Ўрта Осиёда буюк тамаддунларни биргина ўзбек билан тожик ўртага келтирмаган…

Ўрта Осиёда буюк тамаддунларни биргина ўзбек билан тожик ўртага келтирмаган…
20 views
29 December 2014 - 16:31

4«Шаҳидлар хиёбони»даги масхарабозлик туркумидан

Давоми

Аммо Назарбоев сенинг сиёсий саводсизлигинг ва акс-сурбетлигинг туфайли бугунги кунгача жиддий хатоларга йўл қўйиб келмоқда. У сенинг бетутриқ ўйинларингга эътибор бермасдан ўзбек ва қозоқ халқларининг ҳақиқий қиёфасини – келажаги ва ўтмиш тарихини кўз ўнгида тутганда эди, уларнинг бир миллат, бир халқ эканини бир лаҳза ҳам ҳаёлидан соқит қилмасди.

Путиннинг қозоқ давлатчилиги хусусидаги пуч иддаосига ўша жойнинг ўзидаёқ муносиб жавоб қайтарарди. Ҳалигача ҳам унинг қозоқ давлатчилигининг рус давлатчилигига нисбатан жуда қадим эканлигини билмаслиги, ачинарли ҳол албатта. Аммо русларнинг кейинги беш юз йилда эришган тарихий мувафаққиятларини инкор этиб бўлмайди. Қатағонлар ва босқинчиликлар ҳисобига эсада, уларнинг мустаҳкам давлатчилик асосларини яратганларини эътироф этмасдан иложимиз йўқ. Бироқ, Назарбоев айтаётганидек, қозоқ давлатчилигининг илдизлари ҳам 550 йиллик тарихга бориб тақалмайди. Акси, ўзбек-тожикларники сингари Ўрта Осиё халқларининг барчаларининг ҳам давлатчилик илдизлари минг йиллар олисликлардаги мозийларнинг қаъридан бошланади. Бу сўзлар қозоқларга ҳам тегишли.

Ўрта Осиё тарихидаги дунёда эътироф этилган буюк тамаддунларни биргина ўзбек билан тожик ўртага келтирмаган. Улар билан бошқа қавмлар ҳам елкама-елка туриб ҳар бир соҳада, ҳар бир жабҳада эл-юрт, мамлакат ривожига ўз улушларини қўшиб келганлар. Умуман олганда, русларнинг истилоларигача Ўрта Осиёдаги бутун қавмлар турки-сўғдлар, бутун амлоклар эса Турону Туркистон деб аталган. Унгача, сиёсий майдонда ўзбегу қозоқ деган атамалар ҳам, Ўзбекистон, Қозоғистон деган давлатлар ҳам бўлмаган. Бу дегани руслар Туркистонни босиб олмагунларича, қозоқ давлатчилиги бўлмаган деган маънони англатмайди. Бу асоссиз иддаолар 1924 йилдан кейин келиб чиққан, “бўлиб ташла ва бошқар” сиёсатининг маҳсулидир. “Ўзбек” ва “қозоқ” бошқа турк уруғлари сингари вазиятнинг тақозоси билан бир қавмга бирлашган бир неча уруғларнинг номлари, холос. Бу уруғлар айни кунларда, ҳам ўзбекларда, ҳам қозоқларда мавжуд эканлигини инкор этиб бўлмайди. Сен буни яна майдалаштириб, “туркий” дея талқин қила бошладинг. Бу нарса “русий забон”, яъни рус бўлмаган аммо рус тилида сўзлашувчи, на миллати, на ижтимоий келиб чиқиши тайинли – русларнинг соясига айланиб қолганлар учун ишлатиладиган иборага ўхшаш бир иборадан ўзга нарса эмас. Шуни яхши англаб, ол! Ўзбек, қозоқ, қирғиз, қорақалпоқ, туркман барча-барчамиз бир турк, бир миллатмиз. Барчамиз, Ёфаснинг болаларимиз. Тожиклар ҳам форсий тилли, турк руҳиятли буюк ва қадим бир миллатдир. Ўзбек унинг турк руҳиятли қиёфаси бўлгани каби у ўзбекнинг форс забонли қиёфасидир. Улар минг-минг йиллардан буён, икки танда бир жон бўлиб яшаб келмоқдалар. Дунёда, иккинчи ўзбегу тожик каби яқин бир миллат йўқдир…

Сирасини айтганда, ер юзида бегона миллатнинг ўзи йўқ. Барча одамлар, бир-бирлари билан қон-қардошлар. Ва мана шу кабилар қозонида ташкил топган манфаатлар – бир оилага бирлашган эллар, элатлар, миллатлар ва мамлакатлар бор. Дунёда турли маданият ва тараққиётларнинг яшаб қолиш шарти бўлгани учун ҳам, бу бардавомлик жуда муҳимдир. Набодат ёхуд ҳайвонот оламида турларнинг йўқолиши ўсимликлар ва ҳайвонларнинг қирилиб битишига сабабчи бўлгани каби миллатлар ва уларнинг ўзига хослигининг турмуш тарзидан сиқиб чиқарилиши ҳам, инсонларнинг бир бўлагининг қирилиб битишига ва руҳий таназзулига олиб келади. Бу инсоният учун қайтиб тиклаб бўлмас йўқотиш бўлади. Аслида, ер юзидаги миллатларнинг орасидаги бир-бирлари билан юз бераётган ўзаро курашлар жараёни – одамизотнинг қирилиб битмаслиги учун дастакланган илоҳий бир дастурдир. Уни меъёридан ошириш адолатсизликларни келтириб чиқаргани каби меъёридан тушириб юбориш ҳам ўзбек жамиятидаги сингари лоқайдликларни ва инсон ҳаётига бўлган беписандликларни кун тартибига олиб чиқади. Ҳар икки ҳолатда ҳам адолатнинг тошу тарозиси бузилиб, жамият инқирозга юз тутади.

Умуман олганда, дунёда ҳеч бир миллат ёки элат осмондан тушиб қолмаган. Ҳар бир одам алоҳида бир дунё, алоҳида бир Аллоҳнинг бандаси ўлароқ мўъжизасидир. Нафақат Аллоҳнинг суюкли бўлган қулларини, у яратган ҳар бир жонзод ҳар бир гиёҳ борки, уни табиат қонунларидан ташқарида ҳеч бир кимсанинг на ўзгартиришга, на йўқ қилиб юборишга ҳаққи йўқ. Шу каби ҳар бир миллатнинг бахтли бўлишга, ўз тақдирини ўзи белгилашига, ўз тилида иш юритишга, тамаддунлар яратишга ҳаққи бор. Миллат рўшноликка эришолмаган юртларда, одамлар бахтли бўла олмайдилар. Баъзи бир кимсаларнинг аросатдаги миллат ичида яшаб, ўзларини бахтли ҳисоблашлари, уларнинг шахс сифатида ҳали қиёмига етмаганидан бир нишона, халос. Аммо етук миллатни ҳам ҳақиқий бахтга эришган шахслар кўкартирадилар. Ҳақиқий бахт – инсоннинг ўз-ўзини танишидан бошланади. Бахтнинг эса, чегараси бўлмайди. Бахтга эришдим, кўзлаган чўққимни забт этдим, деган кимсалар аллақачонлар тубсиз жарга қулаган бўладилар. Ҳар қандай бошланган ишнинг охири ҳалокат билан якунини топгани мисоли, тўғри ислоҳотлар ҳар доим эзгуликларнинг умрини чўзиб, унга ҳаётбахшлик тусини бериб туради. Сен каби тескари ислоҳотларни жорий қилиш – миллатни ва мамлакатни боши берка кўчага тиқиб, фуқароларни ҳассасини йўқотган кўрга, замонни етти бошли аждарҳога айлантиради…

Ростини айтсам, қирғизларни ўз биродарлари – диндошу миллатдошларининг қонига ташна қилган ҳам сен бўласан. Сенинг ўрнингда Ўзбекистоннинг бошида ўзини таниган, имон-эътиқоди жойида бошқа бир раҳбар бўлганда эди, қирғизлар бу қадар тубанлашмас, бу қадар ваҳшийликлар содир этмас эдилар. Икки ўртадаги илиқ муносабатлар сабабли, уларнинг хаёлига бу каби мудҳиш режалар соя сололмаган бўларди. Ўзлари тугул, сенинг ўз манфаатингни кўзлаб ўзбекларни оёқ ости қилаётганига уларнинг фаҳм-фаросатлари етмади. Улар ён қўшни сифатида, сенинг содир этаётган ҳийла-найрангларингни ўзбекнинг сиёсий фаолсизлиги билан аралаштириб юбордилар. Шундай қилиб ҳар сафар Алининг қилмишлари Валига қимматга тушадиган бўлиб қолди.

Уларнинг охирги хуружлари ҳам, сенинг манманлигинг ва сиёсий саводсизлигинг орқасидан келиб чиқди. Яъни, Москвада Иккинчи жаҳон урушида қозонилган ғалабага бағишланган тантаналарда ўзбекистонлик ветеранларнинг қатнашмаслиги, енг ичидаги ховондоринг бўлмиш Путиннинг ғазабини қўзғатди. Чунки, унинг сенга узатилган қўли, ўшанда ҳавода қолган эди. У шунда, зимдан бир гуруҳ россияпараст қирғизларнинг тегирмонига хуфиялари қўли билан сув қуйди. Нима бўлди? Сенинг хатойинг учун Қирғисизтондаги ўзбеклар моли-жонлари ҳисобидан товон тўладилар.

Сен эса, Россия ва Қирғизистон ўртасидаги келишувлардан жуда яхши хабардор эдинг. Кимки, Қирғизистоннинг даҳлсизлигига доҳил қилса, бу нарсанинг Россияга уруш очиш билан баробар эканлигини яхши билардинг. Бу дегани, Ўзбекистон Қирғизистондаги ўзбекларга ёрдам учун қўл чўзса, руслар тарафидан Ўзбекистоннинг бошига Россия томонидан кўз кўриб-қулоқ эшитмаган балолар ёғдирилади, дегани эди. Шу баҳонада собиқ Совет тузуми тикланиши ҳам эҳтимолдан йироқ эмасди. Бу, албатта бошқа бир масала…

Путин Россия тарафидан ҳеч бир хавф бўлмаганида ҳам, сенинг икки дунёда ўзбекларнинг ёнини олмаслигингни яхши биларди. У ҳар гал қуюшқондан чиққанингда турли усуллар билан сени жиловларди, халос. Бу гал ҳам шундай бўлди. Сенинг субутсизлигинг ва сиёсий кўрлигинг Қирғизистондаги ўзбекларга кўп қимматга тушди. Ўйламасдан қадам босган бир гуруҳ россияпарастлар жабридан бутун қирғиз миллати, тарихда биродарига ҳеч бир сабабсиз тиғ тортган миллат сифатида бадном бўлиб қолди. Ҳар икки орада, сен яна қаҳрамон, оқил раҳбар сифатида ўзбек матбуотида гавдалантирилдинг. Номинг дунё ўзбекларининг раҳномаси сифатида талқин қилинди. Аммо, қаҳратон қишнинг совуқ кунларида Қирғизистондаги ўзбеклардан бир тутам газни қизғанаётганингни, Россия ва Хитойга эса жаҳон нархларининг тенг яримида хоҳлаганча газ бераётганингни билган ҳар бир ўзбек, сенинг кимлигингни ҳам яхши билади. Шу учун ўзбекни роса чув тушуряпман, зўр сиёсатчиман, деб кўпам суюнма! Сенинг кимлигингни ит ҳам бит ҳам яхши билиб қолган. Бир тийинга қиммат аҳмоқ бир кимса эканлигингдан кўнглинг тўқ бўлсин…

Аслида, Иккинчи жаҳон урушидаги ғалабада собиқ Иттифоқдаги ҳар бир халқ каби ўзбекларнинг ҳам улуши борлигига фаҳминг етганда эди, бу каби хунрезликлар содир бўлмас эди. Ўша урушда беш юз мингга яқин ўғлонларини шаҳид берган ўзбекнинг милиёнга яқин урушда қаровсиз қолган болаларнинг бошини силаганини билганингда эдинг, ўзбекни ким-кимларнинг оёғи остида хору зор қилмасдинг. Яна, сен ўзбекнинг фронт орқасида амалга оширган буюк ишларидан ҳам билиб туриб кўз юмган эдинг. Бутун фронтни иссиқ кийим-кечак, озиқ-овқат, порох билан ҳам ўзбек таъминлаган эди. Уруш ичида қолган бутун шаҳарларнинг завод-фабрикалари ҳам, деярли Ўзбекистонга кўчириб олиб келиниб, ишга туширилган эди. Фронтни ёқилғи билан таъминлаган Озорбайжон, ёғ-гўшт билан сийлаган Қозоғистон каби Ўзбекистоннинг ҳам Иккинчи Жаҳон урушида ўз ўрни, ишғол қилган чўққилари бор эди…

Сен эса, ғалаба кунини ўзбекларнинг ҳаётидан юлиб ташлаб, 9 майни “хотира куни” деб ўзгартириб, ўзбекнинг “чумо”сини чиқармоқчи бўлдинг. Шу билан тарихидаги энг мудҳиш урушда адолатнинг қарор топиши учун жангга кирган ўзбекнинг ғалабаларини, гўёки ўзингча йўққа чиқармоққа шайландинг. Унинг хотирасидаги шонли кунларни ўчириб, ўрнига мустақилликнинг ахта қилинган “қаҳрамонлик”ларини жойламоққа киришдинг. Ўзини танимаган бир гуруҳ ўзбеклар ўшандан буён 9 майни хотирлаш ва қадрлаш куни деб байрам қилиб, ота-бобосининг қабрини босқилаш ва топташ билан овора.

Сен бадбахт ўлганларни ҳам гўрида тинч ётишга қўймадинг. Умринг бино бўлиб ота-боболарингни бир калима Қуръон тиловат қилиб ёд этган бўлсанг-ки, сен ўзбекларни ўтганларни “хотирлаш ва қадрлашга” ўргатсанг…

Эргаш Сулаймон