Элига тош отганлар, отди…

Элига тош отганлар, отди…
55 views
23 December 2014 - 14:04

1290-йиллар шеърияти туркумидан

Илинж   
Ташвишлардан изиллайди, жон,
Ғалвалардан йўқдир, ҳаловат.
Оёқларнинг остидан қочиб,
Ҳар гўшада тунар муҳаббат.

Минг йиллар-ки, залворли тоғлар,
Йўлларимга термулар, интиқ.
Бермоқ бўлса, чўққилар юпанч,
Дардларимни қилмайми, тортиқ?

Хизр кезган чўллар кўз тикар,
Бу жойларда, сон-саноқсиз йўл.
Улуғбекдек нурга юз тутиб,
Юлдузларга бермайинми, қўл?

Қадамимни денгизга буриб,
Изламайми, дунёга эшик?
Тўрт томоним, боши берк кўча,
Куйламайми, “эрк” дея, қўшиқ?

Хор бўлсинми, муҳаббат ахир?
Зориқсинми, мададга Ватан?
Менингдайин ўғлони туриб,
Кулмасинми, ўзбек дафъатан?

Охират мусобақаси      
Ёт юртларда кўп юрдим кезиб,
Ватанни ҳам ораладим, хўп.
Ҳар жойда ҳам олчоқ роҳатда,
Яхшиларга тинч йўқ, талатўп.

Ҳасадсиз қалб – қўрғонсиз қалъа,
Ола қарар ҳар ўтган дайди.
Замонларни бўйлаган дунё,
Ёмонга эш бўлиб, кексайди.

Чекинмайди, эзгулик ҳам ҳеч,
Таслим бўлмас яхшилик мудом.
Яралганда, шундай яралган,
Зиё – дарё бўлса, зулмат – ком.

Бу охират мусобақаси,
Сўнгигача этади давом.
Ким ўйинда содиқ фуқаро,
Ким бу йўлда бўлади авом.

Ўз ролини ўйнайди ҳар ким,
Замон ҳеч-да, бўлолмас тўкис.
Умрларни безамоқ учун,
Аслида бу ҳаёт нотекис…

Бардош     
Эсиб ўтди, йиллар шамоли,
Чинор бўлди суқилган таёқ.
Учди, неча юлдуз сизиб қон,
Увол кетди, бўлолмай маёқ.

Субҳидамни қутламоқ учун,
Юз кўрсатди ҳар тонгда зуҳро.
Қуёш ҳар кун шарқдан бош тиклаб,
То ғарбгача, куйлади, бурро.

Менинг дамим ичимда, ҳамон,
Юрагимда занжирбанд, дардим.
Кўз косасин тешган ёшларни,
Тўйиб-тўйиб, бир ўзим ичдим.

Соқовдек “жим” ўтсам, жовдираб,
Тополмасам, дунёда йўлдош,
Не ҳам қилдим, бесамар жавраб,
Мен ўзимга тилайман, бардош…

Ғоя      
Ҳар мантиқсиз туғилган ғоя,
Келажакка отилар, камон.
Яраланар, соғлом фикрлар,
Қон йўқотар, ўлка беомон.

Кесилар, минг йиллик чинорлар,
Яраланар, кўксидан ўтмиш.
Муз тоғлардек чўкар, минорлар,
Осмон мурда кўзидек, қотмиш.

Залолатга ботганлар, ботди,
Элига тош отганлар, отди.
Тарихларнинг бағрида ҳар тош,
Қайтмас бўлиб, абадий қотди.

Бир кун келиб ҳар бирини вақт,
Эл кўзида этар намойиш.
То унгача жаҳолат, майли,
Бераверсин, тахтда фармойиш…

Сафо Турон