Аччиқ айрилиқ…

Аччиқ айрилиқ…
131 views
12 December 2014 - 16:06
7

Гулнора Равшан

Кузнинг сўнгги ойи – ноябр… Бурса шаҳридаги мева ва сабзавот бозорларининг бирида савдо-сотиқ авжида. Олти яшар қизим Дилошуб билан у ёқтирган мева – анор, менга эса қизилча олиб бозордан чиқдик. Қизилчани кўпроқ истеъмол қилишни менга таниқли биолог олима Ойдин Солиҳ тавсия қилганди. Шу кунгача бу сабзавот турини таниб, унинг инсон организмига фойдасидан хабарим бўлган, бироқ, унинг фавқулотда таъсирини билмаган эканман…

Бозор яқинидаги маршрут-такси бекатида навбат кутиб тургандик. Ойдин хонимнинг котибаси Наргис телефон қилиб қолди. Овози бўғиқ, ўзини йиғидан тияолмасди. “Наргис, тинчликми, нима бўлди, гапирсанг-чи?”, дея бир неча марта такрорлаганимдан кейин у “Гул абла, Айдин ханими қайб этдик”, деди.

Совуқ хабар ортидан бошимга урилган зарбадан кўзларим тинди, назаримда дунё бир дам гардишдан тўхтади, қўлимдаги мевалар ерга тўкилди… Бурсанинг серқатнов кўчаларидан ҳиссиз юриб борар эканман Ойдин Солиҳ билан бўлган илк ва кейинги учрашувларимиз кўз ўнгимдан кино лентаси сингари ўтарди…

Самимий суҳбатдошим, онам сингари меҳрибон инсонни йўқотиб қўйганимга ҳеч ишонгим келмасди. У кишининг саломатлиги кейинги вақтлар ёмонлашгани айтилса-да, лекин ҳар ҳолда тузалиб кетишига умид катта эди. Аммо афсус…

“Ойи бекорга йиғлаяпсиз, зотан доктор хоним жаннатга кетдилар”. Олти яшар қизчамнинг бу иддаосидан ҳушёр тортдим.

Туркияга келганимизда бу қизалоқ тўрт ёшда эди. Ойдин Солиҳни болаларим “доктор хоним”, деб аташарди.

“Сен қаердан биласан”, дея ажабланиб сўрадим қизимдан. “Э, биламан чунки, доктор хоним кўп одамларга ёрдам қилган, бизга ҳам. Одамларга яхшилик қилиб яшаган одам албатта жаннатга кетишини бизга истанбуллик Айше ўқитувчимиз айтган”, деди қизчам. У буларни жуда жиддийлик билан айтди.

Тўрт-беш ёшидан яхшилик билан ёмонликни фарқлай олган, Ойдин Солиҳнинг инсонларга, хусусан бизга яхшилигини унутмаган бу боланинг гапида жон бор.

Дарвоқе, Туркияга ризқ илинжида келган ўзбекистонликларнинг кўпчилиги Солиҳлар оиласига ёрдам учун мурожаат қилганидан хабарим бор. Ойдин Солиҳ шундайларнинг аксариятига беғараз ёрдам берганини ҳам яхши биламан. Туркияда ижарага уй олиб қийналиб қолганларга ҳатто кўрпа-тўшак, уй-рўзғор буюмлари билан ёрдам қиларди. Оиласидан бирор кишини даволашга олиб келганларга эса албатта текин тиббий хизмат қиларди. Аммо кўп ҳолатларда “раҳмат” ўрнига шукрсизлик қилиб кетганларини кўрганимда асабийлашардим. Ойдин опа эса, “мен бу ишларни фақат Иброҳим алайҳиссалом миллатидан бўлганим учун қиламан”, деб ширингина жилмайиб қўярди.

Дарҳақиқат, Ойдин Солиҳ бу дунёнинг фоний эканини яхши англаган ҳолда ўзи учун яшамади. У фақат инсонлар хурсандчилиги учун елди-югирди. Бугунги кунда турк жамиятида ўзбек аёли, ўзбекистонлик олима Ойдин Солиҳ Туркия Соғлиқни сақлаш тизимида жуда катта бурилиш ясагани эътироф қилинмоқда. Замонавий тиббиёт хизматидан воз кечиб Ойдин Солиҳ йўлга қўйган Ҳақиқий тиббиёт усулида даволанишга қарор қилаётган туркияликлар сони йилдан-йилга ошиб бораётир. Бу ҳаводан олиб гапирилаётган фикр эмас. Ўзаро суҳбатларда туркияликлар “дорихонага йўлини йўқотганлари”ни севиниб гапиришади. “Ойдин хоним туфайли биз ҳақиқий ҳаёт тарзини ўргандик, Аллоҳ раҳмат қилсин”, дейишади.

Бурса шаҳрида қор ёғмаган бўлса-да, ҳаволар совиди. Шаҳар марказидаги энг катта масжид Улуғ жомий ёнидан юриб бораман, оёқларим остида хазонрез шивирлайди….бир гўшада ўтирган кўча ҳофизининг ҳузунли овози диққатни чекади: “Бугун элин чекиб бенден ашким гедар олди”…

Ойдин Солиҳ асос солган институт( NHİ) қошида фаолият қилаётган “Sade pazar” да устозидан ишни пухта ўрганган бурсалик ҳожамотчилар Ойдин хонимни хотирлашади: “ Бугунги прогрессда Пайғамбаримиз с.а.в суннатларига асосланган даволаш услубини жамиятимизда қайта тиклай олиш, уни кенг жорий қилиш, ҳамда Ғарб ўлкаларининг бунга диққатини тортиш буюк бир ютуқ. Ҳозирда ҳамма ҳам шу нарсани том маъносини англай олмаяпти. Видолашув куни устозимизни қабрга қўйгач, қабр бошида туриб қолдик. Аслида у ердан тезда кетилади, лекин биз ундай қилолмадик. Чунки, айрилиқ, бу йўқотиш жуда оғир эди”, дейди Аҳмад исмли ҳожамотчи.

Тўғри, Ойдин Солиҳнинг вафоти жуда катта йўқотиш бўлди, ҳаммамиз учун. Аммо ҳукм Аллоҳдан. Яратгандан Ойдин Солиҳга Жаннат эшикларини очишини ёлвориб дуо қиламиз.

Бизга ҳам Ойдин Солиҳдек лойиқ банда, лойиқ уммат бўлиб яшаш насиб қилсин. Амин.

Гулнора Равшан