Ўзбекистонлик аёл Жанубий Кореядаги саунада камситилган

Ўзбекистонлик аёл Жанубий Кореядаги саунада камситилган
229 views
22 October 2014 - 14:29
3

К. Қурбоновага тегишли Ж. Корея паспорти

Жанубий Корея матбуотида анча шов-шувга сабаб бўлган ушбу воқеа аслида бундан уч йил олдин сентябрь ойида содир бўлган.

Асли Ўзбекистонлик бўлган Клавдия Қурбонова 2002 йили Жанубий Кореяга келган ва икки йилдан сўнг корейс йигитига турмушга чиққан. 2009 йилга келиб Жанубий Корея фуқаролигини олган ва исмини Гу Су-жин – корейс исмига ўзгартирган.

Ҳозирда 33 ёшли К. Қурбонова 2011 йилнинг 25 сентябрь куни терисининг ранги туфайли Бусан шаҳридаги сауналардан бирига киритилмайди.

Ушбу воқеанинг матбуот эътиборига тушишига К. Қурбонованинг ўз ҳақ-ҳуқуқини талаб қилиб Инсон ҳуқуқлари Миллий Комиссиясига мурожаат қилиши ва ҳорижликларга нисбатан ирқий камситишларга қарши оммавий кампания бошлаганлиги сабаб бўлди, деб ёзади Asian Correspondent.

Аёл ўзининг ушбу ҳаракатини ҳозирда бир ўғил фарзандининг борлиги ва келажакда унинг ҳам ўзи каби ирқий камситилишларга дуч келмаслиги учун курашаётгани билан изоҳлаган.

Нашрнинг ёзишича сауна ходими ҳорижликларнинг саунага киришларига рухсат берилмаслиги сабабини уларнинг сауна сувини ифлос қилишлари ҳамда улардаги ОИТС эҳтимоли билан изоҳлаган.

К. Қурбонова ўи билан боғлиқ вазият ҳақида сауна маъмуриятига шикоят қилган. Бироқ қайтиб келганида сауна ходимлари яна унинг сувни ифлос қилиши ва ОИТС эҳтимоли туфайли киришига рухсат берилмаслигини таъкидлашган. Бундай муомалани ўзига ҳақорат деб билган Қурбонова полицияга мурожаат қилган ва ўзининг Жанубий Корея фуқароси эканлигини ҳамда Гу Су-жин – корейс исмини олганлигини айтган. Шунга қарамасдан корейс полицияси мазкур вазият бўйича ҳеч қандай ёрдам бера олмаслигини, чунки ҳорижликларнинг саунага киришларига таъқиқ қўйилишига қарши қонун йўқлигини билдирган.

4

К. Қурбонова ҳорижликларнинг ирқий камситилишига қарши кампания доирасида жамоат газетасига интервью бермоқда

Қурбонованинг сўзларига кўра у сауна ходимларига ўзининг Жанубий Корея паспортини кўрсатганида улар “ташқи кўриниш корейсга ўхшамас экан паспортнинг борлиги сизнинг кореялик эканлигингизни билдирмайди”, – деб жавоб беришган.

Мазкур вазият бўйича Инсон ҳуқуқлари Миллий Комиссиясига мурожаат қилган К. Қурбонованинг таъкидлашича, “жуда кўплаб ўзбекистонликлар бу каби ирқий камситилишларга дучор бўлишади, лекин ҳеч қандай чора кўришмайди ва жим қолишади. Бунга сабаб уларнинг корейс тилини яхши билмасликлари ва қаерга мурожаат қилиш кераклиги ҳақида етарли маълумотга эга эмасликларида”.

“Ишчиларнинг ижтимоий келиб чиқиши ва гендер бўйича камситилишларга қарши қонунлар бор. Бироқ ирқий камситишга қарши биронта тартибга солувчи норматив ҳужжат йўқ. Бу эса нафақат ҳорижликларнинг кореяликлар тарафидан камситилиши, балки кореяликларнинг бошқа кореяликлар тарафидан камситилишига сабаб бўлмоқда”, – дейди Чангвонда жойлашган Гиёнгнам Муҳожирлар Жамияти хизмат Маркази директори Гиёнгсангам-Ду.

ЎХҲ ахборот бўлими