Тилсиз ўзлигимизни йўқотамиз…

Тилсиз ўзлигимизни йўқотамиз…
46 views
26 December 2014 - 16:51

14Тилимизни йўқотяпмиз… Балки мусофирчиликда кўпроқ билинаётгандир, лекин фикримча Ватанда ҳам шу умумий ҳол. Интернет, телевизор ва радиода аксарият эшитадиганимиз она тилимиз эмас… Тишга босадиган ва арзигулик жиддий хабарларни ёки рус, ёки инглиз тилида оламиз. Маҳаллий янгиликларга, айниқса газета ва телевидениега ишончни йўқотганмиз…

Адабиётни йўқотяпмиз… Ўзбек тилида китоб ўқимай қўйганмиз. Охирги 20 йил ичида ўзбек тилида чоп этилган, жиддий ҳаётий ва ижтимоий муаммоларни ёритадиган жонли асарларни бир қўлдаги бармоқлар билан санаб бўлса керак. Кичкинтой болажонлар учун чиқадиган китобларни гапирмаса ҳам бўлади: рус тилидан бемаза таржима қилинган нушалар. Болаларимизга ўзбек тилида шеър ва ашулалар ўргатмаймиз. Ривожланган мамлакатларда аксарият одамлар йилига ўртача 10-15 та китоб ўқиса, биз ўз тилимизда ҳаттоки бир дона китоб топиб ўқишимиз амри маҳол. Метро, автобус ёки боғларда китоб ўқиб юрганларни деярли кўрмаймиз. Телефонларимиз экранига чўкиб, вақтимизни йўқотяпмиз…

Билимни, ривожланишни йўқотяпмиз… Бир алифбодан иккинчисига ўтамиз, лекин янги алифбода юз минглаб нашрдаги илмий адабиётларни чоп этишга молия ажратмаймиз. На у, на бу алифбода саводи тўлмаган авлодларни ўстирамиз. Инженерлик, медицина, молия каби жиддий мавзуларда таяниб ўқиганимиз яна ўша рус тилидаги илмий нашрлар бўлади. Университетларда баҳоларни савдолашамиз. Кейинчалик, инсонлар тақдириниям. Билмасдан, инсофни йўқотамиз…

Мантиқни йўқотяпмиз… Ривожланган давлатларда кутубхоналар нафақат ўқиш, балки билим олиб ривожланиш, мулоқот ва баҳс қилиш учун ишлатилади. Жажжи болалардан катталаргача ҳафтанинг ҳар бир куни турли ўқиш тўгаракларида янги китобларни ўқиб, ўз таъсуротларини бўлишади. Биз эса кутубхоналар қурамиз улкан ва кўркам, илм ва фанга чорлаш учун эмас, биноларни кўз-кўз қилиш учун, улар атрофида айланиб, фаввораларни томоша қилиш учун қурамиз.

“Она тилим, жону дилим” деб шиорлар осиб қўямиз, лекин давлат идораларида ҳалигача рус тилида иш юритамиз. Рус тилида хатолар билан қарорлар ва буйруқлар ёзамиз. Ўзбек тилида бўлганда хатолар ундан ҳам кўпроқ бўлади. Катта-катта учрашувларда қийналиб-сиқталиб русча гапиришга ҳаракат қиламиз, ваҳоланки ўтирганларнинг аксарияти ўзбек-забонлар. Ҳали ҳануз мажлислар ўтказилса, 20та ўзбек-забон ичида бири ўзбекча гапирмайдиган бўлса, тушунмай қолмасин деб ҳижолат бўлиб рус тилида гапирамиз. Баъзилар рус тилини чала-пула илғаб зўрга тушунса, бу ҳақида ўйламаймиз ҳам.

Катта шаҳарларда русча гапирган “маданиятли”, ўзбекча гапирган эса “ҳарип”. Аслида “ҳарип” эмас “ғариб” (ғарблик, яъни европалик) дегани ўрта асрларда Марказий Осиё илм-фани ривожланган вақтларда ғарбликлар қолоқ бўлгани учун ишлатилган сўз. Ёзда Тошкентда қизил чироқда устимдан босиб кетай деган ҳайдовчига “кўзизга қарасез бўлмайдими” десам, машинасини устимга ҳайдаб тўхтаб, ўдағайлаб, ҳайқириб “Ти по русски говори со мной, ҳарип” деганди. Энг кулгилиси ўша ҳайдовчини башарасига “жайдари ўзбек”, деган тамға босилганди. Тилсиз ўзлигимизни йўқотамиз…

Энг қизиғи, агар шу ёзганларим рус тилида бўлганида ҳаттоки ўзбек дўстларим орасидан кўпроқлари ўқиган бўларди…

Нодир Зокиров

facebook.com