Кўзи бирдир, қора киймиш устига..

Кўзи бирдир, қора киймиш устига..
84 views
13 December 2014 - 11:15

333Турса керакдир

Қардошлар кун-кундан баттар бўлибдир,
Йил-йилдан бидъатлар келса керакдир,
Хамр ичган, зино қилган жаҳонда,
Барҳо машҳур бўлиб турса керакдир.

Мусулмон қардошлар қайтманг бу йўлдан,
Ўтарсиз сиротдан, нозикдир қилдан,
Дажжол келар, дерлар, бир неча йилдан,
Оламга бир ғавғо солса керакдир.

Кўзи бирдир, қора киймиш устига,
Ғариб ёнар ҳаромининг ўтига,
Руму шариф, Шому, Макка, Мадина,
Мусулмонлар қочиб, тўлса керакдир.

Исо, Мади келса, одилдир, доддир,
Яжуж, Мажуж келса, зулм ҳайҳотдир,
Қулоғи ер судрар ёвуз бир зотдир,
Қоф тоғини тешиб келса керакдир.

Қалам титрар етимларнинг зоридан,
Дарё жўшар ошиқларнинг кўзидан,
Кўк ўприлиб, тоғлар қулар ўрнидан,
Исрофил суруни чалса керакдир.

Дарёлар қурурлар, сувлар тортилар,
Ой-кун ҳам тутилар, юлдуз тўкилар,
Баланд тоғлар эрир, ер-кўк йиқилар,
Ёлғиз Мавлон ўзи қолса керакдир.

Ажал келса, банда хон-имонидан,
Қўл узар эл, кундан, ширин жонидан
Аллоҳнинг амридан, Ҳақ фармонидан,
Азроил ўз жонин олса керакдир.

Ҳақдан ўзга жонли жонзодлар қолмас,
Исрофил жон берар, сури чалинмас,
Қирқ кун ёмғир ёғар, ер-кўк билинмас,
Янгидан кўкариб қолса керакдир.

Бир Буроқни бахмал ёпиб безарлар,
Олтин-кумуш, дур-жавоҳир тузарлар,
Тўрт фаришта тирилибон кезарлар,
Муҳаммад қабрига борса керакдир.

Садо чиқар фариштанинг паридан,
“Лаббай” дея, Расул турса ўрнидан,
Гўр ёрилиб, қум тўкилар устидан,
“Вой, умматим” дебон қолса керакдир.

Дил қайғуга тушар маҳшар ғамидан,
“Қани умматим” деб, сўрар Аминдан,
Дарҳол сажда этар, турмас заминдан,
“Кел” деб, Ҳақдан илҳом бўлса керакдир.

Исрофил сурини олар қўлига,
Кўзин тикар қодир Ҳақнинг йўлига,
Сирли садо тортар ўнгу сўлига,
Жумла жонзод жонга келса керакдир.

Чучкириб-чучкириб, гўрдан чиқарлар,
Турарлар, осмонга кўзин тикарлар,
Ирғанишиб, ён-атрофга боқарлар,
Қирқ кун ҳайрон бўлиб турса керакдир.

Қурту қушлар қочмас улар ёнидан,
Дарёлар ўздириб ўтмиш шонидан,
Ҳар ким ўз севганин тутиб қўлидан,
Билла, ҳамдам бўлиб турса керакдир.

Тилига малаклар гурзини тутмиш,
Тарози қурулмиш, кун нури кетмиш,
От берган Буроқ минар. Дон эҳсон этмиш –
Дони либос бўлиб келса керакдир.

Бир девон қурулар, ишлар тузилар,
Қуёш юз эврилар, олам йўқолар,
Бойнинг жигар-бағри қайнаб изиллар,
Берган нони соя берса керакдир.

Фаридун, Ҳамон, Шаддод неча кофирлар,
“Ўлгандик” деб, ҳайрон бўлиб турарлар,
“Бизни ким тирилтирди?” деб сўрарлар,
Мўмин қуллар жавоб берса керакдир.

Шодликлари қайғу билан даъф бўлиб,
Ўт чақилар, ғавғолари кўп бўлар,
Охиратда юз йигирма саф бўлар,
Ўн икки гуруҳдан сурса керакдир.

Бир гуруҳи тўнғиз бўлиб кезарлар,
Бир гуруҳи маймун бўлиб озарлар,
Бир гуруҳи қарғадек гўнг титарлар,
Этмиши олдига келса керакдир.

Кимсанинг танида, ўт-олов ўйнар,
Кимсанинг оғзида, қон- йиринг қайнар,
Амалсиз муллолар тилларин чайнар,
Мунофиқни шундай қилса керакдир.

Кимса ўт ичида жавраниб ёнар,
Қайсиси маст бўлиб йиқилиб ётар,
Кимнингдир оёғи олдида битар,
Боши билан чопиб келса керакдир.

Ўн қат чўғдан тўшак тўшар тўшига,
Ғийбатчининг боши тушар бурнига,
Тилин чайнар, қурум тўлар қорнига,
Амалига асир бўлса керакдир.

Мўмин фармон бўлар, кофирлар аскар,
Нар, йўғон билакли илонлар товсар,
Халойиқ йиғлашиб, фармонда аксар,
Муҳаммад туғуни қурса керакдир.

Қўрқув тушар пайғамбарлар жонига,
Ўғил келмас отасининг ёнига,
Муҳаммад етаклаб мезон тагига,
Яшил аълам қуриб турса керакдир.

Қучоқлар, “Ўғлим” деб, Одам пайғамбар,
Иброҳим Ҳалил, дер: “Аё, Бирубор”,
Мусо, Исо айтар: “Яратган Жаббор”,
Ҳар ким ўзин тилаб олса керакдир.

Неча пайғамбарлар дуоси мақбул,
На ўнгини танир, на сўлини ул,
Ёшин сочиб йиғлар Муҳаммад Расул,
“Вой, умматим” дебон турса керакдир.

Халойиқлар артмас кўздан ёшини,
Танишар, сўрашмас қавми-хешини,
Майдонда қурулган мезон бошини,
Исрофил тутибон турса керакдир.

Кофирни безарлар оташ тўнига,
Судрарлар, элтарлар дўзах ёнига,
Энсаси ёғочдек йўғон бўйнига,
Ёниб турган мойлар тўкса керакдир.

“Ҳарой” дерлар, етмас кимса ҳаройи,
Эшак каби ҳанграб, неча ҳароми,
Емиши заҳардир, ичгани оғу,
Абадий зиндонда қолса керакдир.

Энди келдик, мўмин қуллар не дермиш,
Қайси ишга, қайси йўлга кетармиш,
Муҳаммад ҳаққига алқов олармиш,
Билмаганлар буни билса керакдир,

Мўмин қуллар равон оқарлар йўлдек,
Қайсиси чақмоқдек, қайсиси елдек,
Қай бир юрак отдек, қай бири селдек,
Кимдир учар қушдек қочса керакдир.

Уч минг йиллик йўлдир бундан чиқишдан,
Бир минг муддат оёқ босиб инишдан,
Қорадир кечадан, кескир қиличдан,
Кеча-кундузларда кечса керакдир.

Ким ўн кунда етар, кимлар бир ойда,
Кимлар қулон янглиғ чопқир саройда,
Ким бир йилда кўчар, кимлар қирқ ойда,
Кети беш минг йилда ўтса керакдир.

Минг-минг йиллар қонлар йиғлаб кечган сўнг,
Сирот кўпригидан омон ошган сўнг,
Кавсар соқисидан шароб ичган сўнг,
Ёшу қари бир хил бўлса керакдир.

Йигитларнинг яшил тождир бошида,
Юсуф жамолида, Исо ёшида,
Довуднинг ўрнида ўттиз бешида,
Ҳар ким ўз севганин олса керакдир.

Етмиш рангда кийиб, тахтга қўнарлар,
Забаржанд юганли Буроқ минарлар,
Еярлар, ичарлар, сайрон қиларлар,
Ўлмас-йитмас, жовидон қолса керакдир.

Етмиш ҳур қиз тўшак тўшар остига,
Етмиш ҳур қўл дастёр турар қасдига,
Туби дарахт соя солар устига,
Ҳақнинг жамолини кўрса керакдир.

“Дунё бу дунё” дер ётган сархушлар,
Инонмаган кофир бўлар қардошлар,
Махтумқули айтар, келар бу ишлар,
Қиёмат кун қуллар кўрса керакдир.

МАХТУМҚУЛИ

Туркманчадан Мақсуд Асрор ўзбекчалаштирди