Элнинг ярми тойлок бугун

Элнинг ярми тойлок бугун
37 views
28 October 2014 - 8:27

кенжабийнинг яхши расми

      
Кенжабий

        ЭЛНИНГ ЯРМИ ТОЙЛОҚ БУГУН                
                                  
Элни алдаб бой бўлганлар,
Оғзи-бурни мой бўлганлар,
Қўтир юзи ой бўлганлар,
Булбул янглиғ сайроқ бугун.

Ҳақпарастлар бир ён қолиб,
Аҳли олчоқ келди ғолиб.
Кўнгилларга қутқу солиб,
Кўпчиликка байроқ бугун.

Ҳам яхшидан, ҳам ёмондан,
Умид кутиб ҳар томондан,
Айрилишиб хонумондан,
Элнинг ярми тойлоқ бугун.

Инсон зотин қалб кирига,
Ҳайрон боқма тақдирига.
Элни қайраб бир-бирига,
Неча зотлар қайроқ бугун.

Савоб надир, надир гуноҳ,
Англамаслар мисли гумроҳ.
Бир-бирига қазишиб чоҳ,
Қўйганлари тузоқ бугун.

Кўнгил ёзиб наволардан,
Паноҳ излаб дуолардан,
Умид кутиб самолардан,
Неча диллар муштоқ бугун.

Хафа бўлма, аё кўнгил,
Айтганларим битта шингил.
Кенжа ахир эмас сангдил,
Кўкси яра, қуроқ бугун.

                              2004 й.