Ўзбекнинг “енгилини мушкул қилиш” санъати

Ўзбекнинг “енгилини мушкул қилиш” санъати
80 views
01 December 2014 - 12:04

8Ёхуд Ўзбекистонда ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш кимга фойда келтирмоқда?

Каримов ҳукумати: “Ўзбек халқи фаровонлиги йўлида ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштираяпмиз, импортнинг ўрнини босувчи маҳсулотларни ўзимизда ишлаб чиқаришга бел боғлаганмиз”, қабилидаги баландпарвоз гапларни деярли ҳар бир ҳисоботию чиқишида такрорлаб келади. Амалда-чи?

Ростдан ҳам бу иш халқ манфаатлари учун қилиняптими ёки сиёсий элитанинг фойдаси учунми?

Бу саволга жавоб бериш учун рақамларга ва фактларга мурожаат қиламиз. Мисол учун, Ўзбекистонда биринчилардан бўлиб маҳаллийлаштирилган автомобилсозлик соҳасини олайлик. Асакадаги автомобиль заводи 1996 йилда ишга тушиб, илк маҳсулотларини сотувга чиқарганда “Нексия” 5600, “Дамас” 4500 АҚШ доллари турар эди. Бу пайтда хорижий автомобилларнинг импортига қўйилган бож тўловлари ҳали оширилмаган эди.

Кейинчалик Каримов ҳукумати, гўёки, миллий автомобилсозликни ривожлантириш учун иқтисодиётда “протекционизм” (“ҳимоячилик”) деб аталган йўлга ўтиб, импорт автомобилларига нисбатан бош тўловларини кескин ошириб юборди. Бунинг натижасида “УзДЕУавто” қўшма корхонаси республикадаги автомобил бозорида монополистга айланди, ўзбек автомобилларининг нархлари кескин ошиб кетди.

Масалан, 2007-2009-чи йилларда “Нексия”нинг нарҳи 18000гача, “Дамас”нинг нарҳи эса 15000гача кўтарилиб кетди. Айнан шу даврларда Жанубий Кореяда ишлаб чиқарилган оригинал “Нексия”лар (“Cielo”лар) Афғонистон ва Покистондаги автосалонларда 6200, “Дамас”лар эса 5200 АҚШ долларига сотилар эди.

“Протекционизм”дан келаётган даромадларнинг мазасини билгач, Каримов ҳукумати кейинчалик умуман безбетларча нарх сиёсатига ўтиб олди: ўзбек автомобилларини миллий бозорда хорижий бозордагига қараганда деярли икки баравар қимматга сота бошлади. Масалан, ўша “Нексия”ни Россия ва Қозоғистонда 7200 доллардан пуллаб, Ўзбекистоннинг ўзида деярли 14000дан сотишга тушди. Маълумотларга қараганда, ҳозир ҳам аҳвол ҳудди шундай.

Автомобилсозлик Ўзбекистонга шу мақсадларда олиб келинган эдими? Уни маҳаллийлаштиришдан мақсад ҳорижликларнинг мушкулини енгил қилиб, ўзбекларнинг енгилини мушкул қилиш эдими?

Бугунги кунда бу ҳолат биргина автомобилсозликда эмас, бошқа соҳаларда ҳам кузатилмоқда. Масалан, Ўзбекистон ҳукумати “Шўртангазкимё” комплексида полимер гранулаларни ишлаб чиқаришни йўлга қўйгач, ўзбек гранулаларининг нарҳи ҳорижий айни маҳсулотнинг нарҳидан деярли 1,5 баравар қимматлашиб кетди. Бугунги кунда худди шу маҳсулотни Эрондан импорт қилиш “ўзимизникини сотиб олиш”дан анча арзонга тушади.

Бундай иқтисодий мантиқсизликнинг сабаби ўша-ўша – Каримов ҳукуматининг “ҳимоячилик” сиёсатида! Ҳукумат “протекционизми”нинг илдизи эса сиёсатга, яъни Каримов диктатурасига бориб тақалади. Бу сиёсатга, бу адолатсизликка амалий қаршилик бўлмагач, ҳукумат ҳам билганини қилишда давом этмоқда. Ўзбекларни газдан узиб, миллий газни Хитойга пуллаш ҳам айнан шу сиёсат туфайли амалга оширилмоқда.

Мана шу омилларнинг ўзи ҳам Каримов олға сурган “Иқтисодиёт сиёсатдан устундир”, деган тамоилнинг нотўғри эканлигини кўрсатиб турибди. Чунки, агар ростдан ҳам иқтисодиёт сиёсатдан устун бўлганида, ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш ички бозорда импортнинг ўрнини босувчи маҳсулотлар нархларининг ўсишига эмас, пасайишига олиб келар эди.

Ҳа, иқтисодиёт ҳеч қачон сиёсатдан устун бўла олмайди. Сиёсат ҳамиша иқтисодиётдан устундир. Адолатсиз сиёсатчилар ўзларининг шахсий манфаатлари йўлида энг яхши иқтисодий лойиҳаларни ҳам халққа зарар келтирувчи, унга озор берувчи бир тадбирларга айлантиришлари ҳеч гап эмас. Ва адолатли сиёсатчилар халқ манфаатлари йўлида энг ночор иқтисодий тадбирлардан ҳам миллат учун катта фойдалар олишлари мумкин.

Яқинда Ўзбекистондаги сайтлардан бирида: “Юртбошимиз Ислом Абдуғаниевич Каримов бошчилигида олиб борилаётган изчил иқтисодий ислоҳотлар туфайли, хусусан, импортнинг ўрнини босувчи маҳсулотлар ишлаб чиқарилишини маҳаллийлаштириш дастури асосида Қорақалпоғистонда нефт ва газ маҳсулотларини ишлаб чиқаришга ихтисослашган ва қиймати 5 миллиард доллар турадиган йирик кимё комплекси қурила бошлади” деган хабарга кўзим тушиб қолди.

Бу сатрларни ўқиб, беихтиёр: “Демак ўзбек бензинининг нархи Европа нархларидан ҳам баланд бўлар экан”, деб юбордим. Чунки Каримов иқтидорда экан ўзимизда ишлаб чиқариладиган маҳсулотларнинг нархлари хориж маҳсулотларининг нархидан ҳам баланд бўлиб бораверади.

Чунки ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш каби ишларни бу ҳукумат халқ манфаатлари учун эмас, сиёсий элита чўнтаги учун амалга оширади.

Саид АСКАР