“Сайловда қатнашганлар 10% дан ошмайди” – ҳуқуқ ҳимоячиси

“Сайловда қатнашганлар 10% дан ошмайди” – ҳуқуқ ҳимоячиси
102 views
22 December 2014 - 19:06

621 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ва халқ депутатлари маҳаллий кенгашларга бўлиб ўтган сайловларда 78,4% сайловчи иштирок этгани тўғрисида расмий маълумот берилди.

Бироқ, сайлов куни жараёнларни кузатиб борган мустақил ҳуқуқ ҳимоячиларнинг сўзларига кўра ушбу кўрсаткич ҳақиқатдан анча йироқдир.

Хусусан, 45-мактабда жойлашган №492 сайлов участкасидаги сайлов жараёнини кузатган «Альянс» ҳуқуқ ҳимоячиси Ш. Рустамовнинг таъкидлашича, эрталабки соат 7.15 дан 12.00 га қадар 163 та сайловчи овоз беришга келган. Бу эса сайлов участкасида қайд қилинган сайловчилар умумий сонининг 4,2% ни ташкил қилади.

Ҳуқуқ ҳимоячилари ИИБ ходимлари кузатувида
Ҳуқуқ ҳимоячисининг сўзларига кўра, шаҳар Ички ишлар Бошқармасининг икки ходими уни ва ҳуқуқ ҳимоячиси А. Саримсоқовни кун давомида узлуксиз таъқиб қилган. Ҳуқуқ ҳимоячиларининг нима мақсадда сайлов участкаси атрофида кузатишаётганини англаган ИИБ ходимлари бир неча маротаба уларга халақит беришга ҳаракат қилишган ва сайлов участкасидан узоқроқ туришга чақиришган.

“Тушдан сўнг сайловга келаётганлар сони янада камроқ бўлди, – дейди Ш. Рустамов. Соат 18.00 да мен сайлов жараёнини яна кузатишни бошладим. ИИБ ходимлари яна мендан овоз беришимни ёки сайлов участкасидан 20 метр узоқлашишимни талаб қилишди. Мен уларга истаган пайтимда овоз беришимни айтдим”.

Ш. Рустамовнинг айтишича соат 18.00 дан 19.00 гача сайлов участкасига бор-йўғи 8 та сайловчи келган.

Бироқ, шунга қарамасдан соат 19.00 да сайлов участкасига кириб сайловчилар сони билан қизиққан Ш. Рустамов 3880 та одамнинг “сайловда қатнашди” деб қайд қилинганига гувоҳ бўлганини айтади.

Қалбаки имзолар
“Мен уларга сайловга таклиф қоғозимни кўрсатдим. Улар мени исм-шарифимни турли рўйхатлардан излашни бошлашди. Рўйхатларнинг барчаси қалбаки имзолар билан тўлдирилганди. Бундан ташқари менинг, ўғлим Қодир ва қизим Зуҳраларнинг ҳам исмлари қаршисида қалбаки имзо қўйилганди. Ваҳолангки улар сайловга келишмаган. Шу йўсинда Сайлов участкаси ходимлари мени овоз бериш ҳуқуқидан маҳрум қилишди. Фарзандларимнинг овозларидан мансабдорлар манфаати йўлида фойдаланишди”, – дейди Рустамов.

Унинг фикрича бу ҳолат сайлов участкасидаги барча рўйхатлардаги келмаган сайловчиларнинг ўрнига керакли натижани олиш мақсадида қалбаки имзолар қўйилган дейишга асос бўлади.

Бундан ташқари Ш. Рустамов сайлов участкаси ходимларига ва участка раиси Х. Абдуллаевга бир хил тарзда қўйилган қалбаки имзоларни кўрсатганини айтади. Унинг сўзларига кўра, қалбаки қўйилган имзолар сони сайловда қатнашганлар сифатида қайд қилинганлар умумий сонининг тахминан 80% ни ташкил қилади.

Ҳуқуқ ҳимоячиси бундай қаллобликнинг марказлашган ҳолда барча сайлов участкаларида амалга оширилишини таъкидлайди.

“Шунинг учун ҳам сайловчиларда сайловга умуман қизиқиш йўқ, сайловчиларнинг деярли 90% и сайлов участкаларига боришмайди ва овоз беришмайди”, – дейди у.

Ш. Рустамовнинг сўзларидан келиб чиқилса 21 декабрь кунги сайловда иштирок этганлар кўрсаткичи 10% дан ошмайди.

ЎХҲ ахборот бўлими