“Шаҳидлар хиёбони”даги масхарабозлик (2)

“Шаҳидлар хиёбони”даги масхарабозлик (2)
56 views
18 November 2014 - 11:04

abc

Президент дурбин тутиб нимага қарамасин, кўзига ҳамма нарса Амир Темур минган отнинг чотини ораси бўлиб кўринадиган бўлиб қолганди. Бузуқ тарозидай бўлар-бўлмасга милини ўйнатаверадиган руҳиятидаги бу хунук ўзгаришни, у Бош вазирнинг шарофатидан, дея хотини ва Зелимхондан кўра ҳам ўзини яхшироқ биладиган Мирзиёевни, ўзига янаям ёқиш учун дурбинга бир нима ўрнатиб қўйган бўлса керак, деб ўйларди. Қўйиб берса, Мирзиёев ўзига хотинлик қилиши мумкинлиги ҳам унга очиқ аён эди. Монелик кўрсатмаса, у ҳар кун тўшагига кириб, оёғининг учидан бошигача ялаб-юлқар, хотини қирқ йилда беролмаган ҳузр-ҳаловатни, у бир кечада унга инъом эта оларди. Аммо, у Мирзиёевдан қаттиқ ижирғанар, у билан “эшакнинг меҳнати ҳалол, гўшти ҳаром” қабилада иш тутарди. Унинг ўзидан ҳам ўтиб тушган бетамиз ва беномуслиги бу каби нарсаларни ўйлаганида, иштаҳасини бўғар, унинг қўли билан жирканч ишларни амалга ошириш мароқли бўлса ҳам, унга қўл теккизиш у учун ўта бир ёқимсиз машғулот бўлиб туюларди. Унга илакишгандан кўра, Амир Темурнинг отини чотининг орасига айланиб яшаш у учун минг марта ҳаётбахшроқ эди.

Аммо, Анвар қори хусусида, у бундай фикрда эмасди. Буни Анвар қорининг ўзи ҳам юрак-юрагидан ҳис этар, шунинг учун у президентни кўрди ёхуд овозини эшитди дегунча, ўзини ғалати ҳис эта бошларди. Товонларининг таги қичишиб, ичига титроқ кирар, юраги қабарган милк каби ачишиб, иштонбоғи бўшашарди…

Анвар қори Мустақилликнинг йигирма уч йиллик байрамини “Шаҳидлар хиёбонида” президентнинг чап томонида туриб кутиб олишини эшитган кунидан буён, ҳаловатини йўқотган эди. У айни лаҳзалар учун кўп эмас-оз эмас, қирқ кун ҳозирлик кўрди. Унинг ўтган шу давр ичида, на еганида, на ичганида ҳузури бўлди. Уззукун президентнинг ҳаёли билан яшагани етмаганидек, тушларида ҳам уни кўриб, уйқуси ўчадиган ғалати одат чиқарди. У ўша кундан буён, айни шу соатларда кийиб чиқиб, телевизордан бутун дўст-душманининг, айниқса кундошидек бўлиб қолган Мирзиёевнинг кўзини ёндириш учун ҳар кун, хил-хил матолардан иштон-кўйлак, турли-туман халатлар тиктириб киярди. Кечга бориб силласи қуриб донг қотиб ухламасин, ярим тунда уйқуси ўчиб, тиктирган либосларига бурканардида, қоматини кўзгуга солгиси келарди. У қоматини кўзгуга солганда эса, бўлиш-туриши кўзларига жул ёпинган эчкига ўхшаб, неча сидра тиктирганлари ҳар сафар ўзига ёқмасдан қолар, шунда устидагиларини ечиб, аламидан оҳори тўкилмаган кийимларни оёқлари билан топтаб ташларди. Бошидаги дошқозондек келадиган салласини деразадан кўчага улоқтириб, орқасидан бўралатиб сўкарди. У ўтган бир ой ичида, тўп-тўп шоҳи-атласлару қанчадан-қанча адрасу алачаларнинг бошига сув қуйди. Саккизта чеварнинг кўзларига нина уриб, кечалари унга ва муфтига деб, ухламай иштон-кўйлак тикиб чиққанлари бекорга кетди.

Президентнинг бир тунда, Анвар қорининг тушига кириб, унга: “Кафанликка ният қилинган матодан либос, тиктиринг. Ичкиларингиз ҳам оппоқ кафандан бўлсин. Шунда, менга кўпроқ ёқасиз, дўндиқ!…” деган сўзлари, унинг ҳаётида янги саҳифа очди. У уйғониб кетиб, сандиғини титганди, Чингизхоннинг соғанасидай келадиган ҳайҳотдек сандиқ ичидан тилловорлар ва долларлардан бошқа бирор нарса чиқмади. Шунда ювғучини чақиртириб, у ёлғондакамига қовоқ-тумшуқ қилдида, хомуш бир ҳолатда ундан кафанлик сўради.

Унга Азроил учрапти, дея гумон қилган ювғучи, энди мўмин-мусулмонлар, раҳнамо суратидаги ҳезалак бир жаллоддан, чақимчи ва фитнакордан қутулар экан, деб суюниб кетди.

– Қанча керак бўлса, шунча топилади! – деди, у Азроил ниятидан қайтмасин, тағин дея, шоша-пиша. – Ўзим сизни чиннидай қилиб, ювиб-тараб, кафанлаб, тобутга тиқиб қўяман, тақсир. Ташвишга тушишингизга ҳеч бир сабаб йўқ. Гўрков ҳам яқин ошнам. Илтимос қилсам, қайтиб чиқмайдиган қилиб лаҳатга тиқиб, устингиздан бир-икки КАМАЗ тош бостиртириб, бетонлатиб ташлатади. Сиз учун ҳаммаси сув текин. Мўмин-мусулмонлар ўлганингизни эшитса, бир мунофиқдан қутулдик, дея, борларини аямайдилар. Қош-қовоғингизни очиб, қўрқмасдан нима керак бўлса сўрайверинг. Сизни кафанлаш, биз учун шараф…

– Нималар деб валдираяпсан, эси паст?! – деб бўкириб юборган имом хатибнинг кўзлари хонасидан отилиб чиқай деди. – Оппоқ матодан чеварларга иштон-куйлак тиктириб, муҳтарам президентимиз билан Мустақиллик байрамининг йигирма уч йиллик тантаналарида қатнашмоқчиман! Нима, ҳали тонг-саҳардан келиб олиб, Азроилга йўлиққан одамга гапиргандай гапирасан, менга. Ақли-ҳушинг жойидами? Жин-ажина чалмаганми, сени ўзи?

– Азроил бўлса, майлига-куя, ундан баттарига учрабсиз. Ундан ўлмасангиз, қутулолмайсиз, тақсири олам! – деганини ювғучи билмай қолди.

Анвар қорини чавақлаб кетганларидан кейин, тузалиб чиққач, тан-баданини қизил қонига бўяган “террорчи”лардан интиқом олиш учун президентнинг маслаҳати билан хитойлик бир неча номдор мураббийларни ёллаб, у жанговар ушу билан акробатик каратэдан бир йўла сабоқ олаётган эди. Ювғучининг сўзлари жон-жонидан ўтиб кетгач, ўрганганларини амалиётга тадбиқ этадиган вақт етганини ҳис қилди. У оқ кўйлак, оқ иштонда оёғининг учига хотинининг шиппагини илдириб ҳовлисига чиққан эди. Шиппакнинг бир пойини ҳовлисининг шимол томонига, иккинчи пойини жануб томонига ирғитиб юбориб, олдин оёқларини икки ёнга керди. Сўнгра, қўллари панжаларини чангакка ўхшатиб, билакларини икки бошли илон сингари гажак қилдида, бошидаги саллани олиб ташлаб, Брус Лига ўхшатиб, халқумидан: “Ий-я-яя…” деган бўғиқ, аммо ўткир товуш чиқарди.

Умри бино бўлиб бунақасини кўрмаган ювғучининг рангги бўздай оқариб, капали учди. У устига қутурган буқадек бостириб келаётган Анвар қоридан жон сақлаш учун жон-жаҳди билан орқасига қарамай қочар экан, кўзлари ўнгида, ҳайҳотдек бўлиб очиқ турган дорвоза кўзларига кўринмай қолди. У ўзини қувлаётган Анвар қори супани бир марта айлангунча, супани уч марта айланарди. Бир замон, тўс-тўполонни эшитиб, Анвар қорининг хотини ҳовлига чиқди. Эри “ҳай”, “ҳуй”ига қаравермагач, кесиб олдига ўтди. Шунда, эр жонивор келиб хотинига кўкраги билан урилдию, оёғи-оёғига чалишиб, хотининг оёғи остига гурсиллаб йиқилиб тушди.

– Жон, хотин мени ушла, бўлмаса, ювғучини бўғизлаб қўйиб, беҳудага қамалиб кетаман, аммо! – деди, шунда тўнкарилиб ётган жойида хотинига қўлини чўзиб.

– Уйга кир, ҳезалак! – деди жаҳли чиққан хотини ҳам. – Қўлингдан келадиган ишни қилсанг бўлмайдими? Қари хўроздек чиқолмаган тепангга қараб бўйнингни чўзасан…

Кўчага уриб чиққан ювғучи тўғри уйига бориб, мустақиллик йилларида, ундан-бундан орттириб йиққан бор кафанни ҳовлисининг ўртасига олиб чиқди. Кейин, кўчага қайтиб чиқиб эшак аравада шара-бара йиғиб юрадиган лўли билан карда қилдида, бир арава кафанни олиб бориб Анвар қорининг ҳовлисига туширди. Сўнгра, Чорсу бозорига бориб бир қўйнинг икки сонини, ўнта ёғлиқ патир нон, тўрт кило новвот, тўрт кило қора майиз олдида, Анвар қориникига келиб, унга узрхонлик қилди. Ҳалигача бошини эгиб хотинидан дашном эшитиб ўтирган имом хатиб:

– Биздан ўтган экан, сиз бизни кечиринг, тақсир! – деди. – Кенайингиз кўзимни очиб қўймаса, кўр бўлиб юраверар эканман. Бир арава кафан учун ҳам, бозорликлар учун ҳам сизга коттакон раҳмат, окоси.

Шундай бўлган бўлсаям, ювғучи бир неча кун, Анвар қори мени СНБга чақиб, йўқ қилдиртириб юбормаса гўрга эди, болаларим етим қолиб кетади, дея, юрак ҳовучлаб юрди…

Президентнинг ўликникига менгзаш муздек кафти думбасига текканида, новвотдек эриб, кўзларини юмиб олган Анвар қори, юқоридагиларни хаёлидан ўтказиб: “Риёзат чекмасанг, ҳаловат қайда, Қамишни бўғизла, бор нажот найда” дея, ўзича президентга ичидан шеър тўқиб, масиқиб ўтирарди.

Шунда, дурбиндан Амур Темурнинг отининг чотига тикилиб турган президент ҳам унинг хаёлларини уқиб тургандек:

– Ой-йиллар беомон оқмоқда сойда, Каримбой ғолибсан, қўйларни, ҳайда! – юборди.

Тасвирга олиш жараёнлари бир пасга тўхтаган эди. Халатини қайтиб кийиб олган муфти Усмонхон нималар рўй бераётганига тушунмас, “Ишонган тоғларим, агар сенлар бўладиган бўлсаларинг, чўққиларингизга … қўйдим” дегандек, ҳамтовоғига айланган икки бетовфиқнинг касридан бир кунмас-бир кун, жаҳаннам оловида ёниб, жизғанак бўлишига иқрор бўлиб, хазонга учраган япроқ каби титраб ўтирарди. У ўзини алдаб-авраб кафанликлардан тикилган либосларга ўрантирган Анвар қоридан қанчалар нафрат туймасин, орқасига йўл йўқлигини ўйлаб, ичидан зил кетар, кеча Анвар қорининг гапига учиб, президент билан учрашар эканман, дея, тонг отгунча туркча ҳамомда чўмилиб, устига мусулмонларнинг қони ва жони ҳисобига орттирилган атир-упалардан сепганидан, энди пушаймон бўларди. У рўпарасида, ҳали тирикликларида ўлган, халқнинг ҳасрати билан ювилиб, нафрати ва қайғу-ғами билан аллақачонлар бошдан-оёқ кафанланган тирик мурдаларни кўриб турарди…

 (давоми бор)

Эргаш Сулаймон