Ўзбекистонда мухолиф сайтлар ва мустақил нашрлар беҳаё сайтлардан кўра хавфлироқ

Ўзбекистонда мухолиф сайтлар ва мустақил нашрлар беҳаё сайтлардан кўра хавфлироқ
15 views
16 October 2014 - 10:25

2Ўзбекистонда ёшларнинг ахлоқий бузуқликни тарғиб этувчи сайтларга киришининг олдини олиш мақсадида интернет клублардаги компьютерларга махсус тақиқловчи дастурлар ўрнатилмоқда. Бу ҳақда Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги хабар берди.

Бунда барча хабарлар автоматик тарзда филтрланади ёки бола ўзи қизиқиб ножўя ахборотни олмоқчи бўлганида автоматик тақиқ ишга тушади, дейилади хабарда.

Қайд этиш жоизки, ахлоқий бузуқ сайтларга киришнинг олдини олиш мақсадида бундан олдин ҳам интернет клублар таъқиқловчи дастурлар билан бир қаторда турли хил интизомий чоралардан ҳам фойдаланишган. Хусусан, кўпгина интернет клубларда интернет фойдаланувчисининг беҳаё сайтларга кирганлик учун жаримага тортилиши ҳақидаги огоҳлантирувчи ёзувлар илиб қўйилган.

Бироқ, мазкур жарима чораларининг ҳуқуқий асослар билан кафоланмаганлиги уларнинг самарали бўлишини шубҳа остига қўяди. Чунки бу аҳоли яшаш жойларида тез-тез кўзга ташланадиган ахлат ташлаганлик учун жаримага тортилиш ҳақидаги огоҳлантирувчи ёзувларга ўхшайди.

Бундан ташқари, бугунги кунда Ўзбекистон аҳолисининг аксар қисми ўз уйларига интернет тармоғи ўрната бошлагани ҳамда кўпчиликнинг уяли телефонлар орқали интернетга чиқиши интернет клубларга кирувчилар сонининг камайиб кетишига олиб келди. Жумладан, бугунги кунда интернетдан фойдаланувчилар сонининг 10 млн.дан ошиб кетганини инобатга олсак, ҳар уч ўзбекистонликдан бири интернетдан фойдаланади. Бу эса интернет фойдаланувчилари орасида ўз уйларидан туриб интернет тармоғига чиқувчилар сонининг ҳам ортиб бораётганидан далолат беради. Шу сабабли ҳам интернет клублардаги компьютерларга ўрнатилган бузуқиликка қарши таъқиқловчи дастурлар ёшларни фаҳшни тарғиб қилувчи интернет ресурсларидан қанчалик ҳимоя қилиши даргумон.

Масаланинг яна бир эътиборли жиҳати шундаки, аҳолини ахборот ҳуружларидан “ҳимоя қилиш” давлат миқиёсида миллий провайдерлар томонидан турли хил мухолиф сайтларни ёки мустақил нашрларни тўсиб қўйиш орқали амалга оширилади.

Бугунги кунда беҳаё сайтларни тўсиш, конституциявий тузумни ағдаришга қаратилган ахборотни тўхтатиш важи билан Ўзбекистон ҳукумати қатор халқаро оммавий ахборот воситалари веб-сайтларига, жумладан, Ўзбекистон Халқ Ҳаракати сайтига тўсиқ қўйган. Интернетда яратган тўсиқлари учун Ўзбекистон халқаро ташкилотлар тарафидан “Интернет душманлари” рўйхатига киритилган.

Бироқ айни пайтда, бузуқиликни тарғиб қилувчи сайтларга киришда эса провайдерлар томонидан ҳеч қандай тўсиқ йўқ. Истаган одам ўз уйида ўтириб ҳеч қандай тўсиқларсиз фаҳш ва бузуқиликни тарғиб қилувчи сайтларга кириши мумкин.

Бу эса Ўзбекистонда аҳолини ҳаққоний ахборот ёки мавжуд сиёсатда қарши муҳолиф фикрлардан ҳимоя қилиш масаласи ёш авлодни ахлоқий бузуқиликдан сақлаш ишидан кўра муҳимроқ аҳамиятга эга эканлигидан далолат беради.

Буни ахлоқий бузуқликни тарғиб этувчи сайтларга тўсиқ қўйишнинг оммавий тарзда эмас, балки фақат интернет клублари доираси билан чекланганлиги ҳам кўрсатиб турибди.

Айни пайтда мазкур дастурлар ҳам тўлиқ хавфсизликни кафолатлай олмайди, чунки баъзида улар фойдали ахборотни чеклаб қўйиши ёки керакcизини ўтказиб юбориши мумкин.

Замир Малик