Кимки миллий ёки мутаассибона иш учун жанг қилиб ўлса…

Кимки миллий ёки мутаассибона иш учун жанг қилиб ўлса…
73 views
17 December 2014 - 13:40

1“Фитратга мактуб ёхуд руҳ билан суҳбат” туркумидан…

давоми

Ислом миллий сепаратизм ва эгоизмга қатъий қарши туради, зеро, ушбу фалсафа ҳақиқатни кўрмайди, “ҳақми, ҳақ эмасми, бу менинг халқим” деб жоҳилларча оёқ тирайди. Қуръони карим оятларида наслу насаб ёки миллий келиб чиқиш масалаларига ўрин йўқ. Ислом манбаи миллий ёки ҳизбий бўлган ҳар қандай майлу тамойил, дўстлик ёки садоқатни рад этади. Пайғамбар алайҳиссалом бу ҳақда алоҳида таъкидлаган эди:

“Кимки мен фақат қавмимга содиқман, деса, у биздан эмас. Кимки мен фақат қавмим учун курашаман, деса, у биздан эмас. Кимки фақат қавмига садоқати туфайли ўлса, у ҳам биздан эмас” (Абу Довуд).

Кимки миллий ёки мутаассибона иш учун жанг қилиб ўлса, у Бухорий келтирган ҳадисга кўра, мажусий ўлими билан ўлади, бундайларни ҳазрати Пайғамбар (с.а.в.) исломдан хориж ҳисоблаганлар. Бошқа бир ҳадисда айтилишича, Пайғамбар алайҳиссалом эълон қилганлар: “Кимки мутаассиблик байроғи остида ёки уни қувватлаб, ёки мутаассибона даъватга жавобан, мутаассибликка кўмаклашиб, жанг қилса, уни ўлдиришса, унинг ўлими жаҳолат ичидаги ўлимдир”. Шу учун ҳам Каримов ва у ўртага келтирган мустабид тузумни қўллаб-қувватлаб, шу пайтгача жон фидо қилганларнинг ўлими, жаҳолат ичидаги мутаассибона ўлимдир. Уни бевосита ёхуд билвосита қўллаб-қувватлаб турганлар ва мол-дунё, шон-шуҳрат, мансаб дея, умрларини беҳудага совураётганлар ҳам, жаҳолат ичрадирлар. Билиб-билмасдан ёхуд истаб-истамасдан у ўртага келтирган тузум учун хизмат қилаётганларнинг умрлари ҳам, гумроҳликлар ва аросатларда кечмоқда…

Ислом инсониятни икки йирик гуруҳга бўлади. Биринчи гуруҳга Тангрининг ҳақиқий бандалари, ҳақиқат ҳимоячилари киради. Иккинчи гуруҳ – шайтон малайлари, ёлғоннинг хизматкорлари… Ислом ана шу иккинчи гуруҳга, Каримовга ўхшаган мунофиқларга қарши жанг қилади. Унинг учун миллий, ирқий тафовутлар аҳамиятсиз. Зеро, ислом миллий ёки сиёсий манфаатлар учун эмас, ҳақиқат ва адолат деб майдонга тушади.

Миллатпарастлик тарафдорлари кичик ва заиф халқларга миллатпарастлик туйғусини шу қадар сингдиришадики, охир-оқибат у шўрликлар қардош қирғизлар каби миллий ғурурга тўлиб, “тарс” ёрилишади. Бундай миллатлар миллий чегараларни хаёлан фазо кенгликлари қадар кенгайтиришади. Ва ниҳоят, бутун дунёнинг кўзи ўнгида катта бир давлатга ем бўлишади.

Туркистонликларининг чор Русияси ва коммунистларнинг хуружига дош беролмаган ҳалокатли шармандалиги бунга мисолдир. Афсуски, миллатпарастлик туйғуси, Қуръони карим ирқий, сиёсий бўлинишларни тақиқлаганига қарамай, мусулмон мамлакатларида ҳалигача ҳам бош кўтариб туради. Аслини олганда, заиф ва ёмон қуролланган ўша давлатлар четдан бўладиган ҳужумларга бардош беролмайди. Ўзбекистоннинг аҳволи ҳам бундан хорижда эмас. Раҳбарларнинг дину диёнатсизлиги эса, дард устига чипқон, деганлари сингари вазиятни мушкуллаштиради. Мафкурасиз инсоннинг ҳайвондан фарқланадиган жиҳати йўқлигини эътибордан соқит қилмасак, Каримов жангарилари энг замонавий қуроллар билан қуроллантирилганда ҳам, биринчи жиддий зарбага дуч келганларида, думларини хаданг қилиб жанг майдонини ташлаб қочишдан бошқа нарсага ярамайдилар. Каримов ҳукумати мамлакат ичидаги чин мусулмонларни ёқтирмагани каби, мусулмонлар ҳам ҳеч қачон унинг тарафида туриб уришиб, осий бўлишни хоҳламайдилар. Акси, имкон туғилди, дегунча, унинг ўзининг бўғзига пичоқ тортадилар. Топталган адолатни ва ҳақ-ҳуқуқларини қарор топтириш учун мустабид тузумни ағдариш учун жангга кирадилар. Мусулмонларни шу аҳволга Каримовнинг йигирма беш йиллик жабр-ситамлари, ҳайвонларча инсонларга етказган хўрликлари олиб келди. У буни яхши билади. Шунинг учун ҳам охирги нафасигача президентлик лавозимини бермасликка ҳаракат қилади. Ўлганидан кейин қизлари ва невараларининг бошига қанақа қора кунлар тушиши, уни қизиқтирмайди.

Замонавий миллий давлатларнинг обрў-эътибори уларнинг катта територияларни эгаллашлари, йирик даромад манбаларига эга бўлишлари, қўшни давлатларга зўравонлик билан зуғум ўтказишлари ўз рақибларини қўрқув, аросатда тутишларини талаб қилади. Бу давлатларнинг содиқ фуқаролари ўз маданиятлари ва анаъанларининг устунлигидан фахрланишади, бошқа миллатларнинг маданият ва анъаналарига нафрат билан боқиб, ўз раҳбарларининг чақириқларига жавобан ҳар қандай жирканч жиноятлару ваҳшиёна кирдикорларни амалга оширишга тайёр туришади. Бундай миллатнинг ахлоқий хусусиятлари паст, фуқаролари ахлоқий туйғу ва инсоний фазилатлардан маҳрум бўлишлари, ҳеч қандай ахлоқ қонун-қоидаларига риоя этмасликлари мумкин, аммо у ўзини буюк ҳисоблайди ва буюк деб ҳурмат-эҳтиром этишларини талаб қилади.

Ўзбек мустақиллик туфайли, бу каби камситишлар ва азоб-уқубатларнинг барчасини йигирма беш йилдан буён тортиб келади. Фурқат: Фалакнинг мен тортмаган жабру жафоси қолдими, дегани сингари, Каримов туфайли ўзбекнинг мустақиллик йилларида, дунёда тортмаган жабру жафоси қолмади…

Жоуд ҳақли равишда таъкидлаган эди:

“Миллий нуфуз ва улуғворлик амалда ўз иродасини бошқаларга ўтказишга қодир куч-қудратга эга бўлиш демакдир. Миллатнинг обрў-эътибори ахлоқий сифатлар билан боғлиқ эмаслигининг ўзиёқ миллатпарастлик сиғинадиган идеалга айблов ҳисобланади. Агар мамлакат фақат ҳақиқатни гапирса, унинг обрўси паст саналади. Амалдаги обрў, нуфуз, жаноб Болдуин айтганидек, ҳурмат-эътибор уйғотувчи куч-қудратга, бошқача айтганда, фугас ва ёндирувчи бомбаларга, уларни шаҳарларга, оддий фуқаролар устига улоқтиришга тайёр тургувчи йигитларнинг ватанпарварлик садоқатига боғлиқ.

Шундай қилиб, миллатга обрў келтирадиган хусусиятлар инсонга обрў келтирадиган хусусиятларга тамом тескари. Шундоқ экан, обрўли миллатни маданий миллат деб бўлмайди. Мушт, пўписа воситасида келадиган обрў – обрў эмас” (Жоуд, I жилд, 152-153).

Ер юзидаги жами инсонлар бир-бирлари билан қон-қардош, жон-жигар эканлар, улар нима учун бир-бирларига ёмонликлар ва фитналарни соғинишлари керак. Оврупо билан Амриқонинг гуллаб-яшнашида демократиянинг улуғ хизматлари бор. Демократияни байроқ қилган халқларнинг бошқа мамлакатлар ва халқларга ҳам демократия шарофати билан хотиржам турмуш ва тўкин-сочин ҳаёт, тараққиёт кириб келишини исташларини биламиз. Биз буни имперализмнинг хуружи, Оврупо билан Амриқонинг эълон қилинмаган ғоявий-мафкуравий уруши деб талқин қилсак, тўғри бўладими? Улар ўзлари учун мукаммал деб билган тузум шаклини биз билан баҳам кўришга интиляптилар экан, уларнинг инсониятга яхшилик соғинишларини тушуниш қийин эмас. Мен бунинг ҳеч бир ёмон жиҳатларини кўрмаяпман. Жаноб пайғамбаримизнинг, ўзларингизга раво кўрган нарсаларингизни бошқаларга ҳам раво кўринглар, деган ҳадисларини яхши биламиз. Мусулмонлар икки дунё саодати калити Қуръони карим ва Ҳадиси шарифни дунё аҳли билан баҳам кўрмоқчи бўлса, бунинг нимаси ёмон? Демократия биз назарда тутаётган идеалларнинг бир учқуни эканлигини била туриб, тилимизни томоғимизга ютиб туришимиз чин мусулмоннинг иши эмас. Биз сув ичган раҳмат дарёсидан бошқалар нима учун чанқоқларини қондирмасликлари керак. Мен бу соф ниятларга қарама-қарши турадиган ҳар икки томоннинг ҳам иддаоаларига, ўлай агар, тушунмайман!

Пайғамбаримизга Илоҳийдан муқаддас Қуръон инганидан кейин жаҳолат ботқоғига ботган одамлар ўзгарди. Ҳозирги одамлар билан уларни ҳеч бир жиҳатдан бир-бирларига таққослаб бўлмайди. Ҳазрати Пайғамбаримиз (с.а.в.)нинг сафдошлари шу қадар ажойиб эдиларки, дин, ахлоқ, ижтимоий фаоллик, сиёсат, хуллас, маданий жамиятнинг барча жиҳатлари уларнинг ҳаётида ярқираб кўзга ташланиб турарди.

Юракларида иккиланиш йўқ эди, маънавий жиҳатдан яхлит шахсиятлар шу боисдан ҳам инсониятни бошқаришга муносиб эдилар. Биз инсоният тарихида мусулмонлар “хулафои рошидин замони” деб атайдиган ўша даврдек чароғон даврни кўрмаймиз. Бу даврда идеал давлатнинг идеал фуқароси бўлиши учун инсоннинг бутун моддий, ахлоқий ва маънавий имкониятлари ишга солинган эди. Давлат ахлоқ талаблари нуқтаи назаридан баҳоланар, урфу одат эса инсоний қадриятлар аҳамиятини кўтариш жамият ҳаётида адолат ўрнатишдаги салмоғи билан қадрланар эди.

Гарчи ислом давлати ўша даврнинг энг қудратли ва энг бой салтанати эса-да, унинг қаҳрамонлари дунёвий шон-шуҳратлари билан эмас, балки пок хулқ-атворлари, олижаноб табиатлари билан машҳур эдилар. Куч-қудрат билан ахлоқ ўртасида зиддият йўқ эди. Маънавий ҳаётни моддий бойликлар босиб кетишига йўл қўйилмас эди. Шу сабабга кўра, ислом дунёсида бойлик-бисот мўл-кўл ва аҳоли турли-туман қавмлардан иборат бўлишига қарамай, жиноятчилик оз эди. Бу давр ҳозирга қадар кечган инсоният тарихида мусаффо фасл – энг сўлим баҳор эди. Булар бари мусулмон давлати тепасида турганларнинг имон, эътиқод кучи, етуклиги ва тайёргарлиги туфайли юзага чиққан натижа эди. Улар ислом давлатига қайси бир йўсинда хизмат қилишмасин, ислом ахлоқининг тимсоли мужассами бўлиб қолавердилар. Маъмурларми ёки кичик амалдорларми, аскарларми ёки тартиб-интизом посбонларими, қай бир амалда бўлишмасин, ўз вазифаларини ажойиб бир камтарлик ва ҳалоллик ила, сидқидилдан адо этдилар.

Мусулмон аскарларининг намунали юриш-туриши, яхши сифатлари ҳақида византиялик зобитнинг айтганлари бунга ёрқин мисол бўла олади:

“Кечаси тоат-ибодат қилишади, кундузи рўза тутишади. Улар ваъдаларига вафо қилишади, яхши амаллар қилишга даъват этишади, ёмонликка йўл қўйишмайди, ҳаммани тенг, баробар кўришади” (Мужоласа).

Бошқаси шундай гувоҳлик беради:

“Улар кундузи суворий, кечаси зоҳид. Ўзлари истило этган ерларда ҳам овқатга ҳақ тўлашади. Қайга боришмасин, биринчи бўлиб салом беришади. Улар – душманларни тирқиратиб қувувчи жасур жангчилар” (Ибн Қиёсир, VII жилд, 16).

Учинчиси шундоқ деган эди:

“Кечаси улар тоат-ибодатдан бўшамайди, кундузги соатлари от устида кечади. Кўриб, умр бўйи шу иш билан машғул бўлишган деб ўйлайсан киши. Улар камондан ўқ узишга, найза отишга жуда моҳир, бунинг устига бағоят художўй, бир лаҳза бўлса ҳам Тангрини тилдан қўйишмайди, суҳбатларида бошқа нарсалар ҳақида деярли гап-сўз йўқ” (Ибн Қиёсир, VII жилд, 16).

Ана шундай ахлоқ ва тарбияга эга бўлишгани учун ҳам мусулмон аскарлари Мадоин шаҳрида ўлжа олинган Эрон шоҳларининг афсонавий тожи билан беқиёс “Баҳор гилами”ни саркардаларига топширган, саркарда уларни шу ондаёқ Мадинага, Халифа ихтиёрига жўнатган эди. Қимматбаҳо ўлжаларнинг бекаму кўст етиб келганини кўрган Халифа ўз аскарларининг ҳалоллиги, сидқу садоқатидан бениҳоя мамнун бўлган эди ўшанда.

Бизнинг замонимизда худди мана шу воқеа такрорланса, аскарлар билан саркардаларни фурсатни қўлдан бой бермасдан тафтиш қиладилар. Қолганларини қайга яширдинг, дея қийноқларга тутиб, алалоқибат уларни халқ душманлари сифатида камида йигирма йилга қамаб юборадилар. Сабаби, тепада ўтирганларнинг ўзлари ўғри ва муттаҳам бўлгач, бошқалар уларнинг кўзларига ўғри ва муттаҳам бўлиб кўринверадилар.

Эргаш Сулаймон