорлигидан битта буйрагини сотиб жигарпорасини узатган эди. Уша мажрухчалик ори булмаган пахлавон бир уюм ахлатдай кучада колганига рахмим келмади.

Холани бир томонга қийшайиб келган тиқилинч автобусга чиқармоқчи эмасдим. Аммо у таксида кетишни хохламади.

Автобус салонидаги уриндикларга ёпишиб колган йигитчалар туфайли тик оёқда қолган аёл фақат ғуруригагина суяниб кетаётганига амин эдим.

Муаззам Иброҳимова

“Дунё ўзбеклари” сайтидан олинди