Сенга “ота” деганларидан кўра…

Сенга “ота” деганларидан кўра…
22 views
19 December 2014 - 17:56

2

«Шаҳидлар хиёбони»даги масхарабозлик туркумидан

Давоми

“…ҳеч ақлга сиғмайдиган ташвиқотларни ташкил қилса,” дейсан тағин уялмай-нетмай, безрайиб туриб. Йигирма беш йилдан буён, ўзбекнинг бошидан лойқа сувдек қуйиб ётган ўзингнинг бўлмағур ташвиқотларингнинг қай бири ақлга сиғади? Қай бир айтган гапингни тайинли, деса бўлади? Ҳеч бирини! Буни ўзинг ҳам яхши биласан.

Ҳар гал оммавий ахборот воситалари орқали ёхуд байрам тантаналари муносабати билан халқнинг олдига чиқиб гапираётганингда тиканларинг танангга ёпишиб, оппоқ қуёнга айланасан. Ҳар сонияда минг бир қиёфага кириб, буқаламун каби тинмай турланиб турасан. Читтаксан, жиблажибонсан, у шохадан бу шохага-бу шохадан у шохага қўниб, бўлар-бўлмасга читтиллайверасан. Нима деётганингни, ўзинг билмайсан. Бугун эрталаб туриб, оғзингга нима келса, айтасан-да, эртаси кун бугунги айтганларингга мункир келасан. Қилғиликни қилиб қўйиб, айбингни бекитиш учун қозоннинг тагини ялаган қассобнинг итидек қора кўрсанг думингни гажанг қилиб, ириллаб тураверасан. Балодан ҳазар, деганларидай, ёнингдан ҳамма уйилиб ўтади. Буни, сен фуқароларнинг ўзингдан қўрққанига йўясан.

Думи билан уришаётган кўппакка ўхшайсан. Бўйнингда Исроилнинг занжири, Россия ҳар замонда ўзингнинг ялоғингдан олиб ўзингга суяк отади.
Оғзингдан чиққан қай бир гапинг ўзингга ёқса, сенга тегишли, ёқмаганини думингга тўнкайсан, думинг эса ўзбекнинг бошидан ағдаради. Икки ўртада, ўзбек балогардон. Билмайман, бу дунёда ўзбек бўлмаса, нима қилар эдинг. Дайди итдек ўзингга муносиб бир хўжайин тополмасдан оёқлар остида қолиб, хору зор бўлиб ўлиб кетармидинг. Руминиянинг диктатори Чоушовский сингари халқнинг ғазабига учраб, ит ўлимида ўлармидинг…

Сен бир танда бир тан бир жон бўлиб, шунча йиллардан буён ўзинг билан ўзинг келиша олмайсан, яна, “…ҳеч ақлга сиғмайдиган ташвиқотларни ташкил қилса..” дея, ҳомийларингнинг кўрсатмаси билан идрокинг етмаган нарсага тумшуқ тиқиб, оғиз кўпиртирасан. Осмоннинг устунини ушлаб тургандек, бўйнингдаги кўринмас занжирга ёлғондакамига чираниб, карвон кўрсанг, ташланмоқчи бўласан. Аммо, ҳеч бир замонда, бўйнингдаги занжирга зўр солишга уринмайсан. Бехосдан, занжирнинг узилиб кетишидан ҳадиксирайсан. Карвондагиларнинг уриб, тишларингни синдиришларидан қўрқасан…

Шунақа. Йигирма беш йилдир-ки, коммунистлар қоқиб кетган қозиққа боғланган бир бахтсиз, бечорасан. Шу қозиқнинг атрофида айланиб, булутларга, ёмғирлар ва дарёларга дўнмоқчи бўласан. Узоқ-узоқлардаги пурвиқор тоғларга термулиб, чўқилик даъвосини қиласан. Ич-ичингдан чақмоқ бўлиб чақиб, момогулдурак бўлиб гумбирлайсан. Аммо, буни ўзингдан бошқа ҳеч ким сезмайди.
Ҳар сафар танга топган жиннидай, хаёлларинг тошқинидан терингга сиғмай камалакка айланиб, гўё етти турли ранг касб этасанда, қозиқ атрофидаги ўзинг ташлаган нажосатларга боқиб, соянг билан қилаётган ишларингни муқояса қиласан. Ўзинг-ўзингнинг кўзингга қоя бўлиб кўриниб, қутурган буқа каби кўзларинг қонга тўлади. Соянг билан рақобатлашиб, нафас олмасдан вовуллашга тушасан, соянгдан ўзингнинг зўрлигингни кўрсатиш учун кеча-кундуз ёлғон-яшриқлар тўқийсан. Қундуз бобо бўлиб, ўзинг ташлаган нажосатларга ўзинг тўқиган ўзинг ҳақингдаги бетутруқ эртакларни сўйлайсан.

Энди одамлар тугул, улар ҳам сенинг, “ўлдим” деганларингга ишонмай қўйганлар. Уларнинг ҳам ёлғон-яшриқларингдан, “миқ” этмасдан занжирингни тортиб турадиган қозиғингдан олис-олисларга қочиб кетгилари келади. Чанг ва тўзонларга айлангилари, чиригилари, чириб ўғитга айлангилари келади. Беҳудага кечаётган умрларига ачинадилар, ўзлари дов-дарахт бўлолмасалар, дов-дарахтларга зарур бўладиган гўнгга айланиб озуқа бўлишни орзулайдилар. Япроқларга айланиб, ойга, қуёшга шеър бағишламоқчи бўладилар. Сен эса, тутриқсиз режаларинг, ҳавойи хаёлларинг билан ўшаларни ҳам ўз эркига қўймайсан. Йигирма беш йилдан буён бутун ёруғ оламдаги жонли-жонсиз нимаики бор, барчасининг миясига бездириш сиёсатини жойлаш билан машғулсан.

Сени кўрса, бойқушлар кўзларини юмиб оладилар, олашақшақлар шақилллашдан тўхтайдилар. Момогулдураклар дамини ичига ютиб, Сукунат бармоқларини қулоқларига тиқади. Бу дунёда, ҳамма сендан безиб бўлган. Аммо, бутун бурди-балонгга, фисқу фасодингга ўзбек чидайди. Безса ҳам, кўнгли озса ҳам кўзларингга боқиб, сени тинглайверади. Аммо, у ҳам ўз билганидан қолмайди, кўзи сенда хаёллари билан андармон бўлиб, сўзларингни эшитаётганга ўхшаса ҳам, нима деётганингни англамайди, маъно изламайди, безиб, безилламайди. Ўзинг айтмоқчи: “Ўзимизга хос, ўзимизга мосмиз”…

“…мусулмонларнинг дунёси, олами нима бўлади?!” Бу деганинг, нима деганинг? Сен мусулмонларни таниганингга йигирма уч йил бўлган бўлса, шунча пайтдан буён уларнинг “дунёси, олами нима” бўляпти? Бундан кейин ҳам, шунақа бўлади. Парчаланган Туркистонни мустақил давлатларнинг мустабидлари ҳар кун парчалайверадилар. Улар мустақиллик берган имкониятлардан фойдаланиб, иттифоқ тузмайдилар, бир-бирларига қучоқ очмайдилар. Қайтангга, чегараларини тиканли симлар билан ўраб оладилар. Кириб-чиқиш дарвозаларини жандармлар билан тўсиб, ора йўлларга миналар кўмадилар. Одамлар тугул, чегараларни кесиб ўтмоқчи бўлган қўй-қўзи, сигир-бузоқларни ҳам портлатиб юборадилар. Ўзбек, қозоқ, туркман, тожик ва қирғиз қардошлар, бир-бирлариникига ўтиб қайтмасдан ҳам, яшайверадилар. Бирининг боласи у ёқда, бириниг ота-онаси бу ёқда, ўлган ўлиб, туғилган туғилаверади. Ўртадан қадр-қиммат кўтарилиб, мўмин-мусулмонлар кун-кундан жоҳиллашиб бораверади.

Охир-оқибат, ҳаммани ваҳший бир тўдага айлантирасан, кун келиб ҳар бир тўда, ўзининг олий ирқ эканини, қолганларнинг тарбиясиз бир тўда эканини айтиб, кўксига уриб майдонга чиқади. “Оға”лик даъвосини қилган томон Туркистонга эгалик қилиш учун қудратини кўрсатиб қўймоқчи бўлади, томоғини йиртиб, кетига зўр беради. Кейин “…мусулмонларнинг дунёси, олами нима бўлади?!” Сенинг, энангники бўлади! Буюк давлатларнинг кўнглидаги ишлар ўртага чиқади. Айни, муддао деб, шуни айтадилар.

Сенга шу керак. Чорак асрдан буён, сен шунинг учун жон бериб-жон оляпсан. Яна, “…мусулмонларнинг дунёси, олами нима бўлади?!” дея, валдирайсан.

Қозоқ билан қирғиз ёхуд туркман билан тожик мусулмон эмасми? Мусулмонларнинг ташвишига тушиб қолган экансан, аввало, ўзбекни тек қўйсанг, ўласанми? Оғзингни кўпиртириб, “Маккаю Мадина” деб, дунёйи оламга жар соласан. Мусулмон киши ишни ўзига яхшиликлар қилишдан бошлаши лозимлигини билмайсанми?! Ўзига яхшилик қилолмаган, бировларга яхшилик қиладими? Сен энг аввало хотинингга, қизларинг ва невараларингга яхшик қил, кейин қолганлар хусусида бош қотирасан. Оиласидагиларга яхшиликлар қила олмаган одам, одамми, ахир? Одам деган, қўлимда ҳокимият бор экан, дея, оғзига нима келса, “ҳа” деб гапиравермайди. Одамлардан уялмасанг, Яратгандан ҳаё қил, бадбахт!

Сен ўзбекларнинг Туркистондаги тарихий ўрнини англаганингда эдинг, ҳозир Ўрта Осиё халқларининг турмуш тарзлари бутунлай бошқача бўларди. Бутун Ўрта Осиё давлатларининг раҳбарлари йигирма уч йил илгари “нима қиламиз” дея, сенинг қоши-қовоғингга боқиб турганда, сен бузғунчиликлар ва фитналар содир этишдан иш бошлаб, барчанинг ҳавсаласини пир қилдинг. Сен яҳудийларнинг ити бўлмаганингда эдинг, шу каби Россияга маънавий жиҳатдан қарам бўлмаганингда эдинг, исломни англаганингда, руҳиятингда туркликдан заррача рағбат бўлганда эди, Туркистоннинг мустақил давлатлари кучли бир иттифоққа бирлашарди. Беш мустақил давлат – беш панжа, бир мушт бўлиб, беҳудага кечган ўтган йиллар асносида, тараққиётнинг аллақанча кўчаларидан кесиб ўтган бўлардилар. Бугунги муаммоларнинг ва кўргуликларнинг ҳеч бири, Туркистон халқларининг бошига тушмасди.

Сен яккамоховлик сиёсатини тутиб, минтақадаги энг кучли ва дину диёнатли раҳбар Нурсулдан Назарбоевни ҳам тўғри ва истиқболли йўлдан чалғитдинг. У, сендан қўлини ювиб қўлтиғига урар экан, уни баъзи бир хотираси мажмурда қозоқ олимлари йўлдан урди. Биз қозоқлар турк эмас, мўғул, дея, авраб, қаерлардаги бир мўғул ҳукмдорининг қабрини топиб, ўшани қозоққа “ота” қилмоққа шайландилар. (Баъзи бир чориғини танимаганларнинг сенга “ота” деганларидан кўра, ўшанга “ота” деганлари минг мартта афзал). Чингизхонни бошларига кўтариб, миллатнинг миллий қаҳрамонига айлантирмоқчи, унинг номини миллий қозоқ давлатининг байроғи қилиб кўтармоқчи бўлдилар. Сени “мусулмонларнинг дунёси, олами” қизиқтирар экан, нима учун ўшанда, Назарбоевга, Чингиз ҳам аслида мусулмон бўлмасада турк, аммо у қонхўр бир махлуқ, ундан тарихда бузғунчилик ва вайронагарчиликлардан бошқа ҳеч нарса қолмаган. Унинг на дину диёнати, на бир қурган шаҳар ва қишлоғи бўлган. У ҳам менга ўхшаган бир ваҳший, исломга, мусулмонлар дунёсига мендан кам талофат етказмаган, биродарим, деб айтмадинг? Авлодлари бўлмиш Ўғизхонларни, Атиллаларни, Темурбекларни, Абулхайирхон ва Шайбонийларни, Фаробий ва Берунийларни, Яссавийларни эслатиб, биз бир элат, бир халқмиз, деб, унга елкадош бўлмадинг. Акси, ўзингнинг ундан зўрлигингни дунёда намойиш этиш учун 23 йилдан буён зимдан унинг пайидан олишни, қозоқнинг бошига иш тушиб, унинг шарманда бўлишини истайсан. Аллоҳ ҳам мардни суйиб, номардни икки қўллаб урармиш, деганларидай, Назарбоевнинг ишларига ривож бериб, сени кўз очишга қўймай, қўш қўллаб уриб ётипти…

Эргаш Сулаймон