Ҳижоб ўраган рус қизига муносабат

Ҳижоб ўраган рус қизига муносабат
30 views
03 November 2014 - 8:48

 

Сурат the-village.ru сайтидан олинди

Москвалик журналист Юлия Рейснер ўз шаҳридаги мусулмон аёлларга бўлган муносабатни ўз мисолида синаб кўришга қарор қилиб, бир ҳафта ҳижоб ўраб яшаб кўрди.

У кундалик ҳаётига бошқа ҳеч қандай ўзгартириш киритмади, ва ўзининг ҳижобли ва ҳижобсиз турмушини солиштириб кўришни мақсад қилди.

Рейснер хонимнинг айтишича, ҳамма инсонларда ўзига яраша муаммолар бор ва ўзимизни бошқа одамнинг ўрнига қўйиб кўрсаккина, бошқаларнинг муаммоларини тушуниб етишимиз мумкин.

Ибрат Сафо у билан боғланиб, аввало тажриба қандай ўтганини сўради.

Рейснер: Экспериментим муваффақиятли ўтди деб айта оламан. Мақсадим – шариатнинг барча қонунларига асосланган ҳолда ҳижобга кирсам, менга атрофдагилар қандай муносабатда бўлишини аниқлаш эди. Аниқлаганим шу бўлдики, аслида бу ҳеч кимни безовта қилгани йўқ, аксинча, менга баъзи тоифадаги одамлар аввалгидан яхшироқ муносабатда бўла бошлаганларини сездим. Кўп ҳолларда одамлар ҳеч қандай муносабат билдиришмади. Лекин, шарқона кўринишга эга бўлган эркаклар менга меҳр билан қарай бошлашди. Мен яшайдиган мавзедаги метро бекати ёнида қари мусулмон амакининг дўкончаси бор, у пойафзалларимни таъмирлаб беради. Аввал ҳеч менга эътибор бермасди, бу сафар эса кўзлари меҳрга тўлиб жилмайди ва менга “қандай гўзал қиз” деди. Бошқаларни синаб кўриш учун мен ҳатто кафега кириб пиво сўрадим, официантка ҳеч нарса бўлмагандек менга пиво тортиқ қилди. Балки бу муносабат “мижоз ҳамма вақт тўғри” деган тушунчага асосланар, лекин уни менинг ҳижобим иккилантирмади. Мен атайлаб пиво сўраганим йўқ, мақсадим аввалги ҳаётим қандай бўлган бўлса, шундайлигича давом эттириш эди, фақат бу сафар бошимда ҳижоб билан…

Би-би-си: Сиз ёши каттароқ аёллар сизга ёвқарашда бўлгани ҳақида ёзгансиз…

Рейснер: Улар жуда ҳам мендан қўрқиб кетишди деб айта олмайман, лекин салбий қарашди. Аслида қария аёллар жуда кўп нарсага шундай ёндошадилар, бу ҳижоб бўлиши ҳам шарт эмас. Бу ёшдаги аёллар, масалан, қўлингизда кўп узук бўлса, ёки бурнингизда сирға бўлса, ёки ноанъанавий бир юбкани кийган бўлсангиз ҳам сизга ёвқараш қилишади…

Би-би-си: Ўзингиз қандай муносабат бўлишини кутгандингиз?

Рейснер: Бу яхши савол. Мен агар эксперимент натижаларини олдиндан аниқ башорат қила олганимда, уни қилмаган бўлардим. Чунки одатда ҳамма сенсацияни истайди, ҳеч ким “қаранг, бизда қандай тоқатли одамлар” деб ёзилган мақолани ўқигиси келмайди. Аслида менинг салбий муносабатлар ҳақидаги башоратларим нотўғри бўлиб чиқди. Ўзим ҳам жуда ҳайрон қолдим. Чунки ҳатто ўзим ҳам бировнинг кўринишига қараб улар ҳақида фикр юритишга ўрганган эканман. Бу стереотиплар менинг миямга шундай мустаҳкам ўрнашган эканки, мен одамлардан нафрат ва очиқча тажовузни кутгандим. Кутган нарсаларим ушалмаганидан жуда ҳам мамнун бўлдим. Мен одамлар муносабатини 0дан 10гача баҳоламоқчи эдим, яъни 0 – буткул бепарволик, 10 эса очиқ тажовуз. Натижада мен минусга тушиб кетдим. Чунки ҳеч ким менга ташланмади, метрода ҳеч ким мендан узоқлашиб бошқа жойга бориб ўтирмади, аксинча, менга ижобий қарашлар ошди.

Би-би-си: Сиз оддий одамлар муносабатини баҳолабсиз, лекин агар, масалан, полиция ёки маҳаллий ҳукумат вакилларига ишингиз тушса, уларнинг муносабати қандай бўлган бўларди деб ўйлайсиз? Буни башорат қилиш мумкинми?

Рейснер: Бу каби вазиятга тушмаганим учун биронта хулоса чиқариш мумкин деб ўйламайман. Асоссиз бир башорат бўлиб қолиши мумкин. Лекин, полицияга кўп дуч келдим, чунки Москва кўчаларида ва метрода полиция жуда кўп. Ҳар куни мен жуда кўп полициячилар ёнидан ўтиб кетардим. Менга улар қарашмади ҳам, қарашса ҳам, ҳеч қандай ижобий ё салбий реакцияни уйғотмадим.

Би-би-си: Сизга қаердан келди бу каби эксперимент ўтказиш ғояси?

Рейснер: Американинг Buzzfeed веб сайтида бир нарсани ўқиб қолдим. Бу жуда оммабоп сайт ва улар, масалан, “Озғин қизларни ўйлантирадиган 21та муаммо” ёки “Ишсиз одамлар дуч келадиган 25та муаммо” каби қизиқ рўйхатларни чоп қилишади. Шу мақолалардан бири “Ҳижоб ўрайдиган қизлар дуч келадиган 16та муаммо” деб номланганди. Мени бу жуда қизиқтириб қолди, ҳам инсоний, ва ҳам маиший жиҳатдан. Унда овқат еганда ҳижобингизга ушоқ тушишидан тортиб бошқа одамларнинг ёвқарашлари каби муаммолар ҳақида ёзилганди. Шунда менда ғоя туғилди. Чунки мен учун Ислом ва ҳижоб буткул ёт тушунча эди. Ҳижоб ўрасам, менда ҳижобли ва ҳижобсиз ҳаётим ўртасида қиёслаш имконияти туғилишига ишончим комил эди. Шунинг учун унга қўл урдим. Мен журналист бўлганим учун шу экспериментни қилдим. Бунинг ўртидан амин бўлдимки, ҳамма инсонлар бир-бирларига ўхшаш, ҳаммамизда ўзимизга яраша муаммолар бор, ва ўзимизни бошқа одамнинг ўрнига қўйиб кўрсаккина, бошқа одамларнинг муаммоларини тушуниб етишимиз мумкин.

Би-би-си: Москва ҳақида қандай хулосага келдингиз?

Рейснер: Мен Москва тоқатлироқ экан деган хулосага келдим. Мен ҳижобни нормал бўлмаган нарса демоқчи эмасман, лекин бизда аксар аҳоли православ насронийлар. Шунинг учун ёмон муносабатни кутгандим. Биласизми, кўп одамлар аввалдан мияга ўрнашиб қолган тушунчалар, яъни стереотипларга асосланиб фикр юритадилар ва воқеъликдан узилиб қоладилар. Мен ҳам шундай фикр юритиб, Москва тоқатсиз шаҳар деб ўйлаб юрган эканман, аслида бундай бўлмай чиқди.

Би-би-си: 4 ноябрда Москвада рус миллатчиларининг “Рус марши” бўлиб ўтади. Бу кунда кўп осиёлик муҳожирлар уйдан чиқмай ўтиришга уринар эканлар. Сиз ўша куни ҳижоб ўраб чиққан бўлармидингиз? Ёки бу провокация бўларди деб ўйлайсизми?

Рейснер: Мен сизга шуни айтган бўлардим. Агар қандайдир гўёки олий бир ғоя билан жазавага тушган катта сондаги одамлар кўчага чиқса, мен улардан ўзимни йироқда тутган бўлардим. Булар бир диннинг иккинчиси, ёки бир ирқнинг иккинчиси, ёки бир футбол жамоасининг иккинчиси устидан устиворлигини намойиш қилиш учун чиқадилар. Уларга яқинлашмайман, чунки оломоннинг психологиясини аввалдан билиб бўлмайди, ягона бир одам ҳам оломон ичига тушганда энг паст инстинктларига эрк бериши мумкин.

http://www.bbc.co.uk/uzbek/world/2014/10/141031_moscow_hijab