Tуркийман

Tуркийман
73 views
15 December 2014 - 10:06

Бир-бир баён айлай қулоқ сол, эй дил,

Ватан ошиёнисиз сайрамас булбул.

Дунёда ҳар миллат ўзича бир гул,

Гул каби очилиб турган туркийман.

Боболарим ишин сўйласам агар,

Сахалиндан тортиб Гибралтар қадар,

Эслаганда ғаним танин титратар,

Не-не салтанатлар қурган туркийман.

Оёғим ердадир, бошим ҳилолда,

Ўзгалардан камим йўқдир ҳар ҳолда.

Туёғин босолмас жануб, шимолда,

От ўйнатиб жавлон урган туркийман.

Тафаккур илғамас нилий самодан,

Мадад тилаб Биру Борим – Худодан,

Бориб хитой, ҳинду, араб, румодан,

Илм маржонларин терган туркийман.

Жаҳонда иморат мўл-кўлдир гарчанд,

Юртим биносига келолмас монанд.

Жомалунгма янглиғ кўкларга пайванд,

Юксак миноралар қурган туркийман.

Юртимга чанг солиб не касу морлар,

Қора қуюн янглиғ йўқсилу борлар,

Азиз бошим узра қурганда дорлар,

Қаддимни тик тутиб турган туркийман.

Қурбон қилсалар-да ҳаттоки ўзин,

Душманга бермаган бирор бир сўзин.

Нишонга қўйганда чумоли кўзин,

Бехато ургувчи мерган туркийман.

Ажал ёқасидан тутса ҳам жонин,

Покиза сақлади дилда иймонин.

Кофирми, мусулмон, бир бурда нонин

Ўзи оч қолса-да берган туркийман.

Фарзандлари меҳрин қўйиб навога,

Борлиғини бериб ўтди зиёга.

Бу алдамчи ағдар, тўнтар дунёга,

Юксаклардан қараб турган туркийман.

Ўнгимда қирғизим, сўлда қозоғим,

Қошимда туркманим, қорақалпоғим.

Тўқсон икки уруғ кўзу қабоғим,

Қандошлар-ла даврон сурган туркийман.

Кўксимда Каспийдек тошган озорим,

Мағрибни ларзага солган можорим.

Чувашим, бошқирдим, ёқут, тоторим,

Дунёларни кўзлаб турган туркийман.

Дил тубига тугиб қадим Туронни,

Кенжабий мадҳ айлар жумла жаҳонни.

Олқишлаб ота юртим – Туркистонни,

Қайга борсам куйлаб юрган туркийман.

Кенжабий, 1991 й.