Мақсуд Бекжоннинг “Туркийзабонлар” ким?” мақоласини ўқиб…

Мақсуд Бекжоннинг “Туркийзабонлар” ким?” мақоласини ўқиб…
106 views
16 November 2014 - 7:58

кенжабийнинг яхши расми

                             ТУРКЛИК ТУЙҒУСИ

(Мақсуд Бекжоннинг “Туркийзабонлар” ким? мақоласини ўқиб)

Бугунликда турк сўзини эшитса уйқуси қочадиган этник қатлам вужудга келган. Турк сўзидан жазавага тушадилар. Бир жойда ўтиролмай қолишади. Ёзганларидан эса, айирмачиликнинг ҳиди анқийди. Кўнглингизни беҳузур қилади. Беихтиёр боболар тарихи кўз ўнгингизда гавдалана боради.

Амир Темурнинг: “Бизким, мулки Турон, амири Туркистон, миллатларнинг энг қадими ва улуғи, туркнинг бош бўғини… ” деб бошланувчи фармонлари ёхуд Алишер Навоий ҳазратларининг:

“Турк назмида чу мен тортиб алам,

Айладим ул мамлакатни яккалам”, –

деган ажойиб сатрлари уларнинг турк эканлигини тасдиқловчи  ҳужжатидир. Ҳозирги тил билан айтадиган бўлсак, паспортидир.  Улар бу сўзларни ўз қўллари билан битишган. Турклик туйғуси уларнинг қалбига ёшлик чоғларидан сингдириб борилган. Турклик илоҳий эътиқод даражасига кўтарилган. Шу сабабдан бўлса керак, бу икки улуғ сиймо бизларнинг нодонлигимизни олдиндан сезгандай: “Биз турклармиз”  деб ўзларининг ҳам, халқининг ҳам  туркий қавмга мансублигини ҳужжатлаштириб кетишган. Йўқса, олимларимиз бундан-да қабиҳ ишларга қўл уришармиди? Бу ёғини ўйласангиз баданингиз жимирлаб кетади…

Тарихни бир-иккита олчоқнинг райига, хоҳиш – истагига қараб  ўзгартираверишлик ақллилик белгиси эмас. Бу ўнглаб бўлмас оқибатларга олиб келиши мумкин.

ТУРКЛИК ТУЙҒУСИ ҳар бир миллатдошимизнинг эътиқоди даражасига кўтарилмас экан, турк бирлигини кўролмовчи касларнинг найрангларига учиб яшайверамиз.

Минглаб чақиримга чўзилган “Буюк Хитой Девори” турклар босқинининг олдини олиш мақсадида йиллар мабойнида қурилгани сир эмас. Бу аждодларимизнинг қай даражада ҳарбий, иқтисодий, сиёсий куч-қудратга эга бўлганликларини кўрсатиб турибди.

Сақламоқ мақсадда номусин, орин,

Чиндек салтанат ҳам бериб не борин,

Тегмасин деб турклар отин туёғи,

Сен сабаб қургандир “Буюк Деворин”.

Аслида, Хитой ўз тарихий чегарасини шу девори билан белгилаб қўйган. Шу девордан шимолда муз океанигача, ғарбда қора денгизгача бўлган  барча ҳудудлар аждодларимиз – туркларнинг ерлари бўлган. Бу ҳудудларнинг қонуний меъросхўри биз – туркий қавмлармиз. Мақолада шу қонуний меъросни даъво қилолмасликларимиз учун ҳам бизни яқин 15-16 асрлар нари-берисида пайдо бўлган халқ, турклар эмас, “туркийзабонлар” деб чалғитишга уринаётганликларини дўстимиз Мақсудбек жуда тўғри таъкидлаб ўтган. Бу эронпараст, улуғ рус давлатчилиги шовинизми ва яқин кедажакда дунёни эгаллашга интилаётган хитой давлатининг манфаатларига хизмат қилишга йўналтирилган айёрона сиёсатдир. Бу сиёсат ички душманларимизга йўл очиб, ишларини хамирдан қил суғургандек осонлаштирмоқда.

Бизнинг тарихимиз “Буюк Хитой Девори” қурилган даврлардан ҳам нарироққа бориб тақалишини мактаб дарсликларига киритишимиз зарур. Биргина Амир Темур давлати эмас, боболаримиз йигирмадан ортиқ буюк империялар қурганликларини ва бу империялар қундоқда теккан касаллигимиз –  “айирмачилик” сабабли ҳам парчаланиб кетганлигини фарзандларимиз онгига ёшлигидан сингдириб бормоғимиз керак. Тарих тарих бўлиб яралгандан бери ҳали бирорта миллат инсоният давлатчилиги тарихига, маданиятига биз – турклар даражасида ҳисса қўшган эмас. Бу империяларнинг яратилиши, тараққий топиши, парчаланиб кетиши сабабларини холисона ўргансак, тўғри хулосалар чиқаролсак, келажак авлодларимиз бирлигига, уларнинг қалбида турклик туйғуси илоҳий эътиқод даражасига кўтарилишига замин ҳозирлаган бўламиз.

Биз қадим туркнинг асл авлоди,

Кўксида муқаддас ота юрт ёди.

Битта уринишдан жиловлаб отин,

Эгарнинг устида чиққан саводи.

 Дўстим Исматжон!

“Дунё ўзбеклари” нашриёти қошида давлатга боғлиқ бўлмаган  турк дунёсининг беғараз билимдонларидан иборат илмий ҳайъат тузилса. Бу олимларимиз ўзбеклар азалдан турк қавмининг бир бўлаги эканлигини илмий далиллар асосида исботлаб берсалар. Бу ҳайъат аъзоларининг бошини қовуштиришдек масъулиятли ишни ўз зиммангизга олсангиз. Сиз буни уддалайсиз. Уларнинг ёзган мақолаларини нашрингиз орқали бериб борсангиз. Ўқувчилар ўз фикрларини билдиришса. Мақолалар тўпланиб, ихчамлаштирилиб, тартиб берилса 600-700 бетлик ажойиб бир китоб шаклини олар. Вақти соати келса, бу китобни чиқаришга бирор ҳомий ҳам топилиб қолар.  

Бу  КИТОБ турк халқларининг бирлигига раҳна солувчи кучларга зарба бўлибгина қолмасдан, балки, келажак авлодларимиз ким нима деса шунга ишонавермайдиган, қай томонга етакласа шу томонга кетавермайдиган авлодлар бўлиб улғайишларига замин ҳозирласин. Уларга  миллий ўзликларини англаш йўлида дастуруламал бўлиб хизмат қилсин.

Авлодларимизнинг эртаси, дунё халқлари даврасида тутган ўрни  уларнинг турклик туйғусига қай даражада эътиқод қўйганликларига боғлиқ ҳолда кечишини унутмайлик.

Йиллар ўз ҳуштагини чалиб ўтаверади. Бу ишларни ҳозирдан амалга оширишга киришмас эканмиз, турк дунёси фарзандлари бир-бирларидан узоқлашиб, бегоналашиб бораверади. Оқибатда, қондошлик ришталари узилиб, етти ёт миллатга айланишади. Бу эса, туркий қавмлар дунёси душманлари учун айни муддаодир.

Кенжабий

2014 йилнинг 15 ноябри, Тошкент ш.

“Дунё ўзбеклари” дан:

Кенжабийнинг мақоласида кўтарилган таклиф ва мулоҳазаларни ҳисобга олиб, бугундан эътиборан Мақсуд Бекжон ва Кенжабийлар ўзлари бош бўлиб, шундай бир гуруҳ яратиш борасида иш бошлашлари мумкинлигини маълум қилмоқчимиз.

 “Дунё ўзбеклари” бу борада гуруҳ ҳайътига ёрдамчи ва камарабаста бўлиб, қўлидан келган барча ишни қилади деб ишонч билдиришга ижозат этгайсизлар.

15 ноябрь, 2014 йил.

Торонто шаҳри, Канада

http://dunyouzbeklari.com/archives/87540