Карим Баҳриев: Хосият Рустамова ва плагиат ҳақида

Карим Баҳриев: Хосият Рустамова ва плагиат ҳақида
55 views
16 December 2014 - 10:10

Азиз дўстлар, биродарлар, бир ҳафта олдин аккаунтимга шундай бир хабар қўйгандим “2001 йил “Шарқ юлдузи” журналида менинг таржимамда чиққан Ромиз Равшаннинг “Сут тишини оғриғи” достони бошқа таржимоннинг номи остида “Жаҳон адабиёти” журналининг 2014 йил 10-сонида чиққан деб эшитаман. Мана бу менинг таржимам ва ўша пайтдаги журнал саҳифалари. Янги таржима билан солиштириб фикр айтсангиз…” Кейин икки кун ўтиб менинг қўл телефонимга ғалат бир “смс” тушганидан кейин шу постни ёзгандим:
“Қадимда ўғрилар ҳокимият билан бирлашиб кетган бир юртда шаҳарнинг энг бош ўғриси бир бечоранинг уйига ғор ковлаганча ўғриликка кириб, сўнгги нарсасини олиб чиқаётганда, девор қулаб, қўли синибди. Ўғри ҳоким жўрасига арз қилган экан, уй эгасига деворни омонат қургани учун уйи ўмарилган бечорага жиноий иш очибди… Ўзи топганингни ўмариб, яна баланд келадиганларга дуч келяпман ва бу ҳолатларда “Дунё ишларини жиддий қабул қилма, ундан ҳеч ким тирик чиқиб кетолмаган”, деган ҳикматдан куч олардим. Аммо бугунги аҳволда унинг кучи етмай турганда, боболаримиздан олти сатр кўмакка келди:
Бу йўлнинг барчасин пай қилган эрлар:
“Ризо бермоқ – мақом аълоси”, – дерлар.
Агар ҳар кунда чақса заҳар оёғин,
Суюкли бандаси чатмас қабоғин.
Кишиким ризолик коминда бўлса,
Қилур шукур аждаҳо коминда бўлса…”

Кеча кечқурун устозимиз Одил Ёқубовнинг ўғли, дўстимиз Искандар Ёқубов телефон қилди: “Шу иш чакки бўлибди. “Жаҳон адабиёти” журналида чиқиб турардингиз…” Нима бўлибди. Таржималаримдан бир гап чиқибдими?” “Йўқ, бир сайтда журналнинг плагиат қилгани ҳақида мақола чиқибди. Шуҳрат ака хафа бўляпти…”

Сўраб-суриштириб билсам, “Дунё ўзбеклари” сайтида “Хосият Рустамова – плагиатор” деган мақола чиқибди. Мен у мақолани ёзган бўлмасам, менинг сайтимда ёки газетимда чиқмаган бўлса. Менинг айбим Ромизни олдин таржима қилиб чиқарганимми?! Мендан журнал раҳбарияти ва янги таржимонимиз нега хафа бўлиши керак. Вазият ўша қадимги шоҳ ва ўғри ривояти сингари кечмаётибдими?! Мақола ҳатто мен “Жаҳон адабиёти” журналини олганимдан ҳам олдин ёзилиб-босилган. Кейин таҳририятдан журналдан бир нусха олиб бир-икки ерини бугун солиштирдим.
Мен бу шоирни 25 йил аввал таржима қилганман ва чоп эттира бошлаганман. Унинг “Кўк юзи тош сақламас” китобини ҳаммасини ўгирганман. Ҳозир ҳам янги чиққан ҳар шеърини таржима қиламан. ФБдаги дўстлар билишади. Мен уларни сайтга жойлаштираман, чунки сайтда қачон қўйилгани ёзилади ва қонунга кўра ошкор этилган лаҳзадан таржима, асар муаллифлик ҳуқуқи ҳимоясида бўлади.
Мен Хосиятни ҳурмат қиламан. Шеърларини яхши кўриб ўқийман. Гарчанд “Китоб дунёси” газетасида янги чиққан китобим ҳақидаги кичик бир ахборот уч бора саҳифадан олиб ташланган бўлса ҳам, бу газета эгасининг ҳамюрти Сирожиддин Саййид томонидан уюшманинг сайтига “бир сатри ҳам қўйилмасин” деган талаб қўйилган ва у “адабиёт ва санъат” газетамиздан китоб ҳақидаги хабарни илк ишга чиққан куни олиб ташлаган бўлса ҳам, ҳеч биридан хафа эмасман. Газета билан яхши муносабатларни сақланишини истайман, таржималаримни босиб чиқиш учун берганман.
“Жаҳон адабиёти” журнали билан алоҳамиз яна-да яхши, чунки шу ерда таржималарим чиққан (Ромиз Равшандан менинг қилган таржималарим шу ерда чиққанига ҳам кўп бўлмади). Шунинг учун бу журнал ходимлари ҳам мендан асоссиз хафа бўлмасин.
Матбуот ва ахборот агентлиги, Муаллифлик ҳуқуқлари агентлиги нашрларда муаллифлик ҳуқуқлари ва оммавий ахборот воситалари қонунчилигига риоя қилиниши устидан назорат юритади ва бу борадаги сайтдаги материални кўрган, шекилли. Агентликдан менга боғланишганда ва ариза билан мурожаат этсам, журналга таҳдимнома киритишларини, иш бошлашларини айтишганда, мен: “Ҳеч қандай ариза ёзмайман, иш ҳам керак эмас”, – деб рад этдим.
Аммо “Шарқ юлдузи” журнали ҳам аввал минглаб нусхада чиққан, кеча “Жаҳон адабиёти” журнали ҳам минглаб нуссха чиққан, минглаб одамлар ўқиши, юзлаб одамлар солиштириши ва мақола ёзиши, ўнлаб мақола бу ҳақда чиқиши мумкин. Мен буни олимларга ё ўқувчиларга ман этолмайман ва тўхтата олмайман-ку. Айбсиз айбдор бўлиб қолмай, менинг бу достонни олдин таржима қилганимдан бошқа айбим йўқ.
“Дунё ўзбеклари” сайти юртимизда бевосита очилмайди, уни прокси серверлар, махсус дастурлар орқали очиб ўқишаётгандир. Истанбулдан бир дўстимиз ўқибди ва “Бу мақолалар таржимон хонимга таъсир этармикин?” деб ёзибди. Лондондан шоир биродаримиз: “ҳамюртимизнинг таржимада ҳам “таланти” бор экан, журнални судга беринг” дебди.
Мен бу хатлар менга нега келаётганини тушунмадим, кейин билсам биров мақола ёзибди, биров чиқарибди. Мен фақат бугун ўқидим, уни америкада яшаётган бир ватандошимиз “Фейсбук”ка қўйган экан (Фейсбук ёпиқ эмас-да) кўрдим ва ўқидим. У ерда мақола ва икки журнал саҳифалари қўйилган экан. Сизларга ҳам илиндим ва ўзларинг икки таржима ҳақида хулоса қиларсизлар деб ўйладим. Балким, таҳлилчи ҳақдир, ноҳақдир. Хосият ва Қўчқорнинг дўстлари ҳам ғанимлари ҳам етарли.
Улар ҳақида романлар ёзганлари ҳам бор. Уларнинг бири ёзгандир. Яна ёзаётгандир. Мен нима дей яна… Шунинг учун кенг бўлиб, ижод қилишда давом этишни тилайман. Мана ўша матн ва суратлар.
“Жаҳон адабиёти” журнали ва газетачи дўстлардан хафа бўлмасликни, адабиётда, илмда қиёсий таҳлиллар бўлиши табиий эканини айтмоқчиман.

Карим Баҳриев
http://dunyouzbeklari.com/archives/89877

“БИР ДОНА” – “ЯК ДОНА” – “ЯГОНА”
ХОСИЯТ РУСТАМОВА – ПЛАГИАТОР?

Мен таълимимга кўра газетачиман, ҳуқуқ газетасида ишлаганимда юридик соҳани ҳам ўрганганман, аммо бадиий адабиёт мухлисиман. Газеталарда ишлаганман, бир-икки шеър ҳам қоралаганман. Ўзимнинг шеърларимни одамларнинг олдида ўқишдан ҳижолат чексам-да, бошқаларнинг шеърларини кўп ёд олганман ва яхши шеърларни давраларда қироат билан ўқиб беришни ёқтираман. Абдулла Ориповнинг, Муҳаммад Юсуфнинг шеърларини деярли ёд биламан. Бошқа шоирларнинг шеърларидан ўзимга ёққан икки-учтасини айтиб юраман.

Шулар қаторида шоир Карим Баҳриевнинг “Ушшоқ” (“Ўлгим келмаяпти, онажон”), “Тиловат”, “Узр” деган шеърларини, тўртликларини ёддан биламан. Аммо менга у кишининг таржимасидаги Ромиз Ровшаннинг шеърлари янада ёқади. Масалан, қуйидагича бошланадиган “Айрилиқ” шеъри:

Яна бир шаҳарда юзма-юз келдик,
Начора, бошқа бир шаҳаримиз йўқ.
Эҳтимол, биз бахтли бўла олардик,
Эҳтимол, бахтлимиз,
хабаримиз йўқ.

“Қарилик” деган шеърдаги мана бу мисралардан дод деб ҳайратланади одам:

Сўнг нафас дунёда ҳар недан ширин,
шоир ҳам қарийди, ўлар – биламан.
Сўзидан қон хиди келган шоирнинг
оғзидан сут хиди келар – биламан.

Карим Баҳриев таржимасидаги “Одам” шеърини Шуҳрат Воҳидов қўшиқ қилиб куйлаган:

Энди мени ким овутар,
Эй, мени овутган одам?!
Ўзга дардин кўрган вақти
Ўз дардин унутган одам.

Дунёда на сув, на ўт бор,
Дунёда на дўст, на ёт бор,
Аллоҳдан кейин бир от бор:
Одам,
Одам,
Одам,
Одам!..

Ёки бошқа бир шеърнинг охирини қаранг:

Кетимдан оғир бурганлар,
Шоирларнинг эҳсонини еганлар,
Шоир одам ёш ўлади, деганлар,
Менинг шоир бўлмоққа кучим етмас,
Ўлдиринглар мени, ўлмоққа кучим етмас –
кучим етмас бу дунёдан кетмоққа…

Шу қаторда Ромиз Ровшаннинг Карим Баҳриев таржимасидаги “Сут тишининг оғриғи” достонини 2001 йилда “Шарқ юлдузи” журналининг Биринчи фаслида (январь-март) ўқигандим. Ҳайратланиш асносида беш қайта ўқиганман ва журнал таҳририятига борганман, шеърият бўлимига кирганман. Икром Отамурод деган шоир: “Ҳа, ҳамма мақтаяпти. Ҳозиргина Вафо Файзулло телефон қилди: “Даҳшатли гўзал достон. Бизнинг шеъриятда бунақаси нега йўқ?!”, – деди. Тажима ҳам зўр!”.

Кейин Карим акани излаб у ишлайдиган бир халқаро ташкилотга борганман. Унинг столида Ромиз Ровшаннинг китобини кўрганман. Сўзларнинг усти-остига чизилган, ўзбекча муқобиллари ёзилган эди. Столда Боку педагогика институти чоп этган 75 минг сўзли тўрт томли луғат турарди. Мен озорбойжон тили ўзбекчага яқин, шартта таржима қилавериш мумкин деб ўйлардим у пайтгача. Аммо гоҳида бир сўзнинг мазмунини деб қанчалар изланилганини билмасдим. Карим ака ҳозир эсламаса ҳам керак мени, олдига қанча одамлар келиб-кетган. Лекин ўшанда менга бироз “лекция” ўқиган: “Таржимани яна икки озорбойжон аслли олим – филология фанлари доктори Акиф Бағиров ва фан номзоди Яшар Қосим кўриб, бирга ишладик. Аммо яна ишланадиган ерлари кўп”, – деди. Кейин: “Ромизнинг шеърияти замирида озар халқ баётилари ётади. Мана, улардан бир–икки таржима ўқийман сизга”, – деб беш варақ баётиларни ўқиб берган. Айримлари эсимда қолган. Масалан:

*
О, қушлар, оға қушлар,
Қўнибди боққа қушлар.
Дарахтларни кесдилар,
Учишди тоққа қушлар.

Йиғларман йиғлар каби,
Дардим бор тоғлар каби.
Хазон бўлдим. Тўкилдим –
Шовуллаб боғлар каби.
*
Омон фалак, дод фалак,
Ҳеч бўлмадим шод, фалак.
Менга тутган бодангдан
Ўзинг ҳам бир тот, фалак.
*
Обордилар гулимни,
Айладилар зулмни.
На сўзлашга қўйдилар,
На кесдилар тилимни.
*
Бундан узоқ Ганжадир,
Зулфинг панжа-панжадир.
Ўлим осон – бир марта,
Айрилиқ – ўлгунчадир.
*
У ҳам мени ёндирар,
Бу ҳам мени ёндирар.
Куйдиму сувга тушдим,
Сув ҳам мени ёндирар.

Яқинда “Фейсбук”да “Жаҳон адабиёти” журналининг №9 (сентябрь) сонида Ромиз Ровшаннинг “Сут тишининг оғриғи” достони бошқа кишининг номидан босилиб кетгани ҳақидаги хабарни ўқидим ва журнални топиб, солиштириб ўқидим. Таржима 90%га ўғирланган, яъни кўчирмакашлик эди, қолган 10% тафовут ҳам Карим Баҳриев таржимасидан фарқланиши учун номига ундалма, юклама сўзлар тиқиштирилган, достоннинг савиясини туширган эди. Интернетдан шеърнинг аслини ҳам топиб солиштирдим “SÜD DİŞİNİN AĞRISI” дейилар экан аслиятда.

Плагиатор, яъни кўчирмакаш “таржимон”нинг исми-шарифи “Жаҳон адабиёти” журналининг 87-бетида жилваланиб турарди. У анчайин таниқли шоира эди: “Озорбойжон тилидан Хосият Рустамова таржимаси” деб ёзилганди.

Хўш, плагиат нима. Плагиа́т — бегона одамга тегишли бадиий асарларга, ижод маҳсулотларига, илмий ишланмаларга муаллифликни атайлаб ўзлаштириб олишдир. Плагиат муаллифлик ҳуқуқини бузиш ҳисобланиб, Ўзбекистонда ҳам “Муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқлар ҳақида”ги Қонунга кўра, шунингдек Маъмурий кодексга, Фуқаролик кодексига кўра ва ҳаттоки Жиноят кодексига кўра жазоланади. Уларда плагиатга йўл қўйган нашрга нисбатан катта жарима ва кўчирмакашга нисбатан ҳатто уч йилгача ахлоқ тузатиш ишларига ёки олти ойгача қамоқ жазоси кўзда тутилган. Мана, шу меъёрлардан бири:

Жиноят кодекси: 149-модда. Муаллифлик ёки ихтирочилик ҳуқуқларини бузиш: Тафаккур мулки объектига нисбатан муаллифлик ҳуқуқини ўзлаштириб олиш, ҳаммуаллифликка мажбурлаш, шунингдек, тафаккур мулк объектлари тўғрисидаги маълумотларни улар расман рўйхатдан ўтказилгунга ёки эълон қилингунга қадар муаллифнинг розилигисиз ошкор қилиш – энг кам ойлик иш ҳақининг йигирма беш бараваридан етмиш беш бараваригача миқдорда жарима ёки беш йилгача муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш ёки уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд олти ойгача қамоқ билан жазоланади.
Плагиат бошқа шахснинг ижоди, меҳнати маҳсулини ўз номи остида эълон қилиш, бошқаларнинг матнини манбасини кўрсатмасдан нашр этишдир. Буни “қароқчилик” ҳам деб аташган, шунинг учун шу соҳа қонунчилигини “антипиратское законодательство” деб ҳам аташади. Дастлаб бу атамани plagium litterarium, дейишган, кўчирмакашни эса plagiator — «адабий ўғри» дейишган.

Шунинг учун ҳалол ижодкорлар, олимлар бошқа инсоннинг бир сатрини олганда ҳам манбасини кўрсатганлар. Масалан, Рауф Парфи “Ассалом алайкум дорнинг оғочи” сатрини шеърига рефрен сифатида ишлатганда унинг “Кунтуғмиш” достонидан эканини кўрсатиб ўтади.

Ҳалима Худойбердиеванинг “Қўқонга борсам” шеърида шундай тўртлик бор:

Қаландарлар кезар Ё Аллоҳ, дўстлаб,
Майхўрлар ҳисоблар чақаоарини.
Бегим Умархонга ишқини сўзлаб,
“Ғазал билан тикар яқоларини”.

Шоира сўнги сатрни қўштирноқ ичига олган ва пастдаги ҳаволада бу сатр Асқар Маҳкамники эканини эътироф этган. (Ҳ.Худойбердиева, “Буюк қушлар”, 623 – бет)

Ёки Абдулла Шерининг “Гул йиллар, булбул йиллар” китобининг 63-бетида 1971 йилда ёзилган “Роз” шеърининг шундай сатрлари бор:

Бағрингизга яна келдим, ойижон,
Меҳрингизга тўймоқ истар тўқлингиз,
“Дуо қилинг, волидаи меҳрибон”,
Балолардан омон юрсин ўғлингиз.

Бу ерда ҳам шоир бошқа ижодкордан олган биргина сатрини ҳам қўштирноққа олган ва пастда “Ҳамид Олимжон сатри” деб қайд этган.

Икки юз бетлик диссертацияда бир абзацни бошқадан кўчиргани аниқланган олимларнинг илмий ишлари бекор қилинади. Айбдор жазоланади.

Бизнинг бугунги мавзуимизда эса бутун бошли достон бошдан охир кўчирилганига гувоҳ бўлдик.

Плагиатни таҳлил этиш, аниқлаш бугунги кунда компьютердастурлари орқали амалга оширилади. Масалан, “AntiPlagiat.ru” системаси. Иккала матнни дастурга солинса, сўз ва ҳарфларгача аниқлаб беради.

Дастурларсиз ҳам ҳаммаси кўриниб турибди. Марҳамат, икки матнни солиштирайлик.

Аслият:

Füzuliyə, bir də, balam Rövşənə

Sentyabrın birində, məktəbdə dərslər başlayanda belə məlum oldu ki, dördüncü sinfin bütün uşaqları olub-qalan süd dişlərini də bu yay dişiyib qurtarıblar. O boyda sinifdə tək bircə nəfərin ağzında tək bircə dənə süd dişi qalmışdı, o da Səməd idi. Səməd ağzını açıb salam verən kimi uşaqlar o dişi gördülər və Səmədə güldülər.

Sonra bir qalın sapın bir ucunu Səmədin dişinə bağladılar, bir ucunu qapıya.
O yay kəndə şəhərdən təzə müəllimə gəlmişdi, bir cavan qızıdı, adı Çimnaz. Birinci dərs elə həmin o Çimnaz müəllimənin dərsiydi və deməli, qapı¬nı açıb Səmədin dişini çıxaran da Çimnaz müəlli¬mə olmalıydı.

2001 йилда чоп этилган Карим Баҳриев таржимаси:

Фузулийга, яна болам Равшанга

Биринчи сентябрда, мактабда дарслар бошланганда мааълум бўлдики, тўртинчи синфнинг ҳамма ўқувчилари қимирлаб қолган сут тишларини бу ёз тушириб қайтибдилар. Ўша синфда фақат бир боланинг оғзида бир дона сут тиши қолган эдики, бу ҳам Самад эди. Самад оғзини очиб салом берган заҳоти ўқувчилар бу тишни кўрдилар, кулдилар.

Сўнгра қалин бир ипнинг бир учини Самаднинг тишига боғладилар, бир учини – синфхонанинг эшигига.

Ўша ёз қишлоққа шаҳардан янги муаллима келганди, жуда гўзал қиз эди, исми Чимноз эди. Биринчи дарс ана шу Чимноз муаллиманинг дарси эди ва, ўзингиз тушуниб етгандай, эшикни очиб Самаднинг тишини суғурган ҳам Чимноз муаллима бўлди.

(“Шарқ юлдузи” журнали, 2001 йил, Биринчи фасл, 71 – бет).

2014 йилда чоп этилган Хосият Рустамова “таржима”си:

ФУЗУЛИЙГА, ЯНА БОЛАМ РАВШАНГА

БИРИНЧИ СЕНТЯБРЬ келиб, МАКТАБДА ДАРСЛАР БОШЛАНГАНДА МАЪЛУМ БЎЛДИКИ, ТЎРТИНЧИ СИНФНИНГ ҲАММА ЎҚУВЧИЛАРИ базўр илиниб ҚОЛГАН СУТ ТИШЛАРИНИ БУ ЁЗ ТУШИРИБ ҚАЙТИБДИЛАР. Бу СИНФДА ФАҚАТ БИР БОЛАНИНГ ОҒЗИДА бир дона СУТ ТИШИ ҚОЛГАН ЭДИКИ, БУ ҲАМ бўлса, САМАД ЭДИ. У ОҒЗИНИ ОЧИБ САЛОМ БЕРГАН ЗАҲОТИ ЎҚУВЧИЛАР БУ ТИШНИ кўриб, КУЛДИЛАР.

СЎНГРА зумрашалар ҚАЛИН БИР ИПНИНГ БИР УЧИНИ – САМАДНИНГ ТИШИГА, БИР УЧИНИ СИНФХОНАНИНГ ЭШИГИГА БОҒЛАДИЛАР

ЎША ЁЗ ҚИШЛОҚҚА ШАҲАРДАН ЯНГИ МУАЛЛИМА КЕЛГАНДИ, ЖУДА ГЎЗАЛ ҚИЗ эди, ИСМИ ЧИМНОЗ ЭДИ. БИРИНЧИ ДАРС АНА ШУ ЧИМНОЗ МУАЛЛИМАНИНГ ДАРСИ ЭДИ ВА,………. ТУШУНИБ ТУРГАНИНГИЗДАЙ, ЭШИКНИ ОЧИБ САМАДНИНГ ТИШИНИ СУҒУРГАН ҲАМ шу (?) МУАЛЛИМА
(Карим Баҳриев таржимасини такрорлаган ўринларнинг таги чизилган)

(“Жаҳон адабиёти” журнали, 2014 йил, 9-сон, 73- бет)

Шарҳ: 99% кўчирилгани кўриниб турибди. Биринчи абзацдаёқ сентябр сўзидан сўнг “келиб” сўзи қўшилган, аммо бу сўз оригиналда йўқ, давоми кўчириб олинган ва “қимирлаб қолган тиш” ибораси “базўр илиниб қолган тиш”га ўзгартирилган. Давомида “Ўша синф” сўзи “Бу синф” деб ўзгартирилган, бу билан нима ўзгарган?! Гап давомида туркий “бир дона” сўзи на маънода, на таржимада янгилик бермаслиги аён бўлса-да, форсий “ягона” сўзига ўзгартирилган, сўнг аслиятда бўлмаган “бўлса”, “кўриб” деган сўзлар тиқилган. Кейинги абзацда аслиятда ҳам, дастлабки таржимада ҳам бўлмаган “зумрашалар” сўзи асоссиз қўшилган, “боғладилар” сўзи, гўё бу билан кўчирмакашлик бекилиб кетадигандай, гапнинг ўртасидан охирига олинган. Кейинги абзацга “эди”, “шу” каби бир-икки маъно ташимайдиган аниқловчилар қўшилган, “тушуниб етканингиздай сўзини “тушуниб турганингиздай” деб ўзгартирлагн, холос.

Кўриниб турибдики, аслият устида ишланмаган, биринчи таржимани “таниб бўлмайдиган қилиш учун” бироз уринилган, аммо плагиат кўриниб қолган.

Бир достонни ҳаммасини кўриш ўқувчини толиқтиради. Шунинг учун ўртаси ва охиридан бир неча парчани кўрамиз, холос. Албатта, бир сатрни кўчиришнинг ўзи плагиат фактиучун етарли, аммо бу ерда қароқчиликнинг кўлами ҳайратланарлидир.

Аслиятдан:
…Bəlkə elə, mənim balam,
boş yerə çığıran mənəm.
Özüm burda dura-dura
özgəni çağıran mənəm.
Bəlkə bu göyün altında
Mənəm günaha batan da,
Sən girən yükün altından
çiynini qaçıran mənəm.

Nə çoxmuş dünyanın yükü;
sevgisi yük, nifrəti yük.
Görüşəndə – söhbəti yük,
Ayrılanda – həsrəti yük.

Bu dünya bir yük ağacı,
hər yükün kökü insanmış.
İnsanın yükü dünyaymış,
dünyanın yükü insanmış.

2001 йилда чоп этилган Карим Баҳриев таржимаси:

… Воҳ, эҳтимол, жоним болам,
йўқликка бақирган менман.
Ўзим бунда қараб туриб,
ўзгани чақирган менман.

Балким, бу кўкнинг остида
мен ҳам гуноҳга ботганман.
Сен кирган юкнинг остидан
елкамни олиб қочганман.

Поёнсиздир дунё юки:
севгиси – юк, нафрати – юк.
Учрашганда суҳбати – юк,
айрилганда ҳасрати – юк.

Дунё – бир юк дарахти,
ҳар юкнинг кўки инсондир.
Инсоннинг юки – бу дунё,
дунёнинг юки инсондир.

(“Шарқ юлдузи” журнали, 2001 йил, Биринчи фасл, 74 – бет).

2014 йилда чоп этилган Хосият Рустамова “таржима”си:

… Мени қўй, мен… ЖОНИМ БОЛАМ,
ЙЎҚЛИККА БАҚИРГАН МЕНМАН.
Билмай қолиб ЎЗИМНИ ҳам,,
ЎЗГАНИ ЧАҚИРГАН МЕНМАН.

Балким, БУ КЎКНИНГ ОСТИДА
ГУНОҲЛАРГА БОТГАНМАН кўп.
СЕН КИРГАН бу ЮК ОСТИДАН
Ўзни ОЛИБ ҚОЧГАНМАН кўп.

Бу ЮКЛАРНИНГ ПОЁНИ йўқ:
СЕВГИСИ – ЮК, НАФРАТИ – ЮК.
УЧРАШГАНДА СУҲБАТИ ҳам,
АЙРИЛГАНДА ҲАСРАТИ – ЮК.

ДУНЁ ўзи ЮКЛИ оғоч,
Биз дарахтнинг илдизимиз (?).
бизнинг юкимиз бу… На илож,
ДУНЁНИНГ ЮКИ ўзимиз.

(“Жаҳон адабиёти” журнали, 2014 йил, 9-сон, 76- бет)

Шарҳ:

“Мени қўй, мен…”, “кўп”, “ҳам”, “бу”, “ўзи” деган жумлалар оригиналда йўқ, фақатгина аввалги таржимани ташиб бўлмас даражага келтириш учунгина алмаштирилган сўзларда бўғин етишмаганлиги учун қўшилган, шеърга ёпишмаган сўзлардир. Қолаверса, асл шоирга тегишли эмасдир.

Айниқса охирги тўртликни “шоира-таржимон”имиз, “дарахт”ни “оғоч” га алмаштирганда, ўзи тўқиб юбоган. Илк таржиманинг жарангини бу сатрлар билан солиштирсангиз, кулгингиз қистайди, ахир.

Аслиятдан:

«BAĞIŞLA» …Sözə bax, Allah! Hamı bir-birinə «bağışla» deyir və heç kəs heç kəsi bağışlamır.
Ancaq ayağımıza dəyən daş bizə «bağışla» demədi.
Daşla vurduğumuz quşa biz «bağışla» demədik.
Beləcə yaşayırıq; daşlar, quşlar, adamlar. Bizi ağrıdanlar, biz ağrıdanlar.
Quşlarnan uşaqlar bir az bir-birinə oxşayır. Uşaqlar da yuxuda uça bilir. Yuxuda uçan uşaq boy atır, deyirlər.
Yuxu ələ gələn deyil, yuxunun canı yoxdu. Bəlkə elə hər quş cana gəlib qanadlanan dirigözlü bir yuxudu – bir uşağın yuxusu. Bəs onda, uşaqların quşlara atdığı o daşlar nədi, ayaqlarından budaqlara bağladığı o quşlar nədi?
Mənim balam, görürəm, sən də o uşaqların arasındasan.

2001 йилда чоп этилган Карим Баҳриев таржимаси:

“Кечир!”… Гапга қара, Аллоҳ! Ҳамма бир-бирига: “Кечир!” – дейди, аммо ҳеч ким ҳеч кимни кечирмайди.
Бироқ оёғимизга теккан тошлар бизга “кечир” демади.
Биз тош билан урган қушга “кечир”демадик.
Шунақа яшаймиз: тошлар, қушлар, одамлар. Бизни оғритганлар, биз оғритганлар.
Қушлар ва болалар бир-бирига ўхшайди. Болалар ҳам тушларида уча олади. Тушида учган боланинг бўйи ўсади, дейдилар.
Туш йўқ нарса, тушнинг жони йўқ. Эҳтимол, ҳар учган қуш жони кириб қанотланган тийра кўзли бир тушдир – бир гўдакнинг тушидир. Бас, шунда й экан, болалар нега қушларга тош отадилар, қушларнинг оёғидан дарахт шохига боғлаб қўядилар.
Менинг болам, кўраяпман, сен ҳам шу болаларнинг орасидасан.

(“Шарқ юлдузи” журнали, 2001 йил, Биринчи фасл, 74-75 – бет).

2014 йилда чоп этилган Хосият Рустамова “таржима”си:

“КЕЧИР!”… Бу сўзга ҚАРА, АЛЛОҲ! ҲАММА БИР-БИРИГА: “КЕЧИР!” – ДЕЙДИ, АММО ҲЕЧ КИМ ҲЕЧ КИМНИ КЕЧИРМАЙДИ.
Фақат ОЁҒИМИЗГА ботГАН ТОШЛАРгина кЕЧИРим сўрамайди.
Шунинг учун БИЗ ТОШ БИЛАН УРГАН ҚУШЛАРГА “КЕЧИР”ДЕМАДИК.
Аслида ШУНАҚА ЯШАЙМИЗ: ТОШЛАР, ҚУШЛАР, ОДАМЛАР. БИЗНИ ОҒРИТГАНЛАР, БИЗ ОҒРИТГАНЛАР.
ҚУШЛАР ВА БОЛАЛАР БИР-БИРИГА ЎХШАБ кетади. БОЛАЛАР … ТУШЛАРИДА УЧАДИ. ТУШИДА УЧГАН БОЛАНИНГ БЎЙИ ЎСАДИ, ДЕЙДИЛАР.
ТУШНИНГ ўзи ЙЎҚ НАРСА, ТУШНИНГ ЖОНИ (йўқ)бўлмайди. ЭҲТИМОЛ, ҲАР УЧГАН ҚУШ ЖОН(И) КИРИБ ҚАНОТ(ЛАНГАН)ЛАНГАН БИР ТУШДИР – БИР ГЎДАКНИНГ ТУШИДИР, БАЛКИМ. БАС, ШУНДАЙ ЭКАН, БОЛАЛАР НЕГА ҚУШЛАРГА ТОШ ОТАДИЛАР, (ҚУШЛАРНИНГ) ипдай(?) ОЁҚЛАРИДАН ДАРАХТ ШОХЛАРИГА БОҒЛАБ ҚЎЯДИЛАР.
МЕНИНГ БОЛАМ, (КЎРАЯПМАН),биламан, СЕН ҲАМ ШУ БОЛАЛАРНИНГ (ОРАСИДАСАН) бирисан.

(“Жаҳон адабиёти” журнали, 2014 йил, 9-сон, 76- бет)

Шарҳга ҳожат бўлмаса керак. Бир қанча “фақат”, “шунинг учун”, “аслида”, “бироқ”, “аммо”, “ўзи” каби бадиий сатрда юксиз бўлган сўзлар қўшиб юборилган, “Гапга қара” деган жумлани – “Сўзга қара”, “оёғимизга теккан” жумласини – “оёғимизга ботган”, “ўхшайди” деган сўзни “ўхшаб кетади2 деган жумлага алмаштириш билан “янги таржима” ҳосил бўладими?1

Аслиятдан:

Nə yaxşı ki, özümüzü
tanıya bilirik hələ.
Güzgülərdə üzümüzü
tanıya bilirik hələ.

Hələ sovuşmayıb qara saçımız,
alnımız qırışıb qat-qat olmayıb.
Hələ alnımızın qırışlarından
güzgülər çatlayıb çat-çat olmayıb.

Hələ batmamışıq min-min günaha –
Mənim balam, vaxtdı daha,
bu dünyadan gedək, gedək,
bir gözəl üzlə gedək
tanrının qapısına…

Qapının açılmağıynan tüfəngin açılmağı bir oldu.
O qapını açan adamı sən görmədin, mənim balam. O adam axı kim idi?!
Bəlkə qonşu uşaqlardan biriydi, səni oynamağa çağırırdı.
Bəlkə Çimnaz müəlliməydi, yenə sizə gəlmişdi.
Bəlkə də o qapını açan doğmaca atan özüydü.
…Mənim balam, bəlkə elə o qapını açan MƏN idim…

2001 йилда чоп этилган Карим Баҳриев таржимаси:

Яхшиямки, ўзимизни
таниб олаяпмиз, шукур,
Кўзгуларда юзимизни
таниб олаяпмиз, шукур.
Ҳали оқарганмас қора сочимиз,
пешонамиз тиришиб қат-қат бўлмади,
Ҳали пешонамиз тиришларидан
кўзгулар чарсиллаб қарс-қурс синмади.

Ҳали ботмаганмиз минг-минг гуноҳга –
Болам, вақти келди,
бу дунёдан кетайлик,
бир гўзал юз билан кетайлик
Аллоҳнинг даргоҳига…

Эшик очилиши билан милтиқ отилди.
Эшикни очган одамни сен кўрмадинг, болам. У одам ким эди?!
Балким, қўшни болалардан бири эди, сени ўйнамоққа чақириб келганди.
Балким, Чимноз муаллима эди, яна сизларникига келганди.
Эҳтимол, эшикни очган отанг эди.
…менинг болам, балким, у эшикни очган МЕН эдим…

Озар тилидан Карим БАҲРИЕВ таржимаси”.

(“Шарқ юлдузи” журнали, 2001 йил, Биринчи фасл, 85 – бет).

2014 йилда чоп этилган Хосият Рустамова “таржима”си:

ЯХШИЯМКИ, ТАНИ(б ол)ЯПМИЗ
Бизлар бир-бир(ЎЗИ)ИМИЗНИ,
Ўзимизни бир кун келиб
Танимасдан қолмасак?! (?!)
КЎЗГУЛАРДА ЮЗИМИЗНИ
ТАНИ(б ола)ЯПМИЗ, минг ШУКУР.
ҲАЛИ тўлиқ оқарганмас
Сочимиз оқмас, ҚОРА.
ПЕШОНАМИЗ (тиришиб) ҚАТ-ҚАТ (бўлмади, эмас,
Ажинлар эмас чуқур (?!)
КЎЗГУЛАР (ЧАРСИЛЛАБ) чил-чил бўлгани йўқ,
Ёрилган йўқ ПЕШОНА.

ҲАЛИ, БОЛАМ, БОТМАГАНМИЗ
Кечирилмас (минг-минг) ГУНОҲГА.
КЕТСАК БЎЛАР БУ ДУНЁДАН (кетайлик),
(Болам), ВАҚТИ КЕЛДИ шу замон,
Болам, ҳали ўзимиздан
Кетмай туриб йироққа (?!),
Юр, КЕТАЙЛИК ЁРУҒ ЮЗ-ла,
ОЛЛОҲ бошлаган (?!) ёққа.

ЭШИК ОЧИЛИШИ БИЛАН МИЛТИҚ ОТИЛДИ.
ЭШИКНИ ОЧГАН ОДАМНИ СЕН КЎРМАДИНГ, БОЛАМ. У ОДАМ КИМ ЭДИ?!
БАЛКИМ, СЕНИ ЎЙНАМОҚҚА ЧАҚИРИБ КЕЛГАН ҚЎШНИ БОЛАЛАРДАН БИРИ ЭДИ (Янги “таржимон”имиз илок таржимадаги ва аслиятдаги икки бўлакли гапни бирор сўз ўзгартирмай бир бўлакли гапга айлантира олган).
БАЛКИМ, ЧИМНОЗ МУАЛЛИМА ЭДИ, ЯНА СИЗЛАРНИКИГА КЕЛГАН… (ди).
ЭҲТИМОЛ, ЭШИКНИ ОЧГАН ўз туққан ОТАНГ ЭДИ.
…МЕНИНГ БОЛАМ, БАЛКИМ, У ЭШИКНИ ОЧГАН МЕН ЭДИМ…

Озорбойжон тилидан Хосят Рустамова таржимаси (?!)”

(“Жаҳон адабиёти” журнали, 2014 йил, 9-сон, 87- бет)

Шарҳлашга ҳайронман. Охиргидан аввалги сатрдаги “туққан ота”ни энди учратишим, эркак ҳам туғадими? “Ҳали ўзимиздан кетмай туриб йироққа” деган ҳолатни тушда ҳам тасаввур қилиш қийин ва бу сатрлар оригиналида ҳам йўқ. Ромиз Равшанга шеър ёзиб беришга на ҳожат бўлди экан?! “Оллоҳ бошлаган ёқ” қайси томон?! Қофия учугина тизилган ва оригиналда бўлмаган жумлалар-ку, ахир.

Наҳотки, “севги”ни – “муҳаббат”га, “қизамиқ”ни – “қизилча”га, “ниш урган” – “куртак отган”га, “балким”ни – “эҳтимол”га, “дарахт”ни – “оғоч”га, “бироқ”ни – “фақат”га, “шундай”ни – “шунақа”га, “чарсиллаб”ни – “чил-чил”га … ўзгартириш билан янги таржима бўлиб қолса?

Ўзи озар тили ўзбек тилига уйқаш ҳамда Ромизни Карим Баҳриевдан бошқача таржима қилиб бўлмаслигини ҳамма билса керак. Хосият Рустамова озарбойжонча матнни очиб ҳам кўрмагани маълум, у аввал қилинган таржиманинг у ер бу ерига аслиятда бўлмаган олмош, сифат, равишларни тиқиштирган, “болалар” деган зўзни “зумрашалар”, “келарди” деган сўзни “келаётганди” сингари бироз ўзгартириш билан янги таржима ясамоқчи бўлган. Бу асарни руҳига ҳам, савиясига ҳам салбий таъсир этган. Ошкора бўлиб турган бу қалтис ҳаракат нега керак эди?! Ромиз Ровшаннинг юзлаб янги шеърлари, достонларии, ҳали таржима этилмаган прозаси турганда, саккиз томли озорбойжон фольклори ва минглаб шоирлари таржимонини кутиб турганда, ўшаларни таржима қилиб озар-ўзбек муносабатларига ҳисса қўшмасдан, аввал қилинган таржимани чоп этди, нега ўз номини шубҳага қўядиган бу иш керак эди?!

Сабаб шуки, Хосият бу тилдан таржима қилолмайди. Тайёр таржимани бироз ўзгартириши мумкин.

Изоҳга ҳожат ҳам йўқ аслида. Ҳаммаси кўриниб турибди. Бу чиқишимизга қарши мақолалар уюштиришлари мумкин, чунки бу “ижодкор оила” устомон бўлиб кетган бу ишларга. Бир асарни ўнта таржимон ҳам таржима қилиши мумкин, дейишлари ҳам бор. Мисоллар ҳам келтирилиши мумкин. Аммо бу ўзгача таржима бўлиши керак. Илк таржимадан яхши бўлиши лозим. Ундан бир сатри ҳам кўчирилмаслиги керак. Плагиат ер юзидаги барча мамлакатларда жиноий жазога сабаб бўладиган ҳаракатдир.

Ғаффор Ҳотамовни айбдор этган суд тизими катта амалдор бу оилани ҳимоя қилди, чунки уларга пора берганлар судда тан олсалар ўзларини ҳам тутиб берган бўлардилар. Аммо бу яққол кўриниб турган плагиат фактини экспертлар йўқ дея олмасалар керак. Яна ким билади бу мамлакатнинг судларини?!

Гап бир асарни икки ёки уч ёхуд ўн бора таржима қилишда эмас, таржимаалар бўлавериши мумкин, бизда гап кўчирмакашлик фактлари ҳақида бормоқда ва бу ҳаракат яққол кўриниб турибди.

Рус тилидан, инглиз тилидан, форсчадан, бошқа тиллардан ўзбек тилига бир асарни ўнлаб одам қилиши мумкин, аммо қорақалпоқчадан, қозоқчадан, озар тилидан ва бошқа туркий тиллардан бир шеърни икки марта қилиш мушкул. Тиллар деярли айнидир. Аввал қилинган таржимага ўхшаб қолади.

Жиноят кодексида ОАВ хабарлари ҳам иш қўзғотишга асос бўлади, дейилган. Бу кўриниб турган прлагиат ҳаракатига Ўзбекистон муаллифлик ҳуқуқлари Агентлиги ва ҳуқуқ идоралари баҳо бериши керакдир.

Ҳар ҳолда, 10-15 йил аввалги таржимани “Жаҳон адабиёти” сингари Озод Шарофиддинов оёққа турғазган нуфузли журналда бемалол кўчириб босиш имконияти бўлган экан, ўйлашимиз керак, Чўлпон, Ойбек, Ғафур Ғуломлар қилган таржималарни бемалол ўзини қилиш мумкин бўлади ва улар ҳимоялана олмайдилар.

Давронқул Калом,
журналист