“ … “Хоин” деб ном олмоқ нақадар шараф!…”

“ … “Хоин” деб ном олмоқ нақадар шараф!…”
142 views
20 December 2014 - 16:51

10625020_775827469142001_5627974164360586544_n
Ер сайёрасида ўз турмуш ташвишлари билан овора 7 миллиард одам бор.

Шундай шахслар борки, яшайдими, йўқми, дунёга келдими, келмадими, ва умуман, тирикликдан мақсади, муддаоси не, буни ўзгалар тугул ўзи ҳам билмасдан ўтиб кетади ҳатто.

Одамлар орасида ўзининг бир марталик бебаҳо умрини миллати, халқининг бахти учун бахшида этадиганлар эса саноқли, камёб….

Шу боис ҳам бундай инсонлар ноёб, нодир саналади….

Миллатдошларимиз орасида умрининг энг жавоҳир онларини ўзбек учун, Ўзбекистонликлар учун курашга бағишлаган, миллат тақдири ҳақида қайғургани учунгина ёт юртларга бадарға этилган, навқирон кунларини сургунда ўтказишга, юрт соғинчининг аламли оташларида минг бир қоврулишга мажбур бўлган қалби доғлар бор, ҳазрати инсонлар бор.

Миллатимизнинг энг сара сиёсатчиларидан бири, иқтидорли ижодкор Муҳаммад Солиҳ сўзсиз халқимизнинг ана шундай нодир фарзандларидан бири.

Менинг фикру ожизимча, Муҳаммад Солиҳдек салоҳиятли миллатимиз вакилининг сургун этилишида, бегона юртларда умргузорлик қилишида биргина мавжуд тузумнинг айби йўқ, аксинча, бу кўргуликда сизу бизнинг, Ўзбекистонликларнинг, халқимизнинг ҳам кечириб бўлмас гуноҳлари беқиёс.

Тан олишимиз керак, Муҳаммад Солиҳни, юзлаб Солиҳларни юртдан бадарға қилган Ўзбек халқининг тарқоқлиги!

Сизу бизнинг, Ўзбекнинг лоқайдлиги Муҳаммад Солиҳ каби миллатимизнинг юзлаб асл фарзандларини ватандан сургун этилишига сабаб бўлган аслида!

Солиҳдек юзлаб элпарварларни бегона юртларга бадарға этилишига Ўзбекистон аҳолисининг боқибеғамлиги, журъатсизлиги пойдевор бўлганди десам хато қилмаган бўламан.

Халқимиз ўз тақдирига бунчалар бефарқ, бунчалар боқибеғам бўлмаганида, дунёқараши кенг, тафаккури тийран бўлганида ўнлаб, юзлаб Солиҳлар қувғин қилинармиди?

Очиқ кўзлар кўрлиги, қалб сўқирлиги бизнинг бахтимиз учун куйиниб курашга отланган одамни ва унинг юзлаб издошларини қаро қисматга дучор этгани чин.

Айрим каслардаги ҳасад, ичиқоралик, кўролмаслик, мунофиқлик, манманлик ва худбинлик касаллиги миллатнинг Муҳаммад Солиҳдек фарзандларини қувғин этилишига ҳисса қўшиш баробарида элимиз эртасига ҳам соя солиб қўйганлиги рост.

Муҳаммад Солиҳ каби элпарвар шахсларни режимнинг ёвуз чангали ином-ихтиёрига ташлаб қўйганимиз, томошабин бўлиб, қўл қовуштириб, ҳақсизликларга қуллуқ қилиб турганимиз ва бу билан нафақат бир юрт фидойисининг ҳаётини, балки ўз келажагимизни ҳам хатарга қўйиб, бе ўт куйдирганимиз, ёндириб ётганимиз ҳам ёлғон эмас.

М. Солиҳнинг сал кам чорак асрлик бебаҳо умрини ўзга эл эшигида ўтказишга маҳкум этганлар мана шу халқ, мана шу миллат, унинг бирлаша олмаслиги, бир ёқадан бош чиқара билмаслиги, бебурдлиги бўлади, агар билсангиз.

Ваҳоланки, сизни, бизни, фарзандларимизнинг келажаги учун ўз умрини бағишлашга қодир қахрамонлар ҳаётини ҳимоя қилиш учун халқман, миллатман дегани оёққа қалқиши, қўксиларини қалқон қилиши лозим эмасмиди?!

Зотан М. Солиҳ ва Солиҳ кабилар бундан-да ортиқ ҳурматга, эҳтиромга лойиқ эди.

Эсиз, миллатимизнинг солиҳ фарзандлари қувғин этилди, қарйиб чорак асрлик умр қайсидир маънода ҳавога соврилди, бебаҳо умри увол кетди.

Шу боис ҳам халқимизни бугун ёт юртларга қувғин қилинган миллатпарвар, ватанпарвар Муҳаммад Солиҳларнинг уволи тутмоқда.

Элпарвар, миллатпарвар халқ вакилларининг ярми қувғин этилса-да, тенг ярми айбсиз айбдор этилиб қамоққа ташланса, қолган-қутгани қорин ғамида қулчилик қилса-да қулоғимиз кар, тилимиз гунг, кўзимиз сўқир бўлди.

“Нега ўзбекнинг асл фарзандлари ёт юртларга қувғин этилиши, нима учун элим деганлар қамоққа тиқилиши керак? Нега энди миллионлаб фарзандларимиз оила тебратиш ўйида қўшни давлатларда қул бўлиши керак? Нима учун?” демагани, дея олмагани ва элпарварлар ҳаётининг ҳимояси учун оёққа қалқимагани, қалқишга қўрққани учун ҳам биз Ўзбекистонликларни ҳали узо-оо-ооқ йиллар элпарвар кишиларнинг уволи тутмасайди деб қўрқаман….

Миллатпарвар ўғлонларига кўксини қалқон қилмагани учун ҳам ҳали халқимиз кўп йиллар тавон тўлашга мажбур бўлмасайди дея ҳайиқаман…

Юрт учун қайғура билган ўғлонларнинг мана шу чорак асрлик умр Ўзбекистонда ўтганида борми, балки бугунги кунда Ўзбекистон аҳолиси қоронғу қишнинг узун кечаларида совуқдан дилдираганча ожиз милтираётган шам шуъласига умидсиз термулиб ўтиришмаган бўлармиди деган ўтли бир армон ўртайди қалбни….

Элпарварларга қучоқ очиш ўрнига қувғин қилишларига томошабин бўлиб туришимизнинг “шарофати”, лоқайтлигимиз касофати бу!

Халқим дея ҳайқирганлар ҳимоясига отланиш ўрнига, хоинга чиқардик….

Оқибатда, нима қилиб қўйдик?…. Азборойи сўқирлигимиздан, нотовонлигимиздан миллатимизнинг биринчи рақамли фарзандларини
бой бериб қўйдик, ёт юртларга қувилишига йўл қўйиб бердик. Мана, бизнинг фожиамиз нимада.

Халқ, миллат журъатлироқ бўлганида, боши бирикканида эди ўнлаб, юзлаб Солиҳлар ёт юрт остонасида сарғайишмаган бўларди!

Бу ҳақиқатни халқимизнинг ҳар бир вакили тушиниб етишини, юракдан ҳис этишини истардим.

Миллатимизнинг мунаввар кунлари дея ҳаётини тиккани эвазига элдошларидан лоқайдлик ва боқибеғамлик, бефарқлик ва журъатсизликдан ўзга “туҳфа” ололмаган одам – Муҳаммад Солиҳ бугун ўзларининг муборак 65 ёшларини қаршиламоқда.

Табрик учун оғиз жуфтламоққа эса журъатсиз халқ вакиласи сифатида юзим қизил, минг бир ҳижолатдаман, айбдорлик юки оғирлик қилиб кетмоқда….

Ўзга элда ўтаётган кунларингиз, йилларингиз олдида амалдаги ҳукумат билан бирга-бирга халқимиз ҳам, из ҳам қаршингизда теппа-тенг қарздормиз, энг муҳими айбдормиз.

Ўйлайманки, энг аввало, ҳорижий юртларда саргардон юрган юзлаб солиҳ юртдошларимиздан кечирим сўрашимиз керак бўлади, бу – шарт.

Қадрли Муҳаммад Солиҳ, ўз қахрамонларини кўра олмаган, фидоийларини танимаган, элпарвар ўғлонларининг ҳаётига қўшиб ўз элининг эртасига ҳам хатар солиб қўйган биз бепарволарни, боқибеғам, лоқайд, қўрқоқ милллатдошларингизни кечиринг.

Таваллуд кунингиз муборак!

Халқ бахтига ҳамиша соғ бўлинг, умрингиз узоқ, танингиз ҳамиша сиҳат бўлсин.

Навбатдаги таваллуд айёмингизни ватанда, Ўзбекистонда қаршилашни Аллоҳ насиб айласин.

Миллатимизга кераксиз.

Тангридан миллатимизнинг сиз каби солиҳ фарзандлари сонини ошиқроқ этишини сўраймиз.

Қадрли Муҳаммад ака, биласиз, туғилган кунларда, қувончли онларда совға ҳадя қилиш халқимизга анъана.

Мен ҳам сизга, халқимизнинг фидойи фарзандига қутлуғ кунида муносиб бир унитилмас совға ҳадя қилсам дегандим.

Ўйладим, хаёлан арзирли совға қидирдим ва сизнинг шаънингизни куйламоқ учун ушбу сатрлардан, ўз шеърингиздан-да қимматлироқ сухан топа олмадим:

Муҳаммад Солиҳ
Бир ёнда ожизу, бир ёнда кучли,
Кураш бошланаркан тарафма-тараф,
Ожизнинг ёнини олганинг учун
“Хоин” деб ном олмоқ нақадар шараф!
На шараф, ўз халқин қул этган подшоҳ,
“Ашаддий душман,” деб сени атаса,
Жазавага тушса,номинг эшитган чоқ,
Китобингни ёқса, йиртса, топтаса!
Нақадар шарафдир, зулмга “зулм” десанг,
Синса ҳам бошингда ҳар куни тўқмоқ-
Шайтондан қўрқмаслик нақадар гўзал,
На лаззат,ҳар доим Оллоҳдан қўрқмоқ!
Ҳурматли Муҳаммад Солиҳ, яна бир бор таваллуд айёмингиз билан!

Туғилган кун муборак!

Малоҳат Эшонқулова
Мустақил журналиcт. Ўзбекистон.