Президентликка номзоднинг ёши Каримов ёшига қараб белгиланадими?

Президентликка номзоднинг ёши Каримов ёшига қараб белгиланадими?
55 views
29 December 2014 - 18:38

5Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг 26 декабрь кунги мажлисида мамлакат президенти сайлови кунини 2015 йил 29 март, якшанба куни деб белгилаш тўғрисида қарор қабул қилинди. Шу муносабат билан Марказий сайлов комиссияси 2014 йилнинг 26 декабридан Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови бўйича сайлов кампаниясининг бошланганлигини эълон қилди ва президент сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича асосий тадбирлар дастурини тасдиқлади.

Марказий сайлов комиссияси матбуот хизмати томонидан ушбу хабарнинг эълон қилиниши ортидан рус тилидаги бир қатор нуфузли нашрларда Ўзбекистондаги бўлажак президент сайловлари ҳақида хабарлар тарқатилди. Хусусан, “Лента.ру”, “Росбалт”, “Казахстанская правда” каби ахборот агентликлари Ўзбекистонда расмий равишда президентлик сайловларининг бошланганлиги ҳақида ёзишди. Эътиборли жиҳати, юқорида номи келтирилган нашрларнинг ёзишича: “Ўзбекистон президентлигига даъвогар шахс 30 ёшдан кичик бўлмаган ва сайловгача мамлакат ҳудудида 10 йил давомида яшаган бўлмоғи лозим”.

Бироқ, кўпчиликнинг эсига ҳам келмайдиган Ўзбекистон Конституциясида бу борада бошқача талаб белгиланган. Хусусан, унинг 90-моддасида “Ўзбекистон Республикаси Президенти лавозимига ўттиз беш ёшдан кичик бўлмаган, давлат тилини яхши биладиган, бевосита сайловгача камида 10 йил Ўзбекистон ҳудудида муқим яшаётган Ўзбекистон Республикаси фуқароси, сайланиши мумкин”, – дейилади.

Юқоридаги нашрлардаги хабарларда Ўзбекистон президентлигига номзод учун қўйиладиган ёш цензининг 5 йилга адашилгани жуда қўпол хатолик саналмаса ҳам ҳорижий нашрларнинг Ўзбекистон Конституциясига бўлган эътиборсизлигини ифодалайди. Мамлакат раҳбарининг ўзи томонидан оёқ ости қилинган ҳужжатнинг бошқалар тарафидан ҳурмат қилинишини талаб қилиш ҳам нотўғри аслида.

Ўзбекистондаги президентлик сайлови “ўйинлари” ҳақида “Независимая газета” нашри берган хабар эса ҳаммасидан ошиб тушди. Нашрнинг ёзишича, “Ўзбекистон президентлигига даъвогар шахс 30 ёшдан кичик ва 77 ёшдан катта бўлмаган ҳамда сайловгача мамлакат ҳудудида 10 йил давомида яшаган бўлмоғи лозим”.

Кўриниб турибдики ушбу хабардаги “77 ёшдан катта бўлмаган” ибораси 30 январь куни 77 ёшни тўлдирадиган Каримовнинг ёшига қараб тахминан хисоблаб ёзиб юборилган. Ўзбекистон Конституциясида эса президентликка номзоднинг ёши катталиги бўйича ҳеч қандай ценз учрамайди. Мустақилликнинг дастлабки йилларида янги қабул қилинган Конституцияга киритилган 65 ёш чеклови ҳам ҳокимиятда узоқ вақт қолишни ният қилган Каримов томонидан 90-йилларнинг ўрталарида олдириб ташланганди. Бошқа сўз билан айтганда ушбу қоида ортиқча шов-шув қилинмасдан Конституция варақларидан ғойиб бўлганди.

Қайд этиш жоизки, Ўзбекистоннинг ўзгарувчан Конституциясида президент ваколатларини белгилаб берувчи 90-моддага тузатиш охирги марта 2011 йил декабрда киритилганди. Тузатишга мувофиқ, Каримов ваколатини яна қайтадан янгилаш мақсадида Ўзбекистонда президент ваколат муддати етти йилдан беш йилга камайтирилганди.

Замир Малик