Ўзбек армиясининг аҳволи қандай?

Ўзбек армиясининг аҳволи қандай?
38 views
05 December 2014 - 5:00

7Global Firepower Index (Ҳарбий салоҳият бўйича дунё рейтинги) рейтингида Ўзбекистон қуролли кучлари 106 та давлат орасида 48-ўринни эгаллади, дейилади vesti.uz сайтида эълон қилинган мақолада.

Собиқ иттифоқ ҳудудида ўзбек армияси Россия (2-ўринда) ва Украина (21-ўринда)дан кейин 3-ўринни эгаллаган.

Албатта бундай рейтинглар фақат ахборот берувчи аҳамиятга эгадир, яъни моҳиятига кўра турли кўрсаткичларнинг механик йиғиндисидан иборат: армия сони, турли хил ҳарбий техника сони, молиялаштириш ва ҳоказо. Бу каби рейтингларда аскарлар ва офицерларнинг малака даражаси, ҳарбий техника ҳолати, жангчиларнинг руҳий ҳолати каби муҳим омиллар ҳисобга олинмайди.

Шуларни ҳисобга олган ҳолда мақола муаллифи Ўзбекистон қуролли кучларининг ҳақиқий ҳолати ва ривожланиш истиқболларини таҳлил қилишга ҳаракат қилади:

“Ўзбекистон қуролли кучлари Жанубий-Ғарбий, Шарқий, Марказий ва Шимолий-Ғарбий ҳарбий округлар ва Тошкентдаги тезкор қўмондонликдан иборатдир.

Ўзбекистон қуролли кучларининг сони, The Military Balance (2013 йил маълумотлари) ишончли манбалари маълумотларига кўра 48 минг кишидан иборат. Шундан 24,5 минг киши қуруқликдаги қўшинларда, қолганлари эса ҳаво ҳужумига қарши мудофаа (ПВО), ҳарбий ҳаво кучлари (ВВС), Махсус отряд ва Миллий гвардияда хизмат қилади. Эътиборли жиҳати, 2000-йиллардан бошлаб мамлакат қуролли кучларидаги штатларнинг босқичма-босқич қисқартириб борилиши кузатилади. Бугунги кунга келиб эса уларнинг сони 80 мингдан 48 минга туширилган.

Бундай сон учун мамлакатнинг ҳарбий бюджети жуда катта – тахминан 1,8 млрд. АҚШ долларига тенг. Ўзбекистон ҳарбий блокларга аъзо эмас, 2012 йилдан бошлаб КХШТ даги аъзолиги ҳам тўхтатилган.

Қуруқлик қўшинлари
Ўзбекистон қуруқлик қўшинлари тасарруфидаги деярли бутун ҳарбий техника советлар замонидан қолган. Ўзбек армиясига йирик миқдордаги оғир қуроллар етказиб берилгани ҳақида ҳеч қандай маълумот йўқ. Бор нарсанинг барчаси СССР армиясидан мерос бўлиб қолган. Эски техника капитал таъмирга муҳтождир ва қисман модернизация қилинмоқда. Армия тасарруфида қуйидаги техникалар мавжуд:
1) Танклар — 70 та Т-72, 100 та Т-64 ва 170 та Т-62 (жами 340 та)
2) Қуруқлик ҳарбий машиналари (БМП) ва зирхли машиналар (БТР) — 120 та БМД-1, 13 та БРДМ-2, 9 та БМД-2, 270 та БПМ-2, 50 та БТР-Д, 24 та БТР-60, 25 та БТР-70, 210 та БТР-80, 6 та БРМ (жами 717 та)
3) Ўзи юрар артиллерия — 54 та 120мм САУ 2С9 «Нона-С», 18 та 122мм САУ 2С1 «Гвоздика», 17 та 152мм САУ 2С3 Акация, 2С5 Гиацинт-С; 48 та 203мм 2С7 Пион (137 та)
4) Шатакка тортиладиган артиллерия — 60 та 122-мм гаубиц Д-30, 140 та 152-мм пушкалар 2А36 Гиацинт-Б (200 та)
5) Бараварига отиладиган реактив тизим — 60 та 122мм РСЗО БМ-21 «Град», 48 та 220мм РСЗО БМ-27 Ураган
6) Тезкор-тактик ракета мажмуалари — 5 та ОТРК Точка (таянч модификацияда — 120 км.га отадиган Точка-У дан фарқли равишда максимал отиш узоқлиги 70 км).

Ҳарбий-ҳаво кучлари
Мамлакатнинг ҳарбий ҳаво кучлари ёмон таъминланмаган, бироқ, техниканинг қоғоздаги сонига қаралса уларнинг барчаси ҳам учадиган ҳолатда эмас. Су-17 каби эски машиналарнинг мавжудлиги инобатга олинса 100% техниканинг жанговар ҳолатда эканлиги ҳақиқатдан йироқдир. СССР тарқалганидан сўнг ҳеч қандай жиддий равишда техника етказиб бериш амалга оширилгани йўқ.

Хабарларга кўра, 2013 йилда Airbus Helicopters билан қиймати 180 млн. евролик шартнома имзоланган. Ушбу шартнома Ўзбекистонга олтита Cougar вертолёти ва ўнта Fennec енгил вертолётини сотишни назарда тутади. Бироқ, афтидан битим Олмония тарафидан тўхтатиб қўйилган.

2014 йилда Хитойдан американинг MQ-1 Predator дронлари нусхаси бўлган бир нечта Pterodactyl зарба берувчи дронлари сотиб олинди.

Ҳарбий ҳаво кучлари тасарруфида бугунги кунда қуйидаги техникалар мавжуд:
1) Қирувчи самолётлар — 25 та Су-27 кўп мақсадли қирувчи самолётлари, 30 та МиГ-29 кўп мақсадли қирувчи самолётлари, 26 та Су-17 бомбардимончи қирувчи самолётлари
2) Штурчилар ва бомбардимончилар — 34 та Су-24 фронт бомбардимончилари, 20 та Су-25 штурмчилари
3) Жанговар вертолётлар — 52 та Ми-8 кўп мақсадли вертолётлар, 29 та Ми-24 жанговар-транспорт вертолётлари

Ҳаво ҳужумига қарши мудофаа
Ҳаво ҳужумига қарши мудофаа (ПВО) Ўзбекистон армиясининг зайиф томонларидан биридир. Ҳаво ҳужумига қарши мудофаа сифатида эскириб қолган ЗРК, С-75, С-125 ВА С-200 каби кўчувчи зенит-ракета мажмуалари бор. Уларнинг барчаси фақат статистика мажмуалари холос, замонавий шароитларда замонавий ҳарбий ҳаво кучлари билан ушбу мажмуалар тизиминги осонлик билан бартараф қилиш мумкин.

Жанговар тажриба
Ўзбекистон армиясида жанговар тажриба деярли йўқ. Ҳарбий машғулотлар ҳам онда-сонда ўтказилади”.

Юқоридаги кўрсаткичлардан келиб чиқиб муаллиф Ўзбекистон қуролли кучларининг ҳолати бўйича қуйидагича хулоса қилади:
“Ўзбекистон қуролли кучлари ҳақиқатан Марказий Осиёда энг кучли ҳисобланади. Бироқ унда ривожланишнинг йўқлиги, амалда деярли қотиб қолганлиги Қозоғистон армиясини Ўзбекистон армияси билан минтақада етакчилик учун рақобатлаша оладиган ҳолатга олиб келди. Марказий Осиёнинг қолган давлатлари бу борада ҳали анча орқада. Илк навбатда кўзга ташланадиган нарса – янги техника сотиб олишнинг йўқлиги ва жуда эскириб кетган техниканинг модернизация қилинмаганлигидир. Ўзбекистоннинг кам сонли армияси бюджети катта бўлишига ва ҳарбийларга бериладиган маошларнинг озлигига қарамасдан қуролли кучлар ҳолатида ҳеч қандай ижобий ўзгариш йўқ. Буларнинг барчаси ушбу соҳада ҳам коррупциянинг илдиз отганлиги ва молиявий ресурсларнинг мақсадсиз ишлатилаётганидан далолат беради”.

ЎХҲ ахборот бўлими