Қалбаки тадбиркор – одамликка даъвогар

Қалбаки тадбиркор – одамликка даъвогар
80 views
23 December 2014 - 17:40

Одам борки, одамларнинг нақшидир
Одам борки, ҳайвон ундан яхшидир

А. Навоий

Ҳусусий Корхоналар «Акбар-Азизий» ва «Тошкент-12» таъсисчиси, сохта тадбиркор АДХАМЖОН  ФАТТАХОВ, ўзининг акахони, Президент маслаҳатчиси бўлган ТОХИРЖОН ИМИНОВ қаноти остида, «Ўзпахтасаноат» билан «Тошполиграфкомбинат» ўртасида воситачи ниқобида фаолият юритиб, Ўзбекистондаги ГИГАНТ корхоналардан бири бўлган «Ўзпахтасаноат»нинг полиграфия маҳсулотларига бўлган барча эҳтиёжларини таъминлаб бериш баҳонасида, тўрт йил давомида жиноий қалбакилик йўли билан ҳаддан зиёд кўп миқдордаги пулларни ноқонуний ўзлаштирган инсондир.

Истеъмолчи «Ўзпахтасаноат»дан гўёки маҳсулот ишлаб чиқарадиган ижрочидек буюртма қабул қилиб олади, ижрочи «Тошполиграфкомбинат»га ўз номидан гўёки истемолчидек худди ўша буюртмани беради, ижрочи тайёрлаган маҳсулотни ўз номидан истемолчига топширади ва натижада, истемолчидан чиққан пулнинг 99 фоизи ўз ҳисоб рақамида қолади, ижрочига етиб бормайди.

Ўғирланган катта миқдордаги пул маблағининг эгаси А.Фаттаховнинг баъзи «фазилатлари»ни айтиб ўтмоқчиман.

Шунча катта миқдордаги ўғирланган маблағга эга бўлса ҳам унга ҳамиша бу пуллар ҳам камдай туйилаверади, шуни айтишса керак «нафс йўриғига юрган одам қаноатни билмайди» деб, қиладиган ҳатти-ҳаракатлари шундан дарак беради.

11Бир қарашда А.Фаттахов бугунги кунда Республикадаги бой одамлар сирасига киради. Лекин ҳақиқат назари билан қарайдиган бўлсак ҳеч вақоси йўқ бир маънавий кашшоқ одамдир, чунки унинг яшаётган уйи ҳам ўғирланган ҳаром пуллар эвазига келган, ўзиники эмас, унинг уйи ҳам,  ҳайдаб юрган машиналари ҳам ўғирланган ҳаром пулларга олинган, ўзиники эмас, ўзининг  машиналари йўқ, докторлик ишини ҳам ҳамкасби Фотих Одилов ҳаром пуллар эвазига олинган битта“Нексия”га ёзиб берганини ўз оғзи билан мақтаниб айтиб берган, демак фан докторлиги ҳам сохта, ҳатто умургузоронлик қилиб бирга яшаётган хотини ҳам аслида бировнинг хотини бўлган, А.Фаттахов у аёлни ўғирлаб келиб бировнинг хотинини ўзиники қилиб яшаяпди.

Буларга ҳам қаноат қилмасдан оламдан ўтган қариндошларининг уйларига босқинчиларча бостириб бориб улар билан уйларининг жиҳозларини ва бошқа мол-мулкларини ўзиники қилиш мақсадида жанжаллашади, талашади. Шуни айтишса керак «еб тўймаган, ялаб тўймас» деб. Одатига кўра битта қариндошининг вафотидан кейин марҳумнинг оиласига бориб ўзидан  ёши анча катта бўлган келинойиси билан бойлик талашиб катта жанжал кўтарган, натижада бир умрга етадиган сабоқ олган. А.Фаттахов келинойиси билан бўлган марҳум қариндоши оиласига қолдирган мол- мулк устида бўлган  жанжал шу даражага бориб етганки, оқибатда шу жойнинг ўзидаёқ  аёл инсульт олиб тўғри касалхонага кетади. А.Фаттахов эса олган стреси туфайли қанд касаллигига мубтало бўлади.

А.Фаттахов марҳум турмуш ўртоғимнинг жияни бўлади. Турмуш ўртоғим Ф.Негманов кутилмаганда тўсатдан вафот этган, вояга етмаган битта ўғлим билан қолганман. Хассага таяниб турган кекса одамдай бугун-эрта йиқиламан деб турган ҳом ғиштдан қурилган икки хонали шароитсиз уйда ўғлим билан камтарона ҳаёт кечираман. Ён тамонида эса, эрим ҳаётлигида ўзининг қурувчи инженер мутахасислигидан фойдаланиб эски қурилиш материалларини ишлатиб, ҳом ғиштдан икки хонали уй қурилишини бошлаб охирига етказиш насиб қилмади, ва ҳали- ҳанузгача чалалигича турибди. Ф.Негманов ҳаётлигида А.Фаттахов «Файзулло акам менинг бугунги кунда Фаттахов бўлиб юришимга сабабчи бўлган одамдир, олий маълумот олишимда моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаган, мен бунинг учун у кишидан бир умрга миннатдорман» деган сўзларини такрор ва  такрор айтиб юрар эди. Лекин кўз очиб кўрганим мен учун азиз бўлган ажойиб инсон оламдан ўтганидан кейин бу сўзлари тўрт куннинг ичида эсидан чиқди ва қабрга қўйиб келганимизнинг тўртинчи куни ўлганнинг устига чиқиб тепгандай қилиб уйимга келиб  менинг мусибатдалигимдан, ожизлигимдан фойдаланиб  уйимдан нималарни олиб кетмоқчи эканлигини айтганида қандай ҳолатга тушганимни битта Аллоҳ ва фақат ўзим биламан.

Фаттаховнинг айтишича уйимдаги ҳамма нарса уники экан, мен фақат тўрт девор билан қолар эканман. Девор хом ғиштдан қилинган, агар пишган ғиштдан бўлса уни ҳам бир амаллаб кўчириб кетаман деган бўлар эди. Ҳайратланарлиси шунда эдики яшаш шароитимнинг қандайлигини юқорида келтирганимдай менинг ҳеч вақоим йўқ эди. А.Фаттаховнинг шундан кейин қўнғироқ қилиб, уйимга келиб, менга тошни ҳам ёрадиган даражадаги ҳақоратли сўзларни айтиб мени ўзи билан урушишга чорлайвергач у билан урушмасам ҳам касал бўлиб қолдим. Бир кунда икки марта тез ёрдамга мурожаат қиладиган бўлдим. Соғлигимни тиклаш учун эса узоқ муддат керак бўлди. Қариндоши вафот этгач марҳумнинг хотини билан унинг уйида қолган нарсаларини талашадиган бундай «мард эркак» дунёда яна бормикан? Шим кийиб мўйлов қўйгани билан ҳамма ҳам эркак бўлавермайди. (Бошқа эркаклардан узр сўраган ҳолда шуни айтмоқчиман бу ибора фақат А.Фаттаховга нисбатан ишлатилаяпди.) Етим – есирларнинг ҳаққига кўз олайтирмасдан тўртта йўлнинг кесишган жойида бош кийимини қўлига олиб ўтган-кетгандан садақа сўраб ўтирса тўғри бўлмасмиди?

Дастлабки йиллари А.Фаттаховнинг кирдикорларини ёзиб тегишли жойларга мурожаат қилганимда у укаларимга тинимсиз қўнғироқлар қилиб «опангга айт бошқа ҳеч қаерга мурожаат қилмасин акс ҳолда бир кечада опангни ўғли билан бирга йўқ қилиб юбораман» деб анча вақтгача қўрқитиб юрган. Бундай қўрқитишларидан натижа бўлмагач энди сени жиннихонага ташлаттираман деб қўрқита бошлади. Нафақат қўрқитди, балки амалий ҳаракатга ҳам ўтди. Шундан кейин эшигимиз олдидан Бектемир тумани поликлиникаси врачлари ва ҳамширалари аримайдиган бўлиб қолди. Улар кунда-кунаро шу ерда бўлиб менинг касаллик варақамни сўрашар эди. Нега деб берган саволимга сизнинг қасаллигингизни ўрганиш учун юқоридан бизга топшириқ беришди деган тумтарақай жавобни айтишди. Қизиғи шундаки менинг ҳеч қандай докторлар ўрганадиган айниқса касаллигим йўқ эди. Шу гапни айтиб уларга касаллик варақамни бермадим, кейинчалик Бош шифокорнинг даволаш бўйича ўринбосари Ш.Беков қўнғироқ қилиб олдимга ҳамширани жўнатаётганини ва мен касаллик варақасини беришим кераклигини айтиб анча вақтгача безовта қилиб юрди. Ҳатто Ш.Беков ишдан кетгач унинг ўрнига келган ходим ҳам бу сўровни давом эттирди. Аниқлашимча жиннихонага эри, фарзандлари ёки қариндошлари розилигисиз ётқизилмас экан. А.Фаттахов ўзига керакмас пайтида сендақа қариндошим йўқ деб, қариндошидан воз кечиб, ўзига керак пайтида қон-қариндош, жон-қариндош бўлиб соғлом қариндошини ҳам жиннихонага ётқизмоқчи бўлади.

А.Фаттахов бор жойда уруш-жанжал бор, фисқу-фасод бор. У битта қариндошини иккинчисига ёлғон-яшиқ гаплари билан гиж-гижлаб уриштириб бундан ҳузурланади, шундай ҳузурланишлари натижасида қанчадан-қанча қариндошлари бир-бири билан юз кўрмас бўлиб кетишган. Юқорида келтирганим А. Навоийнинг байтидаги иккинчи мисраси айнан А.Фаттаховга нисбатан айтилгандир.  Бугунги кунда ҳам гоҳ Т.Иминов гоҳ А.Фаттохов ўзининг одамлари орқали укамга ва танишларимга қўнғироқ қилиб ўғлимнинг қаерда ишлаши ёки қаерда ўқиётганлигини суриштириш билан оввора бўлишяпди. Улар мард бўлганларида ҳеч нарсадан бехабар ўғлим билан эмас, балки менинг ўзим билан гаплашган бўлар эдилар.

Азалдан қолган шундай гап бор «ёмон одамнинг гуноҳлари ўзига эмас, балки унинг энг яқин одамларига уради» деган. Бу сўзнинг исботини ҳаётда анча учратганман, лекин А.Фаттаховнинг ҳаётида ҳам содир бўлганини эшитдим. Унинг хотини анча йиллардан бери тўшакка михланган, айтишларича бедаво касал экан. Лекин бу ҳам унга сабоқ бўлмади. Жамиятда А.Фаттаховдай Т.Иминовдай одамларнинг пайдо бўлиши мамлакатда конун устиворлиги ўрнатилмаганлигининг, жиноятга жазо муқаррарлиги таъминланмаганлигининг яққол мисолидир. Бу икки дўст «иқтисодчилар» – иқтисодчи эмас балки мамлакат иқтисодиётига тушган кушандадир.

Чамангул Негманова

ЎХҲ таҳририяти почтасидан