“Шаҳидлар хиёбони”даги масхарабозлик (5)

“Шаҳидлар хиёбони”даги масхарабозлик (5)
114 views
02 December 2014 - 16:33

1– Қаранг, Ироқда нималар бўлаяпти?! – деди у муфти Усмонхонга бўйнини буриб. – Бир бемаза, мутлақо аввал билинмаган оқимларнинг вакиллари нималар қиляпти?! Маккаю Мадинани писанд қилмаса, ҳеч ақлга сиғмайдиган ташвиқотларни ташкил қилса, мусулмонларнинг дунёси, олами нима бўлади?! Агар кимки бу оқимларга ўз вақтида зарба бермаса, нима бўлади?! Бизнинг диний идорамиз бу масалада қандай ишларни қиляпти?!

Худди шундай гап эшитишини ўн беш кун илгари президент маслаҳатчиси Хайриддин Султонов ёзган сценарийдан ўқиган муфти Усмонхон ўзига ажратилган ролни ўйнашга тушди. Унинг тиллари Миллий хавфсизлик хизмати ходимлари буюрганидай сайраётган бўлса ҳам, ичида бутунлай бошқа бир жараёнлар кечаётган эди. Ташқаридан қараганга унинг қиёфасида битта кимсанинг суврати намоён бўлаётган бўлса ҳам, ботинида икки кимсанинг аёвсиз кураши бошланган эди. Ўзи билан ўзи олишаётган муфти, президентга хавфсизлик вакиллари ўзини тайёрлагандек қилиб жавоб қайтарар, ичидаги “ўзлиги” унинг сўзларига бутунлай телба-тескари бўлган иддаоларни рўкач қилиб, унинг виждонига хуруж қиларди. Иймон-эътиқодни писанда қилиб, унга президент Каримовнинг қилмишларига шерик бўлиш, бир кунмас-бир кун муқаррар ёмон оқибатларга олиб келишини дастаклар эди. Муфти Усмонхон овозини чиқариб, президентнинг сўровига сохтакорлик билан жавоб қайтараётган бўлса, унинг ичига қамалган “ўзлиги” бўйнига тош боғлаб чўктирилган дамини ортиқ ичига ютмоқликдан номус этиб, президентнинг юзига бор ҳақиқатни айтишга тиришарди. У муфтининг ўзини реал ҳаётдан чегаралаб, шаффоф бир идишга тиқиб қўйгани каби президентнинг хурмача қилиқларидан ҳам безор бўлганди. На илм ва маърифатдан озроқ хабари бўлмаган, на ўзининг омилигини англамайдиган бир жоҳилнинг оғзига термулиб яшаш, уни жонидан тўйғизганди. Ичига қамаб қоронғи дунёсига ғарқ қилган, президентга тобе этиш учун ўзини ҳар кўйга солаётган муфти Усмонхон “ўзлик”нинг кўзларига жаллод бўлиб кўринадигандан бўлиб қолганди.

Муфти Усмонхоннинг тиллари СНБнинг дастуруламали бўйича, Ортиқбойнинг ҳангомаларидан сайраётган бўлсада, “ўзлигини” тишлари орасида сиқиб туришдан у чалғимас, бир лаҳза назоратни йўқотса, “ўзлиги” эришгаларининг барисини йўққа чиқариши мумкин эди. Унинг неча замонлардан буён, ўзини поғонама-поғона Каримовнинг сафсатабозликларига кўниктириб келаётганлари бир тийин бўларди. Аммо, “ўзлиги” ҳам бўш келмасди. Унинг вужуди муфти Усмонхоннинг тишлари орасида, қиймалагичдан ўтаётган хўрозжўжанинг танаси каби қиймаланаётган бўлса ҳам, у фикрлашдан бир зум тўхтамас, виждони буюраётган нарсаларни овоз чиқариб айта олмаса ҳам, тошданда оғир бир сукунат ичра, занжирланган арслон сингари бўкиришдан шуурини тия олмасди: “Қаранг” дейди, энангники борми, қараб. Нимасига қарайман, дерди, у. Йигирма беш йилдан буён, жабрдийда бир миллат ўлароқ уммати Муҳаммадия каби мен ҳам, қошу қовоғингга қараб чарчадим. Афсуски, қош-қовоғингга боқмасам, кўзларимни ўясан, кўнглингдагини топиб гапирмасам, тилимни кесасан, ростини гапирсам, теримни шилиб ичига сомон тиқтирасан. Бошимга Абдували қори, Обид қори ва уларга ўхшаган руҳонийларнинг кунини солиб, бола-чақамни итдан хор, қариндош-уруғларимни қонига ташна этасан. Юзингга қараб тўғрисини айтмасам, Аллоҳдан қўрқаман!…

Усмонхон муфтилик лавозимига ўтирдию, бошимга балолар тоғини ағдарди. Мансаб унинг кўзларини кўр қилиб қўйди. У ҳали бир кун бошига ёғилажак маломат тошларидан ўзини хориждаман, деб юрибди. Сен давлат тепасига келганингдан буён, бирорта кимса бадном бўлмасдан, умри мобайнида яхши-ёмон эришганларидан мосуво бўлмасдан ўз ҳаёт йўлини давом этира олдими? Йўқ албатта? Сенга яқинлашган кимсаларнинг шўри қурийди, бошига мусибат ортмоқлаб, сон-саноқсиз туҳматлардан бели букилади.

Бошида мансаб бериб, уларнинг қўли билан мислсиз жиноятларни амалга оширасан. Охирида, ўзинг бош бўлиб содир этган жиноятларни уларнинг бўйнига илиб, йўлларини қамоқхонага тўғирлайсан. Нафси, деб оловингга ёнган бечоралар, охирида бутун умр эришганларидан бир соатда айрилганларини сезмай ҳам қоладилар. Мол азоби, жон азоби деганлари сингари ситамларингдан улар ё ўладилар ёки ақлдан озиб, руҳий изтироблар хуружидан бир умрга ногирон бўладилар…

Бошқаларни қўя турайлик. Диний идорамиз ва ўзимиз ҳақимизда гаплашайлик. Сен давлат бошига келганингдан буён, муфти лавозимига ўтирган қай бир кимса сендан рўшнолик кўрди. Сен уларнинг қай бирига адолат кўрсатдинг, олчоқликлар ва хиёнатлардан тийилиб, қай бир муфтига марди-майдон эканлигингни намойиш этинг?! Қай бирини беҳурмат этмасдан, обрўсини тўкмасдан лавозимидан олиб, қай бирининг сени, дея эшакдек тер тўкиб ишлаганларини, иймонини сотиб мўмин-мусулмонларга сени ярим худо, деб осий бўлганларини инобатга олдинг?! Ҳеч бирини аямадинг, палид! Буни бутун дунёйи олам билади…

Мусулмонлар идораси иғво ва фитнанинг уясига айланди. Бир-икки юҳоларга мансаб улашиб, ўзингга ва ёвузликларингга қарши тура оладиган муносиб ва ягона Ёзувчилар уюшмасини иккига бўлиб, ёзувчи ва шоирларни халқнинг кўзида атайлаб шармадаю, шармисор қилганинг каби Мусулмонлар идорасини ҳам ичидан бузиб, исломга ва мўмин-мусулмонларнинг зиддига ишлайдиган СНБнинг бир бўлимига айлантириб қўйдинг.

Кетига тепиб Ўзбекистондан чиқариб ҳайдаган муфтинг, эл орасидаги хушомад ва тилёғламагарчиликларни хорижлардан топа олмагач, йўлини топиб юртга қайтиш учун сенга мурожаат қилди. Ўрганган кўнгил ўртанмаса қўймас, деганларидек, унинг у ёқларда яшаб кета олмаслигини сен яхши билардинг. Дарров, унинг олдига ўзингнинг шартларингни қўйиб, бурнини ерга ишқаб, барчасига уни сўзсиз рози қилдирдинг. Диний идора орқасида туриб, хоҳлаганингдек оламонни қолипга солиб турадиган сенга шунақа, номи улуғ, супраси қуруқ бир кимса зарур эди.

Унинг, бошида, думини хаданг этиб қочиб, охирида бозордан қайтган сигир каби ҳузурингга юкиниши, сен учун айни муддао бўлган эди. У юртга кириб келиши билан Миллий хавфсизлик хизмати подполковнигига полковник унвонини бердинг. У ҳам ҳанузгача, шунга яраша хизматингни қиляпти… Сен ҳам шартлашилган қоидаларни бузмагани учун унинг мушугини, “пишт” демаяпсан. Егани олдида, емагани кетида, у ҳам Рустам Иноятовнинг бузоғи бўлиб, хоҳлаган боғида ўтлаб, хоҳлаган жойига таппи ташлаб мазза қилиб юрибди…

Абдирашид қори эса, муфти бўлгач кутилмаган офатларга гирифтор бўлди. Уни аввалида, “ҳазратим”нинг овозлари кўзанинг ичидан чиққандай, жаранглаб чиқади” дея, кўкларга кўтариб мақтаб, унинг қўли билан мусулмонларга қарши жиноий ишларингни битириб олганингдан кейин, “порахўр, кўза”, “бу тирик кўзага қанча пул ташлаган билан тўлмас эканда” дея, уни эл ичида шармисор қилдинг. Мўмин-мусулмонларнинг уч милён доллардан зиёд пешона тери билан топган маблағларини ўзлаштираман, дея, эплай олмай, камбағал ор-номусга талашиб подполковниклигича ўлиб кетди. Қўлидаги пулларни кимса билмас қайтариб олиб, унга полковник унвонини берганингда эдинг, муфтиликдан кетса ҳам ичи ҳасратларга тўлиб, ажалидан беш кун аввал беажал ўлмасди. Сир иккалангизнинг орангизда сирлигича қолиб кетарди. Бош вазиринг Мирзиёев билан Рустам Азимовга нисбатан шундай йўл тутиб, кам бўлмаяпсан-ку?! Абдирашид қоридан олган пулларингни ҳам, хорижда халқдан ўғирлаб яшириб қўйган миярдларингга қўшиб, “гулдур гуп, сандиқ қулп” деб, ўзингни жинниликка солиб юраверардинг. Бировнинг сендан ҳисоб сўрашга ҳадди сиғармиди…

Мухторжон домаланинг ҳам муфти бўлгач, косаси оқармади. У ўзини узоқ муддатга озодликдан маҳрум қилинган маҳкум каби эрксиз ҳис эта бошлади. Еган-ичгани татимагани каби бир поғона ўсган кичик лейтенатлик унвони ҳам унга ажалнинг ўқи бўлиб кўринди. Мажбурий хизматдан қайтариб зиндонга ташланган маҳкумдек, унинг ичига бир номсиз қоронғилик бостириб кириб, руҳиятида мажруҳлик салтанати ҳукмрон бўлди. Бечора, сен талаб қилган жиноятларни амалга ошираман, дея, қўл-оёқлари қалтирайвериб, “юрак ўйноқи” деган бедова дардга учраб, муфтиликдан зўрға қочиб қутулди. У бир қанча вақт елкасидан тоғ ағдарилганини айтиб, хурсандчилигини ичига яшира олмай юримасин, виждони уни бир дақиқа ҳам суд қилишдан тўхтамади. Устига-устак, СНБнинг лайчалари ҳар ҳафтада икки марта суҳбатга чақиравериб, собиқ муфтини жонидан тўйдириб юбордилар. Ор-номусга талашган бечора, бўлаваермагач, барчасидан “ҳайё-ҳуйт” деб этак қоқиб, ўлиб тинчиди.

Сен Бухорога борганингда, халққа ўзингни дину диёнатли кўрсатишинг учун Баҳоуддин Нақшбанд зиёратгоҳига ҳам кириб чиқдинг. (Илоё, Аллоҳ сен мунофиқни азиз аёлиёларимиз ҳаққи-ҳурмати устимиздан кўтариб, миллатимиз ҳурликка эришадиган кунларга оз қолган бўлсин! Омин…) Ҳар доимгидек ўзингни билимдон кўрсатиш учун оғзингга келганни вайсаб, шотирларингга зиёратгоҳни қандай қилиб таъмирлаш йўл-йўриқлари хусусида нутқ ирод қилдинг. Улар кўзларингга бақрайиб қараб турган бўлсалар ҳам, ичларида, мазкур ишлар учун ажратиладиган пуллардан қандай қилиб ўзларининг фойдасига чегириш йўлларини ўйлаб, бош қотирардилар. Шунда, шайтонинг қўзиб ҳар доимгидек, фавқулодда хотирангнинг зўрлиги билан атрофингдагиларни қойил қолдиргинг келди. Қайдандир, ёдингга Мухторжон домла тушиб, уни суриштира кетдинг. У аллақачонлар ўлиб кетган эди. Буни ўзингга ўхшаган бетовфиқ ва очофат Бухоро ҳокими Самойиддин ҳам, унинг теварак-атрофидагилар ҳам эшитмаган эдилар. Имомнинг гапидан ҳамма анг-танг қолди. Сен ўлганингнинг кунидан Мухторжон домаланинг оиласига ҳамдарлик билдирганинг каби, ич-ичингдан, “нима учун шуни сўрадим, ўзи? Бошқа бир нарса ўйлаб топсам, бўлмасмиди?!” дея, роса ўзингни ёзғирдинг. Сен ўзингнинг усулингга ўзинг чув тушганингни билиб турган эсангда, қолганларнинг хотиранг ва одамгарчилигинг зўрлигидан сохтакорона бўлсаям, сенга қойил қолаётгани, жонингга ёғдек ёқарди…

(Давоми бор)

Эргаш Сулаймон