Мустафо Жамил: “Москва Қирим татарлари учун муқаддас жой”

Мустафо Жамил: “Москва Қирим татарлари учун муқаддас жой”
27 views
14 December 2014 - 12:53

Қирим хони у ерда қамчисини осган…

3

Россия сиёсатида ибтидоилик кузатилади. У ички истеъмол учун йўналтирилган, ташқарида эса ҳамма унинг устидан кулади. Ушбу сўзлар қирим-татар халқи лидери, украина депутати Мустафо Жамил томонидан Путиннинг “Қирим Россия учун муқаддас жой” деган баёнотига жавоб сифатида янгради, деб ёзади Тюркист.

Путиннинг “Княз Владимирнинг Қиримда чўқинтирилиши монолит рус миллатининг бошланғич манбаси ҳисобланади”, деган сўзларига жавоб сифатида Мустафо Жамил “Бизнинг тупроғимизда кимлар нималар қилмади. Князь Владимир – аслида Киев князидир”, – деди.

Депутатнинг сўзларига кўра, бу жиҳатдан қирим-татарлари ҳам Москвани ўзларининг “муқаддас жойи” ҳисоблашлари мумкин.

“Москва қирим-татарлар учун жуда муқаддас жой саналади: Қирим хони Давлат Гирай Москвани ишғол қилганидан сўнг бошқаларга ибрат бўлиши учун у ерда ўз қамчисини осган. Шундай экан биз ўз муқаддас жойимиз сифатида Москвага даъво қилаётганимиз йўқку”, – дея шама қилади Мустафо Жамил.

Маълумот ўрнида:

Давлат Гирай (1512-1577) – Қирим хонлиги ҳукмдори. Ўзининг Москвага бўлган асосий юришини Москва князи Иван Грознийнинг сурбетларча Қозон ва Аштархонни (Астрахань) босиб олгани учун жазолаш мақсадида амалга оширган. У княз Иван Грознийга қуйидаги мазмунда мактуб йўллайди: “Биз сенинг тожинг ва бошинг учун келдик. Биз сенинг шаҳринга ўт қўйдик, лекин сен қаршимизга чиқмадинг. Яна сен “ҳукмдорман” деб мақтанасан. Қаршимизга чиқишга журъатинг етмади ва бу сен учун уятдир”. Унга жавоб тариқасида Иван Аштархондан воз кечишини билдиради ва Москванинг вайрон қилингани оқибатида “ночор княз” олтинсиз қолгани ҳамда бундан кейин Қирим хонлигига ўлпонни қандай қилиб тўлаши ҳақида ёзиб зорланади.

ЎХҲ ахборот бўлими