“Шаҳидлар хиёбони”даги масхарабозлик (6)

“Шаҳидлар хиёбони”даги масхарабозлик (6)
26 views
03 December 2014 - 18:22

abc

Аммо, ажабланарлиси бу эмас. Ажабланарлиси, бир замонлар бутун бошли мамлакатда, Диний идора раҳбари, мўмин-мусулмонларнинг биринчи рақамли пешвоси бўлган бир кимса вафот этадию, унинг ўлими ҳақида на президент, на унинг Бухоро вилоятидаги шотирлари, на халқ билади. Муаммо, мустабид Каримов мустақиллиги ҳукумрон бир мамлакатда, мўмин-мусулмонларнинг не қадар нуфузга эгалиги, у вужудга келтирган одамхўр тузум учун инсоннинг жонсиз бир буюмча ҳам қадр-қимматга эга эмаслиги масаласи. Бу арзимас бўлиб кўринган лавҳадан президентнинг диндорларга бўлган муносабати қанчалар юзаки эканлиги, “халқим” деб айҳаннос солиб, жон куйдиришлари тагида сохтакорлик ва ёлғондан тикланган пойдевор турганлиги намоён бўлади.

Умуман, унинг риёкор бир иблис эканлиги исбот талаб этмаса ҳам, ҳар гал бу муаммо устида тўхталишимизнинг сабаби, унинг асл башарасини халққа янаям ёрқинроқ очиб бериш учун бир уриниш, халос. У бутун бошли миллатни дунёдан тамоман узиб қўйиб, кеча-кундуз унинг миясига ўзининг қаланғи-қасанғи сарқитларини қуюшга муккасидан кетган экан, одамларни буткул унинг таъсирига тушиб қолмаган деб, айтиш жуда ҳам қийин. Кимдир қоронғи зиндонда чорак аср ўтириб, гўзал бир ҳаётнинг турқи-тароватини тасаввур қилишдан маҳрум бўлганидек, кимларнингдир сурункасига унинг қутқусига учраб, дунёда бошқа бир турмуш тарзлар борлигини хаёлига келтиришдан маҳрум бўлиб қолгани ҳам бор гап.

Албатта, меҳнат муҳожирларининг кўпчиликлари бундай бебахтликдан мустасно бўлиб, миллатимизнинг умиди улардан эканлиги ҳам чин бир ҳақиқатдир…

Мухторжон домладек номи чиққан, Ўзбекистон тарихига яхшими, ёмон номи битилиб қолган бир шахс хусусида, у демакки, бепарво экан, оддий фуқаролар унинг кўзларига чумолича ҳам кўринмайди. Яна, бу масала, бир одамнинг битта ўзи ҳукмронлик қилган мамлакатда, раҳм-шафқат туйғуларининг самимий бўлмаслигини, инсон ҳақ-ҳуқуқларининг ҳар қадамда топталиб туриши, табиий ҳол эканлигини кўрсатади. Оммавий ахборот воситалари ва суд-ҳуқуқ тизимлари эркин, энг асосийси, омманинг тафаккур тарзи мустақил ва ранг-баранг бўлгандагина, халқ ўзи яшаб турган мамлакатда, нималар рўё бериб, нималар содир бўлаётганини билиб кўриб, воқеаларга реал муносабатини изҳор этиб туриши мумкин, ахир. Шунда, яхши ҳам, ёмон ҳам бир одамнинг дунёқариши қолипига урилиб, хоҳласанг шу, хоҳламсанг, бизнинг душманимизга айланасан, дейишига бировнинг юраги дов бермайди. Эркинлик бор жойда, инсонларнинг қадр-қиммати ошади. Ҳурлик ҳукм сурган гўшаларда меҳр-муҳаббат туйғулари куртак отиб, озодлик дарахти чечаклар очади…

Хуллас, “Шаҳидлар хиёбони”даги масхарабозликлар авжига чиқиб борарди. Қулоғи муфти Усмонхонда бўлсаям, дурбин тутган президентнинг кўзлари Амир Темурнинг отининг чотлари орасида эди. У нимага қарамасин, кўзи тушган ҳар нарса кўзларига отникига ўхшаб кўринаверарди. Рўё бўлиб кўринаётган бу нарса, аслида чин ҳақиқат бўлиб, унинг йигирма уч йилда қўлга киритган ютуғи, мана шулардан иборат эди. У кетига зўр бериб чираниб, тинмасдан ёлғон-яшриқ гапириб, ўзини ҳам бутун бошли миллатни ҳам чорак аср авраб, нималарга эришганини энди ҳис эта бошлаган эди…

“Ўзлик” учун унинг нималарни ўйлашининг ҳам, муфти Усмонхоннинг унга нима деб, ҳисоб бераётганининг ҳам қизиғи йўқ эди. У нинанинг учидек келадиган, аммо бутун юр езини нурга тўлдириши мумкин бўлган виждони олдида, ҳисоб бераётган эди.

Балким, у сўниб бораётган ёхуд энди балқиётган нарсанинг ўзи Виждон бўлиши ҳам мумкин эди. Балким, у Аллоҳ ўзи хоҳлаган гўзал бир аъмолимизнинг ўткунчи дунёдаги жонли суратидир. Балким, у бизнинг жаннатдаги қўшнимиз, жаҳаннам азобларидан асраш учун ёлланган қўриқчимиздир… Балким. Яна, ким билади!

Бу соатлар, унинг соати эди. Бунақа имкон олтмиш йилдан буён, шу лаҳзаларгача унга насиб этмагани каби бундан кейин ҳам насиб этиш-этмаслиги биргина Аллоҳга аён эди. Асосийси, у имкониятни қўлдан бой бермаслиги лозим эди. У шунинг учун олтмиш йилдан буён яшар, у олтмиш йилдан буён, айни дақиқаларни кутаётган эди. Биз шартли равишда “ўзлик” деб атаётган бу нур, ҳар бир миллатнинг ичида бўлмаса ҳам, ҳар биттамизнинг ичимизда бўлиши, Илоҳийнинг севимли махлуқоти бўлмиш – инсонни мукаммал яратганидан эди. Яратгувчининг меҳр-шавқати, чексиз қудрати ва мурувватидан эди.

“Ҳар бир миллатнинг ичида бўлмаса ҳам” дея, биз у ҳақида, балки хато қилаётгандирмиз. У инсонларнинг ичига азалида жойлаштирилган экан, демак унга тегишли нарсаларнинг барчаси халққа тегишли бўлиши ҳам мумкин-ку…

Бир сўз билан айтганда, биз “ўзлик” деб атаётган у нарса, бу ёруғ оламдан президент Каримов сингари ғофил бўлиб, жаҳолатнинг қоронғи кўчаларида тентираб юришдан қочмоқлик учун бутун шуурини бир нуқтага жам этганди. У ўзини Аллоҳ эшитиб, кўриб турганига қаттиқ ишонар, вақти соати етиб, бизларнинг Унинг олдида, юзиқора бўлиб қолишимиздан қўрқарди. У биз учун икки дунё соадатини Аллоҳдан тилаган ичимиздаги бир фаришда эди. Балким…

Биз “нарса” деётган нарсамиз, балким нарса ҳам эмасдир, балким, у ҳақиқий бир Шахсдир, идрокнинг жавҳари ё шамшир тутган бир Руҳдир… Билмадим… Аслида, бизлар нарсадирмиз, ўзимиз руҳимизнинг суратидирмиз, биз ўзимизнинг қулимизга айланган бир замонда, у ичимизга яширинган Ҳурлигимиздир, балким. Балки…

Аммо, у сўзлаётган эди. Уни президент Каримов эшитмаётган бўлсаям, муфти Усмонхон эшитиб, ўзини эшитмасликка оларди. Шундай қалтис бир вазиятда ҳалақит бераётгани учун ундан ғаши келарди. У президентнинг ҳурматига нойил бўлиш учун “ўзлиги”га тупириши керак эди…

Нимлар бўлаётганини сезиб турган Анвар қори эса, кўзларига дурбин тутган президентга қараб, ичидан зил кетар, муфти Усмонхонга боқиб, “етар, бас!” дегандек, тишларини қисиб, кўзларини олайтириб қўярди.

Тасвирга олаётган тасвирчиларнинг орқасида нималар рўй бераётганига ақли етмаётган Ортиқбой ҳам, жонини ҳовучлаб, қалтираб ўтирарди…

“…Ироқда нималар бўляпти?!” деганингга ўлайми? – дерди, кўзларига дурбин тутган президентга “ўзлик”. – Ироқда нималар бўлаётганини сен билан Саддам Ҳусайн билмаса, мен қайдан биламан? Иккаланг бир бўлиб, Исроилга яхши кўриниш учун мусулмон дунёсининг жиловини ота-ўғил Жорж Бушларга бериб қўйганларингдан кейин, бундан баттар яна нима бўлиши мумкин?
Умуман олганда, сенинг Ироқ билан неча пуллик ишинг бор? Шундоқ, ён қўшнинг-жон қўшнинг бўлган қозоғу қирғиз, туркману тожик билан муросайи мадора қилишга йигирма уч йилдан буён бўйнинг ёр бермайди-ку, қайлардаги Ироқни гапирасан. Ироқдаги жангу жадаллар бир кун келиб бошингга тушишидан қўрқаётган экансан, қўни-қўшниларинг билан яхши бўл. Бир мушт бўлиб, бир ёқадан бош чиқариб ҳамкор бўл, кучли бир иттифоқ тузиш тадорикини кўр. Фуқароларга ҳақ-ҳуқуларини қайтариб бер!

Сенинг ҳеч қачон бундай қилишни хоҳламаслигингни биламан. Ўлсанг ўласан-ки, яҳудий муаллимларингнинг гапидан чиқа олмайсан. Чунки, қўшнилар билан иттифоқ бўлсанг, қўшниларинг Ўзбекистонга, ўзбекистонликлар уларникига кириб-чиқиб юриса, сен ҳокимиятни қўлингдан бой бериб қўйишинг муқаррарлигини яхши англайсан. Сен фикрлайдиган, тараққиётга муккасидан кетган халқни бир соат ҳам идора эта олмайсан. Сенга ҳақ-ҳуқуларини яхши биладиган, сиёсий фаол, ор-номусли фуқаролар эмас, мишмишларга юз тубан кетган, афсоналар ва енгил-елпи фикрлашга мойил, қадр-қимматини билмайдиган, ўзини яхши кўрадиган, аммо ҳурмат қилмайдиган ҳавойилар керак. Мана шунақалар бўлмаса, сенинг кунингга маймунлар ҳассага таяниб йиғлайдилар. Чунки сен бахтсиз, шуурсиз, бош косаси ҳасад ва миннат билан билан тўлдирилган манглайқорасан. Аросат дунёсида адашиб юриган рули йўқ, эшкакларини сув оқизиб кетган чирик кемасан. На оқимга қарши суза оласан, на ихтиёрингни оқимга беришга кўнасан. На атрофингда сузиб юриган кемаларга устингдаги юкларни ортишга қўясан. Бурнига гўгийин кирган харакаш эшакдек, турган жойингда, депсиниб турверасан. Ойларнинг, йилларнинг ўтиб кетгани билан ишинг йўқ. Устингга ортилган юклар ириб-чириб йўқ бўлиб кетадими, ғаниматга берилган умрлар оловингга ёниб, кулинг билан ҳаволарга совуриладими, сени қизиқтирмайди. Қандай бўлмасин, сен Туронзаминни уйғотиши мумкин бўлган ўзбекларни аросатда ушлаб туриш учун президентлик тахтига ўтиргансан. Турон замин уйғонса, бутун мусулмон олами уйғонишини яхши биладиган ҳомийларинг, шунинг учун ҳам сени кўзларининг қорачуғларидек асрайдилар. Улар ҳеч қачонда, мусулмон оламининг “Соадат асри”дагидек тараққий этишини, исломнинг бутун башариятга, ер юзига қуёш сингари зиё таратишини хоҳламайдилар…

(Давоми бор)

Эргаш Сулаймон