“Шаҳидлар хиёбони”даги масхарабозлик

“Шаҳидлар хиёбони”даги масхарабозлик
88 views
15 November 2014 - 12:52

М А Х Т У М Қ У Л И

Қоча бошлади

Энди билдим замонанинг озганин,
Ёмонлар яхшидан қоча бошлади –
Юзсиз, асли йўқлар аслзодадан
Писанд этмай, тўрга кеча бошлади.

Риё бўлди кўпиларнинг намози,
Тангри ҳеч биридан бўлмади рози,
Пайғамбар ўрнида ўтирган қози,
Пора учун қўлин оча бошлади.

Шоҳларда қолмади ҳукму адолат,
Бир пул учун муфти берар ривоят,
Бил, бу ишлар – нишонаю, қиёмат,
Золимлар бетавба ўта бошлади.

Додхоҳлар ҳар кўйда юзин сарғайтиб,
Ким тўрасин топиб, рангин қизартиб,
Золимлар мазлумга сиртин қабартиб,
Қамчисидан қонлар соча бошлади.

Қуръоннинг сўзига амал бўлмади,
Мунофиқлар Яратганни билмади,
Сўпилар пиридан таълим олмади,
Дунё учун диндан қоча бошлади.

Бир пора сўпилар, “сўпиман” деяр,
Сўрамай, золимлар таомин еяр,
“Бизни яхши киши десинлар” деяр,
Ҳар эшикда ҳалқа қура бошлади.

Қарига айланди биз кўрган ёшлар,
Оёққа дўланди неча бир бошлар,
Бемаҳал юк боғлаб, инди қардошлар,
Охират азмина кўча бошлади.

Оқил бўлган ғамда юрагин эзиб,
Дардининг дармонин сўроқлаб кезиб,
Замонанинг фасод бўлганин сезиб,
Фонийдан боъқийга кўча бошлади.

Не асил бекларнинг даврони ўтди,
Чақимчи ва ҳаромига сўз етди,
Дунёда ким қолиб муродга етди,
Муҳаббат чироғи ўча бошлади.

Қози бўлган бир жавобда турмади,
Кеча меҳнат тортиб, китоб кўрмади,
Шариат йўлида тўғри юрмади,
Нафс учун имонин сота бошлади.

Махтумқули айтар, борҳо йўл тани,
Беш кун синамоққа юборди сени,
Сендан бурун ўтган жанонлар қани?
Ҳар ким навбатида ўта бошлади.

Анжуманлар саройидан Мустақилликнинг 23 йиллигига бағишланган навбатдаги масхарабозлик юришини бошлаган президент Каримов ўтирган турнақатор машиналар, “Шаҳидлар хиёбони” томон йўл олди. Бир ҳафта илгари бошланган тозалаш ишлари туфайли, йўлларнинг икки томони ораста, йил ўн икки ой чиқиндихона бўлиб ётадиган ёмғир сувлари учун мўлжалланган икки четдаги ариқчалар чиннидай қилиб тозаланган эди. Йўлга қараган кўп қаватли биноларнинг дераза пардалари тортилган, маҳаллалар Ички ишлар вазирлигининг фавқулодда ҳаракатга келтириладиган тизимлари томонидани ўраб олиниб, томларда пистирма қурган Миллий хавфсизлик кучлари ходимлари қўққисидан “арзанда”га ташланиши мумкин “террористлар”ни қириб ташлашга ҳозиру нозир. Ҳар эллик қадамда мўриларнинг ичидан капча илон каби бошларини чиқариб турган снайперчиларнинг қўлларида бешотар, оёғида керза этик, чақич чайнаб, зерикканлари боис қулоқларига научник илиб, Озодбекнинг “Анжанчасига” қўшиғини тинглаётган эдилар. Неча авлод снайперчиларни нафақага чиқарган “Мустақиллик” уларни ҳам кун кўрмасдан қаритган, президентни ғалла омборининг қоравули ўн олтилик қирма милтиқ билан отиб ташлаганда ҳам, улар охирида хабар топардилар. Сабаби, снайперчилар гуруҳи 23 йилдан буён жангавор бир ҳолатда турган бўлсалар ҳам, бирор марта Каримовнинг устидан зоғ ҳам учиб ўтмаган, бадалафдан учиб чиққан пашша унинг бошига қўнишдан ҳазар этар эди. Йўқ нарсани нишонга олаверишдан чарчаган снайперчиларнинг баъзилари шу учун ҳам президент ҳимояси учун чордоққа чиқа туриб, қўлларига гитара олиб олардилар. Озодбекни ёқтирмайдиганлари зерикканда гитара чалиб, ўзини-ўзи хурсанд қилар, бир эрмак ўйлаб топмаса, ухлаб қолиб, президент йўлдан қайтиб ўтмагунча, қолиб кетишдан қўрқарди. Уларнинг елкаларига ғилофга солиб гитара илиб, ҳар бир кўча ва кўприклар атрофида сўқимга боқилган новвосдек керишиб юришларини бутун Тошкент аҳли ҳар кун тонгда ва шомдан кейин кўрар, шу учун ҳам одамлар, уларга “гитарачилар” деб лақаб қўйиб олгандилар. Гитарачиларнинг ва юз чоғли маҳаллий йигитлар ичидан сараланган “буқайи замон”ларнинг бошлиғи самартқантлик бир татар йигити бўлиб, мана шу “буқайи замон”лар Каримовнинг ишонган тоғлари эди. Улар уй-жой билан тўлиқ таъминланган, оладиган маошлари ҳам Махмуд Худайбердиев каллакесарларининг оладиган маошидан унчалик кам эмас, аммо “исроиллик” деб иддао этиладиган – Каримов ухлайдиган уйнинг ертўласида жойлаштирилган махсус ажнабий тўдага қиёсланганда, уларнинг оладиганининг тўртдан бири ҳам эмасди. Ҳар жойдаги ва ҳар соҳадаги каби ерликларга бу ерда ҳам ажнабийлардан кам ҳақ тўланар, жилла қурса уй-жой ва еб-ичишдан ками йўқ маҳаллий йигитларнинг шу учун ҳам оғзи қулоғида, улар Ўзбекистонни ишсизлар босиб кетган бир замонда, қўлларида бетайин бўлса ҳам ишлари борига суюнардилар. Андижон қирғинида иштирок этгани гумон қилинадиган, юзига ҳамиша қора ниқоб тортиб юрадиган “исроилликлар” деб кўриладиган гуруҳнинг бирор-биттасининг юзини шу чоққача ҳеч ким кўрмаган бўлиб, маҳаллий йигитларнинг юзи тугул, Ўзбекистонда исми-шарифини билмайдиган одамнинг ўзи йўқ эди. Уларнинг ўзлари мум тишлаб юрсалар ҳам, яқинлари уларнинг аллақачонлар қаерда, кимга хизмат қилишини эл-оламга ёйиб бўлган эдилар. Ўзбекчилик ва мақтанчоқликнинг яхши томонлари ҳам бўлиб, қачонлардир, Каримовни отиб ташлайдиган бир мард топилиб қолгудек бўлса, уни отишдан олдин, снайперчилар билан татар йигити бошлиқ маҳаллий “буқайи замонлар”ни отиб ташлар эдилар. Махмуд Худайбердиев каллакесарлари, Тожикистонга таслим бўлиб, қамоқхоналардан нажот топгани каби “исроиллик” деб иддао қилинадиган ниқоблилар, ўша дақиқаларда ўз-ўзидан зим ғойиб бўлиб қоларди. Ерга кириб кетганини ҳам, осмонга учганини ҳам сезмай қолган бечора ўзбек, таажжубини яшира олмай, уларнинг орқасидан яна юз йил гапирарди. Минг турли чўпчак ва афсоналар бичиб-тикиб, ўзини-ўзи хурсанд қилиб юраверарди. Унгача, Каримовга ўхшаган неча бир эчкичакак, манфур ва жоҳил ҳукумат бошига келиб, қанчаси расвою, радди бало бўлиб ўлиб кетарди…
Президентни “Шаҳидлар хиёбони”га кираверишда, Ўзбекистон муфтиси Усмонхон Алимов билан Тошкент бош имом хатиби Анвар қори нон ва туз опичлаб кутиб олди. Шаҳидларга ўрнатилган ёдгорлик пойига қўйилган курсига Каримов ўтирар экан, унинг ўнг томонидаги курсига муфти Усмонхон, чап томонидаги курсига Анвар қори жойлашди. Салом-аликни Хайриддин Султонов ёзган сценари бузилмаслиги учун йўлига қилган Каримов, бўйнига илинган дурбинни шоша-пиша бошидан чиқариб, муфтига узатар экан:
– Қаранг-чи бўтам, назарлари нималарни илғайди! – деди.

Муфти Усмонхон кўзига дурбинни тутганда, мўридан капча илон каби бошини чиқариб, пешонасига милтиқ ўқталиб турган кимсани кўрди. У шу замон дурбинни отиб юбориб, дод-вой солиб қочган эди, шотирлар уни Бўзсувнинг бўйидан зўрға ушлаб, оёқ тиркаганига қарамай, судраклаб, турта-турта олиб келиб, яна президентнинг ўнг томонига елкасидан босиб, мажбурлаб ўтиртирдилар. Унинг афт-ангори, устидаги халат кафанидан ҳам беш баттар оқариб, бутун тан-бадани дағ-дағ титрарди. Тушида заҳарлаб ўлдирган ўйнашининг арвоҳини кўрган кинначи сингари тишлари таккиллаб, тили калимага келмасди. Бир замон ичида, унинг лабларига ловиядек-ловиядек учиқ тошиб, қип-қизил бўлиб йилтиллаб турган башарасидан қути ўчган, юзи сиқиб суви олинган пўртаҳолдек бужмайиб, икки елкаси ўпирилган гўр сингари чўкиб қолганди.
Уни энди яхши гап билан йўлга солиб бўлмаслигини, президент дарров фаҳмлади.

– Фалон жойдан осмонўпар қаср қурибсиз, бўтам? Арзимаган мояна олсангиз, бунча пулни қайдан топдингиз? – деди, у кўзларини қисиб.
Эшитиб, муфти Усмонхоннинг устидан, биров бир челак муздек сув қуйиб юборгандек бўлди. У бир нима демоқчи бўлиб, роса талмовсиради-ю, барчаси ноаниқ чиқди.
– Тилингизни чайнайвериб қийналиб кетдингиз, бўтам, – деди, унинг юзига тик боқмаганидан кўнгли жойига тушган президент. – Сизни фуқароларни қақшатгансиз, десам, прокурор, суд, Миллий хавфсизлиги ходими ёхуд Ички ишлар вазири эмассиз. Бирор бир Олий ўқув юрти декани, бозорком ёки бош вазир Шавкат Мирзиёнов ҳам, асрандим Рустам Азимов ҳам эмассиз. Сизнинг аркони давлатингиз дини-диёнат, бойлигингиз инсофи-ҳидоят бўла туриб, бутун халқнинг кўзи ўнгида ҳаромдан қаср тикласангиз, Аллоҳ нима дейди? Қуринг, қурманг эмас. Ҳалолдан, пешона терингиз билан топган маблағингиздан қуринг, бўтам. Аммо, топганингиз тутганингизга, келтирадиган фойдангиз, ҳуркитадиган қурбақангизга етмайди, нима қиласиз бошқаларга тақлид қилиб…
Гап нимада эканлигини англаган муфти Усмонхон, дарров ўзини йиғиштириб олди. Курсидан ирғиб туриб, оппоқ халатининг ёқаларини тўғирладида, “подшойи олам, амрингизга мунтазирман” дегандай, президентнинг қаршисига ўтдида, унга икки букилиб, таъзим бажо келтирди. Муфтини бир ҳамла билан эгиб олганига ишонган президент, унга қайта дурбинни узатар экан, ҳушёр тортган муфти маймун каби ирғишлаб, унинг қўлидан дурбинни олганини ўзи ҳам сезмай қолди.
У кўзларига дурбин тутиши билан бу гал шундоқ пешонасида, ярим белини мўридан чиқариб гитара чалаётган бир кимса пайдо бўлиб қолди. Бошқа мўрилардан эса, қўлларида милтиқ, қулоғига наушник илганларнинг ярим беллари чиқиб турарди. У энди ўзини бирваракайига бир неча снайперчи отиб ташлаганда ҳам, токим президент рухсат бермагунича дурбинни кўзидан олмаслиги кераклигини яхши биларди. Снайперчилар билан гитарачиларнинг милтиқ ўқталганлари, у учун президентнинг дағ-дағдағаси олдида, кўзларига чивинча ҳам кўринмай қолганди. Аммо, ҳар биттаси ҳар бир елкасида битта филни кўтарадиган йигитларнинг ўзларининг сонича ҳам келмайдиган мўрилардан қандай қилиб гавдасини чиқариб турганидан у ҳайратга тушган эди. Унинг кўзларига мўрилар Анакондаларни ютган ўқ илонлар бўлиб кўринганди.
– Ё, пирим! – деб юборганини у шунинг учун ҳам билмай қолди.
– Нима-а, нима-а! – деди, шунда дарди бошқа президент ҳам. – Ҳў-ў, отнинг икки чоти орасини кўриб турибсиз-а, бўтам?!
– Ҳа, кўриб турибман! – деди ростини айтса, балоларга қолишидан қўрққан муфти.
– Ўша нарсани текистлаб, думининг тагини тиқиб қўйишингизга тўғри келади. Қандай қилиб ҳайкалтарош бу каби қўпол хатога йўл қўйган, ақл бовар қилмайди!

Президент яна Анжуманлар саройидаги дийдиёсини бошлаган эди. Барчаси, унинг ҳиссиз кечаётган умри, тафтсиз ва маъносиз ҳаёти сингари такрор, сийқаси чиққан сўзлар билан бошланар эди.

У муфти Усмонхоннинг қўлидан дурбинни тортиб олиб, кўзларига тутди. Шунда, отнинг чоти орасидаги нарса, унинг тумшуғи остида пайдо бўлиб қолди. “Отнинг икки чоти орасида ё мен, ё сен турасан” дегач, у дакан хўрознинг бўйнига ўхшаб буришиб қолган кекирдагини бармоқлари билан майин пайпаслар экан, ғазаби сўниб, кўнгли жойига тушди. Кекирдагидан қўл узиб, чап томонига бироз юкиндида, Анвар қорининг думбасини ушлади…

Шунда ҳам у отнинг чоти орасидан кўзини узмасди, киприк қоқмасди. Бўлиш-туриши, кўзига дурбинни тутиб тош қотиб қолган мурдага ўхшарди. Кўримсиз чўтир башараси ва нурсиз афт-ангори, уни четдан қараган одамга минг йиллар ёзнинг жазрамасию, қаҳратон қишида қор ва ёмғирларга тутинган ҳайкал сингари таъмирталаб кўрсатарди. Оғзи бақаники сингари очилиб, халқуми соқақушники каби осилиб турарди. Бир тутам қовжираган хашакка ўхшаш тўзғиган сочи пешонасига тушиб, унинг болалигида рахитдан шаклини ўзгартирган бошини, сочи юлиниб, чиқиндига ирғитилган қўғирчоқники сингари пачақ ва кўримсиз кўрсатарди. Ясама тишлари бир бошқа эди. Сарғайиб кетган ўзининг тишлари – калласи куйдирилган қари қўйнинг тишлари сингари шарти кетиб парти қолган бўлса ҳам, дум тиклаб, йўлбарсни қўрқитишга чоғланган мушукка ўхшарди…

Жони роҳат этган Анвар қори, чойга тушган қанд каби эриб, кўзларини чирт юмиб олганди. Нималар рўй бераётганини тушунмай қолган муфти Усмонхон, эгнидаги оппоқ халатини даст чиқариб, учовлонни тасвирга олаётган камера устига ташлади…

–- Давоми бор.

Эргаш Сулаймон