Ўзбекистон ҳукумати – бир катта оиладир

Ўзбекистон ҳукумати – бир катта оиладир
33 views
18 October 2014 - 1:00

1

14 октябр куни “Озодлик” радиоси Тошкент вилоятининг Қибрай тумани прокурори Алишер Абдусаломов 10 октябрь куни ишдан олингани ҳақида хабар берганди. Алишер Абдусаломов Ўзбекистон Марказий сайлов комиссияси раисининг ўғли ва Ўзбекистон Марказий банки раисининг куёвидир.

“Озодлик” ҳуқуқ тизимларига яқин манбасига таяниб Абдусаломовнинг ишдан олиниши пахта билан боғлиқ экани ҳақида ёзганди.

Мазкур мавзуга оид pro-kg.com сайтида эълон қилинган мақолада ишдан олинган прокурорнинг қариндошлик ришталарига алоҳида эътибор қаратилади.

Мақола муаллифининг фикрича собиқ прокурорнинг ишдан олинишини унинг қариндошлик алоқаларига эътибор қаратилмаса одатдаги хабар сифатида қабул қилиш мумкин эди. Бироқ бу хабар Ўзбекистондаги ҳукуматнинг у ёки бу мансабдор шахснинг ўзаро қариндошлигидан иборат бўлган бир катта оила эканини яна бир бора исботлади.

“Ҳозирда асосий раҳбар лавозимларни эгаллаб ўтирганлар ёки расмий жиҳатдан ҳокимиятдан кетса ҳам барча давлат тузилмаларидаги асосий лавозимларга кадрларни тайинлашда таъсир кучига эга бўлганлар ва уларнинг ижросини назорат қиладиганларни ўзаро қариндошлик ришталари боғлайди”, – дейилади мақолада.

Шундан сўнг муаллиф Ўзбекистон ҳукуматидаги бир нечта йирик мансабдорларнинг фарзандлари, уларнинг оталари кўмагида эришган “ютуқ”ларига ҳам тўхталиб ўтади.

“Мисол учун юқорида тилга олинган Ўзбекистон Марказий банки раиси Файзулла Муллажоновнинг ўғли ҳам яхшигина мартабага эришган, деб ёзади муаллиф. У ИИВ Тошкент вилояти Бошқармасининг бошлиғидир. Вақти келиб ички ишлар вазири бўлиши ҳам мумкин. Собиқ Олий суд раиси, ҳозирда Марказий сайлов комиссияси раисининг ўринбосари бўлган Бўритош Мустафоевнинг ўғли эса миллиардлаб пул айлантирадиган “Узбек Лизинг Интернешнл А.О.” ЁАЖ қўшма корхонасига раҳбарлик қилади”.

Дарҳақиқат, шунга ўхшаш мисолларни кўплаб келтириш мумкин. Бу каби кучли таъсирга эга оилалар ҳокимият атрофидаги ҳодисалар жараёнини нафақат доимий равишда бошқариб туришни исташади, балки давлат бошқарув органларига расман алоқаси бўлмаган ўз оила аъзоларини бизнесининг гуллаб яшнаши учун кафиллик ҳам қилишади.

Улар ўз ҳомийлигига олган яқинларини зарур пайтларда турли хил хавф-хатардан огоҳлантиришади, чорасиз ҳолатларда эса уларнинг ҳеч қандай қийинчиликларсиз мамлакат ҳудудини тарк этишларига кўмаклашишади.

Юқорида тилга олинган мақолада таъкидланганидек бу турдаги давлатнинг қандай аталиши ҳаммага маълум.

Ўзбекистон ҳукумати – катта бир оиладир.

ЎХҲ ахборот бўлими