“Дин яшайдиган бўлса, шахсий ҳаёт доирасидан нарига чиқмасин…”

“Дин яшайдиган бўлса, шахсий ҳаёт доирасидан нарига чиқмасин…”
43 views
30 December 2014 - 15:49

2«Фитратга мактуб ёхуд руҳ билан суҳбат» туркумидан

Табиий билимлар билан шуғулланувчи мусулмон олимлари юнонлар метафизикаси ва илоҳиётини талқин этишга киришдилар. Ҳолбуки, у нарсалар юнон мифалогиясининг бироз тузатилган нусхасидан иборат эди, холос.

Юнонлар ўз афсоналарига схоластик қарашларини усталик билан сингдириб, кейин фалсафий иборалар билан безашган эди. Уларнинг мумтоз фалсафаси қуруқ муҳокамага асосланган эди. Қуръони карим руҳи, аксинча, қуруқ муҳокамани хушламасди. Мусулмонлар Тангри таолонинг борлиғи ва намоён бўлишига доир назарий баҳсу мунозараларга киришмасликлари керак эди, зеро, Қуръони карим ҳақиқий билимни уларнинг қўлларига бериб қўйган эди. Улар бунинг қадрига етишмади. Диққат-эътиборни ишончли маънавий ва моддий фаровонликка қаратиб, шу йўсинда исломга дунё бўйлаб кенг йўл очиш ўрнига, ўз куч-ғайратларини бесамар метафизик баҳсу мунозараларга сарф этишди.

Шундай қилиб, мажусий ақидалар ва расму одатлар мусулмон жамиятига суқилиб кира бошлади. Мусулмонларнинг бошқалардан устунлиги мутлақо уларнинг дину диёнати туфайли эди. Бу дину диёнатнинг улуғворлик сири унинг Илоҳий Қонун эканлигида, Илоҳий Қонун эса – Тангри таолонинг синоати эди. “Бу барча нарсани пухта қилган зот – Тангрининг синоатидир” (27:88). Мабодо бу Илоҳий Қонун инсон жаҳолати туфайли бузилса, бажариши лозим бўлган вазифани у бажармайди, бу дунёда ҳам, у дунёда ҳам муваффақият гарови бўлиб хизмат қилмайди. Бундай шароитда инсон ақли Қонунга бўйсунмайди, унинг идроки Қонунга эргашиш заруратини рад этиб, ўзни унга ишонтиришга йўл қўймайди.

“Дунё нимани йўқотди – мусулмонлар исломдан чекиниб…” китоби муаллифи фикрларини ўз тилимизда, ўзимизга мослаб талқин этсак, қиёфамизни вақт кўзгусида аниқ-тиниқ кўрамиз. Мустақиллик йилларида кўплаб ижтимоий ва сиёсий тарғиботчилар етишиб чиқдилар. Улар орқа-олдига қарамай, президент кўзига яхши кўринамиз дея, одамлар онгига материализм уруғини сочиб, хулқ-ахлоқ борасида ишратпарастлик, механистик қарашларни олға суряптилар.

Мустақиллик сиёсати Макиавелли сиёсатининг давоми бўлиб, ахлоқдан ажратиб, бири хусусий, иккинчиси халойиққа қаратилган икки ўлчамли, мунофиқона ахлоқни эълон этиш билан жаҳолат ва қабоҳатга йўл очиб берди. Дин яшайдиган бўлса, шахсий ҳаёт доирасидан нарига чиқмасин, деди у, дин сиёсатга аралашмасин, давлат зарур қонунларни ўзи белгилайди. Мажусийлик президент Ислом Каримов дунёқарашининг пинҳона шакл-мазмуни бўлиб, у – ўзга бир дунё, инсон яшайдиган дунёнинг унга дахли йўқ. Давлатга диндор кишилар керак эмас, негаки, уларнинг диндорлиги зиён келтиради, қийин, мураккаб шароитларда ахлоқ талабларини четлаб ўтишга йўл бермайди. Унинг қизлари, давлат амалдорлари тулкидек айёр ва маккор бўлишлари, шахсий мақсадларга эришиш йўлида ҳар нечук ёлғон, алдов ва хиёнатни ишга солишлари лозим ва ҳоказолар.

Шундай қилиб, президент кўнглини овламоқчи бўлган файласуфлар, шоир ва ёзувчилар, аксар ислом раҳномалари диний талаблар ва қадриятларни бузиб, емириб ташладилар. Улар ўзларини тақводор кўрсатишлари асносида, диний ахлоқнинг асрий қоидалари устидан масхаралаб кулдилар, гуноҳни мақтаб, инсонларни иштаҳага зўр беришга чақирдилар. Шундай қилиб, Ғарб тамаддуни яна аслига қайтди.

Бу – қадимги Юнонистон ва Рим мажусий тамаддунининг янги нашр этилган нусхаси, холос. Мажусий тамаддуннинг шарқий насронийлик рад этган барча аломатлари ва хусусиятлари XIX аср маданият арбоблари томонидан қайта тикланган бўлиб, ўша-ўша, диний ҳис-туйғунинг йўқлиги, ўша-ўша, юнонлар ва римликлар динига хос бўлган эътиқодга уқувсизлик замонавий ғарбнинг диний қиёфасида яққол кўзга ташлангани сингари, президент саъй-ҳаракатлари сабаб, мустақиллик йилларида шахдам қадамлар билан ўлкага кириб келди. Ўша-ўша, Юнонистон ва Рим маданиятида кўрганимиз ҳиссий лаззату роҳатларга ҳаддан ортиқ ружу қўйиш, берилиш бугунги ўзбек маданиятида яққол намоён бўлмоқда. Замонавий ўзбек ёшларининг руҳий дунёси Платон “Республика” китобида қаламга олган Қадимги Юнонистон ёшларининг руҳий дунёсидан сира фарқ қилмайди, зеро улар мустабид ҳукмдор ақли-ҳофизаси доирасидаги истаган ишларини қилишга ва истаган сўзларини айтишга ўзларини ҳақли деб ҳисоблайдилар.

Бугунги ўзбекларнинг ақли ва руҳига ҳукмрон бўлган ҳақиқий дин – ислом эмас, мустақилликнинг ижод намунаси, миракизмдир. Миракизм тушунчаси мустақиллик йилларида пайдо бўлди. Ақли ноқис, тили дудуқ бир кимса, телевизирда президентни кўриб қолса, нуқул, “брак” деб айтолмасдан, “мирак” деркан. Имомларнинг маърузасини тинглаб ҳам шундай деявераркан. Охир-оқибат “яроқсиз” – “брак” ибораси оммалашиб, миракизмга айланиб кетди.

Шубҳасиз, юртда ҳозир ҳам дину диёнатни ўйлайдиган, ҳис қиладиган, ўз эътиқодини ўз тамаддуни руҳи билан келиштиришга астойдил интилувчан кишилар бор, аммо улар кўпчиликни ташкил этмайди. Марказий Туркистоннинг ўртамиёна одамми, демократми ё фашист, капиталистми ёки болшевик, ишчими ёхуд интеллектуал, у ёлғиз битта ижобий “дин”ни тан олади, яъни моддий “миракизм”га сиғинади, ягона мақсади – ҳаётни янада енгиллаштириш, ўзбекона айтганда, кўзим кўрмаса, кетимни бўри емайдими, нақлига суянадилар… Шунинг учун ҳам уларнинг ҳаёти ва турмуш тарзи кун-кундан қийинчиликларга дуч келиб, маънавиятлари қашшоқлашиб бораверади.

Уларнинг бугунги сиғинадиган муқаддас жойлари – йирик ва ҳашаматли ҳовлилар ва тўйхоналар, фаҳшни ва зўровонликни тарғиб этадиган кинофилмлар томошаси, шўролардан қолган саноат корхоналарини бузиб сотиш эвазига орттирилган пуллардан тикланган емакхоналар, рақс заллари, мажлисхоналар, барчанинг кўз ўнгида миллатннинг қонини канадек сўраётган жиноят олами отамонларининг ҳар ердаги соялари, банкирлар, кино ва спорт юлдузлари, қўшиқчилар, ҳаромдан бойлик ортириш илмини пухта эгаллаган фирибгарлар…

Шу йўсинда ҳокимиятга ва роҳат-фароғатга тинимсиз интилишнинг бугунги натижаси – бир-бирига душман бўлган, тиш-тирноғигача фитна билан қуролланган гуруҳларнинг пайдо бўлишию уларнинг ўзаро манфаатлар тўқнашувига туртки бераркан, улар бир-бирларини қириб ташлашга ҳамиша ҳозир-нозир турадилар. Маданият соҳасида эришилган натижа шу хилдаги инсон шахсининг шаклланиши бўлдиким, унинг учун ахлоқ амалий фойда доирасидан нарига ўтмайди. Яхшилик ва ёмонликнинг олий мезони – қозонилмаган моддий муваффақиятдир.

Ўзини танитишни хоҳламаган бир профессор ҳикоя қилади, унинг назарида, бу ёшлар орасида ортиб бораётган ўз-ўзига ишончсизлик касалига аниқ мисолдир.
“Мен яқинда ёшлари йигирма атрофида бўлган йигирмата йигит-қиздан, ораларингда ким ўзини у ёки бу маънода мусулмон ҳисоблайди, деб сўрадим. Фақат уч кишининг жавоби ижобий бўлди. Етти киши бу ҳақда умуман ўйлаб кўрмаган. Қолган ўн кишининг миракизм турганида исломга тобу тоқати йўқ”. Мен бу жавобларда акс этган келажакка ишонч ва ишончсизлик нисбатини шунчаки бир тасодифий ҳолат деб айтолмайман. Бундан эллик, ҳатто йигирма йил илгари энг қаттол бўлган атеистлар замонида, шўролар даврида ҳам бу нисбат бошқача эди.

Пулга сиғиниш миракизм эътиқоди билан ғалати йўсинда қовушади. У дин камбағаллик ва уруш келтиради, давлатмандлик эса чексиз бойликлар ва лавозимларни эгаллашга зинапоя бўлади, дейди. Бунинг устига, бой кишининг Тангрининг марҳаматига етишуви мушкул, камбағалга жаннатнинг эшиги очиқ, дейдида, ўзи ва атрофидагиларнинг бойишидан ташқари, бегоналарга йўл бермайди. Аммо, ажабки, Тангри йўлида хизмат қилганлар камбағал, фақир бўлишади ва улар албатта жаннатга боришади, дейилишига қарамай, инсонлар у дунёнинг роҳатидан бу дунёнинг давлатини афзал кўришади. Афтидан, улар ҳам униси, ҳам бунисини қўлга киритишга умид бойлашади. Миракизм атрофидагилар пул-маблағлари воситасида бу дунёда эришганларига орқа бериб, сўнгги дамда Азроилнинг қўлига тушиб қолсалар ҳам, пора эвазига тавба-тазарру этиш билан у дунёда Яратганнинг ишончига эришмоқчи бўлишадилар.

Улар Батлер “Қайдлар дафтарчаси”да баён этган фикрни қўллаб-қувватлашади. “Ёмон ниятли муаллифлар бир вақтнинг ўзида ҳам Тангрига, ҳам Иблисга хизмат қилиб бўлмайди, дейишади. Тўғри, бу осон иш эмас, яхши ишни бажариш ҳеч қачон осон бўлмаган”, – деб ёзган эди у.

Назарияларимиз қандай бўлишидан қатъи назар, амалиёт шуни кўрсатадики, биз аксарий ҳолларда миракизмчилармиз. Бойлик, молу давлатга майлу иштиёқимиз шу қадар баланд, инсонга қадру қиймат, давлатга улуғворликни фақат бойлик бахш этади, деган ишончимиз шу қадар кучлики, ана шу асосда шаклланган икки назария бугун дунёни тебратиб турибди.

Улардан бири XIX асрда ҳукм сурган иқтисодга аралашмаслик – Laisser faire назарияси. Унга кўра, одамлар ҳамиша энг кўп иқтисодий фойда келтирадиган йўлни танлашади, уларни эҳтирослар эмас, гедонизм, яъни чўнтак ташвиши бошқаради.

Иккинчиси – йигирманчи асрда ҳукм сурган Маркснинг иқтисодий детерменизм назариясидир. Унга кўра, жамият ўз иқтисодий эҳтиёжларини қондириш учун маълум усул билан иқтисодий система яратади. Ана шу усул унинг санъати, ахлоқи, дину динёти, ҳаттоки мантиқи, бошқарув шаклини белгилаб беради. Бу назариялар ҳақиқатга ўхшаб кўринади, бунга сабаб асосан – бойлик орқали якка шахсларга келадиган қадру қиймату давлатлар касб этадиган улуғворликдир” (Жоуд, II жилд, 338-340).

Эргаш Сулаймон