Мустабид ҳукмдор ва муташаббус мулланинг “модел”лари

Мустабид ҳукмдор ва муташаббус мулланинг “модел”лари
53 views
17 October 2014 - 18:00

masacrul-andijan…Андижонликларнинг бошига мусибат тоғини ағдарган нарса, уларнинг ишбилармонликлари, бошлаган ишларининг – “ўзбек модели”дан ҳар соҳада устин эканлиги эди. Уларнинг бу жиҳатлари дунё “эътироф” этган “ўзбек модели”нинг қуруқ бир чўпчакдан иборат эканлигини оммага намойиш эта туриб, яъни унинг ижодкори Каримовнинг “Қундуз бобо” эртагидаги Қундуз бободан фарқланадиган жойи йўқлигини бутун Ўзбекистонга билдириб қўйиши, жорий ҳукуматнинг илдизига болта урарди. Ўзбекистоннинг буюк келажаги хусусидаги Каримов иддаоларини пучга чиқариб, унинг айтганларининг барчаси, президентлик курсисини сақлаб қолиш йўлидаги ёлғон-яшриқлар эканини очиқларди.

Тараққиётга ўзга йўл орқали эришиш мумкинлигини пайқаган бошқаларнинг, андижонликлар ташаббусини қўллаб-қувватлаб, енг шимариб ишга киришиши – халқнинг ёппасига ғафлат уйқусидан уйғонишига сабаб бўларди. Мустақиллик бедодликларидан тинкаси қуриган ҳалқ шунақа бир ташаббусга чанқоқ экан, бундай хатарли ишга асло бепарво қараб бўлмасди. Жилов қўлдан чиқса, оқибатлари нима билан якун топишини Каримов яхши англарди. Уни, “Қундуз бобо” деб, атайдиган андижонликларнинг ишнинг бу томонини эътибордан соқит қилганлари, уларнинг ўқлар ёмғирига тутилишларига сабаб бўлди. Бу Каримовни хавф-хатардан осон қутултиргани каби халқнинг озодлик учун курашини бир неча йиллар ортга суриб юборди.

Жорий ҳукуматнинг битта Каримовни, деб, андижонликларни қирғинбаротга учратиши, бутун халқнинг юрагига қўрқув солиб, юрт ичидаги кўзи очиқ зиёлиларнинг дамини ичига туширди.

Бир оддий мулла Акрам Йўлдошнинг иқтисоддаги “ўзбек модели” бутун Каримов каби юзта иқтисодчи яратган моделдан афзаллиги ўзидан бошқани эшитмайдиган президентга ёқмади. У ўзини камситилган ҳисоблаб, қаттиқ ғазабга келди.

Оддий халқ орасидан майдонга отилиб чиққан бир ҳовуч тиниб-тинчимас тадбиркорларнинг бу жиҳатларини жиноят ҳисоблб, ўзларини отувга ҳукм қилиш нақадар тубан сиёсат!

Давлат бошида узоқ туриб, сурункасига жиноят содир этиш озодлиги уни адолат мезонига, халқнинг ўз-ўзини бошқариш тизимига тупуришга олиб келди.

Уни саросимага солган нарса рўкач қилинаётгани каби терроризм, ваҳобийлик, ҳизбу таҳрир ёки мутаассибликлар эмас эди.

Тўғри, Акрам Йўлдош ва унинг атрофидагиларнинг диний қарашларида бироз бўлсин, мутаассиблик йўқ, деб бўлмасди. Аммо, уларни мутаассиб қилган кимса ҳам, исломнинг кучайиб кетишидан бир умр хавотир олиб яшайдиган Каримов эди.

Дин ҳақида оғиз кўпиртириб, амалда динга тиш-тирноғи билан қарши Каримов, мактаблар ва олий ўқув юртларида бошланғич диний таълимга йўл бермагани каби ислом ҳақидаги ҳақиқатларни ҳам оммага бузмасдан етказишга монелик кўрсатарди. У ҳамманинг исломга унинг кўзи билан боқишини хоҳларди. Унинг қарашлари исломни бузиб кўрсатгани етмаганидек, ботинан одамларни Аллоҳ ҳукмларидан чалғитиб, уларни иккиюзламачилик, мунофиқлик каби исломда кескин қораланадиган иллатлар орттиришга ундарди.

Акрам Йўлдош ва унинг атрофидагиларнинг мутаассиблиги, Каримовнинг иқтисодий уқувсизлигини била туриб, унинг дин ҳақидаги сафсаталарига ишонганида эди. Улар унга ҳеч бир масалада ишониб бўлмаслигини сўзларида айтганлари билан ички бир ҳиссиётлари алдовига кириб, ундан умидвор бўлардилар. Уларда, етишган мусулмонларга хос ҳушёрлик, қаътият ва воқеа-ҳодисаларни таҳлил этиш салоҳияти етарли эмас эди. Ўзбекнинг асрлар бўйи ихтиёрини қўлидан олиб келган бу каби иллатларга барҳам бериб ўртага чиқилганда эди,

Каримов андижонликларни эмас, андижонликлар мустабид Каримов бошлиқ ҳукуматни ағдариб, ўзбек халқининг озодлигини қўлга киритишига сабабчи бўлардилар. Улар дукчи Эшон каби ота-боболар хатоларини такрорлаганлари учун ҳам, балонинг ўқига дучор бўлдилар. Қисматга айланган отамерос қусурлар, бизларни яна бир марта истибдод қаршисида тиз чўкишга мажбурлади.

Математика ўқитувчиси бўлган Акрам Йўлдош бошлаган ташаббус, у қамалганда ҳам тўхтамади. У бошлаган иш тўхтамаганига, атрофидагиларнинг тарқаб кетмаганига сабаб, одамларга ҳалол меҳнат билан бойлик орттириш имкони берилганида эди. Улар ихтиёрий равишда, тер тўкиб ишлаб, ҳар бирлари ўз имкониятлари даражасида пул топаётганларидан миннатдор эдилар.
Фуқаронинг нафақат қўл-оёғи, онгги ва шуури ҳам кишанланган бир ўлкада, бу каби биринчи қарашда кўзга ташланмайдиган ўзгаришнинг силсиласи, Каримов учун ўзга юртларда рўй бераётган инқилобий ур-йиқитлардан кам эмас эди. Халқнинг кичик бир бўлаги бўлган акрамчиларнинг бир мушт бўлиб, бир ёқадан бош чиқариб ҳамкорликка йўл очаётганлари, миллатга руҳиятини чархлаб, тафаккур этиш – идрок қилиш салоҳиятини берарди.

Мустақиллик бошини сарак-сарак этиб қўйган ночор халқ, мантиқ билан ишга киришса, оқиллик турмуш-тарзларини безай бошлаган одамларнинг муаммолари кескин камайиб, ҳаётлари мазмун, маъно ва моҳият касб этарди. Улар ҳурликни ва озодликни ташқаридан эмас, ичларидан излай бошлардилар. Яъни, улар барча кўргуликлар сабабчиси бўлмиш руҳиятларига асрлар асносида ёпишиб олган жаҳолатга қарши бош кўтарардилар – ҳақиқий жиҳод бошланарди.

Иштиҳод байроғи остида бошланган жиҳод, эл-юртни бирлаштирмасдан қолмасди. Меҳнатни тўғри ташкил қилиш ва бойликларни тўғри истифода қилиш, одамлар ўртасидаги биродарлик туйғуларини таъминларди. Сўзлар бежалган, фикрлар ҳар жойдан йиғиб, чархланган бўлмасин, меҳнат тўғри ташкил этилмаган, одамлардаги қобилият тўғри баҳоланмаган маконларда ҳеч қачон рўшнолик юз бермаслигини, Каримов ва у бошлиқ ҳукумат ўз тажрибасидан яхши англарди. Пировардида, шунчаки чуқур ўйланмай бошланган бир ишнинг, адолат тантанаси билан якун топишини ҳам, улар яхши билар эдилар. Жиҳоднинг энг хайрлиси ва энг мураккаби бўлган бундай жиҳоднинг изсиз кетмаслиги, аён бир ҳақиқат эди.

Эркин меҳнат роҳати ва илҳоми туфайли, одамларнинг сийратларида ҳам, суратларида ҳам зийраклик ва ҳушёрлик пайдо бўларди. Шундай бўлгач, эрта бир кун уларнинг ҳурлик ва озодлик таъмини сезиб қолмасликлари мумкин эмас эди. Бу, оддий бир андижонликнинг Каримов ўтирган жаҳолат дарахтини арралай бошлаганини билдирарди.

Мустабид тузум дарров илғаган бу нарсани, на Акрам Йўлдош, на унинг атрофидагилар илғарди. Улар ўзлари билмаган ҳолларида қутурган арслоннинг оғзидаги луқмасини олаётганларидан бехабар эдилар. Ёхуд энди этак-чечак бўлаётган чақолоқ каби чаённи чангаллаётганини, ўшанда улар билмаган эдилар. Уларнинг ниятлари қанчалар холис ва шаффоф бўлмасин, бу нарса Каримов тутган аросат йўлига тамоман зид эди.

Бу ҳолат билан одамларни муттаҳамга айлантиришнинг, тили қисиқ қилиб қўйишнинг иложи йўқ эди. Одамлар севимли ишларига меҳр-муҳаббат билан куч сарфлаб, топганларини оёқ узатиб ҳазм қилсалар, ичларидаги бир неча асрлик қурқув асоратидан қутулардилар. Бир тишлам нон, дея, бошларини дуч келган ковакка тиқишга ҳожат қолмагач, улар ўзларининг кимликлари, қадр-қимматлари хусусида ўйлаб қолардилар. Улар шу чоққача ўзларини гўрга тиқиб келган хиёнатларга, субутсизлик ва тубанликларга қарши бош кўтарар эдилар…

(Давоми бор)

Эргаш Сулаймон