«Ул Ҳақнинг сўзини айтади…» (4)

«Ул Ҳақнинг сўзини айтади…» (4)
57 views
04 December 2014 - 17:35

333Суймоқ билан сайт

Ишқнинг ўти хуруж олиб бородир,
Ҳеч сўнмайди ёрни дил суймоқ билан.
Қайта бошдан дард отига отланар,
Йўлимдан кетмайди қувламоқ билан.

Бадасилда ақл бўлмас, дард бўлмас,
Минг тулки йиғилса бир бўри бўлмас,
Номард киши то ўлгунча мард бўлмас,
Таъриф айлаб, уни мақтамоқ билан.

Яхши йигит қадрин ўз эли билмас,
Бошига иш тушса, ёнига келмас,
Ул мард йигит, зорлар, дарди камаймас,
“Ё, элим” деб, Ҳаққа дод солмоқ билан.

Балиқчилар айтар: “Овдан тўйим йўқ”,
Номард меҳмон кўрса, деяр, “Уйим йўқ”,
Бил, инсон ўлгунча молдан тиним йўқ,
Тўйиб ейиб, яхши кийинмоқ билан.

Айтинг дўстлар, замин қачон қонармиш,
Ёмон ният билан феъллар озармиш,
Одам ўғли гўрга кириб тинармиш,
Омонатин Ҳаққа ул бермоқ билан.

Дунё, ақлим етмас, бўйла озорсан,
Қўлсиз тутарсан-да, ипсиз осарсан,
Фироғий, тилинг тий, тилни кесарсан,
Оқ тўн кийиб, ерга лол кирмоқ билан.

Кечиргил, бизни

Расул куёвидир, ул арслондир,
Ё, имом Али чун кечиргил, бизни.
Чашми чироғидир, нури кўзгудир,
Ё, имом Ҳасан чун кечиргил, бизни.

Ёлғон дунё кимга қилди вафони,
Охиратда олар, сурар сафони,
Зулм ила берди ул Язит жафони,
Ё, имом Ҳасан чун кечиргил, бизни.

Насри Сайёр, Марвон Ҳаким даврида,
Имомлар қолдилар жафо жабрида,
Чохга оттирдилар Дамашқ шаҳрида,
Зайнилобиддин чун бағишла, бизни.

Тенқурлар ёнида бир бекамолман,
Ошиғи Мажнунман, синиқ, беҳолман,
Хуросон сийнаси, дарди уммонман,
Ё, имом Ризо чун кечиргил, бизни.

Имомлар ишқида менга бергин, жом,
Тилимни ечайин, айтайин калом,
Аллоҳим беҳожат, Фотима қиём,
Муҳаммаднинг ҳаққи, кечиргил, бизни.

Дунёда тортдилар юз дарди, доғни,
Маҳшар кун минарлар сайлаб Буроқни,
Ҳақиқат йўлининг шами, чироғи,
Муҳаммад йўлида кечиргил, бизни.

Фотима-Зуҳродир анинг онаси,
Зотида заррача йўқдир гуноҳи,
Ҳумоюн тоғидир охир биноси,
Муҳаммад пойида кечиргил, бизни.

Камоли фалакдан, ошибдир аршдан,
Ота-бобосидан айрилмас тождан,
Уч каромат бирлан қолди Ҳажжождан,
Ё, имом Жаъфар чун кечиргил, бизни.

Ким билар ишида қандайин сир бор,
Ақллар етишмас, Қудратли Жаббор,
Душманингга дўстни этдинг гирифтор,
Ё, Мусо Козим чун кечиргил, бизни.

Яқин кўнгил бирлан муҳташам банда,
Ёдингдан айирма токи мен зинда,
Номи кундан машҳур бўлмиш жаҳонда,
Ё, имом Асқар чун кечиргил, бизни.

Қоф тоғида йўл очилса Яжужга,
Дунё юзи тўлар зулмли кучга,
Замон охирида келар хуружга,
Ё, соҳибзамон чун кечиргил, бизни.

Махтумқули айтар, мен хоки, пойман,
Имомлар йўлида жони фидоман,
Камина бандаман, қалби, гадоман,
Ё, Аббос Али чун кечиргил, бизни.

Бўлмасдан бурун

Эй, кўнгил, бўлгин бедор, бемор бўлмасдан бурун,
Бу азиз жонинг тўшакда хор бўлмасдан бурун,
Кўзингга бу ёруғ олам тор бўлмасдан бурун,
Жонингга ажал шери хунхор бўлмасдан бурун,
Жисми озодинг лаҳатда зор бўлмасдан бурун.

Ташлаб ёлғиз бошингни қабр ичида шул замон,
Қавм-қардошинг бари, қайтиб келиб чекса фиғон,
Лек, сендан не ўтарин билмагай ҳеч ким аён,
Бас, бу дам қилгин фикрин, ул уй сенга бўлмай макон,
Андоқ-ки, ҳолат сенга дучор бўлмасдан бурун.

Ўзингдан ўзга билмас ундаги аҳволингни,
Барчадан қўлинг ювиб, кетганинг, аъмолингни,
Ким билар икки фаришта бирлан қил-қолингни,
Талон этар тириклар, ортда қолган молингни,
Қил тафаккур, шундай иш изҳор бўлмасдан бурун.

Не ўйинг, қабр азобидан етишса нору нор,
Келсалар, озода жисминг емоққа муру мор,
Аларким, солмагайлар сенинг зорингга назар,
Яхшилик ҳамроҳ қил, бу дам қўлингда ихтиёр,
Зах тупроқнинг остида ночор бўлмасдан бурун.

Бир замон андиша қил, бошда савдо кўп бўлар,
Жон бозорида юз минг шўри, ғавғо кўп бўлар,
Кимсанинг жаннат маъвоси, маъалло кўп бўлар,
Тортганда вазни аъмолингда расво кўп бўлар,
Йиғла, бу кун ҳолатинг душвор бўлмасдан бурун.

Кўзларинг ёшга эзиб, зарби қиёмат ёт қил,
Тур, саҳар ёд эт Худони, уйқуни барбод қил,
Охират маъвосини эҳсон билан обод қил,
Гар қўлингдан келса, бир ғамгин кўнгилни шод қил,
Ки сенга у кун юрак, афкор бўлмасдан бурун.

Йиғлагин, вақти сафар, рихлат чоғи тайёр бўл,
Эътироз этгил ёмондан, яхшиларга ёр бўл,
Фоний айлаб, ўзлигингдан воқифи асрор бўл,
Хоби, ғафлатдан кўзинг оч, доимо ҳушёр бўл,
Кўзларинг рўзи жазо, хунбор бўлмасдан бурун.

Ихтиёрингни олиб, шайтон билан нафси, ҳаво,
Солди бошинг косасига ҳеч туганмас можаро,
Айламас ул соатда андиша рўзи жазо,
Қолгуси неча тутсанг, дўсти бўл дорулфано,
Хайр қил, Соҳиб анга ағёр бўлмасдан бурун.

Ногаҳон етса ажал, бермас сенга бир дам омон,
Бу ширин жон аччиғидан қилгайсан шўри, фиғон,
Молу мулкинг қутқаролмас сени у дам бегумон,
Бу ҳаётинг ичра ҳосил қил, ризоликдан макон,
Ҳар нафас то оҳу оташ ёр бўлмасдан бурун.

Айла фикр, ота-онанг, қариндошинг қайдадир,
Ҳар не иш ичра сенинг ҳамроз ёринг қайдадир,
Рози дилларни деган розидонинг қайдадир,
Ажалга ўлжа тушган дилафкоринг қайдадир,
Фикр қил, андоқ сенга кирдор бўлмасдан бурун.

Жон кетарин кутмасдан уқба ишин оғоз қил,
Истасанг аҳли сафони, ўзингни дамсоз қил,
Аҳли дил жамини топгин, тарки ҳирсни соз қил,
Аҳли дунё жумласидан ўзингни мумтоз қил,
То сенга ғам хирмони харвор бўлмасдан бурун.

Обдан эшитдинг ёниб, доим пушаймон айлагил,
Ёд этиб рўзи қиёмат, кўзни гирён айлагил,
Оҳу оташбар ила чоки гирибон айлагил,
Қадри вазнингга муносиб хайру эҳсон айлагил,
Қилганинг маҳшар аро изҳор бўлмасдан бурун.

Журму исён аҳлида борму менингдек, ё Илоҳ,
Доимо оламда қилган ишларим бари гуноҳ,
Мақсадим дарёси ичра ғарқман, ҳолим табох,
Лек, билмишман, Сени кўнглим аро пушти паноҳ,
Раҳм қил, устихон ёниб, нор бўлмасдан бурун.

Воҳ-ки, қилмишдир мени жом жаҳолат асру маст,
Чунки, айлабдир ҳаво занжири бирлан пойи-даст,
Бир бутнинг қўлида саждага қадамимни паст,
Қутқариб, ундан мени халос эт, азмингда, бас,
Токи белим фатоси зуннор бўлмасдан бурун.

Лутф этиб, бергил, Худо, яхшилар ичра ватан,
То дунё бирдам алар бирлан, муборак – анжуман,
Қутлуғ нафаслар бирлан даъф айласа, озодман,
Нафснинг гарданига тушсин шикан узра шикан,
Улфатим то кофири дайёр бўлмасдан бурун.

Ҳеч зое топмай ҳақиқат лазатидан чошни,
Қўшмади ҳеч бир ҳидоят аҳли бирлан бошни,
Кўҳи ҳасратдан олиб, кўксимга урмай тошни,
Тотадирман, халқ аро юз минг ҳақорат ошни,
Бер менга товфиқ, улус озор бўлмасдан бурун.

Қилдилар нафси ҳаво, беҳад менда макру фириб,
Кимга назар қилсам, ўзимга тушмиш ҳоли, ажаб,
Айлагил, дўстлардан шафоатни қулингга насаб,
Қил дуо, Махтумқули, Раб этсин, дуонг мустажоб,
Бунда қилган ишларим изҳор бўлмасдан бурун.

МАХТУМҚУЛИ

Туркманчадан Мақсуд Асрор ўзбекчалаштирди