90-йиллар шеърияти

90-йиллар шеърияти
83 views
25 November 2014 - 19:56

12Уйқудаги шаҳар

Чинорлар бошидан қарға галаси
Булутдек қўзғолди кузак шомида.
Тошкент кўчалари бу маҳал ғамнок,
Хазонлар ўйнайди уйлар томида.

Қора кийган осмон, кўринса-да, тинч,
Бағрида қишлайди, мудроқ бир тўфон.
Юз йиллар бўлгандир тош қотганига,
Қачон уйғониши ҳали ҳам гумон.

Кўз тиккан футувват кутиб чарчаган,
Кўплар учун тўфон – ўтмиш хотира.
Кимлардир денгизни унутган тамом,
Гоҳ бирлар саробни эслайди, хира.

Тириклик зийнатин шарпаси кезар,
Ғафлат ўлкасида бахтнинг йўқ ҳаққи.
Эркни уйғотмоққа бироз шижоат,
Бироз қон тўкмаклик талаби токи…

Қарғалар ҳукумрон пойтахтда, рости,
Қузғунлар сасига кўмилади тонг.
Шундай давом этар асрлар бўйи –
Юраклар ёришмас, кишанланган онг…

 

“Эрк” қўшиғи

Озод кунлар учун чиқармай нафас,
Узун кечаларда, сайрайди бир қуш.
Унинг ўлкасида ҳукмрон қафас,
Бошида ўйнайди қиличлар худкуш.

Миршаблар панжара, устунлар соқов,
Кўнгил фарёдлари бермайди садо.
Умидлар супурги, армонлар касов,
Хорликлар жонларни этади адо.

Ҳар кун бўй чўзади, “Эрк” деган дарахт,
Юлдузлардан барглар узмайди кўзин.
Зулмдан тонгларнинг шуури карахт,
Тунлар-да, айтмайди, кетарда сўзин.

Панжарадан нари тўрт қават девор,
Тирқишлардан сизар, озодлик иси.
Юраклар урарлар, тинмай, умидвор,
Кирлаган тошларнинг ўзгармас туси…

 

1992 йил

Тўлғонади, дарддан сатирлар,
Бўшангандан тушмайди бир ниш.
Хотиралар унутар эркни,
Чўкаётган чўққилар таниш.

Қамишларга тирмашиб оқар,
Жўшиб оққан дарёлар элас.
Халқда истак бўлмаса агар,
Минг чиранма, тафаккур, абас.

“Ошкоралик” шамоли бугун,
Аталмоқда, “Тарихий хато”.
Кулаётган “Озодлик” забун,
Кўкрагидан ўқ еди ҳатто.

Кичрайтириб, Шўролар ерин,
“Мустақил” деб, қилдилар эълон.
Каримовга эл бўлди, тутқун,
Доғда қолди, юрт – Ўзбекистон.

 

Чўкиш

Ёш умрлар хорликдан хазон,
Ёноқларда ситамлардан ёш.
Узангида қолган ботирдай,
Судралади, эрлар – тирик лош.

Фақирликдан кирлаган тишлар,
Ханжар каби қинидан чиққан.
Улар, қонли юракни кўзлар,
Идроклари, бир сўзни уққан.

Дерлар; “Мустақиллик” ўлкага,
Камбағаллик келтирибдимиш.
Мамлакатда очлик, таҳлика
Энди ҳеч ҳам тугамас, эмиш”.

Эссиз, озодликнинг элчиси –
Увол, қонсиз тикланган Байроқ.
Бундай азобларнинг томчиси,
Асрлардан эди буюкроқ.

Қўлидан иш келмай, оламон,
Мустабидга берди, жиловин.
Келажакни топтади, ёмон,
Ололмади, қўлига довин.

Энди эса зурёдлар, бахти –
Озодликка бермоқчи, барҳам.
Текин келган Мустақилликни,
Шўро билан кўрмоқчи баҳам.

Ўз-ўзига душман яна бир
Халқ бормикан, ёруғ жаҳонда.
Мустақиллик, бўйнида занжир,
Эрк тополмай, ҳайрон маконда.

Арз қилмоққа бўлса маҳкама,
У “дод” солса, зулм дастидан.
Етказилган жабрни, дема,
Омон қолса, суъиқасдидан.

У шаънига тополмай, Шавкат,
Итдан баттар бўлди беқадр.
У қидирган эди-ку, сарват –
Тополмади мард бир баҳодир.

Қўлидан иш келмай, оламон,
Мустабидга берди, жиловин.
Энди кўп вақт ўзгармас, замон,
Тиколмасмиз, ҳурлик яловин.

САФО ТУРОН