Ватанда бир шарпа кезар…

Ватанда бир шарпа кезар…
70 views
02 January 2015 - 13:21

1290-йиллар шеърияти туркумидан

Истак

1
Ҳақиқат номидан ўқирлар ҳукм,
Адолат номидан берурлар жазо.
Қозиларга нафси бошласа ҳужум,
Шоирларни тузум айласа сазо.

Шифокор томирга санчади заҳар,
Мураббий дарс берар, қорани оқ деб.
Фарзандлар улғаяр, жоҳил нақадар,
Миллат илгарилар, майибдек, депсиб.

Болалар қул бўлган бундай ўлкада,
Қоринга айланган бўлса тафаккур,
Жаҳонга йўл очар ғоялар қайда?
Минбарларда қолар сўзлар бир умр.

2
Бир иморат қурсанг – таги метиндан,
Тўғрилик сувидан меҳрингни бериб.
Устунин тикласанг, ҳикмат ғиштидан,
Адолат ўтирса, қанотин кериб.

Илм-фан нуридан қуйилса, эшик, –-
Равоқлар безаги унса, ҳунардан.
Ойнаклари бўлса, иймондек шаффоф,
Бир ёғду ўрлашса, Ҳақ меҳваридан.

Болалар ҳасадни билмайин, ўсса,
Руҳини эзмаса, таҳқир ва қўрқу.
Фуқаро болишга ботиб ухласа,
Қалбин кемирмаса, шубҳали қутқу.

Турналар учганда, осмондан сезса,
Заминнинг онадек иссиқ меҳрини.
Шу кунларни кўриб, Мақсудбек ўлса,
Ёқарди, шодликдан ушбу шеърини.

Эй нодон, қувонма…
Эй нодон, қувонма, ўтган кунингга,
Кунимдан бир куни кетди, деб йиғла.
Хотиринг шод бўлса, тушмас ёдингга,
Умрнинг баҳори ўтди, деб йиғла.

Қўлларинг меҳнатга бормаган ҳар дам,
Ризқингга шайтонлар шерикдир, ҳамдам,
Ҳунарли кишига яқинлашмас ғам,
Мавлондан ҳар тонгда кор сўраб, йиғла.

Йиғлаган кулади, вақти соатда,
Кўп кулган қоқилар, бўлса ҳам отда,
Лангарсиз кечарлар бир кун сиротда,
Охират тадорин орқалаб, йиғла.

Мақсуддек, умрингнинг ғарқ пишган боғин,
Совурма елларга, қилгин, ҳисобин,
Сотиб олмас бўлсанг, дўзах азобин,
Қайс кезган чўлларни сўроқлаб, йиғла.

Маконинг кўзла
Ҳар кўйда мастона довруқ солгунча,
Ширин жон қалқони, имонинг кўзла.
Ўзга юртда бўстон сотиб олгунча,
Элингда мадад бўл, замонинг кўзла.

Мард йигитга ғайри моли ош бўлмас,
Номард ўғли минг яшаса, бош бўлмас,
Судхўр миллатига қайғудош бўлмас,
Қирқингда давр сур, давронинг кўзла.

Ўз уйинг ораста бўлмаса, бекор,
Мулкинг тарож, белдан кетади мадор,
Туққан элинг оёқ ости бўлар, хор,
Бўридек ҳар ерда маконинг кўзла.

Қўрқоқларнинг асло, ўтма сиртидан,
Феъли юқар, тегиб ўтсанг, гардидан,
Ботирларнинг йироқ кетма, гирдидан,
Гўрўғлидек, сайлаб, полвонинг кўзла.

Мақсуд, бахтиёрлик, мудом эл билан,
Яхши-ёмон бари, ширин тил билан,
Динингга хизмат қил, тоза дил билан,
Маҳшарнинг мезони, норвонинг кўзла.

Билмас
Куч, ғайрати жўшган эрлар,
Нега машғуллигин, билмас.
Бекорликдан сўнгак, инграр,
Дарё-тошқинлигин, билмас.

Қасдида дор тиккан замон,
Тиш қайрайди элга ёмон,
Уч аср-ки, лол оламон,
Аср-тутқунлигин, билмас.

Шер келбатли алп йигитлар,
Айни ҳосил берар чоғлар,
Йўқсилликдан қалбда доғлар,
Ўлик-тириклигин, билмас.

Аросатда кечиб умр,
Дуру жавоҳирлар кўмир,
Руҳини айламас, таъмир,
Келиб-кетганлигин, билмас.

Мақсуд, раҳбарлардан, ҳазар,
Элу юртга этмас назар,
Ватанда бир шарпа кезар,
Қаён борарлигин, билмас.

Сафо Турон