Худонинг амрини шайтон олмади…

Худонинг амрини шайтон олмади…
111 views
19 December 2014 - 17:43

333Жило айлади

Васфин баён айлай Хўтан шоҳининг,
Ўз юзин оламга жило айлади.
Бор малакни чақирмоққа жаҳд этиб,
Бирдан тасбеҳ айтиб, садо айлади.

Худонинг амрини шайтон олмади,
Одамни тупроқ деб, қабул этмади,
Ҳаммалар бош қўйди, шайтон қўймади,
Сажда қилмоқликдан ибо айлади.

Хазина ўрнига тўлдириб тоат,
Умрининг борича қилмай фароғат,
Сотиб олди бошга тавқ билан лаънат,
Худо меҳнатларин риё айлади.

Ёронлар, айтайин янги ҳикоят,
Нусхаларда кўрдим шундай ривоят,
Ўзи эшон эрди – пири ҳидоят,
Замонида бир иш “бино” айлади.

Қирқ минг муриди ҳам бор эди комил,
Ўзи бир эшондир – пири мукаммал,
Охирида бир иш қилди ул жоҳил,
Худо анинг юзин қаро айлади.

Бўлиб эрди ўзи восили-даргоҳ,
Оти эрди анинг Шайхи Бурсисоҳ,
Охирида бир иш қилди ул гумроҳ,
Ўзин ўзи рўйисиё айлади.

Мадина шаҳрига шуҳрати кетиб,
Анинг овозаси оламни тутиб,
Навбат Ҳасан отлик йигитга етиб,
Ҳолига қўймади, ризо айлади.

Ҳасанда бор эрди сингли ғунча-тар,
Моҳитабон эрди ҳусни мунаввар,
Кимга топширмоқни ўйлаб он қадар,
Ўз кўнглига шайхни баржо айлади.

Синглисининг қўлин тутиб юриди,
Етаклаб, ул шайхнинг олдига борди,
Синглисин ҳолидан шайхга арз этди,
Шайх ўзини ҳомий, паноҳ айлади.

Шайх ул нозаниннинг жамолин кўриб,
Ичидан ошиқи, нигарон бўлиб,
Ошиқлик шароби қалбин маст қилиб,
Шайх Тангридан қўрқиб, ибо айлади.

Бир куни дуч келди ул шайхга шайтон,
Шайтон ўзин ясаб бир азим эшон,
Шайтонга ишонди ул шайхи нодон,
Шайтонга ихлосин баржо айлади.

Шайх айтди: “Ғам билан оқар кўз ёшим,
Анинг учун доим йиғламоқ ишим,
Ҳаққа ибодат қил ризоси учун”,
Шайтон Малъун сўзин адо айлади.

Бурсисоҳ шайтоннинг сўзига кириб,
Шароб ичибон, шайх зинога юриб,
Маст бўлиб, ул қизнинг ёнига бориб,
Нолишига боқмай, зино айлади.

Ул қизнинг бўйида ҳомила қолди,
Шайх қизни ўлдириб, охурга солди,
Синглисини истаб акаси келди,
Шайх деди: “Қардошинг қазо айлади”.

Ҳасан йиғлаб кетди пар уриб гирён,
Банагоҳ, йўлида учради шайтон,
“Синглингни ўлдирди ул шайхи нодон”,
Дея унга, ғуллу бало айлади.

Ҳасан қайтиб, шайхнинг уйига келди,
Синглисин мурдасин охурда кўрди,
Шайхни судраб шоҳнинг олдига борди,
Ул арзини шоҳга баён айлади.

Шоҳ буюрди: “Шайхни осинглар дорга”,
Шайх чанқади, тилин қилди минг пора,
Нафсига имонин бой берди шўйла,
Шайтонга илашди, суво айлади.

Махтумқули, беш кун соғ бўлсин жонинг,
Ўлгунча, тилингдан қўйма санони,
Фитнаси тугамас фоний дунёнинг,
Бу қурумсоқ кимга вафо айлади.

МАХТУМҚУЛИ

Туркманчадан Мақсуд Асрор ўзбекчалаштирди