Hürriyet: “МХХчи Собир Шукуровнинг қотиллик режаси ҳақида янги тафсилотлар”

Hürriyet: “МХХчи Собир Шукуровнинг қотиллик режаси ҳақида янги тафсилотлар”
33 views
22 December 2014 - 17:17

1

Туркиянинг Истанбул шаҳридаги Зайтинбурни мавзесида ўзбекистонлик Абдуллоҳ Бухорийнинг ўлдирилиши жинояти билан боғлиқ янги тафсилотлар юзага чиқди. 22 декабрь куни Туркиянинг “Ҳуррият” (“Hürriyet“) газетасида эълон қилинган “Суиқасдчи ўзбек Собирни ҳамма биларди” (“Suikastçı Özbek Sobir’i herkes biliyormuş”) сарлавҳали мақолада қотилликнинг режалаштирилиши билан боғлиқ қўшимча маълумотлар билан бир қаторда қатл рўйхатида аслида 9 та одам борлиги ҳақида сўз боради.

“Абдуллоҳ Бухорийнинг ҳам исми келтирилган 9 кишилик қатл рўйхатини ўзбек махсус хизмати ходими Собир Шукуровдан олганликларини иддао қилган 4 киши рўйхатни полиция ва прокуратурага топширди. Уч ойдан сўнг жиноят содир бўлди. Полиция эса жиноятдан сўнг буюртмачи сифатида Собир Шукуровни қўлга олди”, – деб ёзади турк нашри.

Мақолада айтилишича, шу йилнинг август ойи бошларида миллати чечен бўлган Туркия фуқароси Алижон Э. Муҳаммад Солиҳнинг ўғли Тимур Солиҳга қўнғироқ қилади ва уларга нисбатан тайёрланган суиқасд режасини фош қилмоқчи эканлигини айтади.

Пендикдаги махфий учрашув
Тимур Солиҳ 19 август куни Истанбулнинг Пендик мавзесидаги қаҳвахоналардан бирида Алижон Э, чеченистонлик Султон К. ва грузин эканлиги айтилган Хусайин исмли шахслар билан учрашади. Султон К. ўзининг Чеченистон полицияси ходими эканлигини айтади ҳамда рус ва ўзбек махсус хизматларининг суиқасд режаси ҳақида гапиради.
Султон К.нинг иддаосига кўра, рус махсус хизмати ходими Мингбоши Иван Муҳаммад Солиҳ ва Абдуллоҳ Бухорийнинг ҳам исмлари жой олган 9 кишининг ўлдирилиши учун ўзбек МХХ ходими Собир Шукуровга вазифа беради. Шукуров эса ушбу жиноятларни амалга ошириш учун 250 минг АҚШ доллари эвазига юқорида номи келтирилган шахсларни ёллайди.

Паспорт нусхаси олинди
Чеченистонлик Султон К. “Руслар мени кўксимдан яралашган. Улардан қасос олмоқчиман”, – дейди ва Собир Шукуровга оид Россия паспорти ҳамда Ўзбекистон ҳайдовчилик гувоҳномасининг расмларини кўрсатади. Тимур Солиҳ ушбу расмлардан нусха олади ва учрашув тугаши билан полицияга мурожаат қилади. Алижон Э. эса учрашувдан чиқиб Зайтинбурнидаги савдо марказида ўзбекистонлик Абдуллоҳ Буҳорий билан ҳам кўришади. Алижон Э. Абдуллоҳ Бухорийга ҳам режалаштирилган суиқасд ҳақида хабар беради ва эҳтиёт бўлишини айтади.

Террорга қарши кураш бошқармаси ходимлари 2014 йилнинг 12 сентябрь куни Султон К., Алижон Э., Леван Г. ва Зелимхон Х.ларни қўлга олади. Левен Г.нинг ёнидан қўл билан чизилган кўп хонали бир меҳмонхонага оид чизмалар чиққан. Султон К. суиқасд режаси ҳақида батафсил гапириб беради.

Мингбоши Иван қистовга олди
Султон К. Собир Шукуров билан икки маротаба юзма-юз кўришганини, жиноятни амалга ошириш учун ўзининг Шукуров тарафидан қистовга олинганини, Собир Шукуровнинг эса рус махсус хизмати ходими Мингбоши Иван тарафидан қистовга олинганини иддао қилган. Султон К., Алижон Э., Леван Г. ва Зелимхон Х.лар прокуратурада тергов қилинганларидан сўнг қўйиб юборилган. Шу билан тергов иши ҳам ёпиган. Абдуллоҳ Бухорий шу кундан бошлаб зирхли кийимда юра бошлайди.

Зирхли кийим киймаган 10 декабрь куни ўзи таъсис қилган Зайтинбурнидаги Эҳсон илмий хизматлар ва Кўмаклашиш жамияти олдида отиб ўлдирилди. Шу куннинг ўзида полиция Зелимхон Махтиевни ижрочи сифатида қўлга олди. Туркия Хавфсизлик Ташкилоти билан биргаликда амалга оширилган амалиётлар натижасида буюртмачи эканлиги иддао қилинган Собир Шукуров Истанббулнинг Оқсарой мавзесидаги меҳмонхоналардан бирида, жиноятни амалга оширишга ёрдам бергани иддао қилинган Элдар Аслан эса Анқарада қўлга олинди.

ЎХҲ ахборот бўлими

Hürriyet газетаси хабари асосида тайёрланди