21.12.2014: Бизга нима беради, биз нимага эришмоғимиз шарт?

21.12.2014: Бизга нима беради, биз нимага эришмоғимиз шарт?
69 views
05 December 2014 - 16:27

1

Душманнинг заиф жойидан огох бўл,
              -мағлуб этмоқлик учун,

Душманнинг устун жойидан огох бўл,
              -мағлуб бўлмаслик учун…

Ўзбекистон ҳукумати шунчалар ўзига ишонч билан бино қўйдики, халқ –халқ эмас, ҳаттоки қўй ҳам эмас(ахир қўйга ҳам емини вақтида бермасангиз, тинмай барайди-овози ўчмайди), халқнинг нафақат қўл оёғи, балки кўз-қулоғи-ю онг тафаккурини ҳам ўз эртаклари ва қахру-қатлиони билан жодулаб кишанбанд қилиб ташлаганлигига ўта ишониб кетганлигидан, матбуотда тинмай, ҳеч бир ўй ва хадиксиз, фуқаролардан: -Конституциявий хуқуқларидан фойдаланган ҳолда, фуқаролик бурчини бажарган ҳолда, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик Палатасига ва вилоят, шахар, туман кенгашларига муносиб депутутлар сайланишида фаол иштирок этишларини, бунинг билан ватан равнақи ва ўз келажаги учун, Ўзбекистонда қонун устиворлиги таъминланган фуқаролик жамияти қурилишида сиёсий фаолликни намоён этишларини ташвиқот этмоқда.

Мазкур ташвиқотлар, еттиюзламачилик сиёсатининг навбатдаги ҳийласи эканлигини тушунмаган, содда ақлига ҳам сиғдира олмаган, ҳар қандай чет элликнинг ишониши ва оғзининг таноби қочиши тайиндир…

Демак муносиб жавобни фақат ва фақат биз ўзимиз беришимиз, ҳақиқатнинг кўзини очишимиз лозим, ҳукуматки хушёрликни йўқотаётибди экан, биз нима қилмоғимиз керак, изоҳчи -«Анти Каримга ўхшаб, фойдаси бўлармикан» -деб иккиланишимиз керакми, ёки ўз эркимиз ва хақ-ҳуқуқимиз учун курашмоғимиз лозимми???…
Ота-боболаримиз, бундай вақтда, –«чотингда безинг борми» -деб сўраган эканлар!…

Энди бугунги мавзу мақсадимизга кўчсак, 21.12.2014 йилдаги сайловдан биз нима олишимиз лозим, ёки бизга сайлов келажакда нима бермоғи лозим:
Адашмасам, 1994 йиллар эди, ҳали том маънода ўзбек халқининг ҳақиқий жонкуяр вакиллари Шоврух Рузимуродовларга ўхшаган жонли депутатлар бор эди. Бир Мажлисда, бир депутут туриб: – Нима учун Ўзбекистон олтинлари, Ўзбекистон номидан эмас, Каримов номидан Швецария банкларига топширилаётганлиги юзасидан эътироз билдириб, Парламент аъзоси сифатида Президентдан сўров талаб этганлиги эсимда.

Ҳа, бу эртак эмас, балки ўзимизнинг яқин ўтмишимиздаги, ўзимиз сайлаган, ўзимизнинг ўзбек депутатимиз эди!

Шунда Каримов, Парламент аъзосининг сўровига жавоб беришга мажбур бўлганлигидан, шундай жавоб берган эди: –«Эмишки, агарда Швецария банкига Давлат номидан олтинлар топширилса, у ҳолда йилига 3% устама қўшилиши, агарда жисмоний шахс номидан топширилса, қўшимча яна 2,9% бонус ҳам қўшилиши ва ушбу олтинлар 2000 йилга бориб неча-неча миллиард доллар фойда келтириши ҳақида» оғиз кўпиртирган эди.

Бугун биз, 2015 йилнинг остонасидамиз, тасаввур қилиб кўрингчи…

Минг афсуски шундан кейин жонли депутатлар ўрнини жонсиз қўғирчоқлар, аниқроқ айтилганда тирк мурда-Зомбилар эгаллаганидан буён сукунат, ўша олтинлар қани, бонуслар қани, яна қанча олтинлар қўйилди ёки йуқ қилинди, ахир бунинг барчаси халқнинг мулки бўладида…

Мана, 21.12.2014 йил бизга нима бериши керак, Халқ учун асл жонкуяр Шоврухлар керак!

Олтин масаласига ойдинлик киритиш учун шуни айтаманки, Швецария Банкларига қўйилган жаноб Каримов номидаги миллиардлар баҳосидаги олтинларни, Швецария банклари ҳеч кимга ҳисобини ҳам беришмайдилар. Бунинг учун, айнан Парламент томонидан махсус комиссия тузилиши ва у комиссия мазкур олтинлар жаноб Каримовнинг хусусий олтин конларидан олинган ва хусусий заводларида тайёрланган шахсий олтин жамғармалари эмаслигини, аксинча ўзбек халқининг мулки эканлигини исботлаб беришлари лозим бўлади. Ахир ростдан ҳам ўзбек халқининг мулки эмасми?

Мана биз, 21.12.2014 йилги сайлов-спектаклини барбод қилиш билан нимага эришмоғимиз лозим ва том маънода халқ сайловини ҳақиқатда ўтказилишига ҳаракат қилишимиз шарт.


Шунингдек:

“Нима учун ўзбек боласи юргакда совуқ қотмоқда, чин боласи роҳат олмоқда?”

“Ўзбек ҳукуматининг навбатдаги ҳийласи, нимадан иборат?”

“Қирғиз жанубида ГАЗ йўқ, Ўзбек жанубидан САС йўқ, нима қилмоқ керак?”

“Ҳукуматнинг, омонотга хиёнатига қарши нима қилиш лозим?”

“Депутат ҳалқ вакили бўлиши учун кимни ва қай йўсинда сайлашимиз керак?”


–лиги хақида кейинги мақолаларда бафуржа юзлашамиз деган умиддаман, Оллоҳнинг хоҳиш иродаси билан.

Худди мана шу каби ва бошқа муаммоларни ҳал этмоқлик учун ҳам, бизга айнан халқ томонидан сайланадиган ва халққа ҳисобдор бўлган жонкуяр вакилларни вакиллик органларига сайлашимиз лозим, албатта бу ишни 21.12.2014 йилда амалга оширишнинг ҳеч ҳам иложиси йўқ. Шунинг учун мен албатта сайловга бораман ва барча номзодларга қора крест қўяман, сиз ҳам ўйлаб кўринг, бу ҳар бир инсоннинг ўз эрки ва виждон амрига боғлиқдир, иккиланган икки жойдан қуруқ қолар экан.

Чунки, 21.12.2014 йилда сайланган-тўғрироғи тайинланган депутутлар, уларни ким тайинлаган бўлса айнан ўшанга қараб эгилиб букилиши, оддий халққа қайишмаслиги муқаррардир. Шунинг учун ҳам, депутутларни халқ сайлаши ва улар халққа ҳисобдор бўлмоқлиги лозим.

Холдор Равшан