«УЛ ҲАҚНИНГ СЎЗИНИ АЙТАДИ…» (2)

«УЛ ҲАҚНИНГ СЎЗИНИ АЙТАДИ…» (2)
66 views
24 November 2014 - 12:47

333Нуридан яратди икки азизни,
Буғдой еб, беҳиштдан айрилмадими?
Уч юз йил ахтариб, саргардон бўлиб,
Одам Ҳавосидан айрилмадими?

Одам Ато ҳаж айлади, бош билан,
Юзин ювди кўздан оққан ёш билан,
Қобул урди, ул Ҳобулни тош билан,
Ини оғасидан айрилмадими?

Авалло ер юзи куфрда бўлди,
Нуҳнинг азоб суви жаҳонга тўлди,
Мусулмон бўлганлар Киштига минди,
Нуҳ ҳам ўз ўғлидан айрилмадими?

Пайғамбар подишо, халифа бўлиб,
Қўлига муҳр олиб, насиҳат қилиб,
Бир куни кўнглига манманлик келиб,
Довуд қирқ ўғлидан айрилмадими?

Довуд ўлди, фарзандига ер қолди,
Худойимдан унга бир узук келди,
Нурдан бўлган ул узукни дев олди,
Сулаймон тахтидан айрилмадими?

Ҳақнинг ўзи билан сўзлашган Мусо,
Ул вақтда йўқ эди анингдек расо,
Биби Марям ўғли ҳазрати Исо,
Қочиб кофирлардан айрилмадими?

Иброҳим пайғамбар дунёга келди,
Орзу армон билан Ҳожарни олди,
Кўп ўт ёқиб Намрут ул ўтга солди,
Намрут ҳам қизидан айрилмадими?

Ёқуб йиғлаб, ожиз бўлди кўзидан,
Ҳеч фойда топмади айтган сўзидан,
Севикли ёридан, гулдек юзидан,
Юсуф Зулайходан айрилмадими?

Пайғамбар, чоҳарёр ёшин тўкардан,
Шайхлар муридидан, шоҳлар навкардан,
Тўти ҳамроҳидан, замбур шакардан,
Булбул гулистондан айрилмадими?

Махтумқули таълим олгил, устоздан,
Бу дунёда ҳар ким кечар бир отдан,
Лайли Мажнунидан, Ширин Фарҳоддан,
Вомиқ Узросидан айрилмадими?

***

 Бевафолардан

Кўзлаб, кўнгил берма, бевафоларга,
Боқ, ким вафо кўрмиш бевафолардан.
Қўйма ўзинг ерсиз бад жафоларга,
Ким баҳра топибдир, бу жафолардан?

Ишқнинг овозасин тингла, дошидан,
Жон жабридан қўрқсанг, борма бошидан,
Сариштанг кам бўлса, ишқнинг ишидан,
Бор, хабар ол, кўрган мубталолардан.

Сўзим насиҳатдир, бир қулоқ солинг,
Бандасиман сўзга харидор қулнинг.
Қирқ ўйнашли хотин яхшидир, билинг,
Ғийбатчи, фитнакор шоҳ, султонлардан.

Узумнинг қонидан кимга жон бордир –
Кўнгил кўзгу каби нуру анвардир,
Дунё етти бошли ялмоғиз мордир,
Қочганлар қутилмас, бу балолардан.

Ётма, Махтумқули, ишратинг суюб,
Ҳали  ётажаксан кафанинг кийиб,
Ҳожатин топарми, Хожасин қўйиб,
Тилак этган кимса, қул, гадолардан.

***

Ётча бўлмас 

Харнинг иши хардир, дўстлар,
Минг мақтасанг, отча бўлмас.
Ёмонларга амал етса,
Билинг, асил зотча бўлмас.

Фоний дунёга инонманг,
Олтин, кумушга қувонманг,
Куёвларга кўнгил берманг,
Бир туққан зурёдча бўлмас.

Кўп элларни кўрса, кўзинг,
Бир маънидан билсанг, ўзинг,
Бир нодонга айтган сўзинг,
Эсиб кетган елча бўлмас.

Бошинг ёстиққа етганда,
Сабр, қарор бўлмас сенда,
Кучинг, қувватинг кетганда,
Ўғил, қизинг ётча бўлмас.

Махтумқули, ажаб чоғлар,
Кимса кулар, кимса йиғлар,
Турли мева берган боғлар,
Соврулар, жаннатча бўлмас.

***

Эл кўзлар

Ёвузликда ғам лойига ғарқ бўлган,
Уйқули кўзларим, гўзал эл кўзлар.
Оҳу зорлар чекиб, қафасда қолган,
Булбуллар бўшанса, қизил гул кўзлар.

Элим сени, десам, тораяр йўллар,
Кўзим ғуборланди, забундир ҳоллар,
Қирғоғин излаган эгасиз соллар,
Қалқимай ёш тўкар, уммон, сел кўзлар.

Ўтли либос кийган молга ишқлилар,
Шоҳсиз ёвуз тушган тахтлар ва кўшклар,
Ёр, деган саргардон фақир ошиқлар,
Узунбўй, қоракўз, хипчабел кўзлар.

Қарорсиз кўнгиллар, беилож жонлар,
Ноҳақ оқса, шаҳид – инсондан қонлар,
Қизил гул устида учган парвонлар,
Навбаҳор фаслидан сабо, ел кўзлар.

Забонсиз даҳанлар, кўрки йўқ юзлар,
Қорақош, ўқкиприк, ул қора кўзлар,
Жой тутмас гурунглар, маъносиз сўзлар,
Хилватдан йироқда, гунггу лол кўзлар.

Нодон шоҳлар, эрксиз вазир – ул қуллар,
Инча бел, сарви бўй, оқ узун қўллар,
Кўнгил нақши – тушда келган хаёллар,
Тилло, гавҳар, ганч-хазина, мол кўзлар.

Махтумқули, биздек мискин, ҳам бойлар,
Ўқсиз камон, ўйсиз тортилган ёйлар,
Айланган даврлар, кунлару ойлар,
Гардишлар эврилар, янги йил кўзлар.

***

Туркманчадан Мақсуд Асрор ўзбекчалаштирди