“Пахта: икки қўллаб чалинган қарсакларми?” ёки цензурага учраган мақола

“Пахта: икки қўллаб чалинган қарсакларми?” ёки цензурага учраган мақола
67 views
15 October 2014 - 15:50

513 октябрь куни Ўзбекистонда нашр қилинадиган анҳор.уз вебсайти Ўзбекистондаги пахта саноати ҳақида “Пахта: икки қўллаб чалинган қарсакларми?” сарлавҳаси остида танқидий мақола чоп қилганди. Мақола муаллифи Юрий Черногаев: “пахта ифтихоримиз эди, энди эса оддий бизнесга айланди”, – деб ёзади.

Ўзбекистондаги пахта етиштириш ва ундан келадиган фойда ҳақида танқидий фикрлар билдирилган ушбу мақола “Центральноазиатский портал“, stanradar.com ва бошқа бир нечта сайтларда қайта кўчириб босилди. Хусусан, Би-би-си ўзбек хизмати томонидан “Ўзбек матбуоти пахтадан келадиган фойдани савол остига олди” номли сарлавҳа остида эълон қилинган мақолада Юрий Черногаев сўзларидан иқтибос келтирилади ва муаллиф ҳақида ҳам қисқача маълумот бериб ўтилади.

Бироқ, ҳозирда анҳор.уз вебсайтининг рус тилидаги саҳифасидан Юрий Черногаевнинг мақоласи олиб ташланган. Айни пайтда мақоланинг ўзбек тилига қилинган таржимаси вебсайтнинг ўзбек тилидаги саҳифасидан олинганича йўқ.

Пахта толаси бизнесида таклиф талабни ортда қолдирган

Черногаевнинг қайд этишича, халқаро пахта бозоридаги барча “тебраниш”ларга қарамасдан, Ўзбекистон асосий экспортчилар учталигидан ўрин олиб келмоқда. Хитой билан рақобат ошаётган ва бозорда юқори сифатли Америка пахтаси бор бўлса-да, ўзбек пахтаси ўзининг нуфузини сақлаб турибди. Бироқ ўтган Халқаро пахта ярмаркасидаги хорижлик иштирокчилар билан суҳбатда ташвишли аломатлар ҳам сезила бошланди – пахтани ўзбек тадбиркорлари сўраган нархда олишмаяпти. Дунё пахтани ғамлаб бўлган. Масалан, бир ой аввал ICAC “Пахта толасининг жаҳондаги захираси эҳтиёждан 21 млн тоннага ошди, жаҳон ишлаб чиқариши талабни ортда қолдираётгани”ни маълум қилди. Фақат Хитойнинг ўзидагина пахта захираси 12,8 млн тоннани ташкил этмоқда. Ўзбекистон ўтган йилги ҳосилдан 1,08 млн тонна пахта толасини ишлаб чиқарди (бу 2012 йилдагига қараганда 1,4% га кўп). Ушбу толанинг 60% экспортга кетади, жаҳон пахта захираси керагидан ортиқ бўлган бир пайтда эса бу осон иш эмас.

Пахта нархи турган-битгани бошоғриқ

Муаллифнинг сўзларига кўра пахта нархини белгилаш турган-битган бошоғриқдир.

“Пахта соҳасининг ўтган йилги даромади 3,1 трлн.сўмни (2012 йилдагига қараганда 23%га кўп) ташкил этди. Валюта ҳисобида бу қарийб 1,1 млрд доллар дегани (пахта биздаги мавжуд учта валюта курсининг қай бири бўйича ҳисобланишини билмадим, биз Марказий банк курсини олдик). Ўзбекистоннинг 2013 йилдаги ЯИМ (номинал қийматлар бўйича) 55,1 млрд долларни ташкил этса-да, пахта аллақачон мамлакатнинг умумий ютуқларидаги белгиловчи кўрсаткич бўлишдан тўхтаган. Масалан, ўзбек урани бошқа гап: 1 фунт учун барқарор 36 доллар (биринчи ярим йилликдаги нарх). Пахта қиймати эса турган-битгани бошоғриқ. Пахта трейдерларининг кўпчилиги уч йил олдинги даҳшатни эслайди: 2010 йилда 1 фунт пахта ўртача 70 центни ташкил этди, 2011 йилда эса Австралия ва Покистонда сув тошқини юз бергани учун февралда ICE Futures US 1 фунт пахтага 2,08 доллар, кейин 2,19 доллар бера бошлади, йил охирида нарх 1 долларга тушиб кетди. Мен ICACнинг охирги маълумотини кўргандим: ҳозир нарх бир фунт учун 1,4 долларга тушиб кетган бўлиб 92,07 центни ташкил этмоқда. Пахта билан савдо қилиш учун мустаҳкам асабга эга бўлиш керак. Шу боис, бизнинг пахта – бу бизнес эмас, кўпроқ анъанадир”, – дейилади мақолада.

Пахтани ким етиштиради-ю кимга наф

Мақола давомида муаллиф фермерга тўланадиган пахта нархига ҳам алоҳида тўхталиб ўтади.

“20 аср бошларида 1 кг пахта хомашёси учун деҳқон 16 кг буғдой олган. Бугун 1 кг пахта хомашёсининг ўртача нархи (1-нав 2-синф) 850 сўмни ташкил этади, 1 кг буғдой айнан шунча туради (мамлакат бўйлаб ўртача). Демак, бир тонна пахта хомашёсининг ўртача қиймати 850 минг сўм. 1 гектар ерга кетадиган харажатлар эса йил давомида битта трактор учун 200 минг сўмни ташкил этади. 85 гектар келадиган дала бўйлаб бир марта ўтиш – бу 40 литр ёнилғи ($ 43) дегани, бир мавсумда бундай рейслардан нечтасини қилиш керак бўлади? Бунга ўғитлар, дефоляция учун кимёвий моддалар ва ҳоказолар қўшилса-чи? Жами бир тонна пахта хомашёсига кетадиган сарф-харажат қарийб 1,5 млн сўмга тушади. Шундай экан, деҳқонга камида 2 млн сўм тўлаш керакми?” – дея савол билан мурожаат қилади журналист.

Черногаевнинг ёзишича, “давлат тўлайди”, “давлат сотиб олади”… дейиш унчалик тўғри эмас. Сарлавҳада айтилганидек: “икки қўллаб чалинган қарсаклар”. Қўллардан бири – бу ҳосилни етиштирган меҳнаткашники. Иккинчиси эса деҳқондан ҳосилни харид қилиб, кейин сотганники.

Шундан сўнг муаллиф, ўзбек пахтасини ҳорижга сотиш билан шуғулланадиган давлат ҳиссадорлик ширкатлари ҳақида тўхталиб ўтади. Мақолада пахта экспортининг асосан учта ширкат томонидан амалга оширилиши ва ана шу учта ширкатлардан бири “Ўзмарказимпекс”нинг 19 фоиз акцияларига жисмоний шахслар эгалик этиши айтилади.

Муаллиф эҳтиёткорлик билан бу жисмоний шахслар кимлиги ёки бу ширкатлар аслида кимга тегишли эканини атайин очиқ айтмаган.

“«Ўзмарказимпекс» устав жамғармасининг 30 фоизи – бу юридик шахслар, яъни фирмалар. Ортиқча гап-сўзлар бўлмаслиги учун уларнинг номини тилга олиб ўтирмаймиз, аммо кўпчилик бу фирмалар кимларга қарашли эканини билади (ёки англаб етган). Жамғарманинг 19 фоизи эса жисмоний шахсларда. Улар қачонлардир керакли пайтда керакли жойда бўлишган. Шунинг учун улар эгатда эгилиб пахта терадиган ўша талабалар, шифокорлар ва ўқитувчилардан кўра кўпроқ “тенг”. 2013 йил якунлари бўйича “Ўзмарказимпекс” 838 839 748 сўм дивиденд тўлади. Жисмоний шахсларнинг дивидендлари уларнинг карточкаларига ўтказиб берилди. Бу “шахслар” деҳқонларга тўланадиган пулни ошириш тарафдори бўлишларига шубҳам бор”, – дея ўз фикрига якун ясайди муаллиф.

ЎХҲ ахборот бўлими