Президент Девонининг қабулхонасидаги ҳангомалардан

Президент Девонининг қабулхонасидаги ҳангомалардан
27 views
20 November 2014 - 7:15

4Қабулхона атрофи милиция ходимлари билан ўраб олинган, ҳар тамондан бир-нечта видеокамералар қўйилган. Кираверишда эса иккита ёки учта милиционер қўлингизда сумкангиз бўлса унинг ичидаги ҳамма нарсаларингизни стол устига тўктириб, бирма-бир текшириб, кейин қайта жойлаб қўйишга рухсат беради, жумладан чўнтакларингизни ҳам бўшатишингиз керак бўлади.

Паспортингизни олиб ундаги ҳамма маълумотларни дафтарига ёзиб ва сизга қўл қўйдириб, паспортингизни ҳам олиб қолади. Диктафон, қўл телефонингизни ҳам қолдириб ўтишингиз керак бўлади. Қисқаси ичкарида нима бўлса ҳам, қандай ноҳақликлар ёки зўравонликлар кўрманг бирортасини исботловчи далил билан чиқмаслигингиз учун барча ана шундай бир неча чораларни кўриб қўйишади. Энди эсон-омон Девон қабулхонасига кирсангиз у ерда сизни маҳсус хизмат ҳодимлари кутиб олишади. Бу ерга келаётган одамлар бу ерга етгунча бўлган ҳамма поғаналарни босиб ўтган бўлишади.

Мен қабулхонага Президентнинг давлат маслаҳатчиси бўлган Тоҳиржон Иминов дўсти Атҳам Фаттахов таъсис қилган “Акбар-Азизий” ва “Тошкент-12” сохта хусусий корхоналарининг жиноий иш фаолиятига акахонлик қилганлиги ва Ўзпахтасаноатнинг ҳаддан ташқари кўп миқдордаги пул маблағини воситачилик ниқоби остида ўзлаштирганлиги тўғрисида ёзилган шикоятим билан Президент маслаҳатчиси Қўқонбаев қабули куни борганман.

Қабул давомида Девон қабулхонасининг раҳбари Маҳкамбой Эргашов (унинг исми-шарифини кейин билдим) келганлардан ким қанақа масала билан келганини сўраб одамларни керакли жойларга йўналтириб турди. Навбат менга етганида шикоятим моҳиятини сўраб сизнинг ишингиз прокуратура йўналиши бўйича экан сиз проқурор қабулига кирасиз деди, йўқ мен давлат маслаҳатчиси Қўқонбаев қабулига келганман, прокурор қабулига кирмайман, десам у киши Қўқонбаевнинг қабул куни дейилгани билан ўзи анча йиллардан бери фуқораларни қабул қилишга тушмайди, шундай экан йўқ одамни сизга қаердан топиб берай, деб катта –катта кўзларини ола-кула қилиб жаҳли чиққанидан мўйлови учиб, бир лаҳза менга тикилиб туриб, бу ёққа юринг деб узун қоридор томонга бошлади.

Аввалига тушунмасдан кўрсатилган томонга бир-икки қадам ташладим, лекин кўнглим М.Эргашовнинг важоҳатидан қандайдир дил хиралик бўлишини сезиб орқамга қайтиб кутиш залига одамлар олдига чиқдим. Яхши ҳам М.Эргашовнинг ортидан бормаганим, чунки қайтиб келгач одамлардан у киши кимлигини зўрға билиб олдим, негаки Девонда хизмат қилувчилар ҳам, қабул қилувчилар ҳам ўзларини сизга таништиришмайди. Шу ерда ўтирганларга бўлган воқеани айтиб берсам, улар ”ҳурсанд бўлинг, у одамдан осон қутилибсиз” дейишди.

Девонхона бошлиғининг шундай йўл билан қабулга келган аёлларга тегажоғлик қилишдай ва келганларнинг орасида гапни ўринлатиб гапирадиган, ҳақиқатгўйлари бўлса улар аёл ёки эркак бўлишидан қатъий назар уларни тарвуздай келадиган қорни билан туртиб чиқаришдай ҳурмача қилиқлари борлигини ҳам пичирлаб айтишди. Яна битта аёл бир йил аввал дугонасининг ёлғиз ўғли туҳмат билан ноҳақ қамалганини ва ҳеч қаерда хақиқат қарор топмаётганлиги учун Президент Девонига келиб арз қилганини бу ерда ҳам бефарқликни, ноҳақликларни кўриб иложсиз қолгач аёлнинг дугонаси ўзига ўт қўймоқчи бўлганида шу Маҳкамбой ака ёрдам қўлини чўзиш ўрнига аёлни махсус хизмат ходимлари ёрдамида ИИВ подвалига ташлаттирган экан. Аёл бир ойлардан кейин уйига озиб-тўзган, абгор бир ҳолатда қайтиб келиб узоқ яшамабди. Шундай экан юқорида айтилаётган эҳтиёт чораларини аслида кимлар учун қўллаш керак? Нима учун Президент девонидагилар ҳалқдан бунча қўрқишади?

Одамлар бу даргоҳга сўнгги нажот излаб келишади, бу ердагилар шу нажотни ҳам пучга чиқаришади.Шундай экан биз энди дардимизни қаерга бориб, кимга айтайлик? Президент номи билан қабул қилинадиган бу улуғ даргоҳда ёлғон ҳукумронлик қилади. Совет давридаги барча иллатлар шу ерда ҳали-ҳанузгача сақланиб қолган. Шундай олий даргоҳдаги ғирт ёлғонлардан иборат, зўравонликларга тўла бўлган бошқарув услуби ҳалқ учун қанчалар қимматга тушаётганини шу битта аёл тимсолида тасаввур қилинг, лекин бундай воқеалар биттагина эмас, ачинарлиси улар жуда кўп экан. Шунга ўҳшаган воқеаларни бу ерда жуда кўпини эшитдим. Яна ўзим тимсолимда ёзаётган воқеалар ҳам бунинг яққол исботидир. Менинг олти йилдан бери И.А.Каримов номига ёзаётган мурожаатларимни девондагилар Бош проқуратурага улар шахар, туман проқуратураларига, туман деартаментларига, ДСҚга ҳатто туман участка нозирларига ҳам йўллашди. Мана шу бир-бири билан чирмашиб кетган ҳалқани яъни коррупция ҳалқасини узишга ҳаракат қилсангиз, улар бор кучларини сафарбар этиб, барча хийла-найранглари, сохта айибловлари, қўрқитиш ва таъқиблари, бисотидаги ҳамма усулларини ишга солиб жон-жаҳдлари билан қаршилик кўрсатишади. Шулар туфайли шикоятларим еттита ташкилотнинг ўртасида айланиб юриб, бири-иккинчисига, иккинчиси эса навбатдагисига улоқтириб, бу ўйин олти йилдан бери давом етиб келаяпди. Бу ҳалқа мамлакат иқтисодиётига ва ривожланишига тақилган пўлат кишандир.

Мамлакат мустақиллигидан кейин воситачилик ниқоби остида жиноий фаолият билан йиллар давомида қалбаки тадбиркорлик билан шуғилланиб келаётган қалбаки тадбиркорларнинг тасарруфидаги қалбаки корхоналарнинг барчаси ҳам акахонлар қаноти остидалиги бугунги кунда кўпчилик учун сир эмас. Аслида ҳам шикоятларни ваколатсиз ташкилотларга жўнатиб мамлакатда коррупциянинг ва акахонликнинг илдиз отиб гуллаб яшнашига М. Эргашев ва қабулда ўтирган проқурорлар айнан айибдордирлар. Қонунчиликда акахонлик тўғрисидаги энг керакли моддани қачон қабул қилишларини сўраб ёзган мурожаатларимни ҳам ваколатсиз ўзидан паст даражада турувчи органларга жўнатиб ўтирган Олий Мажлис Сенати Раиси ҳам бундай ҳаракатлари билан акахонликни қўллаб-қувватлаб турибди, акс ҳолатда адолат қарор топган бўлар эди.Сўзим сўггида яна бир марта Т.Иминовнинг А.Фаттахов таъсис қилган сохта корхоналарига қилган жиноий акахонлигига қачон қонуний чоралар қўллашмоқчи эканларини сўраб тугатаман.

Негманова Чамангул