90-йиллар шеърияти (3)

90-йиллар шеърияти (3)
91 views
08 December 2014 - 13:34

12Кимда бор…
Кимда бор, Фитратнинг фикрати бугун?
Кимда бор, Чўлпоннинг ўтли нафаси?
Адолат олдида, шоирлар забун,
Адиблар ижоди – тузум қафаси.

Шўронинг лофчиси Ғофур Ғулом ҳам,
Дурустроқ, сўз айтган бугундан кўра.
Ниқобин ечмаган Абдулла Қаҳҳор,
Бўлолган ҳар ҳолда пайтида тўра.

Мустақиллик даври ижодкорлари
Маддоҳлик қилишга ярамас, ҳатто.
Ялтоқланишлардан ўтолмас нари,
Минбардан айтолмас, фикрин бехато.

Лутфийни замона тушида кўрар,
Навоий ҳақида сўз айтмоқ, уят.
Ҳар ҳолда, Беҳбудий тирик бўлганда,
Бунчалар, паст тушмас эди бу миллат.

Аросат
Замонанинг иши – фириб ва тониш,
Соялар ўсади лаҳзалар сайин.
Элнинг зиёлиси – махфий падаркуш,
Миллатнинг пайини кесади ўғрин.

Неча аср ўчган ақл чироғи,
Асрлардан буён тунлар юлдузсиз.
Ўтган дайди ҳар ўтоқнинг қўноғи,
Бизнинг осмонлардан ой кечар, изсиз.

Қўй гунграйди, элдан нидо чиқмайди,
Йигитлардан марду фидо чиқмайди,
Хотин топиб, эрлар бўлдилар, гунг лол,
Ер ёрилиб, “дод” деб, садо чиқмайди.

Бир томонда, Помир туради, хомуш,
Бир томонда, Тангритоғнинг боши хам.
Неча замон Амударё кўрар туш,
Сирдарёнинг ичи тўла дард, алам.

Ғафлат уйқусидан уйғонмас миллат,
Тонглар отар, очилмайди юз-кўзи.
Бизни босди, сонсиз қусур ва иллат,
Қуриб битди, юртнинг дарё, денгизи…

Фуқаролар…
Фуқаролар бўлса агар очиқ кўр,
Номига ўтади ҳар ўтган тадбир.
Мамлакат ҳаёти ўпирилган гўр,
Президент бўлар, жоҳил, такаббур.

Давлат иши – бошбошдоқлик, тескари,
Халқнинг хоҳиш-иродаси бермас иш.
Амалдори фириб бериб, аксари –
Эпсизликдан, бир-бирига қайрар, тиш.

Ҳушёр бўлса, мамлакатда фуқаро,
Меҳр туяр, нурдан мосуво дил ҳам.
Юк зўридан ростланади, ниятлар,
Чин сўзлайди, обдон чайналган тил ҳам.

Топталмайди, инсонларнинг ҳуқуқи,
Ҳар бир қалбда қадр топади, қонун.
Шайланмаса, юрт ишига халқ токи,
Ҳаётидан ҳеч ким бўлмайди мамнун…

Афсоналар
Ўзбекни майна қилган
Афсоналари, ўлсин.
Афсоналар тўқиган,
Девоналари, ўлсин.

Пашшадан фил ясаган,
Халқидан тил ясаган,
Соя-салқинда ётган,
Ягоналари, ўлсин.

Фарқламаган кўмирни,
Тупроқ, олтин, темирни,
Ноннинг гулини еган,
Дурдоналари, ўлсин.

Ўлсин мулло, олими,
Яшайверсин, золими.
Эртани, “буюк” деган,
Мардоналари, ўлсин.

Кўпайсин, афсоналар,
Наф топсин, бегоналар.
“Вой, элим” деб, йиғлаган,
Парвоналари, ўлсин.

Хулоса
Искандар, Дорони менсимай, нетмай,
Йўқлик денгизида, чайқалар рўё.
Чексиз вақт измида, ҳадсиз бўшлиқда,
Киприкдаги ёшдек, титрайди дунё.

Мангулик шаҳрига интилар одам,
Хаёл оғушида, йўқсизлик аро.
Писта пўчоғидан ясалган кема,
Ишончли йўл олар, карвондек зеро.

Аслида одамзод ўтириб, ерда,
Тонналаб қоғозга қонунлар ёзар.
Бир-биридан хато қидириб, топиб,
Ўзи ҳукм ўқир, сўнг ўзи осар.

Фирқалар тузмоққа дастурлар тўқир,
Аламбалоларга бўлади аъзо.
Қўли қисқаларга пировардида,
Йўқ жойлардан ўйлаб, топади жазо.

Аслида билмайди, йўқликлар аро,
Ўзининг йўқлигин, ул бахтиқаро.
Бир-бирига тузоқ қўяди, зимдан,
Бир-бирини зимдан, айлайди пора.

Кенгайиб, боради, қамоқхоналар,
Одам овловчилар – одамлар ўзи.
Қийноқларнинг ҳар кун, турли-тумани,
Айтилмай, қўлланар, бошлиқлар сўзи.

Искандар, Дорони менсимай, нетмай,
Дайр денгизида, чайқалар рўё.
Йўқсизлик ичида, йўқсизлик аро,
Йўқларнинг қўлида туби йўқ дунё.

Сафо Турон