Каримовга ўхшаган даҳрий материалистлар…

Каримовга ўхшаган даҳрий материалистлар…
21 views
23 December 2014 - 14:16

“Фитратга мактуб ёхуд руҳ билан суҳбат” туркумидан

Бир ёзувчи, инсон ҳаётида икки тур тасодиф бор, уларнинг қачон содир бўлишини ҳеч кимса айтолмайди, деб таъкидлаган эди. Бири – шахсга алоқадор, иккинчиси – жамоага, кўпчиликка мансуб. Бири – одамнинг қачон уйқуга кетиши, иккинчиси – миллатнинг қачон инқирозга юз тутишидир. Аммо ислом давлати масаласида аҳвол ўзгача. Биз унинг юксалиш ва инқирозини бир-биридан ажратиб кўрсатмоқчи бўлсак, хулафои рошидин даври билан араб империализмининг пайдо бўлиши ўртасига чизиқ тортишимизга тўғри келади.
10Халифалик биринчи галда диний тизим бўлиб, унинг сиёсий табиати иккиламчи ўрин тутар эди. Халифалик дастлабки тўрт халифа даврида ўзининг диний йўналишини сақлади, зеро, унинг тепасида турганларни Пайғамбар (а.с.)нинг жонли мўъжизаси деб аташ мумкин эди. Улар ўз эътиқодларининг тимсоли мужассами эдилар. Улар бир вақтнинг ўзида зоҳид, жамоат намозларида имом, масжидларда воиз, қози, қонуншунос, хазиначи, лашкарбоши, маъмур ва давлат арбоби эдилар. Шунга кўра салтанатда бутун ҳокимият – ҳам диний, ҳам дунёвий бир киши – халифанинг қўлида тўпланган, уни Пайғамбар (а.с.) тарбиялаб етиштирган бир гуруҳ маслаҳатчилар ўраб турар эди. Халифа маслаҳатчилар билан кенгашиб иш тутар, Пайғамбар (а.с.) таълимоти бутун ижтимоий ҳаётни ёритиб турар, диний ва дунёвий фаолиятлар доирасида тўқнашувлар бўлишига йўл қўймас эди.

Бу дегани – барча мамлакатларни битта халифа бошқариши керак экан, деган маънони англатмаслиги зарур. Ер юзидаги жами мамлакатлар, миллатлар, кичик ва катта халқлар озод ва ҳур бўлишлари ва шунинг баробарида, улар ўз тақдирларини ўзлари белгилашлари керак. Орзумиздаги жамиятни қурганимизда, уни бошқалар атрофдан ҳамиша кузатиб туришлари аниқ. Тизим лойиқ бўлса, хоҳласак-хоҳламасак, ўзгалар шундан андоза олаверадилар. Бунга Амриқо демократияси ёки японларнинг ўзлаштириш тараққиёти тўла мисол бўла олади. Бошқа бир тузум афзалликлари қалқиб юзага чиқса, уни ўрганиш имондандир. Қусурларини фазилат деб ўйлайдиган бизнинг ҳукумат бу кабиларни тушунишни хоҳламайди. Улар ислом хусусида оғиз кўпиртирадилару, Шаҳодат калимасини қайтаришни билмайдилар. Унинг маъно-моҳиятидан жуда йироқдалар.

Ўзини дин-диёнат ҳомийси қилиб кўрсатишга ўрганиб қолган президент ўйлаганидек, исломда бир-биридан айрилган диний салтанату дунёвий салтанат бўлмайди ва бу бошқарув инсондан юксак диний, ахлоқий, ақлий ҳамда бошқа сифатларга эга бўлишни талаб қилади. Давлат раҳбари ёки имом юксак шахсий фазилатлар соҳиби бўлиши билан бирга жиҳод ва ижтиҳод заруратини ҳамиша юракдан чуқур ҳис этмоғи даркор.

Жиҳод ислом терминалогиясида кишининг ер юзида энг олижаноб мақсад сари бор кучини сарф этиб, интилиши маъносини англатади. Мусулмон учун Тангри иродасига буткул бўйсуниб, Унинг марҳаматига етишдан ортиқ хайрли иш йўқ. Бунинг учун инсон узоқ ва изчил ички курашни бошдан кечирмоғи, унинг ички дунёсини эгаллашга интилувчи сохта худолардан, уни тўғри йўл, яъни эзгулик ва ҳалолликдан чалғитувчи майлу рағбат, ҳою ҳаваслардан халос бўлмоғи зарур. Ана шу даражага етгач, у яқинлари ҳаётини яхшилаш ва ўзини ўраб турган дунёда адолатли салтанатни барпо этиш учун ўзини масъул ҳисоблайди. Бу ҳам диёнат, ҳам зарурат, негаки, киши нопок бир муҳитда яшаркан, ҳатто тор, шахсий муносабатлар доирасида ҳам Тангри таолога садоқатли бўлиши даргумон бўлиб қолади. Бу сўнгги ҳолат Қуръони каримда фитна деб аталади ва у офат, исён, хиёнат, гуноҳ, васваса, бузуқчилик, бир сўз билан айтганда, ҳар нечук фалокат маъносини билдиради. Мусулмонлар буни бугун Ўзбекистон тимсолида бошларидан ҳар соат-ҳар дақиқада кечирмоқдалар. Нопок тузум уларга ҳалол меҳнат қилиб эркин яшаш имконини бермагани каби бузғунчиликларга етаклайди, зимдан жиноятлар қилишга ундайди. Бутун тизим кишиларни ахлоқсиз амалларга қўл уриб, субутсиз ва фирибгарликлар содир этишга мажбурлайди.
Тўғри, бу дунёда мавжуд бўлган ҳамма нарса – ҳайвонлар, ўсимликлар ва маъданлар Тангри таоло олдида бош эгади ва унинг иродасига бўйсунади. Қуръони каримда дейилади:
“… Осмонлару Ердаги барча зотлар (фаришталар, инсу жинлар) хоҳ ихтиёрий, хоҳ мажбурий Унга бўйсунурлар ва унинг ҳузурига қайтарлар” (3:83).
“Эй Муҳаммад, Осмонлардаги ва Ердаги бор жонзот, қуёш, ой, юлдузлар, тоғлар ва барча жониворлар ҳамда кўплаб инсонларнинг Тангрига сажда қилишини кўрмадингизми? Уларнинг кўплари жазога лойиқдирлар” (22:18).

Аммо буларнинг инсон фаолияти, унинг  хатти-ҳаракатларига алоқаси йўқ. Яратилган ҳар не мавжудот борким, табиатнинг ўзгармас қонунларига бўйсунади. Аввалданоқ белгилаб қўйилган туғилиш, ўсиш ва сўлиш жараёнларини бошдан кечиради. Мусулмонлар устувор этиши лозим бўлган қонунларни эса бу дунёга  Пайғамбарлар келтиришган. То дунё тургунча уларга қаршилик кўрсатишади. Уларнинг йўлини тўсиб, рад этувчи кучлар Ер юзида ҳамиша топилади.

Шу сабабли жиҳод – инсон ҳаётининг узвий, муқаррар қисмидир. У турли шаклларга эга бўлиши мумкин. Улардан бири, энг  юксаги – инсониятни ҳақ ва ҳақсизлик масаласида даҳрийликка итариб, ғоят хатарли маънавий курашлар гирдобига солувчи қабоҳат кучларини синдириш.

Жиҳодда иштирок этувчи инсон учун фақат ислом таълимоти, мусулмон урф-одатларини билишнинг ўзи етарли эмас. У даҳрийлик фалсафаси, унинг расму русумларидан ҳам хабардор бўлиши, улар қайси қиёфада намоён бўлмасин, дарҳол таниб олиши лозим. Даҳрийлик фалсафаси ва расму русумларидан хабардор бўлмаган киши Каримов сингари исломнинг ашаддий душманларини ҳам мусулмон санаб, унинг айтганига ишониб, амалда унинг дину диёнатга қарши жиноятига шерик бўлиб юраверади. У шойтоннинг кўзларига оқни қора, қорани оқ қилиб кўрсатаётганини пайқамайди ҳам.
Халифа Умар ибн-ал Хаттоб айтган эди:

“Мен бир нарсадан қўрқаман: исломда тарбия топган киши, агар у мажусийликдан бехабар бўлса, исломни хароб қилади”.

Худди шу нарса бугун ўзбекнинг бошига тушиб турибди. У дунёвий ишларда уқувсиз ва тажрибасиз бўлгани учун ҳам, уни мўмин-мусулмонлиги хароб қиляпти. Топталган адолат, унинг бошида болта кўтариб, эзгулик қон йиғлаб турибди. Билимсизлик ва анойилик хиёнат ва субутсизликнинг гуллаб-яшнашига асос яратаяпти. Исломнинг ўз ҳаётларида барқ уриб ривожланишини жону дилларидан истайдиган одамлар, дину диёнатнинг илдизларига путур етказаётганларини ўзлари билмайдилар. Шунинг учун ҳам исломнинг муаммоси, мусулмонларнинг ўзлари бўлиб қолди. Улар исломдан орқада қолиб кетдилар.

Албатта, ҳар бир мусулмон мажусийликни чуқур билиши даргумон, аммо ислом давлати тепасида турганлар бу офатдан ҳар томонлама хабардор бўлишлари шарт.

Давлат тепасида турган кимса Каримов каби шаклан мусулмон, мазмунан мажусий бўлсачи? Сўзида ислом томонида туриб, амалда унга қарама-қарши ишлар қилсачи? Албатта, бу даҳшат! Устига-устак, у ўша мамлакат халқига нисбатан нафрат билан улғайган бўлса, исломни кўрарга кўзи, мусулмонларни отарга ўқи бўлмаса нима қилиш керак? Бунинг ҳалокатли оқибатларини бугун нафақ ўзбеклар, бутун дунё халқлари Ўзбекистон мисолида кўриб-билиб, ҳайратдан ёқа ушлаб турибди. Бундай ачинарли ва ночор ҳолатни изоҳлашга ҳожат йўқ.

Мусулмон раҳбарлар имкон борича куч-қудрат йиғишлари, душманларнинг ҳар турли қутқу ва найрангларига жавоб бериш учун ҳамиша ҳозир-нозир бўлиб туришлари зарур. Бу Тангри таолонинг доимий амалдаги амри:

“Улар учун имконингиз борича (ҳарбий) куч ва отлиқ бўлинмаларни тайёрлаб қўйингиз. Бу билан Тангрининг ва ўзингизнинг душманингизни ва улардан ўзга сиз билмайдиган, лекин Тангри биладиган (душман)ларни ҳам қўрқувга солган бўлурсиз. Тангрининг йўлида нимани сарф қилсангиз, сизларга (унинг савоби) зулм қилинмаган ҳолингизда тўла-тўкис берилур” (8:60).
Ижтиҳод – ўзгариб турувчи ҳаёт талабларини бажо этиш қобилияти демакдир. Бунинг учун ислом моҳиятини чуқур англаш ва ислом ҳуқуқшунослиги асосий принсипларини мукаммал билиш талаб этилади. Ижтиҳод табиат бойликларидан ислом йўлида истифода этишни ҳам ўз ичига олади, токи улар Каримовга ўхшаган даҳрий материалистлар ва ёлғончи ва риёкорларнинг қўлига тушмасин ва Ер юзида манманлик ва фалокатнинг ёйилишига хизмат қилмасин.

Аммо, афсуски, дастлабки тўрт халифадан сўнг халифаликни мерос олганларга бундай сифатлар етишмади. Уларда мусулмон раҳбари учун вожиб бўлган ахлоқий ва диний қамров йўқ эди. Улар мажусий майлу иштиёқлар ва қабилавий расму одатларни енгиб ўтишга қодир эмасдилар. Ҳижрий 101 йилда вафот этган Умар ибни Абдулазиздан ўзга умавий ва аббосий халифалардан бирортаси ислом талабларига тўла мос-мувофиқ келмас эди.

Бунинг натижаси ўлароқ, кўп ўтмай ислом диний-сиёсий тузумида дин ва давлат ўртасида бўлиниш юз берди. Халифалар дину диёнатда фойда кўрмай, уни ўз ҳолига ташлаб қўйдилар, диний раҳнамоликни бир четга суриб, нуқул сиёсат билан машғул бўлдилар. Диний масалаларда муаммо чиқиб қолгудек бўлса, уни уламолар мажлисига ҳавола этишар, аммо ҳамиша ўзларига мақбул, мувофиқ келадиган қарорларни қабул қилишарди. Уламолар, халифа саройига яқинлашиб, шундан моддий манфаат кўрадиган айримларни ҳисобга олмаганда, бу аҳволдан норози бўлиб, вақти-вақти билан салтанат доирасида исён кўтаришар ёхуд масжиду хоноқоларга чекиниб, ўз-ўзларини тарбиялаш билан машғул бўлишарди.

Дину диёнат таъсири камайиши билан мусулмонларнинг ахлоқий, маънавий сифатлари ҳам пасайиб кетди. Халифаларнинг Каримов ва унинг қизлариникига ўхшаган ахлоқий бузуқчиликдан иборат турмуш тарзи жамиятнинг умумий маънавий қиёфасига таъсир этмай қолмади. Қуръони каримнинг “Яхшиликка интилинг, ёмонликдан сақланинг” шиори ўзининг амалий аҳамиятини деярли йўқотди, чунки у давлатнинг қўллаб-қувватлашига суянар, ана шу таянч сусайиши билан исломга қарши тамойиллар қўзғалиб, халқнинг имон-эътиқодини емира бошлади.

Мусулмонлар айшу ишратга ботиб, енгил-елпи ҳаёт кечиришга киришдилар. Роҳат-фароғатга берилиб, ялқовланиб қолдилар. Бундай аҳволда уларнинг Пайғамбар алайҳиссалом пайғомини бошқаларга етказишдек юксак бурчларини бажаришлари мушкул эди. Мусулмон бўлмаганларга ислом қолдирган аввалги тасуротлар мусулмонларнинг ахлоқий тушкунлиги туфайли барбод бўлди. Табиийки, номусулмонлар мусулмонлар заволини уларнинг имон, эътиқодига йўйишди. Улар исломга бўлган ихлос ва ишончларини йўқотдилар. Бир овруполик ёзувчи ҳаққоний қайд қилинганидек, ислом бўҳрони мусулмонлар самимиятига бўлган ишончнинг йўқолиши билан бошланди.

Эргаш Сулаймон