“Товушимизни орқамиздан чиқаришга ҳам қўрқамиз”

“Товушимизни орқамиздан чиқаришга ҳам қўрқамиз”
68 views
27 December 2014 - 13:40

7Хўрликданми, – Қирғизистоннинг жанубида газ йўқлиги?
Ҳурликданми, – Ўзбекистоннинг  жанубидан сас йўқлиги?

Дегандир: – Кўзанинг эгаси кулол ҳар доим, мундида сув ичаркан…
Шунгадир: – Газнинг эгаси ўзбек ҳам мудом, ўчоққа тезак қаларкан…

Мақсадим, икки қардош ўзбек ва қирғиз халқи ўртасига совуқлик солиш эмас, аксинча ким айбдор ва нима қилмоқ керак – деган муаммони биргалашиб ўйлаб мулоҳаза юритишдир.
Хоҳлайсизми – йўқми, катта ўз назарини кичикка қаратиш учун, ўз нигоҳини пастга қаратишлиги, – табиат қонунидир.

Биз Ўзбекистон халқи, ўзимизни Қирғизистон халқидан шижоатли ва қатъиятлироқ, каттароқ, жойи келса ақллироқ – деб ҳисоблашимиз ҳам сир эмасдир, – «аммо шундай-микан?…», -деган савол пайдо бўлмоқда, келинг бир фикрлашиб кўрайликчи:

2014 йилнинг апрелидан бошлаб Қирғизистон жанубига Ўзбекистон газ бермай қуйганлиги ҳақида ва ушбу муаммони ҳал этиш юзасидан Қирғизистон Парламенти ва Бош вазири ўзларининг ўзбек ҳамкасбларига кўплаб эътироз ва баёнотлар бераётганлиги ҳақида кўп ва хўп ёзилган эди, аммо Россия Президенти ҳам айнан мазкур масала юзасидан Ўзбекистон Президентига мурожаат этганлиги жуда эътиборга моликдир. Сабаби, Россия Президенти, нима сабабдан айнан ўзига тобе бўлмаган мустақил қўшни давлат бўлмиш Қирғизистоннинг жанубида яшайдиган аҳоли учун қайғурмоқда, шуни ҳам таъкидлашимиз жоизки, Қирғизистон жанубида русийзабон аҳоли эмас, айнан этник ўзбек миллатига мансуб Қирғизистон фуқаролари кўпчиликни ташкил этадилар?…

Ушбу саволнинг ечимини кейинроқ қидирсакда, энди ўз аҳволимизга қайтсак:

Ҳеч кимга сир эмаски, Ўзбекистон табиий газининг асосий қисми Ўзбекистон жанубидан олинаётганлиги ва бутун Ўзбекистон ҳудудига(асосийси Хитой ва Афғонистонга) тарқатилиши айнан ҳақиқатдир, аммо айнан ўша жанубда яшайдиган аҳолининг ўзида, нафақат 2014 йилнинг апрелидан, балки бир неча йиллардан буён табиий газнинг йўқлиги ҳам айнан ҳақиқатдир…

Яқин ўтмишимизга назар солсак, барчамизнинг ёдимизда: – Парламент депутатларининг дастурларида ҳам ва энг асосийси Президентнинг энг мақтанновор чиқишлари ва ишлари айнан аҳолини,  шу жумладан қишлоқ аҳолисини табиий газ билан таъминлаш бўлиб, ҳар доимгидек узундан-узоқ маърузаларида неча-неча километрлаб қишлоқларга газ қувурлари ўтказилганлиги ҳақида тинмай оғиз кўпиртирилиб мақтанилар эди. Расмий статистикаларга асосланадиган бўлсак, Ўзбекистоннинг 95-98% аҳолиси табиий газ билан таъминланганлигини кўришимиз мумкин. Ҳақиқатда-чи, ҳақиқий аҳвол қанақа, ростманасига аҳолининг 30-40% – қатлами газ билан таъминланганмикан? Бугунги кунда ушбу масалада нега жимлик-сув қуйгандек сукунат?

Мана сизга, мақтанчоқликни ошириб – ҳақиқий ҳолатни яшириб олиб борилаётган мақтанчоқ ҳукуматнинг еттиюзламачилик сиёсатининг яна бир ёрқин мисоли…

Энди, бугунги мавзуга, ушбу саволларнинг долзарблиги ва уларнинг ечимига қайтсак:

Қирғизистон жануби аҳолисининг асосий қисми этник ўзбек миллатига мансуб Қирғизистон фуқаролари эканлигини назардан қочирмаган ҳолда, қуйидаги саволга жавоб излаб кўрсак:

Биринчи савол: – Қирғизистон бош вазири ва Парламенти, нега энди аҳолисининг асосий қисми этник ўзбекларни ташкил этадиган жануб вилоятларига, 2014 йилнинг апрел ойидан бошлаб   Ўзбекистон томонидан газ берилмаётганлигига бунчалар эътибор қаратиб, Ўзбекистонга эътироз билдиришмоқда ва бунданда ҳайратланарлиси ва асосийси ушбу муаммони ечимини топишга ҳаттоки Россия Президенти В.В. Путинни ҳам жалб этмоқдалар?

Гарчанд, матбуотда, Қирғизистон жанубида яшаётган этник ўзбек миллатига мансуб Қирғизистон фуқароларнинг ҳақ-хуқуқлари, Қирғиз ҳукумати томонидан чекланаётганлиги ҳақида анча-мунча хабарлар тарқатилиб турган бўлсада?…

Ушбу ҳолни, қандай баҳоламоқ лозим, Қирғизистон ҳукуматининг этник ўзбек миллатига мансуб ўз фуқароларининг ҳақ-ҳуқуқини чеклаш дебми ёки аксинча уларни ҳимоя этиш – дебми?

Иккинчи савол: – Табиий газ қазиб олинаётган Ўзбекистоннинг жанубида ҳеч бир муболағасиз айтиш лозимки бир неча йиллардан буён нафақат қишлоқ жойларида, ҳаттоки туман ва шаҳар марказларида ҳам табиий газнинг йўқлиги айни ҳақиқатдир, аммо нега ушбу долзарб муаммога на Ўзбекситон Парламенти, на Бош вазири ва на Президент ўзларининг эътиборларини қаратишни исташмаяпти. (Россия Президентининг эътиборини орзу ҳам қилмайлик). Аксинча пилдир-пис бўлишиб табиий газ хақидаги эртакларни мутлақо унутиб юборишган кўринади?
Мум тишлашганми ёки талқон ютишганми?

Гарчанд, қазиб олинаётган газнинг 90% дан кўпроғи айнан жануб вилоятлари улушига тўғри келиб турган бўлсада ва Ўзбекистон Президенти тинмасдан Қашқадарёни ўзининг иккинчи ватани деб ҳисоблашлигини тинмай такрорлашдан чарчамаётган бўлсада?

Ушбу ҳолни, қандай баҳоламоқ лозим, Ўзбекистон Президентининг ўз(иккинчи) ватанига хиёнат қилиши – дебми ёки энг катта эртакчи қундуз бобонинг навбатдаги эртагининг ниҳоялаб поёнига етиб бораётганлигининг яна бир кўриниши – дебми?

Айнан, ушбу саволларнинг жавобини ҳам оддийликдан ва табиийликдан излашга тўғри келади. Шу ўринда – «Бола йиғламаса – она эмизмайди» -деган халқ мақолини эсга олиш фойдадан ҳоли бўлмайди.

Яъни:

Биринчи саволга жавоб: – Қирғизистон ҳукумати томонидан, гарчанд ҳақ-хуқуқи поймол этилаётган бўлсада, аммо оиласи ва фарзандлари совуқда қолишини исташмаган, аҳолисининг асосий қисми этник ўзбек миллатига мансуб бўлган  қирғиз фуқаролари, -«шунчалар чинқириб йиғлаб дод солибдики, уларнинг овозларини нафақат Бишкекдаги Қирғиз ҳукумати, ҳаттоки Москвадаги Рус рахбари ҳам эшитиб жунбушга тушибди». Раҳмлари келганларидан, гарчанд ўз ваколат доираларига кирмасада, рус президенти ўзбек президентига эътирозларини билдирибди.

Иккинчи саволга жавоб: – Ўзбекистон жанубида яшаётган ўзбек фуқаролари, ўта сермулоҳазалик ва одоб сақлаган ҳолда(ўз қўрқоқлиги ва мутеликларини шундай атайдилар), гарчанд совуқдан кўкариб касалманд бўлиб қолишсаларда, аммо сипойиликни сақлаган ҳолда, ўз давлатидан – ўзининг жонажон давлатидан ўз ҳақ-ҳуқуқини, озроққина табиий газ беришларини сўрашга ҳам ботина олмасдан – ийманганларидан, уларнинг овозларини ҳеч ким эшитмаяпти. Ҳаттоки уларни жуда яхши кўрувчи ва севувчи ўзларининг бўлмас-ўлмасдан кетмас Президентлари ҳам эшитмаяпти, ахир ростда, – «қайси она-йиғламаган боласини эмизар экан»?

Бу, эртак ёки уйдирма эмас, афсуски аччиқ ҳақиқат, ҳақиқат бўлганида ҳам ўз ҳаётимиз ҳақиқати.

Мана, энди бош кийимни ечиб-бош қовоқни қашиб фикр юритайликчи, ҳақиқатдан ҳам:

-«Биз Ўзимизни Қирғизистон халқидан шижоатли ва қатъиятлироқ, ўз ҳақ-ҳуқуқимизни биладиган ақллироқмиз – деб ҳисоблашимизга асосимиз бормикан?…»

-«Ёки бўлмаса, Россия Президентидан, нега у бизнинг жонажон Президентимизнинг қулоғига, Ўзбекистон жанубига ҳам озроқ газ бериб қўйинг, бечоралар совуқдан ўлиб кетишмасинлар – деб шипшиб қўймаганлиги учун хафа бўлишга асосимиз борми? Гарчанд ўзимизнинг товушимиз орқамиздан ҳам чиқмаган бўлсада?… (Аслида шунга ҳам қўрқамиз)»

Ҳар бир инсоннинг ақл тарозиси бирлан виждонига ҳавола, кимгадир агарда қаттиқ ботган бўлса, демак ҳали умид бор. Халқнинг ғурури охиригача ўлиб бўлмабди…

Ҳали эрки ва ғурурини охиригача топтатиб ташламаган ҳар бир инсон, ўз-ўзига, -«наҳотки мен, Қирғизистонда яшаётган этник ўзбек миллатига мансуб кишичалик ўз ҳақ-ҳуқуқимни ўз давлатимдан сўрай олмасам, ахир мен ўз ватанимда – ўз Ўзбекистонимдаманку» -деган саволни авваломбор ўзига бериши лозим.

Мен, адолат учун курашда қўрқмасликни, ёки халқ учун жон фидойиликни ўтмиш тарихдан файласуфона мисоллар келтирмайман, аксинча сиз ва биз билан ёнма-ён яшаётган, ўз шаъни ва ғурури учун курашаётган ва халқ дарди билан куйиб ёнаётган ва айнан мазкур сайтда номоён бўлаётган, қуйидаги инсонлар мисолида кўрсатмоқчиман:

-«Омонотга-хиёнат» мақолаларида, Ўзбек ҳукуматининг хийла-ю-найрангларини очиқ-ойдин очиб ташлаётган ва халқнинг ҳаққи учун мардоновор курашга отланган Жаҳонгир Шосалимовни, Ўзбекистонда қонун устиворлиги ва адолат учун курашаётган Бахром Абдурахимовни, Ўзбекистонни чирмовуқдек ўраб халқнинг мулкини-қонини зулукдек сўриб ётган коррупциялашган мафияларга қарши, бева ҳолига қўрқмасдан очиқ-ойдин курашаётган Чамангул Негмановани, сайловдаги ноҳақликларга қарши курашга бел боғлаган Шухрат Рустамовни, узоқ Қурия давлатига бориб, фоҳишилик ёки ўзга жиноят қилиб ўзини ва халқини шаънини ерга урмасдан, балки корейс халқига тенглар ичида тенг бўлиб турмушга чиққан ва саунада ўзбек миллатига мансуб бўлганлиги учун камситилганига қарши қатъий кураша олган Қуриялик ўзбек аёлини, ҳамда Гулнора Каримова атрофида турли миш-мишлар болалаб кетганлиги учун ҳам ҳақиқатни аниқлашга бел боғлаган ва «Хоин» деб ном олмоқ нақадар шараф!… – номли мақолалари билан халқнинг юмиқ кўзини очишга бел боғлаган қўрқмас – мард Малоҳат Эшонқулова каби халқимизнинг бугунги, сиз ва биз билан биргаликда битта жамиятда яшаётган ва қатъият ва шижоат кўрсата олаётган миллатимизнинг ҳақиқий жонкуяр эрлари ва мард ўғил бола хотин-қизларини мисол қилиб, айнан ҳар биримиз худди  ана шу ватандошларимиз каби қурқувни четлаб ўтиб адолат ва ҳақиқат учун курашга бел боғламоқлигимиз лозимлигини айтмоқчиман.

Хулоса ўрнида, ҳаммамиз биргалашиб фикр-мулоҳаза юритиб кўрайликчи:

-Қирғизистон жанубига 2014 йил апрел ойидан буён газ берилмаётганлигини бутун дунё эътироф этаётганлиги ва натижада уларни Россиянинг газпроми газ билан таъминлашликлари, қирғиз жанубининг асосий аҳоли қатламини ташкил қилувчи этник ўзбек миллатига мансуб Қирғизистон фуқароларининг хорлик ва хўрланишиданмикан?…

-Ўзбекистон жанубига бир неча йиллардан буён газ берилмаётганлиги ва электр энергияси ҳам сурункали ўчирилаётганлиги, натижада жануб қишлоқ ва туманлари аҳолиси қабр азобидек қоронғу ва совуқ зах уйларда умргузаронлик қилаётганлиги ҳурлик ва ғурурланишданмикан?…

Тағин, жанубликларни, қони қайноқ-ғурури баланд дейишар эдилар, қани улар ёки совуқ ва қоронғу зах уйларда ётавериб қони ҳам совуб қолганмикан, бечора хотинлари…

Холдор Равшан