«Ул Ҳақнинг сўзини айтади…»

«Ул Ҳақнинг сўзини айтади…»
29 views
18 November 2014 - 9:55

333Ибратларга бой шахсияти, файзли ижоди Аллоҳ нурлари билан чулғанган, нафақат қариндош туркман халқининг, балки аҳли туркларнинг, мусулмон оламининг улуғ шоири ва мутафаккири Махтумқули Фироғийнинг дунё адабиётида, Шарқ маънавиятида ўз ўрни, ўз мавқеи мавжуд. Илоҳий олам масалалари – Парвардигорга сиғиниш, Пайғамбарлар ва хусусан Муҳаммад алайҳиссалом мадҳи, азиз авлиё-анбиёлар таърифи, ислом қоидалари ва қонунларининг, Қуръони карим ва Ҳадиси Шариф ғояларининг жонли ҳаёт билан боғлиқ талқинлари, эҳтиросли тарғиботи нақшбандия тариқатининг улкан намояндаси, валий шоир Махтумқули бадиий яратмаларининг мағзига сингиб кетган.

Дунё адабиётида, балки маданиятида, бутун мусулмон оламида Ҳазрат Махтумқули Фироғийнинг исёнкор овози, эзгу ғоялар даъвати алоҳида мақомга, халқчил ғоялари, умуминсоний қадриятлар кўламига бағишланган образ талқинлари ўзининг миллионлаб ихлосмандларига эга. Кўплаб кишилар, айниқса, Марказий Осиё халқлари тилида Махтумқулининг ўта ҳаётбахш, ҳақиқат нури билан чулғанган ҳикматли иборалари беихтиёрий тарзда айтиб, муомала-муносабатлар жараёнида ишлатиб юрилади.

Муҳим томони шундаки, Махтумқулининг аксарият шеърлари, ҳикматлари бевосита Аллоҳ мадҳи, Пайғамбар алайҳиссалом таърифи, исломнинг қоида-қонунлари, шариат ва тариқат ғоялари билан ғоятда жозибали тарзда уйғунлашиб кетгандир. Ул зот Ҳақнинг сўзини айтади…

Аввало, Махтумқулига адабий истеъдод Аллоҳдан эканлиги, унинг қалби илоҳий нур, илоҳий илҳом нури билан чароғонлиги. Махтумқули ўз ижод характери билан тасаввуф шеъриятининг Аҳмад Яссавий, Сулаймон Боқирғоний, Заҳириддин Муҳаммад Бобур, Бобораҳим Машраб каби халқчил, соддаликка асосланган услубий вакиллари қаторида туради.

Биламизки, Махтумқули увайсий авлиёлардан бўлиб, Баҳоуддин Нақшбанд таълимотининг ихлосманди, нақшбандия тариқатининг пирларидан, Навоий бошлаган ишнинг давомчиларидан бўлган. Чингиз Айтматов: «Махтумқули ўзининг исёнкор шеърияти билан халқ манфати, бечора меҳнат аҳиллари ҳимояси йўлида бошини жаллод кундасига қўйган буюк жасорат соҳибидир» деган эди. Меҳнатни қадрлаш, ҳунарни севиш, меҳнат аҳлига эҳтиром – нақшбандия тариқатининг асосий масалаларидан эканлигини эсласак, муддао янада ойдинлашади. Дарҳақиқат, Махтумқули шеърияти Баҳоуддин Нақшбанд асослаган «Даст ба кору дил ба ёр» (Қўл меҳнатда, Худо қалбда) ақидасининг поэтик ифодалари сифатида ғоят қимматли ёдномалардир.

“Ул Ҳақнинг сўзини айтади…”

 

МАХТУМҚУЛИ

 

Кетгувчи бўлма

 

Кел, эй кўнглим, сенга насиҳат қилай;

Ватанни тарк этиб, кетгувчи бўлма!

Ўзингдан эпсиз бир ғаюр, номарднинг,

Хизматида қуллуқ этгувчи бўлма!

 

Хизмат қилсанг, бўлсин бир аслзода,

Ота-бобосидан буюк бекзода,

Ҳарчанд қолар бўлсанг аччиқ, афтода,

Ёнидан бир замон кетгувчи бўлма!

 

Оқмайин қолмасдир бир оққан ариқ,

Бир танда одам ҳам семиздир, ориқ,

Бир юзи бурушдир, бир юзи чирик,

Чирик деб, қаттиқ сўз айтгувчи бўлма!

 

Яхшилардан ҳаргиз чиқмас ёмонлик,

Асли ёмон бўлса, чиқмас яхшилик,

Аслига тортади қўриқ, чаманлик,

Қўриқни чаманга сотгувчи бўлма!

 

Бир насиҳат берай, пандимни олсанг,

Имтиёз айлагил, ўтирсанг, турсанг,

Хабарсиз, хатарсиз бир жойга борсанг,

Таомининг тузин тотгувчи бўлма!

 

Чақирилган жойга бор, ўтиргил, турма,

Чақирилмаган жойга кўринма, борма,

Уялмас кишидек суйкалиб юрма,

Буюрилмаган ишни этгувчи бўлма!

 

Агар сен ҳам бўлсанг норим, мулойим,

Сен мулойим бўлсанг, қулинг бўлойин,

Қулоғимга берган пандинг олойин,

Кишига қаттиқ сўз айтгувчи бўлма!

 

Нам тушмаса, ерда майса кўкармас,

Йиғилса минг қайғу, бир иш битирмас,

Эр йигит кўнглига қайғу келтирмас,

Номард ўғлидайин қайғучи бўлма!

 

Мард йигитлар элга ёяр дастурхон,

Тўғри сўз устида берар ширин жон,

Умрини ўткариб, демасдир ёлғон,

Жаҳд айлаб, ёлғон сўз айтгувчи бўлма!

 

Тош юрак кимсалар ҳаргиз бош бўлмас,

Ҳар неча шодланса, кўнгли хуш бўлмас,

Икки яхши бир-бирига дуч бўлмас,

Яхшини ёмонга қўшгувчи бўлма!

 

Таваккал нар эрур, андиша – моя,

Кўнглингни юборма ҳар қайси жойга,

Барчанинг ишончи қодир Аллоҳга,

Аллоҳдан ўзгани суйгувчи бўлма!

 

Урар бўлсанг, ўқ ур, нафснинг кўзига,

Қара, чин кўз билан қонун юзига,

Алданиб кирмагил шайтон сўзига,

Аллоҳнинг амрини қўйгувчи бўлма!

 

Шодмон бўлсин, десанг, енгил-оғирлар,

Бекор сўзлаб, оғритмагил бағирлар,

Дуч келса йўлингда гунглар, сағирлар,

Уларнинг ҳолига кулгувчи бўлма!

 

Кичикликдан ибодатга бўйин қўй,

Қиёматнинг ўйин қилсанг, ўйин қўй,

Тарк этиб дунёни, завқу тўйин қўй,

Кир паноҳ йўлига, қайтгувчи бўлма!

 

Уруқликман дема, унда уруқ бор,

Ҳисобу номаю, вазн, сўроқ бор,

Ёлғончи бандамиз, сонсиз дуроқ бор,

Билиб, ёлғон сўзни айтгувчи бўлма!

 

Май ичсанг, яхши кун – тўй-маъракада,

Каъба сенинг учун қуруқ бир кунда,

Қуръонни куйдириб, бутга қил сажда,

Мардумга озор иш этгувчи бўлма!

 

Гар топсанг, дунёда мулки Искандар,

Қоруннинг моли ҳам бўлса муяссар,

Охири бўларсан ерга баробар,

Кўнгулда манманлик этгувчи бўлма!

 

Ҳар қанча бўлсанг ҳам соҳиби мансаб,

Олимлар сўзини ҳазм қил, англаб,

Сўз топсанг сўзлагил, топмасанг, бўл хап,

Қўлдан келмас ишни этгувчи бўлма!

 

Тонг отса, муллолар чақирар азон,

Бузулмасдир ҳаргиз қисматда ёзган,

Йигитлик бўстондир, қарилик – хазон,

Тасбеҳдан ўзга сўз айтгувчи бўлма!

 

Айтарлар: “Йиртиқ тўн кўрса, ит қопар,

Феъли ёмон банда Худодан топар”,

Охири бир куни қиларсан сафар,

Тор кўнгил фиғлини тутгувчи бўлма!

 

Китобини очиб, ўқиб мулло, дер:

Кўкарадир ёмғир суви билан ер.

Олқишу фотиҳа, дуо билан эр,

Мазлумга ситам иш этгувчи бўлма!

 

Иззат этган билан киши бой бўлмас,

Тўрт ёнга чопмасин, мулки шай бўлмас,

Жаҳонни талх этиб, кўнгли жой бўлмас,

Жаннатдек жойингдан кетгувчи бўлма!

 

Қарилик келгуси бир кун офати,

Йигитликнинг сўнар бир кун қуввати,

Ғанимат бил, ғофил, бу дам фурсатни

Мурдадек узаниб, ётгувчи бўлма!

 

Итнинг боласини туллаш оздирар,

Хожаси кечирса, банда ёздирар,

Арғумоқ боласи борҳо ўздирар,

Бандасан, Хожангга ёзгувчи бўлма!

 

Давлатли ўғиллар ёшда бош бўлар,

Яшайверса, бедавлатлар ёш бўлар,

Бераҳм золимнинг бағри тош бўлар,

Борар жойга кесак отгувчи бўлма!

 

Эр ўғил боласи, борҳо бой бўлар,

Қамчининг остида ёмон лол бўлар,

Маърака кўрмаган йигит не бўлар,

Бўлар-бўлмас сўзни айтгувчи бўлма!

 

Мўминнинг гинаси – даллининг ҳоли,

Қуриганча бўлар эрмиш мисоли,

Кўнглингни гинадан айлагил холи,

Куфурдек гинани тутгувчи бўлма!

 

Эй кўнгил, келгин сен, Ҳақни топайлик,

Набсимиз отини миниб чопайлик,

Айтарлар: Ҳақ эрмиш меҳру вафоли,

Шул сўзингдан ҳаргиз қайтгувчи бўлма!

 

Ҳақ эрмиш бандага яқиндан-яқин,

Насиб айлаганга муҳаббат чақин,

Жойба-жой келтирсанг, бандалик ҳаққин,

Хожанинг буйруғин қўйгувчи бўлма!

 

Мен дедим бир неча панду насиҳат,

Билсанг насиҳатдир, йўқса, пасиҳат,

Пасиҳат билмагил, билгил насиҳат,

Ёлғон, авровларни айтгувчи бўлма!

 

Мақсад – бу сўзларга қилгил эътибор,

Умрада – риёзат, ҳажда – наъжот бор,

Англамай сўзлама, томда қулоқ бор,

Ич сиринг кимсага айтгувчи бўлма!

 

Махтумқули, дилда кўпдир армони,

Топмади оқибат дардга дармони,

Етишар бир куни Тангри фармони,

Рўзи-шаб ғафлатда ётгувчи бўлма!

 

Туркманчадан Мақсуд Асрор ўзбекчалаштирди.