Хатолари – жаллоддан илтифот кутдилар

Хатолари – жаллоддан илтифот кутдилар
81 views
20 October 2014 - 8:08

akrom-y6ldoshМулла Акрам Йўлдош бошлиқ кичик бизнес гуруҳининг арзимас кўринган ташаббуси, муҳим аҳамият касб эта бошлади. Ҳаракатнинг мувафаққияти – йўлнинг тўғри танлаганида эди.

Ишлаб чиқаришнинг сифатга асосланиши, ташқаридан кирган товарларни вилоят бозорларидан шиддат билан сиқиб чиқариб, ташаббус атрофида жипслашганларнинг руҳиятида байрам кайфиятини туғдирарди. Одамлар қалбида исломий ҳалолликка таянган ижодкорлик майллари бош кўтариб, тарихий хотиралари уйғона бошлаган эди. Бу ясамалик ва суънийликка суянадиган “ўзбек модели”и манқуртликларига тамоман ёт бир ҳолат эди.

Иқтисодиёт майдонида, дунёдаги энг номдор фирмалар билан белаша оладиган ўзбек корчалонлари пайдо бўла бошлагани нишоналари кезар, андижонликлар орасида ниш ура бошлаган меҳнат шавқи эрта бир кун ҳақиқий даҳоларни ва фидойиларни кашф этиши мумкин эди. Саъй-ҳаракатлари самарасини кўраётган ташкилотчиларнинг жўшқинлиги боис, одамларнинг Каримов мустақиллиги сўндирган ҳаётсеварликлари қайта жонланиб, акрамчиларнинг довруғи бутун шаҳарни тутиб борарди. Қўйиб берса, бу бутун ўзбекистонликларга ҳам юқарди.

Гуруҳнинг зафарли юриши тилга тушиб, эрта-бир кун одамларнинг эътиборини тортса, мустақиллик улоқчиларининг ҳийла-найранглари фош бўларди. Халқ Хитойдан олиб келинаётган сифатсиз товарларни эмас, улар ишлаб чиқараётган пухта-пишиқ, тоза маҳсулотларни сотиб олардилар. Шунда, ахлатдан “конфет” ясаб, ялтироқ қоғозларга ўраб бутун Ўзбекистонга чиқиндини олтин баҳосида пуллаётган Хитойнинг даромадига ўт кетарди. Ўзбекистондан турли йўллар билан ташқарига ташиб кетилаётган хом-ашёлар музлатилиб, шу ернинг ўзида қайта ишланарди.

Бутун ўзбек ёшларининг куч-қуввати, суруру ғайрати ва соғлик-саломатлиги эвазига гуллаб яшнаётган Россиядан мардикорлар ортига қайтиб, ўз ота маконлари – Ўзбекистонларида енг шимариб ишга тушардилар. Улар ақл-заковатларини ва азиз умрларини жонажон ўлкалари тараққиётига, миллатнинг гуркираб ривожланишига сафарбар этардилар.

Бу каби ҳақиқий мустақиллик, Каримов ва у бошлиқ ҳукумат манфаатларига мос тушмасди. Агар Ўзбекистон ўзининг азалий қадр-қимматига эга бўлса ёхуд адашган дарё сингари йўқотган қирғоқларини топиб бир замонлардагидек пишқириб оқса, Каримовни зимдан қўллаб-қувватлаб турган Хитой билан Россия, ҳатто жаҳонда демократия қўриқчиси деб кўрилган АҚШ ҳам ундан қаттиқ ранжиган бўларди. Чунки, улар ҳам ўз навбатида, Каримовнинг ношудликларига ўрганиб қолган эдилар. Ухлаётган халқнинг бошига уйғоқ бир раҳбарнинг келишини, улар тасавурларига сиғдира олмас эдилар. Вазият ўзгарса, президентнинг ўзи ҳам учта буюк аждарҳонинг Ўзбекистонда турли баҳоналар билан тартибсизликлар келтириб чиқаришидан чўчирди. У учун президентлик курсисини йўқотгандан кўра, бутун андижонликларни отиб ташлаш енгилроқ кечарди.

Минтақада Хитой билан Россияга янги рақобатчи керак эмаслигини яхши тушунган ҳолда, у учта аждарҳо орасида марганеткалик ролини ўйнар, шу пайтгача жон сақлаб келгани каби бундан кейин ҳам мақсадидан чекинмоқчи эмас эди. Барчасини қўли кафтидагидек кўриб турган учта аждарҳога эса, така бўлсин, сут берсин эди. Халқ ўз ҳақ-ҳуқуларини ўзи талаб қилмагандан кейин, жон куйдиришнинг улар учун қизиқ жиҳати йўқ эди. Халқ ўз озодлиги учун мустабид тузум билан жангга отланганда ҳам, уларнинг бу ҳаракатини исломий фанатизмга ёки экстримизмга йўйишларига гумон йўқ эди.

Яқин атрофда, Ўзбекистондан бошқа бирор мамлакатнинг икки буюк аждарҳога тенг келолмаслигини ҳам, Ўрта Осиёнинг тақдири, Ўзбекистонга боғлик эканлигини ҳам Каримовни тушунмайди, деб бўлмасди.

Унга бу каби нозик масалалар замирини Владимир Иосифович Бронштейн ва Вячеслав Аркадевич Голищевлар каби ҳомийлари, аллоқачонлар уқтириб қўйган эдилар. У Қозоғистон президенти Назарбоев бўлолмаслигини, унга ўхшаган шахс бўлганида, Ўрта Осиё минтақаси тараққиётига ижобий таъсир ўтказиши мумкинлигини, дунёдаги учта буюк аждарҳо билан бошидан тенглик асосида диплопатик алоқалар ўрната олган бўлишини ҳам яхши англарди. У билимсиз ва лаёқатсиз бўлгани учун ҳам жиззакилик қилиб, ҳар сафар зўр келганда, кетини ҳар томонга олиб қочарди, шаллақилик қилиб ҳар гал илгариги айтганларидан қайтаверарди. Аммо, АҚШ, Хитой ва Россия масаласида, орқасига чоптира олмасди. Унинг бироз думини тиклаб, кетини ўйнатгани, шунчаки йўлига эди. Бузоқнинг қочгани сомонхонагача эканини биладиган буюк давлатлар, унинг қўрқоқ ва олчоқликларини тушунганлари учун: от айланиб қозиғини топади, деган нақлга амал қилардилар, холос. У чорак асрдан буён, думи юлинган товуқ сингари учта аждарҳонинг бири қувса иккинчиси тагига қочиб, жонини асраш билан овора эди. Баъзи-баъзида, уларга нисбатан қиладиган инжиқликлари, шунчаки хўжа кўрсинга эди.

Дунёда буюк деб кўрилган учта мамлакатнинг раҳбарлари ўз амбиссиялари билан овора бўлсалар ҳам, жосуслик хизматлари Ўзбекистонни киприк қоқмасдан кузатишдан толиқмасди. Улар ички аҳволни – ҳурликка эришса, нималарга қодир бўлиши мумкин бўлган ўзбекнинг ҳолатини, Каримовдан кўра юз чандон яхшироқ билардилар. Шунинг учун ҳам ёмғирдан кейинги қўзиқорин каби бир Мулланинг қўққисдан пайдо бўлиб қолиши, Каримов учун жуда ҳам катта муаммо эди.

Устига-устак, Андижондаги оддий халқ тугул, ҳокимлар ва хавфсизлик ташкилоти раҳбарларининг акромчилар ишлаб чиқарган пойафзал ва бошқа маҳсулотларни талашиб сотиб олиб кийиши, уни қаттиқ ранжитгани етмагандек, қўрқитиб ҳам юборди.

Шунда, у қандай қилиб бўлмасин, андижонликларнинг пайини қирқиш ҳаракатига тушди. У мулла Акрам Йўлдошни туҳмат билан қаматиб ҳам, у бошлаган ташаббусдан қутулолмагач, унга яқин бўлган кимсалардан йигирмадан ортиғини қамоққа ташлаттирди.

Бу билан ҳам аҳвол ўзгармади.

Қилаётган ишларининг Каримов учун бир бомба эканлигини – унга тараққиёт белкураги билан гўр қазиётганини билмаган одамлар, қамалган биродарлари айбини тушунмасдан таажжубга тушган бўлсалар ҳам, улар бошлаган ишларни иштиёқ билан давом эттиравердилар.

Аксинча, қама-қамалардан “Каримов бехабар” деб билиб, нажот истаганлари баробарида, амалга ошираётган ишларини мақтовга сазавор, деб ўйлаб, кекирдагига пичоқ тираб турган жаллоддан илтифот кутдилар.

Улар, олов билан ўйнашаётганларини ёхуд илоннинг инига қўлини тиқаётганларини билганларида эди, ўша заҳоти юраклари ёрилиб ўлардилар.

Уларни отиб ташлашнинг ҳам ҳожати қолмасди…

Эргаш Сулаймон