“Ҳаммасини отиб ташланглар”

“Ҳаммасини отиб ташланглар”
37 views
02 November 2014 - 13:07

…Ислом Каримовдан  адолат истаган халқ Бобур майдонига тўпланаётган бир пайтда, Махмуд Худайбердиев каллакесарлари яқин-атрофда куйиккан шоғолдай санғиб, тўс-тўполон қўзғотишга тайёргарлик кўраётганига бир ҳафтага яқин вақт кечганди.

Ҳукуматга қарши бош кўтариш хаёлларига ҳам келмаган одамларнинг орасида, шунчаки қўл учида фитна қўзғотиш осон иш эмасди. Осмонда айланаётган тикучарларни кўрган халқ, президентни бироздан кейин майдонга кириб келади, унга арзу дод айтамиз, деб ўйларди. Бу пайтда, президент қандай қилиб айбсиз андижонликларни муттаҳам қилсам, бўларкан, шу йўл билан Ўзбекистон халқи кўзида ёна бошлаган оловни бир неча йилга ўчирардим, дея Оқсаройда боши қотиб ўтирарди.
Нияти ҳар доимгидай ёмон бўлса ҳам, ҳали унинг қўлида аниқ бир режаси йўқ эди. У ҳар галгидай, вазият пайдо қилиши мумкин имкониятлардан келиб чиқиб муаммонинг ечимини излаётган эди. Воқеа-ҳодисаларни бошида туриб кузатаётган Ички ишлар вазири Зокиржон Алиматов амалиётга масъул этиб тайинланган, куч ишлатиш салоҳиятига эга бутун тизимлар, сўзсиз унга бўйсундирилган эди. Бугунги кунда, Ўзбекистонда энг қудратли шахс деб кўриладиган МХХ бошлиғи Рустам Иноятов ҳам, ўшанда унинг қош-қовоғига қараб иш тутарди. У кўпдан орзу қилиб келаётгани каби Зокиржон Алиматовни Ўзбекистон сиёсий ҳаётидан узиб, унинг ўрнига ўзининг бош жаллод вазифасига кўтарилишига кўп фурсат қолмаганини ҳали билмасди. Ўзбекларнинг бошига қора кунларни солган ўша дамлар, МХХ бошлиғининг бошига бахт қушини қўндирганди. Бугун номини кўпчилик нафрат билан эслайдиган Зокиржон, ўшанда президентнинг суянган тоғи эди. Унинг қуртлаган тиш каби кутилмаганда лиқиллаб қолиши ҳам мумкинлигини бирор ким хаёлига ҳам келтирмасди.
Ҳамма унга яқинлашишни, жилла қурса, қўл бериб саломлашишни орзуларди. У билан қўл бериб кўришишга мушарраф бўлганларнинг кўпчиликлари, бир неча кун қўлини ювмасдан юрар, хотинига тегиб кетса оҳори тўкилади, деб икки қўлини кўрпасидан чиқариб, юқорига кўтариб ётарди. У билан кўришганда юраги тўхтаб қолгандай бўлиб, оёқлари қалтираб кетганларини хотинига айтиб, мақтанадиганлар бор эди.
Бечора ва бахтиқаро хотинлар ўзларининг қўйниларини ўзлари пуч ёнғоққа тўлдириб, эрларининг ёлғондакам даҳоликларидан очилиб-сочилиб, “дунёда, мендан бахтли аёл йўқ” деб, гердайиб юраверардилар. Эрлари билан қовушганларида ҳам хаёлларида, Зокиржон бўларди, азбаройи завққа тўлиб чинқириб юборганларида ҳам, кўзларидан унинг сурати ўчмасди. Бугун-чи?
У мансаб пиллапоясидан қўққисдан қулаб тушгандан кейин, худди ўша одамлар: “Аслида у ифлос эди. Эшакдан от бўлмас, қозоқдан дўст”, деб, унинг устидан мағзава тўкиб юрипдилар. У оқ отда пайтида, бирор марта қозоқлигини эсламаган кимсалар, унинг насл-насаби пастлигини айтиб, уни орқаворатдан камситадиган бўлганлар. Аслида, ўзлари ундан ҳам пасткаш бу кимсаларнинг ҳеч бир миллатни, жиноятчиларга хизмат қилишдан бошқасига ярамайдиган қандайдир бир якка шахснинг атрофида муҳокома қилишга ҳақи йўқлигини билмасликлари, уларнинг жаҳолат ичида нафас олаётганларини ифодалайди.
Инсоннинг қайси миллатга мансублигини эмас, кимнинг-кимлиги муҳимлигини, улар шу янглиғ бутун бир ҳаётлари мобайнида англамасдан ўтиб кетадилар. Бу ҳолатнинг Зокиржоннинг қисматидан кўра ачинарли ва тафтсиз эканлигини, улар фаҳмлаганларида эдилар, ўзларининг ҳам ундан беш баттар тубан бир кимса эканликларини ҳам англаган бўлардилар.
Хуллас, Бобур майдонида президентдан адолат истаб йиғилган халқнинг қўлига Махмуд Худайбердиевнинг андижонликларга ўхшаб кийиниб олган каллакесарлари автомат ушлата олмагач, Каримовнинг боши қотиб қолди. У амалиётга масъул Зокиржоннинг пичоқнинг сопини ўзидан чиқараётганига суюниб, масала тезда ниҳоясига етишига ишониб ўтирар, унинг халқни қопқонга туширганига юз фоиз ишончи комил эди. Бўлавермагач, ўшанда Андижон турмасининг эшиклари очилиб, у ерда ётган акрамчилар, атай турмадан қочирилади. Улар ҳам катагини бузган товуқлар сингари турмадан уриб чиқиб, майдондаги халққа келиб қўшиладилар. Зокиржоннинг иғволарига учмаётган халқ, ўша дамларда ҳам президент Каримовдан нажот кутаётган эди.
Улар болалари, эрлари ва оталарининг турмадан майдонга етиб келганини кўргач, мамлакат президентининг адолатига буткул суяниб, хурсандчиликларидан ўзларини йўқотиб қўядилар. Руҳиятларидаги ҳушёрлик ўрнини, миннатдорлик ҳислари эгаллай бошлади. Қўлларига қурол олишга ундаётганларнинг умуман президентга алоқаси йўқлигига ишончлари комил бўлиб, тез орада президентнинг халқ олдига чиқиб, масалани тинчлик йўли билан ниҳоясига етказишидан умидвор бўладилар. Гумроҳлар билмасдилар-ки, барчасининг бошида унинг ўзи турар, бутун жиноятларни у ўзи содир этиб, қилмишларини халқнинг елкасига юклашга чоғланарди. Шунда, майдонга Зокиржон Алиматовнинг махсус тўдалари кириб келади.
Уларни ҳалигача, ҳеч ким, ҳатто МХХ бошлиғи Рустам Иноятов ҳам кўрмаган эди. Президентни ҳар сафар фавқулода устамонлиги билан мавҳ этиб ўрганиб қолган Зокиржон Алиматов, бу гал ҳам уни кутилмаган сюрпризи билан лол қолдиришни режалаштирган эди. Унга шундан бошқасининг бир тийинлик аҳамияти йўқ эди. Каримов бутун бир халқни, у президентни ўз таъсири остида ушлаб турса, қолган ишларни бой билан графнинг ўзи эпларди.
Бунақа формадаги махсус гуруҳни кўрмаган Махмуд Худайбердиев, шунда президентга Алиматовни айланиб ўтиб, Бобир майдонида, ташқи кучларнинг номаълум, аммо тиши-тирноғигча қуролланган катта бир гуруҳи пайдо бўлиб қолгани хабарини етказди.
Каримов у билан гаплашаётган ўша сонияларда, линияда турган Ички ишлар вазири Зокиржон Алиматов ҳам заҳирадаги махсус кучларни пистирмадан чиқариб, жанговор ҳолатга келтирганини сўйлаётган эди. Вазиятнинг қулига айланган президентни, шунда қаттиқ ваҳима босади. У қўлидан ҳокимият тизгини чиқиб кетаётганини ўйларкан, ўзини унутиб, бутун танасида ваража туради.
Каримов бир йўла икки гумаштасига: “Ҳаммасини отиб ташланглар”, деганини ўзи ҳам билмай қолди…

Эргаш Сулаймон