Ҳамкасбларимдан яширинча йиғладим

Ҳамкасбларимдан яширинча йиғладим
91 views
24 October 2014 - 17:39

555Бугун журналистлик касбини танлаганимга пушаймон бўлдим. 20 йиллик фаолиятим давомида журналист бўлганимга уч бор йиғлаганман. Ҳар гал турлича.

Бундан 15 йилча олдин Қарағанда шаҳрида бир наркоман аёл ва унинг суюкли қизи билан бўлган суҳбат мени йиғлатган эди. Тирик инсон этининг чирий бошлаганини кўрганмисиз? Мен кўрганман. Мўътодликка енгилган аёл ҳаётдан умидини узганди. 10 ёшлардаги қизалоқ эса “онамга ёрдам беринг”, дегандек менга мўлтираб боқарди. Ўшанда меҳмонхонага қайтиб йиғлаган эдим. Овозим эшитмасинлар, дея ёстиққа юзимни босиб, бўкириб йиғлаган эдим…. Иккинчи марта 2005 йил май ойида йиғладим.

Андижондаги қирғиндан қочиб, Тешикдошда паноҳ топган болакай билан бўлган телефон суҳбати мени йиғлатган эди. Болакай: “Энди Андижонга қайтмайман. Қайтсам, отишади,” – деб йиғлаганди ўшанда.

Мен ҳам йиғлаган эдим. Ҳамкасбларимдан яширинча йиғлаган эдим… Бугун ҳам йиғладим. Ҳамкасбим, дўстим Алишер Соиповнинг онаси билан бўлган суҳбат мени эзиб ташлади. Етти йил аввал ўғлини йўқотган она ҳар гал нон ёпса, ўғлини ёдга оларкан… Шодравон ўғли ҳақида сўз очиб бир онаи зорни йиғлатганимга йиғладим. Унсиз йиғладим.

Sirojiddin Tolibov