Ўзбекистондаги сиёсий маҳбуслар амнистиядан умид қилмаяпти

Ўзбекистондаги сиёсий маҳбуслар амнистиядан умид қилмаяпти
200 views
19 November 2014 - 6:33

4

Ўзбекистонда Сенат эълон қилган амнистия сиёсий маҳкумларга ҳам, ўз айбига иқрор бўлмаган маҳбусларга ҳам бирор умид бермайди. Вазиятни яқиндан кузатиб келаётган инсон ҳуқуқлари фаоллар шундай фикрда. Амнистия бериш ваколатининг президентдан Сенатга ўтиши бирор муҳим ўзгаришга етакламайди, “қора рўйхат”даги маҳбуслар тақдири барибир Оқсаройга бориб тақалади, дейди улар.

Амнистияга оид бу қарор нафақат сиёсий маҳбуслар ёки уларнинг қариндошларида, балки қамоқдаги сафдошларининг озодликка чиқишни кутаётган ҳуқуқ ҳимоячиларида ҳам умид учқунини уйғотмаган.

Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари ташаббус гуруҳи раҳбари Суръат Икромов бу йилги амнистия ҳам ўтган йилгиларидан фарқ қилмаслигини, Сенат, шунчаки, қарор чиқариш билангина чекланаётганини айтади.

“Аввал президент қарори билан қабул қилинарди, яқин уч-тўрт йилдан буён Сенат қабул қиладиган бўлди. Лекин ҳеч нарса ўзгармаган… Сенат фақат қабул қилади, уларга тайёр матнни беришади, шу. Кимлар амнистияга тушади, қанчага қисқариши керак, қандай ишлар терговда тўхтатилиши лозим, буларнинг ҳаммасини бошқалар ҳал қилади”, – дейди Суръат Икромов.
Амнистия матнига кўра, ўта хавфли жиноят содир этмаган, 18 ёшгача бўлганлар, 60 ёшдан ошганлар, хусусан аёллар жазодан озод этилиши керак.

Бу қоидалар бир неча йиллардирки амнистиянинг асосий тамойилидир. Қамоқдаги сиёсий маҳбуслар орасида 60 ёшдан ошганлар ҳам, ўта хавфли жиноят сирасига кирмайдиган “айблов” билан жазога тортилган фаоллар ҳам кўп, аммо ҳукуматнинг “қора рўйхат”ига киритилгани боис уларга озодликка чиқиш имкони берилмайди.

“Ҳар йили қандай бўлаётган бўлса, бу йил ҳам шундай. Амнистияга тушмайдиганлар тушмайди, булар асосан диний мотивлар билан қамалганлар. 159, 216, 244-моддалар бўйича қамалганлар. Ҳукуматнинг қора рўйхатидагилар ҳам амнистияга тушмайди, яъни ҳуқуқ ҳимоячилари, журналистлар, тадбиркорлар…” – дейди Суръат Икромов.

Яқинда озодликдан маҳрум этилган ва “қора рўйхат”дан ўрин олгани айтиладиган фаоллардан бири мухолифатдаги “Эрк” партияси фаоли Фахриддин Тиллаевдир.

У ўзига нисбатан қўйилган жиноятни – одам савдоси билан шуғулланганликни тан олмайди. Март ойида ўтган суд мухолифатчини 8 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилди. Унинг яқинлари амнистиядан эмас, одил судловдан умид қилишмоқда, ўз айбига иқрор бўлмаган Фахриддин Тиллаев ҳамон қийноққа тутилаётгани айтилади.

“7 ноябрь куни Қашқадарёга бориб укам билан учрашдим. 97 килолик одам 50-60 килога тушиб қолган. 7 ой подвалда ётган Тоштурмада”, – дейди Фахриддин Тиллаевнинг опаси Дилором.
Дилором опанинг айтишича, Тиллаевни калтаклашган, уришган, бармоқларига игналарни тиқишган.

“У ўзини ўлдиришгача борган, фарзандларим, қариндошларимни ўйлаб ўзимни сақладим, дейди. Булар нима учун десам, улар бу ишни менинг бўйнимга қўйишмоқчи бўлишди, мен қилмаган ишимни қандай қилиб бўйнимга оламан, деб айтди”, – дейди Дилором опа.

Фахриддин Тиллаевнинг саломатлиги ёмонлашгани, тиббий кўрикка, даволанишга муҳтож экани маълум.

Қўйилган айблов қандай бўлишидан қатъи назар, Ўзбекистонда сиёсий маҳбусларнинг озодликка чиқиши кам учрайдиган ҳолат.

Баъзан “қора рўйхат”даги бу фаолларнинг озодликка чиқиши амнистияга эмас, балки уларнинг соғлиғи ортиқча қамоқ жазосини кўтара олмаслиги билан бўлиқ бўлади.

Июнь ойида ҳуқуқ ҳимоячиси Абдурасул Худойназаров оғир касалликдан вафот этди. 2006 йилда товламачилик айби билан 9,5 йилга қамалаган Худойназаров май ойида саломатлиги ўта оғирлашгани боис муддатидан аввал озодликка чиқарилган эди. Қамоқда хасталикка чалинган ҳуқуқ ҳимоячиси озодликда бир ойга яқин яшади, холос.

Малик Мансур