“Шаҳидлар хиёбони”даги масхарабозлик (4)

“Шаҳидлар хиёбони”даги масхарабозлик (4)
41 views
29 November 2014 - 10:50

1Президентнинг чорак асрдан буён ислом ва мусулмонларга қарши уруш ҳолатида турганини ким билмайди, дейсиз? Ислом унинг ноқис ақлига кўра, гўё енгилмас ва ёвуз бир қўшин ёинки кекирдагигача жаҳолат ва жиноятларга ботиб бўлган кўҳна бир олам. Аммо, у билан муроса қилмаслик ҳар қандай зўравон ҳукмдорни ҳалокатга дучор этиши муқаррарлиги ҳам унга кундек равшан. Исломнинг зўравонлик ва адолатсизлик билан келиша олмаслигини эса, у ҳеч қачон тушуна олмайди. Сулҳ зайлида, ҳийла-найранг ишлатиб, дўст қиёфасидаги ашаддий душман сингари унга муттасил ичкаридан шикаст етказиб туриш, шу учун ҳам унинг умри мазмунига айланган. Ўзини муқаррар ҳалокатдан қутқарган тошбақага заҳар тўла нишини санчган чаён каби у шунинг учун ҳам исломга бир кун заҳар солмаса, ўзининг заҳридан ўзи заҳарланиб ўлади. Чунки исломга қарши ҳар бир ҳаракат – Аллоҳга исён эканлигини у англаб етишга қодир эмас. Исломга бўлган мунофиқлиги ва нафрати уни кун-кундан адо қилиб, эл-юрт, бутун дунё кўзи олдида, аввало ўзини шарманда қилаётганидан у том маънода бехабар. Худосизлик уни бадбашара бир махлуққа ўхшатиб, бўларга-бўлмасга алжирайдиган қилиб қўйганига жуда кўп замонлар кечган. У бахтсиз ва мақсадсизлиги туфайли ҳам оғзига келган сўзни ўйламасдан айтиб юбораверади. Бахтсизлар боши худосизлик эканини, бадниятлик бедаво ва юқумли бир кассаллик бўлиб, бу дарнинг давоси ажал эканини у ҳам кўпчилик сингари ҳеч қачон англаб ета олмайди.

Охиратдан умиди йўқлиги учун ҳам у бутун бир миллатнинг қонини тўкади, милёнлаган кимсаларнинг қўл-оёғига ишсизлик кишанларини солиб, атрофидаги бир сиқим кимсаларни тинмасдан мудҳиш жиноятлар қилишга ундайди. Уларнинг ҳар сафар бошини еб, бутун қилғиликларини уларнинг зиммасига юклайди. Ҳар сафар сафдан чиққанларнинг ўрнига янгидан очофат ва юҳо кимсаларни танлаб, уларнинг қўли билан гуноҳ ва куфрга ботади. У футувват, меҳр-муҳаббат нима, мардлик, садоқат ва вафо, жавонмардлик нима билмайди. Шу учун ҳам у кўзлари уйқудан очилиши билан ишни ёлғон ва авровлардан бошлайди. Дину диёнатнинг бўғзига тортмоқчи бўлган пичоғини енгги ичига яшириб, унинг қаршисида занжирланган айиқ каби ялтоқланади, ўзини ўнглаб ҳамла қилиш учун рақсга тушиб, лапанглаганча, турли ҳунарлар кўрсатади. Ичида тўлиб-тошган жирканч бир ғаламисликни юзасига чиқармасликка тиришиб, хушомадгўйлик билан тубанликларига ниқоб тортади. Арслонни силаб-сийпаб, томошабинларга калака қилган циркчи каби, замонни измига бўй сундирмоқчи бўлиб, имонсиз шайхлару ичак-чавоғини бошига дастор қилган имомларни, у ўрта бармоғига кийгизиб, ислом, дея ўйлаб, ўзи ўртага келтирган қутурган бир тузумнинг оғзига тутади. Аммо, у ҳеч қачон муддаосига эриша олмагани каби тоққа кесак отишдан ҳам ўзини тия олмайди…

Билмайдики, ҳақиқий ислом у тасаввур қилган исломдан умуман бошқа бир ислом. Англамайдики, Аллоҳ туширган динни бандаси ўзининг измига сололмайди, унга шакл-шамойил бериб, йўриғига еталаш инсон боласининг қўлидан келмайди. Шу чоққача йўлларни сўқмоқлар, дарёларни ирмоқлар эргаштирмагани ёхуд денгизлар дарёларга қуйилмагани, ердан осмонга ёмғир ёғмагани каби, унинг ҳам истаги амалга ошмайди. Билганида эди, нур кўрмаган бечора бу қадар бадбахтликка ўч, бу қадар гуноҳлар орттиришга ташна бўлмасди. У итбалиққа бутун бошли денгизнинг сувини юттирмоққа ҳозирланади, қуёшни ўзининг оташкурагига солиб, ўчоқнинг тагига ўт қаламоқчи бўлади. У ўзининг итбалиқдан ҳам, оташкуракдан ҳам ожиз эканини ҳис қилганда эди…

Хўракдан бошқасига ярамайдиган шайхлару имомларнинг ҳам ўзи каби дин душманлари экани, бугун бутун оламга аён. Қурбон бериб, мақсадига эришиш учун шахмат тахтасидаги тош сингари у уларни қанчалик олдинга сурмасин, халқ энди унинг ҳийла-найрангларига ортиқ алданмайди, шайхлар ва имомларнинг суратига эмас, сийратига боқади. Одамлар унинг ва шотирларининг кўзларига қараб, ичини ўқийдиган, тунда тўқийдиган ёлғонлари ҳали унинг хаёлига келмасдан бурун, унинг эрталаб туриб нималар, дея, алжирашларини тушларида кўрадиган бўлиб қолганлар. У тонгда телевизорга чиқиб, бир нафас дамини ичига ютиб турса, одамлар унга тунда тузган режаси тарихини ипидан игнасигача айтиб берадилар. Қай бир фитнани амалга оширишни кўзлаб, ёлғон ва авровлар тўқиганини, риёкорлик билан нимага эришмоқчи бўлаётганини миясидан компакт диска ёзиб, телевизорда ўзига қайтариб кўрсатадилар. У бундан йигирма беш йил аввалги бир замонда яшаётганидан ҳалигача бехабар. Унинг коммунистча тарбияси ва яҳудийларга бўлган чексиз ихлоси, унинг икки кўзини кўр, қулоқларини кар қилиб қўйган. Кўрсичқон қуёшга боқа олмагани сингари у ҳеч бир замонда, Қуръон ва Ҳадиси шарифнинг юзига боқа олмайди. Уларнинг ичига жойланган маънолар ва ҳикматлар уммонини илғашдан у мосуво бўлиб қолаверади. У исломга нисбатан бир зарра ҳам эмаслигини англамагани каби давр тўзонларида бир гард каби муаллақ туриб қолганидан ҳам чорак асрдан буён хабари йўқ. Шу ғуборга бутун бир элнинг тақдири аъмолини боғлаган Тангри, уни ўзлигини таниш бахтидан бебаҳра қилиб қўйган. У ҳам нажот исломда эканини ўйлаб кўришга бўйни ёр бермагани каби, худоланишдан ҳам ўзини тия олмайди. У шундай бир бахтсиз ва ёлғиз, жирканч ва нафратга лойиқ махлуқ-ки, ундан кўра қузғунлар, кўршапалаклар ёхуд илонлар ва чаёнлар бир мунча, эзгулик ва садоққатга дахлдорроқ бўлиб кўринадилар…

Президентнинг “Шаҳидлар хиёбони”да масхарабозликлар содир этишидан мақсади нима, деган саволнинг туғилиши, табиий. Бу саволнинг жавобини бугун ҳар бир ўзбекистонлик жуда яхши билади. Унинг ҳар сафар рейтингги тушиб кетганда, гоҳ-гоҳ сиёсий мавқейини кўтариб олиш учун Қундуз бобо сингари ёлғон халтасини елкалаб олиб, оммавий ахборат воситаларидан чиқиб, сийқаси чиққан трюклар кўрсатадиган ғалати одати бор.

У ҳар сафар миллатнинг ғурури ва шаънига оид нозик туйғуларга таъсир этадиган долзарб бир масалани қўзғатадида, атрофида тегирмонга қўшилган қарри эшакдек тинмасдан айланиб, бир гапни чайнаб, турган жойида айланаверганидан, охири ўзининг кўзлари тиниб, фикрлари чувалашиб кетганини сезмасдан қолади. Бироздан кейин эса, ҳомийлари миясига қуйган гапларни халққа қойилмақом қилиб етказяпман, ҳаммани ишонтиряпман, дея ўйлаб, ўзига-ўзи маҳлиё бўладида, мақсади нималигини эсидан чиқазиб, “даҳоликлар” содир этишга киришади.

Телевизорга боқиб кўсак чуваётган кампир, “Худо олсин, сени. Газ йўқ, свет йўқ қовунчининг кучугидай, ҳурганингдан нима фойда чиқарди” дея, ўзининг иши билан овора бўлади. Болаларини мактабга жўнатаётган она, етар-етмасликдан хархаша қилаётган болаларига дўқ-пўписа қила туриб, “Илоё, телевизордан жаннатни кўрсатаётган вак-вак кучук ўлсин. Юртни жаҳаннамга айлантирди”, дея, ҳаётидан нолинади. Аслида, уни ҳеч ким эшитмайди. Ҳамма ўзининг тирикчилиги билан андармон бўлиб, нима қилса бир бурда нон топишни ўйлаётган бўлади. Ёхуд Россиядан ўлиб келган навбатдаги ёш бир йигитнинг тобутини елкалаб қабристонга кетаётган бўлади. Ёинки пахта режасини бажара олмаган фермернинг қамоқдан чиқиб келганини эшитиб, уни кўриб келишга чоғланган бўлади…

Ҳалқнинг бошида йигирма беш йилдан буён, ҳаёт мана шу йўсинда бир хил айланади. Ҳақсизлик уни кун-кундан адойи тамом қилади. Буни баъзи бир мухолифат вакиллари ҳукуматга яқин доирадагилар сингари президент Каримовнинг айёр ва маккор, “ақлли” ва “доно”лигидан, баъзилари халқнинг сиёсий саводи, ночорлигидан дея талқин этади. Аслида, буларнинг ҳеч бири ҳам тўғри эмаслигини чорак асрдан буён биров гапирмайди. Ҳамма ёпиқлик қозоннинг ёпиқ қолганини маъқул, деб ўйлайди. Чунки, мустақиллик замонида қувган қувгани учун мояна олаётгани сингари қочган қочгани учун енгилликларга эга бўлади.

Халқнинг ғолибга ҳам мағлубга ҳам балогардон бўлиши, бир таёқнинг икки учини тутган мухолифларни ўзлари билмаганлари ҳолда, бир-бирлари билан ҳамкор қилиб қўяди. Улар бир-бирларининг жиноий шерикларига айланганларини билмай қоладилар. Ҳамма жабрдийда бир халқнинг ёнини олиб гапираётган бўлиб, ўзининг қорнини тўқлаётган бўлади. Икки ўртада, ҳар икки томон ҳам ҳаётини бутлаб, Амеркагами, дунёнинг бошқа бир мамлакатигами, чиқиб кетиш иштиёқида юригани кейинроқ аниқ бўлиб қолади…

Халқ ҳаммасини кўриб, билиб туради. Бутун ҳийла-найрангларнинг замири унга аён. Унинг ақли-ҳуши жойидалиги ҳам, сиёсий саводининг ҳеч бир халқникидан кам эмаслиги ҳам, айни ҳақиқатдир. Аммо, у ҳаққини талаб этишдан қўрқади. Уни президентнинг қувлиги ёхуд сиёсати эмас, унинг жандармлари, жаллодлари босиб туради. У қамчининг зўри билан қилич остида елка қисар экан, кўзлари ўнгидан тўрт асрлик қирғинбаротлар кечади. Кўзларига Туронзамин – қонга ботган ботирнинг лошидай бўлиб кўринади. Кўзларининг олдига мўйловини силаётган Сталин, кўзларини қисиб, тишларини тиржайтираётган Каримов келади…

Ҳозир ҳам президент калимаи шаҳодатни қайтариб, унга исломнинг асосини ўргатмоқчи бўлар экан, у президентнинг томоғига боқиб, бодвосилини кўриб турган бўлади. У ҳақида ҳар жойда: “у исломдан йироқ, ҳатто калимасини қайтаришни билмас экан” деган гаплар урчиб кетаётганидан халқ хабардор. Президентнинг, “йўқ, ундай эмас. Мен чин мусулмонман. Қаранглар, мен калимамни ҳам қайтара оламан”, дея ўзини аврамоқчи бўлгани, у учун ҳеч қанақа аҳамият касб этмайди. Халқ унинг қизлари ва невараларининг “бисмиллоси”ни билмаслигини, оталари Ўзбекистон президенти бўла туриб, қизлари ва невараларининг ўзбек тилида гапира олмаслигини, наинки гапира олмаслигини, ҳаттоки ўзбек ва унинг тилини менсимаслигини ҳам яхши билади.

Масжидларда азон овози ўчган бир замонда, мусулмонлар эътиқоди учун сурункасига қамалиб, бутун мамлакатда зулм ҳукм суриб турганда, бутун бедодликлар бошида турган бир жаллод, калима қайтариб осонлик билан халқни чув тушураман, деб ўйлайди. Халқ бунинг барчаси майнавозчилик бошқа бир нарса эмаслигини кўриб туради. Халқни Каримовнинг қувлиги ёки моҳир сиёсати эмас, зулми ва истибдоди ушлаб туради. Курагига тиркалган ханжарлар, хавфсизлик кучларидан тикланган тирик панжаралар, таҳдид ва дўқ-пўписалар ваҳимага солади. Ота боласининг, бола отасининг Каримовнинг балосига йўлиқишидан қўрқиб яшайди. Йигирма уч йиллик Мустақиллик унга қўрқув ва даҳшатлардан бошқа бирор нарса бермагани, биргина унинг айби эмас. Йўлбошчилик даъвосини қилаётганлар золим билан оғиз-бурун ўпишса, думлар кўз ва қулоққа айланган бўлса, бошсиз халқ нима қилсин, қаерга борсин…

(Давоми бор)

Эргаш Сулаймон